МАШИНА БАЛЛОНИ МОНОЛОГИ… (ҳажвия)

0

 

«Made in China»

 

 

Ота-буваларим бақувват, киришимли бўлишган экан. Фақат мен ёввойилашиб кетибман. Бунинг сабабини узоқ ўйладим, бош қотиравериб, суюлиб ҳам кетай дедим. Кейин билсам, мен Хитойда туғилган эканман. Кунларнинг бирида юмаланиб ёти-иб кўриб қолдим. Шундоқ кўксимга катта қилиб «Made in China» деб ёзиб қўйишибди. Хафа бўлиб кетдим. Ватаним ўзгалиги, атрофимдагиларга бегоналигимдан куйдим. Илож қанча? Пешона-да! Аммо ўйлаб қолдим. Мендақанги баллонлар ҳеч қачон Хитойда туғилмасди. Хитойлик оғалар қачон улгуриб қўя қолишди?..

 

Алам

 

 

Алам фақат одамларда бўлади деб ўйласангиз хато қиласиз. Бу мендек баллонниям четлаб ўтмаган. Ўйлаб кўринг, мен фақат «Запорожец» билан «Москвич»га тўғри келаман. Шунчалик қадрим пастми? Нега Хитойдаги ота-онам мениям «Мерседес», «Нексия», «Ласетти»лар билан бемалол киришиб кетадиган қилиб дунёга келтиришмаган? Арзимайманми шунга? Мен ҳам кенг, равон, икки тарафига ажобтовур белгилар, кетворган светофорлар ўрнатилган йўлларда юришни орзу қиламан. Афсуски, орзум шилинган, ғадир-будур бағримда қолиб кетаверади.

 

Калбош

 

Мениям унча-мунча нарсаларга фаҳмим етади. Масалан, одатда каллик одамларга хос эди. Бироқ яқинда бир воқеа бўлди-ю, ҳўнг-ҳўнг йиғлагим, дод солгим келиб кетди. Надоматлар бўлсинки, дод солган тақдиримдаям чийиллашдан нарига ўтолмайман…

Хўжайиним алмисоқдан қолган «Москвич»ини миниб қайсидир омборга борганди. Қишлоқчилик-да, улфатлари дарров машинани ўраб олишди. Булар қанақанги ҳасадгўй, ғаразгўй одамлар эканки, ҳаммасининг икки кўзи менда бўлди.

— Ие, Болта, баллонинг кал-ку! — деди биттаси мени тепиб-тепиб. — Ялтираб қопти! Мундай тузукроғига алмаштирсанг бўлмайдими? Устига пашша қўнса, сирғаниб йиқиладиган бўп қопти-ку!

Хайрият, хўжайиин ёнимни олди. Кўнглимни кўтарди. Жонимга оро кирди.

— Бу баллон менга қадрдон бўлиб қолган, — деди у қовоғини уйганча бағримни сийпалаб. — Нимагадир ташлаворгим келмайди.

— Э, бошингга бало бўлади, — дея мени икки-уч марта тепиб минғирлади улфатларидан бири. — Кал балоннинг жойи ахлатхонада, жўра!..

Бу ҳақорат шунчалик қаттиқ ботдики, сал бўлмаса симчаларим узилиб-узилиб кетаёзди.

 

«Ойнак бўлгим келади»

 

 

Орзу экан-да, гоҳида ўтири-иб эзилиб кетаман. Чунки мениям жоним темирдан эмас. Оддий резинадан. Локигин хўжайин вақти келганда аямайди. Жоним оғриши, қийналишим, нафасим қайтиши, букчайишим билан умуман иши бўлмайди. Машина салонига саккизтами, ўнтами, ишқилиб, сиққанича одам юклайди. Буям етмагандай, томидаги юк қўйгичга оғирдан-оғир темирми, музлаткичми, дуч келган буюмни ортади. Хўш, айтинг, асосий оғирлик кимга тушади? Албатта баллонга. Букчайиш ҳам уёқда қолиб ер тишлай дейман. Ана шундай лаҳзаларда машина ойнасига қараб туриб ҳавасим келади. Сабаби, хўжайин бўш қолди дегунча қўлига момиқдек докани олади-ю, ойнакни артишга тушиб кетади. Артаверади, артаверади… Ойнак жамоли гулдек яшнаб, кўзни қамаштирар даражага етади. Хўжайин унинг ярқирашига ҳаваси келиб, юзларини силаб-силаб қўяди. Эҳ, қанийди тақдир чархпалаги бир айланса-ю, менам ойнакка айланиб қолсам, менгаям хўжайин оқибат қилса, ҳар куни ранг-бошимни артса, ҳадеб яхши ёмон юкларни ортиб инқиллатавермаса!..

 

Фаросатсизлар дўкони

 

 

Яқинда йўлда кетаётиб бағримга сим кириб кетди. Аъзойи баданимга ботиб азоб бераётган ўзимнинг симчаларим етмасмиди?.. Шунчалик инграндимки, ҳаммаёғимдан ўт чиқиб кетаёзди.

Хўжайиннинг бебош боласи мени ғилдиратганча дўконга кирди. Дўконни чет эллик баллонлар босибди. Четларига алламбало қизғиш чизиқлар тортиб олишибди. Таналарига гард юқмаган. Тўғри-да, дўконда ястаниб ётишни менам биламан. Лекин бизни завод ишлаш учун яратиб қўйибди. Ястаниш, бир жойда тек туриш фақат заводга хос. Буниси майли, билган қандини ейишмайдими?! Мен томонга масхара аралаш қараб пичир-пичир қилишганига ўлайми? Устига-устак, улардан бири менга ўқрайиб: «Ҳўв, бу ерни фирменний дўкон деб қўйибди, чанг босган кийимда кириб келаверасанми, овсар?» деб бақиргани ошиб тушди.

— Вей, олифта, — дедим танамни тешиб чиқаёзган симчаларимни жиловлай олмай. — Сен нимани кўрдинг заводдан чиқиб? Шу дўконними? Ҳақиқий эркак баллон-чи, ташқарида юради, ҳаёт қозонида қайнайди, умрнинг ўнқир-чўнқир кўчаларидан зипиллаб ўтади, бир эгилади, бир таранг тортади, менга ўхшаб заҳардан заққум сим, михлар жабрини тортиб кўради. Ана ўшанда чархланади, паст-баландни, оқ-қорани танийдиган бўлади. Сен бўлсанг, ғирт фаросатсиз экансан-ку! Ҳе трамвайнинг тагида қолгур!..

Шундай дедим-у, яна хўжайиннинг ўғли мени ғилдиратиб чиқиб кетди. Жаҳлим чиққанини сездими, сим заҳри теккан еримни силаб-силаб қўйди.

 

Яна йўлга, жўра!

 

 

Ҳамманиям бизнинг хўжайиндай эгаси бўлсин-да! Бир зумда сим тешиб дарз кетган кўксимга ямоқ солдириб, дамимни кўтарди. Диконглаб, худди тулпордай чопар бўлдим. Тағин йўлга чиқдик. Эзилган, дард чеккан баллон қайсидир тилда айтганда, «реставрация»дан кейин гўё заводдан янги чиққандай енгил тортади. У ер, бу ерига ботадиган тошларниям бир зарб билан учириб юбораверади. Чанг-тўзонни менсимайди.

Фақат менинг ҳаёт йўлимда барибир ўнқир-чўнқирлар кўп. Кексайган жуссам бу чуқурларга ҳар тушиб чиққанда, жоним узилай дейди. Нафасим қайтиб, бўларим бўлади. Айниқса, бетимга лой чапланган кезларда хафа бўламан. Ёнимдан ғиз-ғиз учиб ўтиб қоладиган чет эллик баллонларга кирланган, лойланган юзимни кўрсатишга ор қила бошлайман. Масхаралашлари, қўлларини бигиз қилиб мени кўрсатишларини билсам-да, беркингим келади. Афсуски, умр давом этмоқда. Ҳозир ҳам хўжайин фақат олдинга юриш, мени тезлаш, мажбурлаш билан овора. Ишқилиб, ҳеч қачон кўксимга қисматнинг заҳарли симлари, михлари санчилмасин! Гарчи ҳашаматга тўла машиналарнинг баллонига айланиш насиб қилмаса-да, шу каллигимни худо менга кўп кўрмасин!

Олимжон ҲАЙИТ