Пайғамбаримизнинг тўйлари қандай ўтган?

0

Айни кунларда ўзбек халқининг ривожига тўсиқ сифатида баҳоланаётган тўй маросимлардаги дабдабабозлик ҳолатларини бартараф этиш муҳим масала бўлиб турибди. Ушбу ҳолатда, назаримизда, тақиқловдан кўра муҳокамага қўйиш, тушунтириш ишлари кўпроқ самара беради. Айни шу мақсадда Исломнинг зийнати Муҳаммад (с. а. в) даврларида ўтказилган тўйлар, расулимизнинг тўйлар борасидаги ҳадисларини ёдга олишни лозим топдик.

Пайғамбаримизнинг тўйлари қандай ўтган?

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Сафийя онамизга уйланганларида ширин таом ва хурмо билан, Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида эса қўй сўйиб тўй қилиб берганлари ҳадислардан маълум. Шунингдек, пайғамбаримиз никоҳланишда, аввало, келинга маҳр бериш, шунингдек, никоҳни овоза қилиш учун зиёфат ўтказиш куёвнинг зиммасида эканини таъкидлаганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётидан ҳикоя қилувчи бир ҳадисда никоҳлаш учун, албатта, қизнинг розилигини олганликлари айтилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қизларидан бирортасини узатмоқчи бўлсалар, унинг пардаси олдига ўтириб, «Фалончи Фалонани зикр қилмоқда», деб, унинг ҳам, уни зикр қилган эркакнинг ҳам исмини айтар эдилар.

Агар у сукут сақласа, никоҳлар эдилар. Агар у қиз ёқтирмаса, пардани чертар эди. Қачон қиз пардани чертса, уни никоҳламас эдилар».

(Имом Аҳмад ривоят қилган).

Шунингдек, уйланган кишиларга, албатта, маҳрамига маҳр бериши, шунингдек, бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилиши лозимлиги уқтирилгани яна бир ҳадисда келтирилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуроҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломатини кўриб:

— Бу нима? —  дедилар.

— Эй, Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллага бир аёлга уйландим, — деди у.

— Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилгин, — дедилар».

Бизнинг ҳозирги тўй-маросимларимиз сон жиҳатидан ҳам, дабдабанинг кўплиги жиҳатидан ҳам Расулуллоҳнинг тутган амаллари, сўзлаган ҳикматларига зиддир. Тўй маросими фақат никоҳни оммага билдириб қўйиш мақсадида ўтказилиши лозим, аслида. Ўз бойлигини, уй-жойини ёки келин ҳамда куёвнинг жамолини оммага кўз-кўз қилиш, сохта обрў орттириш учун эмас. Шу жиҳатдан қаралганда, никоҳ маросимида қиз томоннинг тўй ўтказиши ёки элга ош бериши лозим топилмайди. Аксинча, тўй фақат куёв тарафнинг зиммасида бўлиб, Пайғамбаримизнинг замонларида куёв келинга маҳрни ҳам, тўй зиёфатини ҳам ўзи ўтказиши шарт бўлган.

Айни кунларимизда қиз узатишнинг оғирлигидан, келин тарафга тўй учун қилинадиган сарф-харажатлар кўпайиб кетаётганидан нолийдиган юртдошларимиз Расулуллоҳнинг хулқидан ўрнак олишсин. Ахир сиз неча йил кўзингиз устига қўйиб, авайлаб-асраб ўстирган қизингизни бошқа оилага фарзанд қилиб жўнатяпсиз. Уни бошқа оилага жўнатар экансиз, тиллою ҳашамга буркаб, мебелу пардаларини дабдабали қилиб берганингиз нимаси? Ахир шундоқ ҳам хизматини қилиб, уйини файзга тўлдирадиган хотин олаётган йигитларимиз бир неча йил хотинининг ота-онаси тарафидан таъминланиши қайси мантиққа тўғри келади?

Жоҳиллар замонида қиз фарзандли бўлган оталар буни ўзларига ор билиб, қизларини тириклай кўмганларини биламиз. Ҳозирги оталар эса қизларини бировга хотин қилиб бераётганларидан фахрланиб, буни тўй қилиб, элга овоза қилаётганларида қанчалик орият бор? Яна қиз шўрликнинг отаси куёв бўлмишнинг уйини уй, жойини жой қилишга, машина, кийим-кечак билан бир умр таъминлашга ҳам тайёр. Унутманг, ушбу урф бўлган барча янги нарсалар бидъатдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Албатта, энг содиқ Калом  Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».

(Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Насаийнинг лафзи).

Азамат ШАРОФИДДИНОВ, Жиззах вилояти Ш. Рашидов тумани Зиёкор ҚФЙ
«Жиззахлик» жомеъ масжиди имом хатиби

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: