Лимонли пирог

0

Бугун эътиборингизга лимон қўшиб пишириладиган ажойиб пироглардан бирини тақдим этамиз.
Лимоннинг нордонгина таъми билан жуда ҳам мазали чиқадиган бу пишириқ барчага ёқади деган умиддамиз.

Пишириладиган егуликка тахминан – 5 000 сўм сарфланилади.*

*егулик нархи ретсепт чоп этилган вақтгагина амал қилади.

Сутни илитиб, шакар ва хамиртурушни соламиз, аралаштирамиз ва 20 дақиқага четга олиб қўямиз (устида кўпик ҳосил бўлади).

Тоғорачага унни соламиз, устидан муздек сариёғни қирғичдан чиқариб соламиз. Туз ва ванилни солиб қўлда ишқалаб оламиз.

Устидан тухум, сутли аралашмани солиб, хамир қорамиз.Хамирни устини сочиқ билан ёпиб, 30-40 дақиқага совутгичга олиб қўямиз.

Лимонларни ювамиз, паррак қилиб тўғраб, данакларини ажратамиз ва ўзини ғштқиймалагич ёки комбайн ёрдамида майдалаб оламиз.

Эзилган лимонлар устидан шакар ва буғдой ёрмаси(манная крупа)ни солиб, аралаштирамиз, Лимоннинг барча шарбати чиқиб кетмаслиги учун ҳам, уни пиширишдан олдин тайёрлаб оламиз.

Айтганча, баъзи бир лимонларнинг пўстлоғи аччиқ бўлиб, улар пирогнинг таъмини бузиб қўйиши мумкин. Бунинг учун лимоннинг сариқ пўстини қирғичдан чиқариб оламиз, оқ рангли пўстини пичоқда арчиб ташлаймиз (айнан шу қисми пирогни тахир қилиши мумкин).

Хамирни тенг икки қисмга бўламиз.Биттасини олиб, яна тенг иккига бўламиз. Шундай қилиб бизда 3 та хамир бўлаклари ҳосил бўлади — битта катта, иккта кичкина.

Хамирнинг катта бўлагини ёйиб, қолипга қўямиз, четлари сал осилиб турсин.Устидан лимонли аралашмани ярмини соламиз.

Хамирнинг кичкина бўлагини ҳам ёйиб, пирогни устидаги лимонли аралашма устидан ёпамиз, Қолган лимонли аралашмани ҳаммасини соламиз ва қошиқда бир хил текислаб чиқамиз. Иккинчи кичкина хамирни ёямиз ва пирогни устини ёпамиз. Четларини бирлаштириб, буклаб чиқамиз. Пирогни устини санчиқ билан бир нечта жойини тешиб чиқамиз. Ёки хоҳишга қараб бундай қилишингиз ҳам мумкин: Хамирни охиргисини ёйиб, пичоқ билан бир нечта жойини кесиб чиқасиз. Сўнг олиб, устини ёпамиз.Устига тухум сариғини суртиб чиқамиз.

180 C ҳароратда қиздирилган газ печига қўйиб, 30 дақиқа давомида пишириб оламиз. Ёқимли иштаҳа!

 

manba: zira.uz

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: