ОҚ ҚЎЧҚОР МОНОЛОГИ… (ҳажвия)

0

 

 

Эналик қилмаган энам-а!..

 

 

Энам қора қўчқор бовага эргашиб кетиб қолганда, мен миттигина қўзичоқ эдим. Қўзичоқ бўлсам-да, ўшанда турган еримда депсиниб-депсиниб маърагандим. Аммо энам керилганча қора қўчқор бованинг ортидан қолмади. Одамлар эса негадир уни мақташарди. «Қора қўчқорни қаранглар, келишган, мўйловлари ўзига ярашиб тушибди! Бурама шохларини айтмайсизми!?. Қуйруқларининг селкиллашини кўринг!», деб чарчашмаганди. Мен бўлсам, жавдирай-жавдирай, оғилхона тарафга қарагандим. Кўзларимдан дув-дув ёш тўкиб, кимдандир нажот сўрагандим. Афсуски, ҳеч ким менга меҳр бермади. На оғилхонадаги елиндор сигир хола, на ҳовлида нуқул арқонлаб қўйиладиган эшак амаки мени бағрига олди. Энам ташлаб кетгани алам қила-қила остонага бошимни қўйганча ухлаб қолдим…

 

 

Масхара
 

 

Яйловдаям менга кун беришмасди. Ҳамма қўзичоқлар қоп-қора, юнглари жингалак, диркиллаб-диркиллаб ўйноқлашарди. Мен яқинлашсам, улар масхаралашни бошлашарди. «Ана, оқ қўзи келди, қочинглар! Қаранглар, юнгиям жингалакмас, қўчқорчамикан ўзи ё ундаймасмикан?», деб маърашарди. Бу масхаралашлардан ўпкам тўлиб, кунларнинг бирида яна ҳовлидаги эшак амакига мўлтирадим. Уям оппоқ эшак эди. Катта ёшли бўлгани сабаблими, аста-аста юрарди.

— Сен, оқ қўчқорчанинг бахтинг қаро экан, — деди эшак амаки. — Энанг тутган ишни кўриб сал бўлмаса ҳанграб юбораёздим. Майли, хафа бўлма! Мана, мениям юнгларим оппоқ. Лекин сира нолимайман. Сен, қўзим, шохни ўстир! Зўрман деган қўчқорни шохлайвер! Ўшанда ҳурмат топсанг, ажабмас!..

Эшак амакининг насиҳатидан сўнг ҳушёр тортиб қолдим. Ахир… Амаки тўғри айтди. Шохимни тезроқ ўстирволсам, қора қўчқорман деганнинг ҳаммасини шохлайвераман! Мендан қўрқиб қочадиган бўлишади. Шунда масхараламай қўйишади. Балки энам ҳам таърифимни эшитса, ёнимга югуриб келар, мени ўзи билан бирга олиб кетар…

Эртаси кунданоқ бошимни дуч келган деворга ишқалайвердим. Шундай қилсам, тез орада шохларим ўсиб чиқишига қаттиқ ишондим. Минг афсус, орадан бир йил ўтди. Оппоқ юнгларим қорнимдан пастгача осилиб тушди, бўйим узайди. Озми-кўпми, қуйруқ солдим. Лекин шохларим ўсмади. Эшак амаки айтганидай шохдор қўчқор бўла олмадим. Шохинг мўрт бўлгандан кейин зўр қўчқорлар билан қандай сузишасан? Уларнинг бурама шохлари бир силкинса, бошимни тешгудай бўлар, жон ширин экан-да, қўрққанимдан ура солиб қочадиган бўлдим. Оқ эшак амаки эса менинг аҳволимни кўриб, бош силкитишдан, пишқириб терс ўгирилишдан нари ўтмади. Хуллас, кап-катта қўчқор бўлиб етишсам ҳам мўрт шохлар панд бериб қўйди, ока!..

