Бахтсиз аёлнинг қарғиши

0

Шаррос қуяётган ёмғир тинай демас, соат миллари аллақачон тунги бирга яқинлашган, аммо ҳалигача Хадичанинг эридан дарак йўқ.

«Пешонам қурсин, шунчалар ҳам шўр бўладими? Биринчи турмушим бузилгандаёқ бу хаёллар мени адойи тамом қилганди. Кейин Шуҳрат акамни учратдим. У ҳаётимга бир нур мисол киргандай эди. Ҳа, бир йил мен жуда тинч яшадим. Аммо ҳозир…»

Аёл ёмғирнинг шовқини туфайлими, дарвоза очилганини ҳам пайқамади. Хаёлларга берилиб ўтирса, эри кириб келди.

— Ҳалиям ухламадингми? — деди Шуҳрат қовоғини уйиб, норози қиёфада.

— Сиздан хавотир олиб, кўзимга уйқу келмади, — Хадича ўрнидан сакраб турди ва базўр жилмайди.

— Гапингни эшитган одам эри уйга ҳеч кеч келмаса керак, деб ўйлайди! — дея Шуҳрат костюмини диванга отди-да, бошини икки қўли орасига олиб, ерга ўтирди. — Қўйсанг-чи, бу томошани. Ўз кўнглингда бахтли аёл ролини ўйнаяпсанми? Мен сенга айтдим-ку, кет, уйингга деб…

— Менинг уйим шу ер, — Хадича кўзларига ёш олди. — Яна ҳайдаяпсизми?

— Оббо! — Шуҳрат ўрнидан туриб хотинига қўлини пахса қилиб гапиришга тушди. — Мени ҳам тушун, сен билан яшамоқчи эмасман. Сен билан ҳаётини давом эттиришни истамаган одам билан уни мажбурлаб яшамоқчимисан? Жавоб бер!

— Ахир ваъдаларингиз бошқача эди-ку! Уйланишдан аввал нималар демагандингиз, Шуҳрат ака!

— Тўғри, тан оламан, номард эмасман! — деди Шуҳрат елкасини қисиб, кўзларини олиб қочаркан. — М-мен вазият бу тарафга ўзгариб кетишини туш кўрибманми? Сени ёқтириб уйланганим рост, бахтли қиламан, деганим ҳам рост. Хўш, бахтли қилмадимми?

— Ҳаловат ва бахтни бурнимдан булоқ қилган ҳам сиз!, — деди.

Хадича йиғлаганча алам билан.

* * *

Кунларнинг ўтиши аёл учун йиллардай туйилар, эрининг хўрликлари дилини оғритарди. Хадича йиғлаб ўтирганида унинг ёнига қайнонаси Зулфия опа келди.

— Оббо, яна оҳ-фарёд чекиб ўтирибсизми? — деди аёл келинининг қаршисига ўтириб. — Сиз ҳам жуда қайсар экансиз-да, кет, дегандан кейин кетмайсизми?

— Ойи! — деди йиғидан қизарган кўзларидаги ёшларни артаётган келин қайнонасига аламли қараб. — Сиз ҳам мени тушунинг, қандай кетаман?

— Тушуняпман, тушуняпман! — Зулфия опа чуқур уф тортди. — Сизга ҳам осон эмас, менинг ҳам раҳмим келяпти. Лекин начора, ўғлим, яшамайман деб тургандан кейин, кетасиз-да! Бу ҳаётингиз ҳаёт эмас! Сизлар эр-хотин бўлиб ҳатто бир хонада ухламайсиз-ку, қандай қилиб шу алфозда бутун умр яшамоқчисиз?

— Менинг бирорта айбим борми, айтинг! Ўғлингиз ўзидан-ўзи, ҳеч бир сабабсиз «Сен билан яшамайман», деяётган бўлса, айб мендами, айтинг!

— Мен билмайман! — аёл бошқа тарафга қаради ва елка қисди. — Ўзинглар пиширган ош, айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ичаверинглар.

Хадича қайнонасига ўтингандай гапирди:

— Ойижон, мен қайтолмайман, одамлар нима дейди?! «Иккинчи турмуши ҳам бузилди, демак, ўзида бир айб бўлган экан», демайдими, ойи?! Бечора ота-онам маҳалла-кўй олдида қандай бош кўтариб юришади?!

— Э-э-эй, ўша ота-онангизни гапирманг менга! — Зулфия опа энсасини қотирди. — Бўлган совуқчиликдан хабарлари бор-у, лекин сизни олиб кетай дейишмайди-я, тавба! Ҳа, ота-онангизга ҳам керак эмас экансиз-да ўзи!

— Бу нима деганингиз? — деди Хадича асабдан титраб. — Ота-онамга ҳам осон тутманг. Уларнинг ўрнига ўзингизни, менинг ўрнимга қизларингиздан бирини қўйиб кўринг-чи, қанчалар оғир бўларди…

— Ўчиринг овозингизни! — бақириб юборди Зулфия опа ўрнидан зарда билан тураркан. — Менинг қизларимни икки дунёдаям бундай вазиятга мисол қилиб қўшманг, тушундингизми?

— Ойижон…

— Қора ниятларингизни ўзингизга асраб қўйинг! — аёлнинг овози тобора баландлашиб борарди. — Менинг қизларимга тил теккиза кўрманг!

— Мен қора ният қилмадим, шунчаки, менинг ўрнимга қўйиб кўринг, ахир сиз ҳам онасиз-ку деб…

— Юминг, дедим оғзингизни! Ҳозироқ юминг! — аёл шанғиллаганча Хадичадан узоқлашди. — Итни ҳам ҳайдаса кетади, бу ҳатто итчалик ҳам эмас, кетмайди-я, тавба! Кандай ёпишиб олган бизга!

Хадича йиғламасликка минг тиришса ҳам, ўзини босишга минг уринса ҳам иложсиз эди, барибир, кўксини чангаллаганча бу гапларни юрагига яқин олаверарди. Ҳали йигирма бешга ҳам кирмаган, аммо етарлича турмуш ташвишларини чекиб улгурган аёл бу юкни кўтаролмай ҳалак. У ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча хотираларга берилди: «Кечагидай эсимда, йўлимни пойлаб, ота-онамнинг ҳузурига қатнаган кунларингиз, Шуҳрат ака. Сиз эмасмидингиз, мен сен билан янги ҳаёт қурмоқчиман, мен ҳам сен каби биринчи никоҳидан ҳаловат топмаган жабрдийдаман, кел, турмуш қурайлик, дея ҳоли-жонимга қўймаган?! Сиз эмасмидингиз, ота-онамдан розилик олишга уринган? Энди-чи? Энди сиз яна биринчи оилангиз билан топишиб олганингиздан сўнг мен керак бўлмай қолдимми?! Энди менинг қадрим кўчадаги дайди итчалик ҳам эмасми?»

Хадича эри нима учун уйга келмай қолишини тушунганига уч-тўрт ой бўлди. Мана, шу ўтган уч-тўрт ой аёл учун нақадар азобли ва кўнгил оғриқларига тўла ўтганини ўзигина билади, холос.

Аёл эрининг хонасига кириб, уни шу ерда кутмоқчи бўлди. Ва тасодифан кўзи ётоқ устидаги телефонга тушди. Эрининг иккинчи телефони. Хадича телефонни қўлига олиб, ундаги расмларни кўра бошлади. Не кўз билан кўрсинки, эрининг қўл телефони биринчи оиласи билан тушган суратларга тўлиб кетибди. Бу суратлар яқинда олингани кўриниб турибди. Бахтиёр оила. Эри ва унинг биринчи рафиқаси, улар ўртасида эса уч нафар бола. Жилмайганча, хурсанд қиёфада турган бу одамларга бошқа ҳеч кимнинг кераги йўқ эди, гўё. Хадичани бирдан қаттиқ титроқ босди. У телефонни чўчиб кетган одамдай ирғитиб юборди ва дарҳол югуриб чиқиб, ўзини хонасига урди. Юзига ёстиқни босганча ўксиниб йиғларкан, тинимсиз «Нега унда менга уйландинг, нега?» дея нола қиларди. Бироздан сўнг дарвоза очилиб, эрининг машинаси ҳовлига кирди. Шу чоғ Хадича ҳовлига югуриб чиқишни, фарёд чекиб, ҳаммани уйғотишни истар, дардларини дастурхон қилгиси келарди, бироқ ўзини тийди. Ҳозир жанжал кўтариши ҳам унинг бу уйдан ҳайдалишига бир баҳона бўлишини тушунарди.

Хадича эрининг ортидан эргашиб хонасига кирди.

— Мен чарчаганман, чиқ хонамдан, — минғирлади эри.

— Мени яна қанча хўрламоқчисиз?! — Хадича титрар ва шу туфайли дудуқланиб гапираётганди. — Уч ойдирки, худди бегонадайсиз. Бир аёлни бундан ортиқ хор қилиб бўладими?!

— Нима хоҳлайсан ўзи мендан, жонимга тегдинг-ку! — бақириб юборди Шуҳрат. — Тўғри, сенга уйландим, яшадим, аммо кейин хато қилганимни тушундим. Сен ҳам одамни қон қилиб юбординг-да, ахир кечирим сўрадим-ку!

— Н-нима?! — Хадича нафас олишга қийналар, тобора кўзлари катталашиб, ранги оқарарди. — Кечирим сўрадим-ку, дейсизми?! Менинг оёғимни босиб олганмидингиз-ки, шунчаки узр сўраб ўтиб кетсангиз ва мен индамасам. Қурбақани ҳам боссангиз, овози чиқади! Мен ҳатто болаларингизга она бўлишга розилик билдирдим, биргина ўтинчим озгина меҳр!

— Болаларимга сен ҳақингда айтолмайман, улар руҳан синади-ку, уйландим десам.

— Уларнинг руҳан синиши ҳақида менга уйланишдан аввал нега ўйламадингиз?!

— Узр, шундай бўлиб қолди! — деди Шуҳрат овозини бироз пасайтириб. — Уйингга кетақолгин, ажрашайлик, мен болаларимни олиб келмоқчиман уйга…

— Аҳмоқ деб ўйлаяпсизми мени? Суратларни кўрдим, хотинингиз билан ярашиб олгансиз! Сизга овунчоқ бўлдим, бир қўғирчоқ мисол… К-кейин ярашиб олдингиз ва энди кет, деяпсиз. Айтинг, шу ишингиз Худога хуш келадими? Шунчаки узр деб яна ҳаммасини ўз ўрнига қўймоқчисиз, б-бу Худога ёқармикин… М-мен розиман, аёлингиз билан ярашинг, майли, аммо мени ҳайдаманг!

Хадича гапларини зўрға гапирди. Унинг кўз олди қоронғилашиб бораркан, ота-онасининг «Энди нима бўлса ҳам ортга қайтма, эринг билан қўша қари, биз яна турмушинг бузилса, чидай олмаймиз», деган сўзлари қулоғига эшитилгандай бўлди. Аёл бутун вужудини эгаллаган номаълум титроқ ва юрагидаги қаттиқ оғриқдан ҳансираб қолди ва ерга йиқилди.

* * *

Хадича кўзларини очганида атрофида ота-онаси ва эрини кўрди. Ҳойнаҳой, эри ота-онасини қизингизни олиб кетинг, дея чақирган. Улар Хадича ўзига келганидан бехабар нималарнидир гаплашишарди.

— Айтгандим, — деди Хадичанинг отаси елкасини букиб, маҳзун гапираркан. — Айтгандим сизга бир эмас, уч фарзандингиз бор экан, хотинингиз билан ярашиб оларсиз, бу ишни қўйинг, дегандим. Сиз эса ҳоли-жонимга қўймай қайта-қайта қизимни сўрайвердингиз. Мен унинг биринчи турмушидан қанчалар қийналганини, такрор бундай зарбаларни кўтара олмаслигини айтгандим, Худонинг зорини қилиб, «Уни асранг» дея сизга бердим. Бироқ сиз…

— Бошимни ўтган гап-сўзлар билан оғритманг. Қизингизни олиб кетинг, тамом-вассалом!

Гап шу ерда тугади. Хадича нима деса ҳам, нима қилса ҳам оиласини сақлаб қололмаслигини англаб етди. Унинг дили оғрирди. Хадича ота-онасига суянган кўйи келин бўлиб тушган хонадонидан чиқаркан, ортига қаради ва эри билан қайнонасига сўнгги сўзини айтди:  «Яратганнинг Ўзи кифоя қилсин!»

* * *

Хадича қушларнинг сайроғидан уйғониб кетди. Деразасидан оппоқ булут қоплаган мовий осмонга қараркан, негадир кайфияти кўтарилиб жилмайиб қўйди. Ҳар қандай оғир кунларга қарамай, ҳаёт, барибир, гўзал эканидан, яшаш завқли эканидан ҳайратга тушди. Деразасининг ёнгинасида гуллаган шафтоли дарахти гулларини тўйиб ҳидлаган Хадича хаёлидан ўтқазди:  «Бу кунлар ҳам, албатта, ўтади!»

Аммо сукунатни Хадичанинг онаси бузди. Ҳансираганча хонага югуриб кирган аёлнинг юзи оқариб кетганди.

— Х-хадича, қизим, Шуҳрат автофалокатга учрабди, аҳволи жуда оғир эмиш!

Моҳигул
ДИЁРХЎЖАЕВА

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: