Франция ҳукумати АҚШ президенти Дональд Трампдан Парижда амалга оширилган террор ҳақидаги куракда турмас гаплари учун узр сўрашни маслаҳат берди…

0

 

Аввало 2015 йилни кўз олдимизга келтирайлик. Шу йил 13 ноябрида жангарилар Париж ва Сан-Дени шаҳарларида террор ҳаракатларини содир этган. Футбол ўйингоҳи ёнида бомба портлатилган, ресторанларга ҳужумлар уюштирилган. «Батаклан» концерт залида кўплаб одамла гаровга олинган. Ушбу террор ҳаракатлари оқибатида 150 га яқин одам ҳалок бўлган, 400 дан зиёд фуқаро турли даражада жароҳатлар олган. Трамп яқинда миллий ўқчилар ассоциацияси аъзолари қаршисидаги чиқиши пайтида худди ўша террор ҳаракати ҳақида гапириб, террорга қарши курашга отланган французлар қуролдан фойдаланишни билмаслиги, умуман, Франция ҳарбийлари рисоладагидек қуроллана олмаслигини, шунинг учун ҳам ўшанда жангарилар кетма-кет уларни ўлдириб чиққанини ҳақоратли ва масхараомуз оҳангларда айтиб ўтганди. Биринчи бўлиб Франция молия вазири Бруно Ле Мар Трампни шу бўҳтонлари учун узр сўрашга чақирди.

— Биз Америкада деярли ҳар куни одамлар бир-бирини кўр-кўрона отиб ўлдираётганини гапирмаяпмиз-ку, — деди вазир. — Қолаверса, бу каби чаласаводларча айтилган гаплар Америка президентига ярашармикан? Наҳотки, Трамп ўз гапини тўғрилаб гапиришга ҳам ожиз бўлса? Биз ундан масхарали ва бўҳтонга қоришиқ гаплари учун зудлик билан узр сўрашини талаб қиламиз…

Франция собиқ президенти Франсуа Олланд эса Трампни театр актёридан фарқи қолмаганликда айблади.

— Америкада қурол олди-сотдиси қонунлаштирилган, — деди Олланд. — Аммо бу дунёда фаолияти тақиқланган жангарилардан ҳимоя эта олади дегани эмас. Америкаликлар террорчилар ўрнига сотиб олаётган қуроли ёрдамида бир-бирларини қиришмоқда…

Ҳозирча Америка тарафининг бу чақириқларга арзирли жавоби матбуотда эълон қилинмади. Ҳойнаҳой, яқин соатларда Трамп маъмурияти иттифоқдош ҳисобланмиш Франция ҳукуматига ўз жавобини айтса ажаб эмас.

tut. by