ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (4-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Ташқарида яна қор учқунлай бошлабди. Бегона шаҳарча. Нотаниш кўчалар. Марказий кўча ҳам Мадали яшаган туман маркази кўчаси каби унчалик катта эмас. Ўткинчилар соқоллари ўсиб қолган, юзлари ичига тортиб, кўзлари уйқусизликдан қизарган Мадалига қараб-қараб қўйишар, баъзи қариялар бир-бирларига нималарнидир уқтирган бўлишарди.

У одамларнинг ғайриоддий нигоҳларига эътибор бермай, юз метрлар наридаги автобус бекатига бориб турди. Мақсад битта. Тиқилинч автобусга ўтириб қайсидир бечоранинг чўнтагига тушиш-у, ўзининг чўнтагини қаппайтириб олиш. Шундан бўлак иложи ҳам йўқ. Ўзи учун ўзи қайғурмаса, тез кунда хароб бўлади ва курсантлар рўйхатидан ўчириб ташланади. Балки, очликдан ўлиб ҳам кетар…

“Йўқ, — хаёлан фикрлай бошлади Мадали. — Шарманда бўлгандан кўра, бировларнинг қўлида ўлиб кетган маъқул… Йўлга чиқдимми, охиригача боришим шарт…”

Автобус узоқ кутдирмади. Шаҳарча кичик бўлишига қарамай, автобуслар ҳақиқатан тирбанд бўларкан.

Мадали олдиндаги шляпа кийиб, қўлида портфел ушлаб олган кекса бир эркакнинг ортидан базўр ичкарига кириб олди.

“Мана шундан бошлайман. — ўйлади у. — Галстук тақиб олибди. Ҳойнаҳой, яхшироқ жойда ишласа керак…”

Қария тиқилинчда зўрға нафас олар, кўринишидан орқадаги титкилашларни пайқай оладиган аҳволда эмасди…

Мадали курсда ўргатишганидек, икки бармоғини қариянинг плашчи чўнтагига солди. Ҳеч нарса топа олмагач, аста плашчнинг этагини кўтарди.

Бир муддат кутди. Қария ҳамон инқиллаганча кетиб борарди. Эҳтиёткорлик билан биринчи бармоғини шимининг чўнтагига юборди.

Воҳ!.. Бир даста пул!..

“Омадли эканимга ўзим ҳам шубҳа қилмасдим!” — кўнглидан ўтказди Мадали ва пулларни жуда эҳтиёткорлик билан суғуриб олди…

Пуллар чўғига қараганда, ҳозирчалик харажатларга етгулик туюлди.

— Бўлди, — деди ўзига ўзи. — Ҳозирча етади чамаси… Уф-ф… Бировнинг пулини олиш қанчалик қийин-а!.. Кечиринг, отахон!.. Агар имтиҳон топшираётган бўлмасам, ҳаётда сиздай зиёли одамнинг кўнглини оғритмас эдим. Афсуски, шу тобда мажбурман!.. Ҳарқалай, сиз шу ерликсиз. Бир амаллаб уйингизга етиб олсангиз, бунақанги пулларнинг мингтасини топасиз. Мен бўлсам, шу пулларсиз очдан ўлишим тайин… Яна бир бор кечиринг!..

Автобус бекатлардан бирига келиб тўхтагач, Мадали эпчиллик билан пастга сакради ва ортга қайтди…

 

 

* * *

 

 

У Марусянинг уйини яхши эслаб қолган экан. Аммо қуруқ қўл билан киргиси келмади. Ахир, чўнтагида ҳозир йигирматадан зиёдроқ 25 таликлар манаман деб турибди… Беш сўмга ул-бул олса, юзи ёруғ бўлади…

— Йўқ, мен бу аёлникида узоқ қолмаслигим зарур. — дея мулоҳаза юритарди у уй четидаги кичик бир дўкон томон илдам кетиб бораётиб. — Одам ўлдирган аёлдан яхшилик чиқармиди… Қолаверса, пиёнистага ўхшайди… Ҳа майли, шу кеча тунай-чи, эртадан думимни тугаман…

Мадали дўкондан икки шиша ароқ, колбаса, гўшт ва шунга ўхшаш майда-чуйда егуликлар сотиб олди-ю, тўппа-тўғри Марусянинг квартирасига жўнади…

— Вой, сен?.. — Маруся ширакайф ҳолда остонада пайдо бўлди. — Намунча эрта қайтибсан? Кетганингга ҳали икки соат ҳам бўлмади-ку, йигит!..

