АРИСТОН… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

***

 

Аямнинг ёлғиз фарзанди бўлганим учунми, болалигимда тўполончи, танбал эканман. Буни ўн етти ёшимда — мени куракда турмайдиган сўз билан ҳақорат қилган пиёнистани уриб ўлдириб қўйиб, турмага тушганимдан кейингина англадим. Қамоқда саккиз йил ўтирдим. Бошимга не кунлар тушмади. Аввалига «пахан» мени қайириб олишга роса уринди. Тепкилар, муштлар ёмғири остида қолсам-да, ҳеч кимга сир бой бермадим…

Ниҳоят қайсарлигимни, иродамнинг метинлигини тан олишди, ортиқ камситмайдиган бўлишди. Маҳбуслар орасида обрўйим ошди. Қамоқдалигимнинг сўнгги кунларида бу ердаги муҳитга қанчалик ўрганиб қолганимни ҳис этдим: дарвозадан чиқишга шошилмас, ичкарида қолаётган маҳбусларни бағримга босиб тўймасдим. Нима қилай? Қаҳрим қаттиқ бўлса-да, мендаям қалб бор экан!.. Аямнинг йиғлаб ёзган сўнгги мактуби ёдимга тушиб, ҳовурим босилди, уйимга шошилдим…

Қишлоққа кириб келяпман-у бу занғар жўралар катта йўл бўйига чиқиб мени кутиб туришини кутмаган эканман.

«Кутасан, кутасан! — хаёлимдан ўтказдим уларни кўриб. Олдинда озғин Зафар, унинг кетида товуқбоқар, хўппа семиз Шерали, гузарда уззукун сомса пишириб сотадиган Низом, пахта пайкалига сув тарашдан бошқасига ярамайдиган Вали, сартарош Мамат турарди. — Қўрқасанлар-да-а?.. Биласан, жаҳлим ёмон. Керак бўлса уйингдан судраб чиқиб ичираман».

Қизиқ, улар орасида Шавкат кўринмасди. Ахир, у нафақат синфдош, девордармиён қўшним эди-ку!.. Ё бирор гап бўлдимикан?..

Улар мен билан бирин-кетин қучоқлаб кўришишди.

— Мирза, келишингга товуқларнинг сархилини сўйиб, тузлаб қўйганман! — биринчилардан бўлиб хушомад қила кетди Шерали.

— Нега Шавкат чиқмади? — сўрадим атай сир бой бермаслик ниятида қовоғимни уйиб. — Нима бўлди унга?..

Синфдошларим бирдан жимиб қолишди.

— Нима бўлди? — такрор сўрадим. — Гапирсаларинг-чи!..

— Нима бўларди, — деди сувчи Вали, — Мардикор ишлашга кетган…

— Шунақами?.. — тушунгандек елка қисдим. — Бу бошқа гап. Қани, кетдикми?..

— Кетдик.

Елкаларимизга қўл ташлаганча бизникига жўнадик…

 

 

* * *

 

 

Аллақачон уйимиз хотин-халаж, қўни-қўшниларга тўлган экан. Улар билан йўл-йўлакай кўришиб, мункайиб қолган аямни бағримга босдим. Кампир ҳеч сўз демас, нуқул ҳўнг-ҳўнг йиғларди.

— Э, ая, нега йиғлайсан? — дедим кула-кула қўшни-ю синфдошлар кўз олдида ўзимни мағрур кўрсатишга уриниб. — Рўмолингни осмонга отмайсанми? Ахир, боланг армиядан келди, армиядан!..

— Илойим, юзини тескари қилсин ўша армияни! — елкамга қоқиб алқай кетди аям. — Энди сираям уёқларга бормагин, жон болам! Мен адойи тамом бўламан!

— Бўпти, ая, бас қил!.. — дедим ичкарига ишора қилиб. — Менинг хонам тузалганми? Ошналар кутиб қолишди.

— Ҳа, ҳаммасини тап-тайёр қилиб қўйганман, қўзим!.. Кира қолинглар!..

Мен беш улфатни чорлаб хонамга киритдим. Сўнг ҳурматсизлик бўлмасин, деб сўрига кексаларни ўтқазиб, улар билан пича чақчақлашган бўлиб, ўн беш-йигирма дақиқалардан сўнг синфдошлар даврасига шошилдим…

 

 

* * *

 

 

Зиёфат қизигандан қизиди. Аям келишимга обдон тайёргарлик кўрган экан. Олти улфат ичиб, гурунглашиб тўймасдик.

