Хазина қидирган одам

2

Бағдодлик бир одамга катта мерос қолганди. Бироқ «Осон келган, осон кетар», деганларидек, пулларини тадбир билан сарфламади, қисқа пайт­да бутун бошли меросни тугатди. Қўлида нима бўлса, еб битирди. Ҳеч вақоси қолмагач, Аллоҳга юкинди, ҳар оқшом кўз ёш тўкиб, дуо қиларди: «Эй, Раббим, менга бойлик бердинг, мулк бердинг. Ҳозир эса улар қўлимдан кетди. Айбимни биламан. Хато қилдим. Менга ёрдам қил, мени қутқар бу иллатдан. Ё марҳамат қилиб, бир тирикчилик бер, ёки жонимни ол!»

Кунлар, ойлар ёлворишлар билан ўтди. Ниҳоят, бир кеча туш кўрди. Бир овоз унга: «Сен Мисрга бор, ўша ерда омадинг чопади, у ерда бой бўласан. Мисрда топадиган хазинанг сени кутяпти», дерди.

Одам уйғонганда севинчдан телба бўлаёзди. Дарҳол Мисрга кетишга ҳозирлик кўрди..

Неча кун Мисрда оч, сувсиз кезиб юрди. На хазина, на бирорта қўлидан тутадигандан дарак бўлмади. Чорасизликдан тиланчилик қилишга қарор қилди: «Оқшом тушгач, тиланчилик қиламан, қоронғида ҳеч ким мени танимайди», — деб ўйлади. Қоронғида маҳалла кезди. Энди қўл очишга чоғланган эдики, маҳалла миршаби пайдо бўлди. Миршаб уни ўғри деб ўйлаб, ёқасидан тутди. Ҳам судраб, ҳам урарди. Бағдодлик одам:

— Урма, тўғрисини айтаман, — деб ёлвора бошлади.

Миршаб:

— Яхши, бегоналигинг ҳолингдан аниқ. Тушунтир, йўқса, ҳамма ўғриларнинг аламини сендан оламан, — деди.

Одам ҳикояси қандай бўлса, шундай тушунтирди, охирида эса:

— Мана, мен на ўғриман, на бир золим. Хазина илинжида Мисрга келган, ғариб бир бағдодликман, — деб сўзларини тугатди.

Миршаб эса кулиб деди:

— Сенга ишонаман, сен ўғри эмассан, аммо ғирт аҳмоқсан. Мен анча йиллардан бери «Бағдодда фалон маҳалладаги фалон уйда хазина кўмилган»лиги ҳақида туш кўраман. Лекин ҳатто ўрнимдан қимирламадим. Сен бир туш кўриб, бу ерларгача келибсан. Сен аҳмоқнинг, тентакнинг бирисан. Қани, кет. Бошқа бу ерларда кўринма!

Одам ҳайрон қолганди. Миршабнинг «Бағдодда фалон маҳаллада фалон уйда», деган жойи ўз уйи эди. Ўз-ўзига: «Демак, мен хазина устида ўтирганим ҳолда фақирликдан нолиб йиғлар эканман», деб Аллоҳга шукр айтди.

«7 Мўъжиза» газетасидан

2 ФИКРЛАР

    • Шуни айтинг. Манам ҳайронман. Наҳотки одамлар бир неча асрлардан сўнг Коэло деган ёзувчи туғилиб, Алкимёгарни ёзади, деб ўйламаган, негаям яралган-а ривоятлар?
      Эслатма: Коэло Алкимёгарни Шарқ, хусусан Ибн Сино ҳақидаги афсона ва ривоятлар асосида ёзган.

Comments are closed.