Баъзи эркакларга хитоб: «Аҳли аёлини сотган даюслар!»

1

Шимни бердингиз, кўйлакни бердингиз, жиловни ҳам беринг энди!  «Жуда баланд» ғурурингизни рўкач қилмай, четга ўтинг, аёлингиз олдинга чиқсин!

Мавзумиз қалтис. Баъзи «эркаклар»га тегиб кетадиган жойлари бисёр. Чунки кўчада очилиб-сочилиб юрган, шимга эгалик қилган аёллар ҳар қадамда ғужғон. Демакки, даюслар кўп. «Мен даюс эмасман!» дея катта гапиряпсизми? Ҳайронман, унда кўчадаги шу-у-унча аёл кимнинг хотини ёки қизи экан-а?!

 

«Рашк бамисоли бир махлуқ, у ўз-ўзидан бошланиб, йўқ гапларни юзага чиқаради».

Уильям ШЕКСПИР

«Шундай олижаноб муҳаббатлар борки, улар рашкка ўрин қолдирмайди».

Ф. ЛАРОШФУКО

Бу каби юзлаб ҳикматли сўзларни турли манбалардан топишингиз мумкин. Дунёга машҳур бир қанча ғарб олимларию ёзувчилари рашк хусусида турли фикрларни билдириб кетишган. Улар наздида. асл муҳаббат асоси фақат ишончдангина иборат ва рашкка заррача ўрин йўқ. Ғарб муҳаббат ҳақида бонг ураркан, бизнинг қарашларимизга «Севгида юз фоиз эркинлик бўлиши шарт», деган фикрни сингдиришга уринади. Яъни сен кимгадир кўнгил қўйдингми, уни буткул эркин қўй, истаганича яшасин. Ҳижжалаб тушунтирадиган бўлсак, «Хотинингнинг қандай кийимда кўчага чиқиб кетиши ва соат нечада уйга кириб келиши, кимлар билан қўл ушлашиб ёки ўпишиб саломлашишига аҳамият берма, кўнглинг тўқ бўлсин. Ахир севги — бу ишонч дегани». Айнан мана шу «ҳақиқат»ни олдинга суриб, не-не ғарб арбоблари афоризмлар қолдириб кетмаган. Аммо биз учун энг яхши афоризмлар, асл ҳақиқатлар бундан ўн тўрт аср муқаддам очиб бўлингани, шак-шубҳасиз.

Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Уч тоифа инсон жаннатга кирмайди. Ота-онасига оқ бўлганлар, даюслар, эркакшода аёллар». Шунда саҳобалар сўрашди: «Эй, Расулуллоҳ, даюс ким?» У зот: «Аҳлининг ҳузурига ким кираётганига парво қилмайдиган кимса», дея жавоб бердилар.

Дарҳақиқат, бизнинг динимиз бундан неча юз йил аввалроқ чиройли ҳаёт учун қандай муносабат ўрнатиш кераклигини ўргатиб бўлган. Бироқ бугунга келиб эркакдан рашк туйғуси кўтарилган бўлса-чи?

 

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ:
«ЗАМОНАВИЙЛИК БЎРОНИ»

Биз замонавийликни кўп ҳолларда ҳаётимиз, эътиқодимиз, ҳатто бахтимизга таъсир кўрсатадиган ўзгача қарашлар билан қориштириб юборамиз. Шак-шубҳа йўқки, инсон ҳаддан ошувчидир!

Ғарбнинг шиддатли шамоли катта тезлик билан биз томонларга яқинлашмоқда. Агар ҳар ким ўзига тегишлисини асраб қолишга уринмаса, барча нобуд бўлади. Ҳар бир эркак ўз аҳли, оиласидаги аёлларни назоратида тутиб, уларни беҳаёлик деб аталмиш ғарб шамолидан панага олмаса, даюслик касалига чалиниб қолиши ҳеч гап эмас.

Чойхонаю йиғинларда, айниқса, ижтимоий тармоқларда эркаклар баҳаё аёллар кўпайиб кетганидан тез-тез нолиб туришади. Кимнингдир калта этагини ёки очиқ елкасини муҳокама қилиб ўтиришганида, шундоққина ёнларидан ўз сингиллари ёки
жуфтлари қандай либосда ўтганига қарашармикин? «Ё тавба, баъзи аёлларда бет қолмаяпти», деяётган эркаклар, сизларнинг ҳам аҳлингизга кўз тикиб, шундай демаётганларига ишончингиз комилми? Сиз бу саволга улфатларингиз олдида чираниб, «Ишончим комил!» дея жар соларсиз, виждонингиз олдида-чи?! Сиз муҳокама қилаётган «уятсизлар» ҳам сизга ўхшаган кимнингдир номуси. Агар ҳамма бирдек эркак бўлса, кўчадаги шунча очиқ-сочиқлилар қаердан келяпти унда?!

Яқинда бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Икки киши ўзаро суҳбатлашарди.

— Анави сенинг хотинингми, ие, жуда калта ва тор кийинибди-ку!

— Ҳа, жуда.

— Индамайсанми?!

— Гапирардим-у, ўзидан кетиб қолади-да.

— Бу нима деганинг?

— Ўзига ишончи ошиб, эрим мени қизғаняпти, деб ўйлаб қолмасин.

— Ие, қизғанаётганингни билдирсанг нима?

— Эсинг жойидами, кейин нархи ошиб кетади-ку!

Биз шу даражага етибмизки, ким-кимни қизғанишини билдирса, «обрўси» тушиб қоларкан. Ваҳоланки, рашк иймондан эмасмиди? Эркак аёлимнинг ўзига бўлган баҳоси ошиб кетади, деб яна нималарга рози бўларкин эртага, шуниси ёмон! Эркакнинг эркаклиги жуфти ҳалолини ёмон кўзлардан асрашида эмасмиди, эркакнинг ғурури эмасмиди мана шу уйдан исталган кўринишда чиқиб кетаётган аёл.

Шундай гап бор: «Аёлларнинг ҳаёсизлиги эркакларнинг ғурурсизлигидандир». Яъни қачонки эркакдан ғурур, ор-номус, мардлик кетса, аёл юзидан ҳаё кетади. Марҳамат, қаттиқ гапир, ўқрай, бақир, жанжал кўтар, қандай йўл билан бўлмасин, оилангдаги аёлларни асра. Йўқ, биз асло қолоқлик, зўравонликка даъват этаётганимиз йўқ. Аёлдан эркинликни буткул олиб, уни қул каби кўрадиган жоҳиллар тарафида ҳам бўлмаймиз. Лекин замонавийликни даюслик, беорликдан фарқлай олмаётганларга қарши туриш тарафдоримиз.

 

ОЧИЛИБ ЮРГАН АЁЛЛАР, СОЧИЛИБ ЮРГАН АЁЛЛАР

Юқорида замонавийлик ҳақида бекорга сўз очмадим. Яна янги «замонавий» одат чиққан. Фитнес залларига эр-хотиннинг бирга бориши…

Мен спортни тушунмайдиган, соғлом ҳаёт тарзини қоралайдиган тоифага кирмайман, бироқ ўз жуфти билан фитнес залга бораётган эркакларни тушуниш ҳеч қўлимдан келмаяпти.

Хотини билан бир залга чиқаётган эркаклар дўстларининг кўз ўнгида унинг қомати билан «ишлаши»ни қачон ҳазм қилдик?! Эркаклар, кўзингизни очинг, агар сизда заррача ор қолган бўлса!

Хотинингиз билан бир залда турли машқларни бажарасиз ва ҳатто четроқда турган дўстингизнинг сиз «хотиним» деб атайдиган аёлга кўзи тушган маҳалда эса шерга айланасиз. Таажжуб! Ишингизда мантиқ қани, эркаклар! «Сен менинг хотинимга гап отяпсанми?» дея шер каби ҳайқиришдан, арслондай ташланишдан, буқадай сузишдан аввал қилган амалингиз чўчқанинг ишидан кам эмаслигини бир мулохаза қиларсиз!