 

Қасам

 

Оқ қўчқордаям қалб бор. Уям ўйлайди, теваракда бўлаётган гап-сўзларни тинглайди, мулоҳаза қилади, ўзича қарор ҳам чиқара олади. Умрим ёлғизликда, хўрликда, қўрқув ва ҳадикда ўтавергани сайин алам устун келаверди. Айниқса, айни қўчқор бўлиб, вужудим эҳтирос-у ғайратга тўлганда қўй хонимларнинг мен тарафга қайрилиб қарамаслиги ғашимни келтирди. Ахир, менинг бошқалардан қаерим кам? Манаман деган қўй хонимни бахтли қилишга қурбим етади-ку! Мана, эгаларим эътиборсизлиги боис юнгларим ўсгандан ўсиб, ерга осилиб тушаёзди. Аммо бу ўзимга жуда ярашиб тушган. Кўчада ўтласам, баъзи одамлар мени тоғ-тошлар, қалин ўрмонлардаги кийикларга ўхшатганини ўз қулоқларим билан эшитганман. Демак, чиройли, келишган қўчқор эканман! Нега менга қўй хонимлар қарамайди? Нимага сузилиб маърашларимга эътибор қилмайди? Нима учун мен яқинлашганим ҳамоно ўша жингалакюнг қора қўчқорлар томонга ура солиб қочишади?..

Мана шу нарсалар мендай оқ қўчқорни қасам ичишга ундади. Мен умримнинг охиригача ҳеч қайси хонимга қарамасликка аҳд қилдим. Эътиборингиз учун, мен бир сўзлиман. Мана, қанча вақтдан бери аҳдимда турибман. Камайиб қолганим йўқ!..

 

Жанжал

 

Қўчқорга ҳаётида бир марта бахт, омад кулиб боқади. Шундай кун келади-ю, биз қўчқорларнинг бўйнига зарбоф арқон солиб, эгаларимиз қайсидир неварасининг суннат тўйига йўл олишади. Баъзи меҳри дарё эгалар арқондан ташқари устимизга ажабтовур матолар ҳам ташлаб қўйишлари мумкин. Мана, шу бахт мен оқ қўчқоргаям насиб этди. Эгаларим мени ҳам катта тўйхонага олиб боришди.

Эҳ, қўчқор ғалати аҳволга тушиб қоларкан. Бошимни баланд кўтарганча тўйхонага кириб боряпман-у, азбаройи қувонганимдан қуйруқларим қимирлаб-қимирлаб кетарди. Лекин… Кутилмаганда, хўппа семиз аёл йўлимга кўндаланг бўлди-ю, мени етаклаб келган хўжайинга бобиллаб берди.

— Раҳма-ат қуда, раҳма-ат! — дея бақирди хўппа семиз аёл. — Худодан тилаб-тилаб олган неварамнинг тўйига оқ қўчқор опкелибсиз-да! Бизнинг ҳурматимиз шу оқ қўчқорча бўлибди-да! Раҳма-ат!..

— Қ-қуда, ахир… — дудуқланарди хўжайин менинг бошимни силаб. — Бу қўчқорнинг нимаси ёмон? Қўзилигидан ўзим катта қилганман! Қаранг, нимаси ёмон?..

— Шарманда бўлди-им, шарманда! — тиззасига шапатилай-шапатилай, йиғлашга тушди хўппа семиз аёл. — Энди ким деган одам бўлдим? Шундай неварамнинг суннат тўйига уялмай оқ қўчқор етаклаб келишса-я! Опкети-инг матоҳингизни, опкетинг, жон қуда!..

Шу лаҳзаларда ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим. Қисматимга хаёлан минг лаънатлар ўқиб, бош эгдим. Бахтга қарши кеч эди. Пичоқ қайраб турган қассоб ҳам, эгнига зарбоф тўн кийган тўйбола ҳам, ҳатто мени алқай-алқай шу ергача етаклаб келган хўжайин ҳам мендан юз ўгирди. Хўппа семиз аёлнинг қарғиши ҳовлини тутди. Карнайчилар, сурнайчи-ю, отўйинчилар таққа тўхтаб, қулоқларини динг қилишди. Кейин эса мени ёш болалар катта кўчага ҳайдаб солди…

Ока, менам йигитман! Умрим бино бўлиб бир марта ҳақиқий қўчқордай бошимни қассобнинг кундасига қўйишга, оламга мардларча қараб, кимлигимни кўз-кўз қилишга ошифта эдим. Менга тағин оқ қўчқорлигим панд берди-ку! Нима қилай? Шу тўмтоқ шохларимни қай деворга урай?..

Илтимос, сиз тушунган, дунё кўрган одамга ўхшайсиз. Яхши инсон эканингизни юзларингиз айтиб турибди. Ҳозир техника ривожланган замон бўлса! Ҳеч бўлмаса, сиз менга ёрдам беринг, ока! Бир иложини топинг! Менам қора қўчқорга айланиб қолай-й-й!!!

Олимжон ҲАЙИТ