— Ишим тез битиб қолди. — жавоб қилди Мадали қўлидаги бир халта егуликни Марусяга узатиб. — Шаҳрингиз ажойиб экан.

— Иш топдингми?..

— Ҳа, бир соатлик иш экан… Биласизми, сиз айтган базага бориб ўтирмадим. Йўл-йўлакай иш топилиб қолди.

— Қанақа иш?

— Э, бунинг аҳамияти йўқ…

— Шунақами?.. — Аёл халтадаги нарсаларга бир-бир кўз ташлаб олгач, кулиб қўйди. — Жуда топарман-тутарман йигитга ўхшайсан… Маладес!.. Қани, кир ичкарига!.. Ҳозир қорнингни тўйдираман…

Мадали кириб ечинди-да, чўмилиш ниятида ваннахонага кириб кетди…

 

 

* * *

 

 

Улар кунни фақат суҳбатлашиб ўтказишди. Бу орада Мадали яна икки марта дўкондан ароқ олиб келди… Лекин ҳайратга тушмади… Илгари ҳам пиёниста аёлларнинг ҳаддан зиёд кўп ичишларини эшитган эди…

Шу билан бирга у ҳамон сир бой бермасди ҳам. Ёлғонни шу қадар усталик билан тўқиб ташладики, унинг ачинарли, дардли ҳикоясини эшитган Маруся анча пайтгача сукут сақлаб, бош чайқаб ўтириб қолди. Сўнгра ўзининг бошидан ўтган ишларни ҳикоя қилиб берди.

Айтишича, ўрмондаги мурда аслида унинг никоҳсиз эри экан. Анча ўзига тўқ экан-у, Марусяга кейинги вақтларда ёрдам бермай қўйибди.

— Унга фақат менинг манави оппоқ баданларим керак эди. — дея ҳикоясини тугатди у. — Келарди-да, олдимга бир-икки шиша винони қўйиб, ичириб, сўнгра бир-икки соат қучоғимда айшини қилиб чиқиб кетарди… Менга жуда алам қилди. Негаки, у шу кетганича ҳафталаб йўқолиб кетади. Мен бўлсам, уни кутиб ўтираман. Ейишга ноним ҳам бўлмайди баъзида. Йўқ, дедим охири. Мен ҳали ёшман. У бўлса, олтмишга бориб қолган. Ўзинг ўйла, ўттиз ёш катта мендан. Шундай ёш жазмани бўлади-ю, нега топганини олдимга сочиб ташламайди?.. Алдаб ўрмонга олиб бордим-да… Хуллас, менга энди барибир. Майли, қамашсин. Отиб ташлашсаям розиман. Ҳаммаси жонимга теккан…

— Тўппончани қаердан олгансиз? — қизиқсиниб сўради Мадали.

— Тўппончаними?.. Буям ўшанинг матоҳи эди… Бир кеча аввал ухлаб ётганда яшириб қўйгандим… Бўлди, юр, ётайлик!..

Мадали аёлнинг ҳикоясидан таъсирланиб секин ўрнидан қўзғалди.

— Бугун мени хурсанд қилгин, Ботир! — кутилмаганда Маруся чайқалиб келиб Мадалининг елкасига бошини қўйиб олди…

У ҳеч қачон бегона аёлга бу қадар яқин туриб кўрмаган. Бундай ҳолатни тасаввурига ҳам сиғдира олмайди… Ғалати бўлиб кетди ва аёлдан узоқлашмоққа шайланди.

— Овора бўласан. — ҳиринглаб кулиб кафтлари билан Мадалининг юзларини силай бошлади Маруся. — Ҳеч бегона аёл билан ётиб кўрганмисан?

— Й-йў-ўқ.. — деди Мадали негадир тиззалари титраб. — Бўлмаганман…

— Унда жуда соз!.. Бу тун мен сенга аёл билан бирга бўлиш сирларини ўргатаман. Қара, сонларимга бир назар ташлагин!.. Чиройли-а? Чиройлими?..

— Опа… — Мадали уялиб тескари ўгирилди. — Илтимос, менга… Бошқа хонага жой тўшаб берсангиз…

— Бекорларни айтибсан! Бу уйнинг эгаси ким?

— С-сиз…

— Шундай экан, бу уйда фақат менинг айтганим бўлади… Ахир, кўзгуга бир қара! Қандай келишган, бақувват йигитсан. Шундай йигит ҳам аёлдан қўрқиб ўтирадими?.. Уялгин-э!.. Ё… Ҳалигидай… Мижозинг сустми?..

Мана шу гап Мадалининг иззат нафсига тегди… Чунки, бу тахлит гапларни эшитиш эркак учун шармандалик деб билади…

— Мижозимни кўрсатиб қўяйми?.. — таваккал қилди Мадали.

— Ҳа-да, жоним, мен айнан шуни кутяпман!.. — Маруся эркаланиб унинг бўйнига буткул осилиб олди. — Қўрқма, қандай хурсанд қилишни ўзим ўргатаман…

Мадали аёлни даст кўтарди-да, каравотга ётқизди.

 

 

* * *

 

 

Маруся пиёнисталигига қарамай, ҳаддан зиёд эҳтиросли аёл экан. Шундай кучга тўлган Мадалини ҳам ҳолдан тойдирди. Туни билан уйқу бермади. Фақат хўрозлар қичқира бошлагандагина икковлари икки ёнга ўгирилганча ухлаб қолишди.

— Вой, тур! — бир маҳал Мадалини турта бошлади Маруся. — Кун ёйилиб кетибди. Ишга боришинг керак-ку!.. Турақол, жоним!..

Мадали базўр кўзларини ишқалаб очиб ўрнидан қўзғалди. Ҳақиқатан, соат эрталабки тўққизга яқинлаб қолибди. У ёнидаги лўмбиллаган Марусяни бир бор тўйиб қучоқлаган бўлди-ю, ваннахонага кириб апил-тапил ювинди. Сўнгра кийиниб кўчага йўл олди.

Ҳа, бугунги иши бироз мушкулроқ. Ўзига ўхшаган бир йигитни топиши ва унинг паспортини ўғирлаб қўйиши лозим. Хўш, қаердан топади? Қаерга боради?..

Бир маҳал кичик бир банк ёнидан ўтиб кетаётиб одмигина кийинган, узун бўйли бир йигитга кўзи тушди-ю, таққа тўхтади.

Йигит бир гуруҳ одамлар орасида банкдан пул олиш учун навбат кутарди.

“Шу йигит менга жуда ўхшаб кетаркан. — хаёлидан ўтказди у. — Туришиям ўрисларга ўхшамайди. Ўзбек бўлса-я!..”

Мадали секин юриб ўша йигитга яқин борди.

— Мабодо ўзбек эмасмисиз? — эҳтиёткорлик билан сўради Мадали.

Бу саволни эшитган йигитнинг кўзлари чақнаб кетди.

— Ҳ-ҳа… Ўзбекман… Сизам ўзбекмисиз?..

— Ҳа. Қаердансиз?..

— Водийданман.

— Шунақами?.. Мен Бухороданман. Исмингиз нима?..

— Обиджон.

— Меники Толмас… Бу ерда нима қилиб турибсиз?..

— Пича омонатим бориди. Олишга келсам, пул йўқ деб тихирлик қилишяпти.

— Шу холосми?

— Ҳ-ҳа… — қизариб жавоб қилди йигит. — Сиз… Шу ерда яшайсизми?..

— Албатта. Анчадан бери шу шаҳарчада тураман. Қани, паспортингизни беринг-чи, банкда менинг яқин танишим бор. Пулингизни олиб бераман.

— Й-йўғ-э… — иккиланди йигит. — Сизни овора қилиб…

— Бераверсангиз-чи! — атайин қовоғини уйиб олди Мадали. — Ҳамюртим қийналиб турса, қандай қилиб томошабин бўлиб турай?.. Беринг паспортни!..

Обиджон секин қўлидаги паспорт ва омонат дафтарчасини Мадалининг қўлига тутқазди.

— Сиз шу ерда кутиб туринг! — деди Мадали ичкарига кириб кетаётиб. — Узоғи билан ярим соатда тўғрилаймиз.

Банк ичкарисида ходимлар уёқдан-буёққа юришар, йўлак охирида яна бир эшик бўлиб, ланг очиқ эди.

— Ў, — кафтларини бир-бирига ишқалаб қўйди Мадали. — Шу эшик ҳам кўчага олиб чиқса керак. Жуда зўр бўларди!

Адашмабди. Эшик ҳовлига олиб чиқаркан ва баланд девордан бемалол катта кўчага ошиб ўтиш мумкин экан.

Мадали эҳтиёт шарт банк ичкарисига яна бир бор ўғринча қараб олгач, бир сакраб девордан кўча томонга ошиб тушди ва Марусянинг уйи тарафга эмас, вокзалга қараб чопа кетди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