— Боя Шавкат ҳақида сўрабмидинг? — деб қолди бир маҳал Вали.

— Ҳа, сўрагандим. Сен… Мардикорга кетган деб айтдинг.

— Йўқ, — деди Вали даст ўрнидан туриб, — Сенга асосий гапни айтганим йўқ ҳали.

— Қанақа гапни? — жаҳлим қўзиди. — Валдирамасдан тезроқ айт!

— У уйланган. Хабаринг борми?

— Нима?.. Шавкат-а?.. Йўғ-э!.. Ўша сўтак-а?.. Кимга?..

Синфдошлар жимиб қолишди. Вали бошини қашишга тушди.

— Нима бўлди?.. Кимга уйланди? — такрор сўрадим.

— Уришмайсанми? Агар жим туриб эшитсанг, мени уришмасанг, айтаман.

— Уф-ф!.. Ўзинг ҳам ўтакетган майда гап бўп қопсан. Тезроқ айт!..

— У… — Вали бирпас ўйланиб давом этди. — Ҳалимага уйланди.

— Ҳалимага? Қайси Ҳалимага?..

— Қайси бўларди? Ўша ўзинг билган девонақишлоқлик Ҳалимага-да!..

— Нима?.. Нима дединг? — Валининг томоғига қандай чанг солганимни ўзим ҳам пайқамай қолибман. У хириллай бошлагандагина ўзимни тутиб томоғидан қўлимни олдим. — Вей, ўйлаб гапиряпсанми?.. Ахир, у мени севарди-ку!..

Синфдошлар мени бир амаллаб тинчлантиришиб, бараварига аския қила бошлашди.

— Мирза, бир қошиқ қонидан кеч энди бечора Шавкатнинг!..

— Тағин униям сўйиб-нетиб қўймагин! Сенинг даврингда яшасин шўрлик!..

Бу кесатиқ менга жуда оғир ботди. Негаки, икки қишлоқ наридаги бир пиёнистани арзимаган ҳақорати учун саккиз йил бурун сўйиб ташлаб отим каллакесарга чиққан эди. Булар бўлса… синфдош эмиш…

— Тур ҳамманг! — бақирдим уларга. — Нега бўзраясанлар? Йўқол уйимдан!.. Йўқол ҳамманг!..

Синфдошлар аввалига дўқимни ҳазилга йўйиб, бир-бир ҳиринглаб қараб олишди. Белимдаги пичоқни қинидан олаётганимни кўргач, типирчилаб ташқарига ўзларини уришди.

— Қўй энди, ошна! — деди Вали норози оҳангда. — Биз сени деб келдик-ку уйингга! Ҳайдамагин! Жаҳлингдан тушгин!.. Ҳазиллашишди булар, ҳазил-да!..

— Кет дедим! — қичқирдим кўзларим ёниб. — Тупурдим ҳаммангга, тупурдим! Кўзимга кўринмаларинг!..

 

 

* * *

 

 

Кеч тушиб, хотин-халаж, қариндош-уруғ уй-уйларига тарқаб, аям билан ёлғиз қолдик. Аям оғзимга термулади, яхши гапимга илҳақ. Менинг хаёлим эса Ҳалимада, уни ўйлаганим сайин юрагим музлаб, муштларим тугилиб боради.

— Ая, сенгаям тан бермадим. — дедим охири чидай олмай. — Сен аяммисан ўзи, ё бегонамисан?..

Аям ҳайрон қолиб кўзларимга боқди.

— Нима қилдим, болам? Қандай айб иш қилиб қўйдим?.. Ё дастурхондан кўнглинг тўлмадими?..

— Қўй, ўшаларни! Ҳаромидан баттар экан улар ҳам.

— Унда нима гап?.. Гапиравер, қўзим!..

— Олдимда «қўзим»лайсан-у, — кесатдим, — Аммо йўғимда қўл силтайсан.

— Нима қилдим, ахир, жон болам?..

— Ҳалимани… қўлдан чиқарибсан-ку!.. Яна нима қилдим дейсан!.. Совчиликка…

— Борганман-ку! Сен мелисада ўтирганингда икки марта борганман. Биласан-ку! Эшитгансан-ку!.. Қамалганга қиз бермаймиз, деб туриб олишган ота-онаси.

— Барибир сен айбдорсан! — бақириб юбордим чидолмай. — Қаёқдаги ҳезалак илиб кетса-ю, сен қараб ўтираверсанг!..

Аям бир муддат ер чизиб қолди. Феълим унга олдиндан маълум эмасми, кейин секин туриб, ташқарига юрди. Ортидан алам билан тикилиб қарадим.

Унинг кўзларидан ёш силқирди.

 

 

* * *

 

 

Ярим соатча шифтга термулиб ётдим, бир маҳал миямга ажойиб фикр келиб, даст ўрнимдан турдим.

«Ҳалимани топишим керак!»

Шоша-пиша эгнимга аям михга илиб қўйган янги костюмни ташладим-у, кўчага отилдим. Эшикдан чиқа туриб аямнинг хонасига кўз ташладим. Аям қиблага бош эгиб намоз ўқияпти экан.

Кўчага чиқдим. Сутдай ойдин. Маҳалланинг бир четидан мусиқа товуши келаётир. Ҳа-я, боя Вали қўшни қишлоқда тўй бор деганди. Демак, Ҳалимаям тўйга боради. Чунки ёш-яланг никоҳ тўйларни қолдирмайди.

«Тўй тугашини кутиб, йўлини тўсаман, — хаёлимда чамаладим. — Ҳеч нарсадан қайтмайман. Шавкат ҳезалакка бериб қўядиган Ҳалимам йўқ. У, албатта, меники бўлиши шарт!.. Керак бўлса, мана шу пичоқни томоғига тираб бўлсаям кўндираман. Кўнмай кўрсин-чи, уруғиминан… Ҳа, мен шунақа одамман! Мақсадим йўлида ҳеч нарсадан қайтмайман. Айниқса, ғуруримни топтаганларни кечирмайман!..»

Шахдам қадам ташлаб тўйхонага яқин бордим. Эллик метрча қолганда йўл четидаги тут тагига чўнқайдим.

Шу ерда, бегона кўзлардан панада тўйдан чиқаётганларни бемалол кўрса бўларди…

 

 

* * *

 

 

Чамаси қирқ дақиқа ичида ярим қути сигаретни чекиб тугатдим. Маҳалла оқсоқолининг фотиҳа ўқиб, тўйга якун ясаган овозини эшитиб сергакландим. Тўйхонадан одамлар гуррос-гуррос чиқа бошлашди.

Ана, атлас кўйлак-лозим кийган Ҳалима ўн икки яшар кенжа синглиси билан қўл ушлашиб кўчага чиқди.

Ўзгарибди. Сал озибди. Сочларини битта қилиб ўриб олибди.

«Ўша ифлос Шавкат учунми бу ясан-тусан? — ўйладим уларнинг нарироқ кетишини кутиб. — Йўқ, сен фақат ва фақат меникисан. Дунёга ўт қўйсам қўяманки, сен қўйнимга кирасан Шавкатни ташлаб!..»

Қишлоққа кираверишда жадаллаб юрдим. Ҳалима ортига бир ўгирилди-ю, қоронғида мени танимади чоғи, синглисини тезроқ юришга ундай бошлади.

Бирпасда уларга етиб олиб, Ҳалиманинг йўлига кўндаланг бўлдим.

Йўқ, у кутмаган экан, мени кўриб, жойида тош қотди. Синглиси эса ҳеч нарсага тушунмай уни ваҳима билан туртиб юришга ундарди.

— Кутмаганмидинг, соҳибжамол? — сўрадим киноя аралаш.

— Сизга нима керак? — деди у ортга тисланиб. — Қочинг, кеч қоляпмиз!

— Йўқ, кеч қолмаяпсан. Биз гаплашиб олишимиз керак.

— Нимани?.. — ялт этиб кўзларимга боқди Ҳалима.

— Нега менга тегмай қаёқдаги ҳезалакни танладинг?.. Ор қилдингми?..

— Қочинг йўлимиздан! — дея Ҳалимани қўлидан торта бошлади синглиси. — Опамга тегманг!..

— Ўчириб тур сен! — уни туртиб қўйди Ҳалима. — Бор, уйга киравер!

— Сиз-чи?..

— Орқангдан етиб оламан. Бўл тез!..

Қизча итоат билан уйи томон кетди, мен эса Ҳалимага яқинроқ бордим. Лекин яқинлашганим сайин у ўзини четга торта бошлади.

— Ўтказиб юборинг, биров кеп қолади. — деди у.

— Йўқ, ўтказмайман. Менинг феълимни яхши биласан.

— Хўп, нима истайсиз мендан?.. Нега орқамдан юрибсиз?

— Нима?.. Сен бевафолик қилиб бировга тегиб кетасан-у, мен индамай қолаверишим керакми?

— Ота-онам барибир сизга бермасди.

— Бермаса зўрлик билан оламан сени.

— Кеч қолдингиз. Мени олиб бўлишган.

— Йўқ, кеч қолишга одатланмаганман…

Билдимки, Ҳалима осонликча ён берадиган кўринмайди. Шу тобда эсимга қиндаги пичоқ тушиб қолди.

— Хўш, меники бўласанми-йўқми? — пичоқни унинг томоғига тираб, дағдаға қилишга ўтдим. — Агар кўнмасанг, ўзингдан кўр. Ҳозир кимдан аламимни олишни билмай юрибман. Шу ернинг ўзида сўяман-у, яна турмага қайтиб кетавераман. Йўқотадиган ҳеч нимам йўқ. Гапир!..

Совуқ тиғ кимларни таҳликага солмайди, дейсиз. Ҳалима дағ-дағ титраб бошини силкитишга тушди.

— Нима демоқчисан? — сўрадим ўшқириб. — Тилинг бор-ку, Ҳалима!..

— Б-бўпти… Ф-фақат… Бу ердамас… Гап-сўз кўпаяди… Бизникига кирайлик, ўша ерда гаплашамиз!..

— Бу бошқа гап. Қани, олдимга туш! Бировга ғиқ этсанг, тамом!

Ҳалима «миқ» этмай олдимга тушди. Биров, кўзи тушса пайқамасин, деб мен орқароқда бордим.

 

 

* * *

 

 

Олдинма-кетин Шавкатнинг уйига кирдик. Ҳалима бир хонага кириб, синглисини тинчлантириб чиқди ва буйруқ кутаётган хизматкордек сўри ёнида бош эгиб туриб қолди. Бу жой қоронғи, ичкаридагиларнинг кўзидан панароқ эди. Мен тағин унинг томоғига пичоқ тираб, омборхонага ишора қилдим.

— Қани, юр, ҳов анави уйчага кирамиз! Ўша ерда гаплашамиз.

Ҳалима мени омборхонага бошлаб кирди. Эшикни тамбалагач, чап қўлимда пичоқ, ўнг қўлим билан севгилимнинг белидан қучишга чоғландим.

— Йўқ, — ўзини орқага ташлади Ҳалима, — Ҳаққингиз йўқ бундай қилишга. Сиз менга номаҳрамсиз!

— Бекорларнинг бештасини айтибсан, — дедим куч билан уни ўзимга тортиб. — Мен сеникиман. Агар «ғиқ» этсанг, раъйимни қайтарсанг, аяб ўтирмайман. Энди… Сени мана шу пичоқ тиғи остида зўрлайман. То меники бўлмагунингча зўрлайвераман.

— Илтимос, ундай қилманг! — ялинишга тушди Ҳалима йиғламсираб. — Бугун эрим эрта келади. Ахир… Нима деган одам бўламан. Ёлвораман, бу шаштингиздан қайтинг!.. Мени тинч қўйинг!..

— Мен-чи?.. Мен нима қиламан? — ўдағайладим. — Қўлимни қўлтиққа уриб қолаверайми? Сен Шавкат хунасанинг қўйнида ётгин-у, мен томошабин бўлиб тураверайми?.. Йўқ, жонидан, мен эркакман!.. Оғзимдаги ошни бировларга олдириб қўядиганлардан эмасман. Билиб қўй, бугундан бошлаб ҳар оқшом мана шу омборингда учрашамиз. Мен хоҳлаганча бирга бўласан. Башарти оғзингдан гуллайдиган бўлсанг, мана шу пичоқ эсингда турсин, сўйиласан!..

Ҳалима пиқ-пиқ йиғлади. Аммо эгнидаги кийимларни еча бошлаганимда ҳам, қуруқ полга ётқизиб бағримга олганимда ҳам қаршилик қилмади, фақат қур-қур томоғига тиралиб турган пичоқдан ўзини четроқ олишга уринди холос…

 

 

* * *

 

 

Орадан уч кун ўтди. Мен ҳар куни хуфтонда дўконга чиқиб ароқ ичар, кейин Ҳалимани ҳовлисида ёлғиз тутиб, томоғига пичоқ тираган кўйи омборхонасига мажбурлаб олиб кириб ишрат қилардим.

Билмадим, бунга Ҳалиманинг кўнгли бормиди ё йўқмиди? Бироқ у ғиқ этмас, ҳатто, бир оғиз бўлсин ширин сўз айтиб мени эркалай демасди. Фақат «дир-дир» титраб айтганимни адо этарди, холос…

Тўртинчи оқшомда ҳам, одатдагидек, бир қўлимда пичоқ тутиб севгилимни ўпар, унинг ҳузурланибми ё қўрққаниданми, бошини ҳар ёққа ташлашидан роҳатланардим. Бир пайт ташқарида оёқ товуши, кейин эркак кишининг овози эшитилгандек туйилди. Ҳалима ўрнидан илкис туришга уринди, томоғига пичоқ тиғи ботиб кетишига сал қолди.

Бу ўша — Шавкатнинг овози эди. У бақира-бақира омборга яқинлашди.

— Жим! — дедим пиқиллаб йиғлай бошлаган Ҳалиманинг оғзига кафтимни босиб. — Унингни чиқарма!..

— Ҳалима!.. — эшикни тарақлатишга тушди Шавкат. — Биламан, шу ердасан! Йиғлаётган овозингни эшитдим!.. Сенга нима бўлди?.. Ким хафа қилди сени, жоним?.. Эшикни оч, мен келдим!.. Оча қолсанг-чи!..

Биз қилт этмай ётавердик. Шавкат чақира-чақира тоқати тоқ бўлди, шекилли, оғир бир нарса билан эшикни бузишга тушди…

Энди ҳаммаси тамом бўлганига ақлим етарди. Бу ярамас барибир эшикни бузиб киради, хотинини менинг қўйнимда кўради. Кейин-чи?.. Кейин нима бўлади?.. Кейин қиёмат бўлади… Эссиз, Шавкатнинг куни битди. Мен, барибир, ўзимни тутиб туролмайман, башарасини кўрдим дегунча, қоним кўпириб кетади. Эссиз!..

Шошилмадим. Ҳалимани шивирлаб юпатган бўлдим. Кийимларини кийдирдим. Сўнг ўзим ҳам кийиниб, қаддимни ғоз тутдим. Бу орада эшик бузилиб, қаршимизда Шавкат пайдо бўлди.

— Сен?.. — кутилмаган ҳолатдан синфдошим, айни дамда душманим Шавкат эсанкираб қолганди. У гандираклади, бир менга, бир бурчакка қисилиб олган Ҳалимага боқди ва бирдан портлади:

— Ифлос!!! Нима қилиб қўйдинг?.. Ифлос!!!

Шавкат кутилмаганда менга ташланди…

Бахтга қарши у мендан кўра анча нимжон, хипча экан, бир мушт билан полга қулатдим.

— Ифлос!.. — сўкинди у кучли қўлларимдан қутулишга уриниб. — Қўйвор!.. Эркакмисан ўзи?.. Ўлдираман!!! Ўлдираман барибир!!! Каллакесар!.. Ҳезалак!..

— Нима?.. — очиғи, биринчи бор қамалишимгаям шундай бир оғиз ҳақорат сабаб бўлганди. Энди Шавкат ҳам ўша ҳақоратни менга, тағин Ҳалиманинг олдида айтди…

— Ким ҳезалак?.. — ўрнимдан ирғиб турдим-да, эшикни ёпиб йўғон хода билан тамбаладим.

— Ким? — ўрнидан туриб мен томон ҳезлана бошлаган Шавкатнинг томоғидан бўғиб. — Сен итдан тарқаган Ҳалимамни тортиб олдинг-а?.. Энди ҳақорат ҳам қиласанми?.. Мана сенга, мана!..

Уни тепа бошладим. Аммо Шавкат ҳам бўш келмас, бир пиқ-пиқ йиғлаб бизни тўхтатишга уринаётган Ҳалимага ташланса, бир калта оёқларини чўзиб мени тепишга чоғланарди…

Йўқ, мен уни аёвсиз савалаб, аламларимдан чиқмоқчи эдим. Ҳатто қайта «ҳезалак»ласа ҳам чидардим. Бироқ кўз ўнгимда Ҳалиманинг юзига зарб билан тарсаки тортиб юборганига, севгилим полга юзтубан йиқилиб ҳушидан кетганига чидаб туролмадим.

— Оббо хунасадан тарқаган-эй!.. — пичоқни қинидан олганимни ўзим ҳам билмай қолдим. — Қани, яқинроқ кел, ит!.. Ажалинг етди!.. Калимангни келтиравер!..

Пичоқ ўқталишимни кутмаган Шавкат оёқ силташдан тўхтаб ортга тисланди.

Мен бир сакраб яқинига бордим-да, томоғига тиғ тирадим.

— Хўш, нега Ҳалимамни урдинг-а?..

— Нима?.. Ифлос!!! Хотинимнинг исмини тилингга олма!.. Ўлдирасанми? Ўлдир!.. Нега қараб қолдинг?.. Сўймайсанми?..

Рашк, иснод Шавкатни ақлдан оздиргандек эди. У қўлимдаги тиғдан ҳам, куч тўла билакларимдан ҳам, совуқ нигоҳларимдан ҳам тап тортмас, нуқул сўкиниб бақирарди.

— Ўлдир, каллакесар! Ўлдир!..

Хўш, нима қилай?.. Қаршимдаги бу йигит менинг душманим. У муҳаббатимни тортиб олган. Мен бўлсам, ундан ўч олдим. Хотинини у менинг қўйнимда кўрди. Демак, мен ниятимга етдим. Хиёнат учун ўч олдим. Шу баҳона, бир умр орзу қилганим Ҳалимани бағримда олиб ётдим. Энди ўзга армоним қолмади. Эртага барибир бутун қишлоқ эшитади. Оғзига кучи етмаганлар Шавкатдан қўрқиб қочибди, дейишиям мумкин. Қолаверса, Шавкатни тирик қолдирсам, Ҳалима ўзини бир бало қилиб қўйиши мумкин.

— Кечир, сени тирик қолдиролмайман! — дея беихтиёр Шавкатнинг томоғига пичоқ тортиб юбордим. — Сен шундай ўлим топишинг лозим эди. Мен насибамни бировга бериб қўядиганлардан эмасан. Алвидо!..

Шавкат шилқ этиб йиқилди. Уй ичи қора қонга беланди. Мен жонҳолатда пичоқни ирғитдим-да, дод солиб йиғлаётган Ҳалимага бир қараб олиб ташқарига отилдим…

 

 

* * *

 

 

Мана, тағин панжара ортидаман. Бу гал йигирма йил беришди. Ҳарқалай, жазо муддатининг уч ойини ўтаб ҳам қўйдим…

Кеча қишлоқдан совуқ хабар келди. Хуфтонда аям, эртаси тонг маҳали Ҳалима ўз жонига қасд қилибди…

Ё алҳазар!.. Барибир номус ўтини ўчира олишмабди!..

Менинг ўзим ҳам ич-этимни еб, адойи тамом бўлганман. Сочларим оқариб, дайди итдай озиб кетдим. Оёқ-қўлларимда дармон қолмаган, кўзларим хира тортган. Куним битиб бораётганини ҳис этяпман. Ҳа, энди илгариги каллакесар Мирза эмасман. Шарти кетиб парти қолган қоқбош чолдан фарқим йўқ…

Камеранинг совуқ деворларини қучиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлайман, ўзимга ўзим пичирлаб:

— Худойим!.. Қанийди аямнинг мурдасини бўлсаям кўриб қолсам!.. Кошкийди Ҳалимамни кўрсам!.. Нега боролмайман? Нега уларни тўхтатиб қололмадим? Нега аямни тириклай адойи тамом қилдим?.. — дейман.

Бир ўт кўксимни тинимсиз кемиради. Дардларимни эса фақат мана шу бетон деворларгина эшитади, холос.

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: