Панжара ортидаги тун

0

Жамила жуда ҳам ойга яқин турганди. Деярли етай-етай деб қолганди. Аммо… оймома унга юзини тескари буриб олди. Юзининг ярми қорайиб, секин-аста тун бағрига сингиб кетди.

«Ана, ҳаттоки ой ҳам мендан  юзини олиб қочяпти. Ҳеч кимга керак эмасман. Ундан кўра… Йўқ, йўқ!..

«Мен ҳаттоки ўлишга ҳам ҳақли эмасман! Яшашим, яшашим керак. Аммо қандай қилиб?»

Бу савол аёлнинг юрагига оғриқ берди. Бураб-бураб, секин-аста бор кучини олиб, кейин озодсан, дегандек қўйиб юборди. Дераза пардасини секин суриб, овсини Ҳилоланинг хонаси томон мўралаб қўйди.

— Ана, диванда қорнини дўппайтириб ётибди, хоним афандим, — деди ўзига-ўзи заҳархандалик билан. — Қизғанади-да, ҳомиласи неча ойлик бўлганини сўрасам, «Билмадим», деб жавоб берди, илоҳим, ниятингга етмагур!

Жамила туни билан овсинини парда ортидан кузатиб чиқади. У неча марта чап ёнбошига, неча марта ўнг ёнбошига ағдарилиб олишигача билади. Кечаси туриб термиздаги чойдан бир қултум ичиб, сўнг ортидан қурт шимиб олишини, тонгга яқин ошхонада куймаланиб, нон излашини ҳам билади. Илгари овсинининг бу одатларига ҳавас билан қарарди. Секин-аста аёлнинг юрагини ҳасад кемира бошлади. Бунга қайнонасини сабабчи билади.

— Ҳилолахон, ўзингизни эҳтиёт қилинг, оғир нарса кўтарманг… Эрталаб кечроқ турсангиз ҳам майли, юмушларни Жамила опангиз бажариб қўяди…

Қайнонасининг бундай меҳрибончиликлари Жамиланинг аламини келтирди. «Менга ҳам шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатишганида, авайлашганида балки ҳомиламдан айрилмасмидим…»

Жамилани анча эрта турмушга узатишди. Ёшгина келинни эгиб олиш Замира опага ҳам қийин бўлмади. Жамила келин бўлиб тушган йил март ойининг бошларида Замира опа қўни-қўшниларга сумалак қилиб берди.

— Жамила, анави уйнинг орқасида катта ғўлалар бор, ўшалардан бир-иккитасини олиб келиб, қозон тагига қўйинг, қайнаб туради. Сумалак биқиллаб қайнамаса, ранги оппоқ бўлиб қолади, — деди қайнонаси.

Катта-катта ғўлаларни ўтинлар орасидан суғуриб олгунича Жамиланинг она сути оғзига келди. Қозонгача судраб борай деса, нақшинкор кафелларни хунук қилиб қўйиши мумкин. Қайнонасидан дакки эшитишни истамаган келин ғўлаларни битта-битталаб кўтариб олиб бориб, ўчоққа қалади. Олов кучайиб, сумалак қайнай бошлади. Бетондаги сувни челакларга қуйиб, уни ҳам тез-тез қозонга солди. Кечга бориб, бели атрофида оғриқ бошланди. Хонасига кириб ётай деса, қўшни аёллардан уялади. Эртага гап-сўз қилишдан ҳам тойишмайди. Бир амаллаб тонггача чидаб берса, маҳалланинг имтиҳонидан ўтади.

Тунда яна аёллар бири ёш боласи борлигини, бири эрининг жаҳли чиқишини баҳона қилиб, уй-уйларига кириб кетишди. Қозон атрофида қайнона-келин қолди.

— Ойи, белим қаттиқ оғрияпти. Баъзида кучайиб, чидаб бўлмай қоляпти, — деди Жамила қайнонасига уйингизга кириб дам олаверинг, дермикан, деган умид билан боқиб.

— Музлаткичнинг устидаги дори қутида оғриқ қолдирадиган дори бор. Ўшандан ичиб олинг, таққа тўхтайди.

Шу-шу Жамила ориқ қолдирадиган дорининг ҳадисини олиб, озгина оғриқ бўлса ҳам икки-учталаб ичиб оладиган бўлди. Сумалак пишиб, ҳаммага тарқатилди, қўшни аёллар Жамилани дуо қилишди.

Бир ҳафтадан сўнг Жамиланинг тоби қочиб, тўшакдан туролмай қолди. Қорнида бир нарса чирт узилиб, ташқарига чиқиб кетолмаётгандек тўлғона бошлади. Хўжайини «Тез ёрдам» чақирди, келинчакни зудлик билан шифохонага олиб кетишди. Бир ярим ойлик ҳомила билан найчанинг биттасини ҳам олиб ташлашга тўғри келди.