Марҳамат, спорт соғлик гарови десангиз, фақат аёллар шуғулланадиган, аёллар учун алоҳида белгилаб қўйилган маълум соатли юзлаб заллар мавжуд. Номусингизни қайси чойхонада унутиб қолдирдингизки, аёлингиз билан умумий залда шуғулланяпсиз?! Ер билан яксон бўлсин бундай
машғулотлар!

«МЕНИНГ ХОТИНИМ ЭНГ
ЧИРОЙЛИ, «ЛАЙК» БОСИНГ!»

Айтинг-чи, хотинини кўчага олиб чиқиб, реклама қилган қулайми ёки интернетга расм, видеосини жойлабми? Ҳа, албатта, сиз кўпроқ иккинчи усулдан фойдалансангиз керак, а?

Ўз қўлларингиз билан унинг энг гўзал суратларини саҳифангизга жойлаштирасиз. Сизни кузатадиганлар орасида эса боғчадош ўртоғингиздан тортиб, ҳозир бирга ишлайдиган ҳамкор улфатларингизгача бор. Қай бирининг хаёлларини назорат қилиб, қай бирининг нафсидан хотинингизни олиб чиқишга улгура оласиз, эркаклар?! Э-ҳа-а-а! Ахир ижтимоий тармоқларга хотинини қучоқлаб тушган расмини қўйиш ҳозир мода-ку, замонавийлик-ку.

Севги ҳақида бонг уришга ҳам устасиз. Севги тиззангга жуфтингни ўтқазиб, қизил кўйлак кийган белидан қучиб туриш ва ўша суратни ижтимоий тармоққа жойлаб, икки мингта «лайк» йиғишми?! Сиз оғиз кўпиртириб айтаётган севги ундан ҳамманинг ёнида бўса олиб, ҳирсли назарларни шерик қилишми ё?! Унга ўзгаси қараб гап отса, «Менинг хотиним зўр, ҳамманинг менга ҳаваси келади», дея ифлос хаёлларингиз миянгизда айланишими сиз айтаётган ўша севги? Илтимос, бу муқаддас сўздан икки минг чақирим нарига ўтиб, ҳаракатларингизнинг асл номини айтинг.

Бизлардан аввал ҳам ишқ дея ёниб ўтганлар сиз ҳозир расмини интернетдан кўрадиган ўша машҳур Тожмаҳалларни қурдирган. Сизлардан аввал Султон Сулаймонлар бўлган, рафиқасининг бир сўзи билан қасрларни буздирган. Сизлардан аввал не-не ошиқлар ўтган, бироқ сиз, айнан сиз, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган чегараларни босяпсизки, ўша Шоҳжаҳонлар ҳам қабрида тик турган бўлса, не ажаб?!

Яна шуни ҳам ишонч билан таъкидлай оламанки, Европа, Америка сингари йирик қитъа аёллари Шарқнинг муслима аёлига ҳавас-ла боқишади. Ана ўшалардан сўранг ҳақиқий беэътиборлик, рашксизлик нима эканини? Улар эрлари томонидан севилишни, қизғанилишни, кимнингдир номусига айланишни қанчалар орзу қилишади! Афсус, биз кимларнингдир ҳеч қачон қўлида бўлмаган, лекин бутун умр орзу қилган буюк туйғу — рашкни ўз қўлларимиз билан яксон қиляпмиз, арзон сотяпмиз!

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

1 ТА ФИКР

  1. бундай макола ёзишга нима туртки берди сизга?… даюс сузи купчилик эркакларга ёкмаслигини билсез кере а? расмларни узимиздан олиб курингчи, сабаби тугри келмаяпти сираям.. бизда жуда унчалик очик сочик булгани йук .. аёлларимизга куз тегмасин шаркона иффатини саклаб туришибди менимча кийинишда

Comments are closed.