Саримсоқпиёзли булочкалар

0

Хушбўй, мазали ва дўмбоққина саримсоқпиёзли булочкаларнинг энг ишончли ретсепти. Улар суюқ таомлар билан истеъмол қилишга айни муддаодир.
Бу пишириқни биз машҳур рус фудблогери, бир нечта китоблар муаллифи Настя Понеделник ретсепти асосида пиширдик.

Пишириладиган егуликка тахминан – 5 000 сўм сарфланилади.*

*егулик нархи ретсепт чоп этилган вақтгагина амал қилади.

Илиқ сутга шакар ва хамиртурушни солиб аралаштирамиз.
15 дақиқага четга олиб қўямиз. Аралашма усти қалпоқчадек шишиб чиқса, демак хамиртуруш фаоллашган бўлади.

Сўнг барча хамир масаллиқларини тоғорачага солиб хамир қорамиз.Хамирни 8-10 дақиқа қўлда яхшилаб аралаштириб чиқамиз.

Хамир устини сочиқ ёки елим қоғоз билан ёпиб, 1 соатга илиқ жойга олиб қўямиз. Бу вақт оралиғида хамир икки ҳиссага кўпаяди.

Ошган хамирни олиб, муштлаймиз ва устини ёпиб, яна 20 дақиқага олиб қўямиз.

Хамирни олиб тенг 12 та бўлакчаларга бўламиз. Пиширадиган қолип ёки патнисимизни ёғлаб оламиз ва хамирли коптокчаларни устига териб чиқамиз.Устини ёпиб, 10 дақиқага қолдирамиз.

Булочкаларни 200 C да қиздирилган газ печига қўйиб, аввал 20 дақиқа давомида пиширамиз. Сўнг ҳароратни 180 C га тушириб, яна 10 дақиқа пишириб оламиз.Шивит ва саримсоқпиёзни майда тўғраб оламиз, туз сепамиз. Ёғни соламиз, хоҳланг эритилган сариёғ солинг, хоҳланг ўсимлик ёғи, бу сизнинг таъбингизга боғлиқ.

Пишган булочкаларни устидан саримсоқпиёзли қайла суртамиз. Ёқимли иштаҳа!

 

manba: zira.uz