— Энди келиним бошқа фарзанд кўра олмайдими? — Замира аянинг шифокорга берган саволини Жамила аниқ эшитиб турарди.

— Нега ундай дейсиз, бундан фожиа ясаманг. Битта найчада ҳам бола бўлади. Фақат сал кечроқ, — дея жавоб берди шифокор аёл. — Ҳа, айтганча, келинингизга оғир юк кўтариш мумкин эмас.

Бу хонадонда Жамила ҳамманинг кўзига ёмон кўриниб қолди. Айниқса, қайнонаси ва икки қайнсингил кун бермай қўйишди.

— Набирам бўлганида ҳозир кўчаларда айлантириб юрган бўлармидим…

— Ҳамма қўшниларнинг жиянлари бор. Бизники туғилмасданоқ ўлди…

— Катта келиндан оғзим куйди, энди кенжасини авайламасам бўлмайди, — деди қайнонаси меҳмонга келган опасига. — Тағин, боласи тушиб қолмасин, деб кўз қорачиғидек асраяпман…

Бу гапларни эшитган Жамиланинг юрагида ҳасад уруғи ниш урди. Кундан-кунга гуркираб ўсиб, бўй кўрсата бошлади. Ҳар тонг овсинининг ойнасидан мўралаб, «Шу болани туғмаса, яхши бўларди», деган ўйни хаёлидан ўтказади. Қайнонаси ва қайнсингиллари Жамилани хўрлаб, Ҳилолани авайлагани сайин юрагига ўрнашиб олган чўғ алангалана бошлади. Овсинининг нафрат билан қарашларини сезган Ҳилола ҳамма юмушларни унинг зиммасига ташлаб қўйди. Эрталаб туриб ҳовли супуриш, сигирларни соғиб, қатиқ увитиш, тушликка овқат тайёрлаш, идиш-товоқ ювиш дегандек. Кечки овқат тайёрланиб, дастурхонга тортилгач, маликаи муҳтарама хонасидан белини ушлаб, битта-битта қадам босиб, чиқиб келади. Ҳамма унинг атрофида парвона. Жамила билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Қайнонасининг кечаги қилиғи ҳаммасидан ошиб тушди. Жамиланинг олдида турган юмшоқ нонни Ҳилоланинг ёнига суриб қўйди. Ўзининг идишидаги гўштни ҳам кенжа келиннинг косасига солиб, овсинингга кам гўшт солибсан, дегандек ер остидан Жамилага ўқрайиб қараганини ҳамма сезди. Бу нигоҳлар ортидаги иддаони сезган Жамиланинг бармоқлари мушт бўлиб тугилиб, қотиб қолди.

Онаси билан шифокорга боргач, яна умидсизланиб қайтди.

Жамила кино кўраётганида ҳам, юмуш бажараётганида ҳам бутун хаёлида овсинидан ўч олиш бўлиб қолди. Гўёки унинг бахтсизлигида шу қиз айбдордек. «Ўч оламан, албатта, ўч! Нега у бахтли яшаши керак? Менда йўқ нарса, унда ҳам бўлмайди!..»

Қайнонаси қизларини эргаштириб тўйга кетган кун Ҳилоладан ўч олиш нияти янада ойдинлашди. Жамила одатдагидек уй юмушларини бажариб, кечки овқатга палов дамлади. Овсинини икки-уч марта овқатга чақирди. Чиқмагач, хонасига кирди,

— Мазам бўлмай турибди, хонамга олиб келиб берақолинг, — деди овсини буйруқ оҳангида.

— Нима, ҳали мен сенларга малай бўлиб қолдимми? Ҳомиладор бўлмаган аёл одам эмас-ми? Ҳали боланг дунёга келмай туриб, менга шунча хўрлик? Бола туғилса, бўғзимга пичоқ қадайсанларми?

Жамила овсинининг қорнига аямай тепа бошлади. Тўлғоқ азобида жон талашиб додлаб йиғлаётган Ҳилоланинг овози қулоқларига кирмас, аёл қуюшқондан чиқиб кетганди. Гилам усти  қонга белангач, Жамила ўзига келди. «Тез ёрдам»ни ҳам кутиб ўтирмай, қўшниларникига югурди. Овсинини ўзи шифохонага олиб борди. Афсус, кеч қолишди. Боланинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.

* * *

— Табриклайман, яқинда она бўласиз, ҳомилангиз икки ойлик бўлибди!

Жамила қорнини чангаллаб, йиғлаб юборди. У энди кечалари панжара ортидан илтижо қилиб, овсинига омонлик тилайди…

Нигора
РАҲМОНОВА