ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (5-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

“Ана, ниҳоят, зиммамга юкланган вазифани бажардим, — ўйларди Мадали катта кўчада атрофга аланглаганча тез-тез юриб бораркан. — Пул бор, паспорт олинди. Буёғига қайғурмасаям бўлади. Тўппа-тўғри қисмга бораман-у, ҳаммасини столга ташлайман. Лекин. Ҳали икки ой бўлмади-ку! Муддатидан олдин келиб қўйдинг, буниси ўтмайди, деб ҳайдаб юборишса-чи? Умуман, қисмимиз қаерда ўзи? Қайси томондан келганман ўзим?..”

У йўл-йўлакай фақат бош қотирар, йўл четларига, кўп қаватли уйларга боқар, қаерда эканини ҳануз англаб ета олмасди.

Шу пайт эллик қадамча нарида милиция ходими формасидаги икки киши кўзга ташланди.

— Эҳ, шу етмай турганди! — ўзича ғудранди Мадали. — Ишқилиб қўлга тушиб қолмайин-да! Ҳаммаси расво бўлади.

Аксига олгандек, улар Мадалидан кўз узишмас, яқинлашиб келишини кутишарди.

— Тўхта! — рўпараларидан ўтиб кетаётган Мадалининг йўлини тўсди уларнинг бири.

Мадали тўхтаб, салом берди.

— Қаерга кетяпсан? Кимсан?

У қандай жавоб қилишни билмасди. Тутила-тутила кимлигини тушунтиришга уринди.

— Мен узоқдан. Ишлашга келгандим. Иш қидириб юрибман.

— Шунақа дегин? Қўлингдан нима иш келади?

— Ҳамма иш келади.

Милиционерлар бир-бирларига маъноли кўз ташлаб олишгач, бўйи сал пастроқ, сариқдан келгани Мадалининг елкасига қўл ташлади.

— Ҳужжатинг борми?

— Бор! — у шоша-пиша чўнтагидаги паспортни чиқариб милиционерга узатди. — Мана, паспортим!

— Хў-ўш… Жуда яхши. Миша, буни нима қиламиз-а? Бизбопга ўхшаб қолди-ку!

— Олиб борамиз.

Милиционер қайтадан Мадалига юзланди.

— Сен ҳозир биз билан бўлимга борасан, — деди у ҳамон масхараомуз кулимсираб. — Тушунарлими?

— Нега? Ҳужжатларим жойида-ку!

Шу гапни айтишга айтди-ю, аммо Мадалининг ичи ғимирлаб қолди.

Буларнинг хитланиб қолишларидан чўчирди.

— Саволни бу ерда биз берамиз! — деди милиционер. — Тозалайдиган жой бор. Ўша жойни тозалаб, чиннидай қилиб берасан. Кейин ҳужжатингни қайтариб берамиз.

— Б-бўпти.

Қочиб қаерга ҳам борарди?

Мадали бошини эгган кўйи икки милиционернинг ортидан эргашди.

 

 

* * *

 

 

Тозалаш лозим бўлган жой ҳожатхона бўлиб чиқди. Ичкарисидан шу қадар бадбўй ҳид келардики, Мадали бурнини беркитиб олишга мажбур бўлди.

Унинг қўлига челак, чўлтоқ супурги беришди.

Йўлак охирида крандан сув оқиб ётарди.

Йўлакнинг икки томонида эса камералар жойлашган экан. Гоҳ униси, гоҳ бунисида маҳбуслар бақириб қолишар, айниқса, эшиги очиб қўйилган камера рўпарасида ёши йигирма бешлар атрофидаги бир йигит полга ўтириб олганича сигарет тутатар, у ёқдан-бу ёққа челак кўтариб ўтаётган Мадалига совуқ қараб қўярди.

Тезроқ шу жойлардан қутулишга умид боғлаган йигит бир соатлар чамаси ҳожатхона тозалаш билан банд бўлди.

Афсуски, улар ҳадеганда қўйиб юборгилари келмасди.

— Ҳой йигитча, — кутилмаганда шивирлаб қолди у. — Тўхта!

Мадали навбатчилик хонаси томонга ўғринча қараб олиб, милиционерлар ўзлари билан ўзлари овора эканига амин бўлгач, маҳбуснинг рўпарасида тўхтади.

Унинг ранглари сарғайиб кетган, кўйлак тугмаларини ечиб олган, кўксига игна билан гўзал бир қизнинг сурати чизилган эди. Мадали йигитнинг икки билагидаги томир кесилганидан қолган чандиқларни кўриб ҳайрон қолди.

— Нима дейсан? — сўради у сир бой бермай.

— Бу ерга кўпга келдингми?

— Йўқ, яна озгина иш қолди. Тугатсам, кетаман.

— Илтимос, бир яхшилик қилгин! — маҳбус шошилинч камерага кирди-да, ичкаридан қоғозга ўроғлиқ ниманидир олиб чиқиб Мадалига узатди. — Ҳов анови эшикдан ташқарига чиқсанг, бозорча кўринади. Ўша ерда Боря деган бола пиёз сотиб ўтирибди. Вадик бериб юборди десанг, дарров тушунади. Ёрдам берасанми?

Мадали маҳбуснинг умидвор нигоҳларини кўриб йўқ дейишга ўзида куч тополмади.

У сезганди. Курсда ўқиб юрган пайтларида одамнинг ташқи кўринишига назар ташлаб ким эканини, қандай одам, нима билан шуғулланишини тез илғаб олишга ўргатишган.

Бу йигит гиёҳванд. Шунинг учун ҳам ранглари сарғайиб кетган. Агар яқин орада сўраганини беришмаса, ўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Раҳми келди. Ахир, одам-ку!. Қолаверса, ёш боладек бўзариб турибди.

— Сен ановиларни чалғитиб тургин! — деди маҳбусга ва қоғозга ўроғлиқ нарсани олиб орқа эшикдан ташқарига чиқди.

 

 

* * *

 

 

Бозорча унчалик катта эмас. Олти-еттита пештахта атрофида, асосан, эркаклар савдо қилишарди.

Мадали Боря деганларини қийналмасдан топди. Ўрта бўйли, сочлари малла, елкасини қисиброқ юрадиган йигит экан. У биринчи қатордаги пештахатада сабзавот сотиб ўтирарди.

Мадали берган қоғозни очиб кўрди-ю, тезда пештахта остидан яна қоғозчага ўралган ниманидир олиб узатди.

— Сен нима сабабдан ўтирибсан? — сўради у Мадалига синчковлик билан боқиб.

— Мен ўтирганим йўқ. Ишга келганман.

— Ишга? Нима иш?

— Бунинг аҳамияти йўқ.

— Ҳа-а, — Боря кулиб юборди. — Сениям ҳожатхона тозалашга олиб келишдими? Оббо, сен-эй!. Тўхта! — унинг кулгисидан аччиқланиб эндигина кетишга чоғланган Мадалини тўхтатди Боря. — Хафа бўлма! Шунчаки ҳазиллашдим. Менга қара, сувоқ қўлингдан келадими?

— Ҳа, — жавоб қилди Мадали ҳайрон бўлиб. — Нимайди?

— Кичкинагина ҳовлим бор. Ҳозир у ерда сенга ўхшаган икки йигит ишлаяпти. Аммо унчалик яхши билишмас экан. Истасанг, сениям олиб борай. Яхшигина тўлайман.

— Жон деб борардим-у, лекин ҳужжатим ановиларда-да!.

— Э, шуям муаммоми? Бораман десанг, ҳозир ўзим олиб бераман. Мелисаларнинг ҳаммаси таниш.

Боря чеҳраси очилиб сабзавотлари устига дока ташлади-да, Мадалини етаклаб милиция бўлинмасига йўл олди.

 

 

* * *

 

 

— Мана, етиб ҳам келдик! — Боря кенг далага тикилиб Мадалига табиатни кўз-кўз қилган бўлди. — Қара, қандай зўр жойлар! Ҳеч ким мушугингни пишт демайди. Мелисасидан ҳам қўрқиб-пусиб юрмайсан. Ишингни қиласан-у, пулингни олиб яна орқангга қайтиб кетаверасан. Хўш, ёқдими?

Мадали жавоб бермади. У ўзича курсга қайтишига яна неча кун қолганини ҳисоблаш билан овора эди.

Шундай хаёллар билан Борянинг каталакдеккина ҳовлисига кириб келганини ҳам сезмай қолди.

Ҳовлига кўримсиз, тахталари кўчиб қолаёзган кичик эшикдан кириб бордилар.

Ҳақиқатан, икки ўзбек йигити астойдил лой қораётган экан. Уларни кўриб Мадалининг анча кўнгли ёришди.

Боря уларга Мадалини таништирди. Бирининг исми Мурод, бошқасиники Бахтиёр экан. Иккаласи ҳам Мадали тенги йигитлар.

— Яхши бўлди келганинг, — деди Мурод ичкарига егулик олиш илинжида кириб кетган Боря томон ишора қилиб. — Зўр йигит экан. Келганимизга бир ҳафтадан ошди. Овқатдан қисмайди. Ҳамма нарсани етказиб турибди. Сенга кунига қанчадан берадиган бўлди?

— Йигирма беш сўмдан, — елка қисиб жавоб қилди Мадали.

— Биз билан ҳам шунчага келишган. Яхши, энди овқатланиб оламиз-у, учовлашиб бирпасда қотириб ташлаймиз.

 

 

* * *

 

 

Орадан икки ҳафта ўтди. Уч йигит ҳовлини айлантириб суваб чиқишди. Иш тугади. Фақат пул олиш қолганди, холос.

— Эртага насиб қилса, уйга жўнайман, — деди кечқурун кароватга ёнбошлаб олганча сигарет тутатаётган Мурод Мадалига қараб. — Уйдагиларни жудаям соғиндим.

— Менам, — деб қўйди Мадали лабларини асабий тишлаб. Ва ортиқча гапирмай хаёлан ўйлади.

«Эҳ, сен бола билсайдинг ким эканимни! Уйдагиларингни гапирасан-а! Сенларга осон. Пулингни оласан-у, жўнайсан. Мен-чи? Мени олдинда нималар кутаётган экан? Қайси манзилда қисмим жойлашганиниям билмайман. Қандай топиб бораман, нима деб бораман, ўзим ҳам билмайман».

— Хўш, йигитлар, яхши ўтирибсизларми? — кутилмаганда хона эшиги тарақлаб очилиб, Боря кириб келди. — Кутдириб қўймадимми?

— Йў-ўқ, — йигитлар баравар ўринларидан туриб ўтиришди.

— Ишни қойиллатдиларинг, — деди Боря ҳамон кулимсираб. — Мана, ишлаган пулларинг.

Ҳаммалари у узатган пулларни бирин-кетин қабул қилиб олишди.

— Энди гап бундай, — деди Боря бошини чангаллаб. — Агар билсаларинг, бу ерларда жононларнинг зўрлари яшайди. Бир кўрмайсизларми кетишдан аввал?

Мурод ва Бахтиёр ҳушёр тортиб чўнтакларига қайтадан қўл солишди-да, ишлаб топган пулларини кафтлари билан қаттиқроқ қисиб олишди.

— Бизга тўғри келмайди, — жавоб берди Мурод. — Уйга бормасак бўлмайди.

— Шунақами? Сен-чи? — Мадалига юзланди Боря.

— Менга барибир, — деди Мадали. — Кўрсак кўраверамиз-да!

— Мана бу ўғил бола гап бўлди. Бўпти, сенлар пулингни олдингми? Энди йўлга чиқавер! Бу ерда Мадалига халақит берасанлар.

— Кечаси-я? — икки йигит Боряга тикилиб қолди. — Йўлни билмаймиз-ку!

— Бас қилсанг-чи! Автобусга чиқариб юбораман. Вокзалгача етиб оласанлар. Бўл тезроқ! Ҳали замон жонон кеп қолади.

Йигитлар апил-тапил нарсаларини йиғиштиришди-да, Мадали билан совуққина хайрлашиб ташқарига йўл олишди.

— Сен шу ерда ўтириб тур, — тайинлади Боря чиқиб кетаётиб. — Мен мановиларни кузатиб қайтаман. Мабодо жонон кеп қолса, зериктириб қўймагин!

 

 

* * *

 

 

Мадали пиёниста аёл билан ўтказган кечани кейинги кунларда кўпроқ қўмсай бошлаганди. Умрида аёл зотига яқин бормаган йигит бунинг нима эканини англаб етгач, эслагани сайин юраги ҳаприқиб қўярди.

— Мумкинми? — Мадали эшикдан ёшгина, тугмалари ечилган пальто остидан оппоқ, бўлиқ сонларини кўз-кўз қилганича кириб келган жигарранг сочли гўзал қизни кўриб қотиб қолди.

Бу қиз пиёниста аёлдан буткул фарқ қилар, ҳатто, ярим очиқ кўкраклари ҳам қандайдир жозибалироқ эди.

— Ал-лбатта, — шошиб қолди Мадали. — К-келинг, ўтиринг!

— Сизми Боря айтган йигит? — ўтириш ўрнига Мадалига яқинроқ келиб сўради қиз.

Йигит ундан келаётган ёқимли атир ҳидини димоғида туйиб адойи тамом бўлаёзди.

Буни қиз ҳам пайқади, шекилли, шошилмасдан пальтосини ечиб бир четга ирғитди ва Мадалининг қўлидан ушлади.

— Оҳ, қўлларингиз бунча иссиқ? — шивирлади қиз. — Ёндириб юборай дейди-я!

Йигит ўзини тутолмади.

Бир оғиз сўз айтишга ҳам тоқати етмасди.

Қизни маҳкам қучоқлаб юзларидан, томоқлари остидан ютоқиб-ютоқиб ўпа кетди…

 

 

* * *

 

 

— Ўҳ-ҳў, маишат зўрку-а? — Мадали ҳали қизни ечинтириб улгурмаганди.

Эшик очилиб кимларнингдир кириб келганини сезди ва сакраб ўрнидан туриб кетди.

Не кўз билан кўрсинки, хонада Боря ва яна икки нафар басавлат, кўз қарашлари совуқ, қиррабурун йигитлар тиржайиб туришарди.

— Ҳа, йигит, — ниҳоят сўз қотди Боря. — Маза қилаётган экансанда-а? Яхшимас! Яхшимас! Мениям кутиб ўтирмай бошлаб юборибсан! Инсофдан эма-ас!

Ёнидаги йигитлар кулиб қўйишди ва улардан бири секин Мадалига яқинлашди.

— Қани, пулларни чўз! — деди у йигитнинг икки билагидан маҳкам қисиб. — Бу қиз жуда қиммат туришини биласанми ўзи?

— Қўйвор! — Мадалининг беихтиёр жаҳли чиқиб қўлини силтаб ташлади.

— Ў, ҳали кучим ҳам бор дегин? Боря, нима қилай?

— Билганингни қилавермайсанми! — Боря қизга яқин бориб белидан қучди ва шу аснода қўшиб қўйди. — Бугун айш қиламиз. Пулларни ол тезроқ!

Иккинчи йигит Мадалига тегмади. Фақат биттасигина бошини икки қўли билан чангаллаб калла солишга чоғланди.

Шунгача ҳам Мадали индамай қараб тураверди. Фақат калла ўзи томон урилиши арафасидагина чап бериб йигитнинг икки қўлидан маҳкам тутди-ю, куч билан энгаштириб, ияги аралаш тиззалаб юборди.

Ундан сўнг нималар бўлганини идрок эта олмади. Эсида қолгани, Боря оғиз-бурни қонга бўялиб полга юмалади, икки йигит ҳушидан кетди. Қиз эса, муштлашиш бошлангандаёқ жуфтакни ростлабди.

 

 

* * *

 

 

Мана, Мадали қоронғи кечада бурнини узиб олай деяётган қаҳратон совуққа ҳам эътибор бермай, катта кўча бўйлаб кетиб боряпти.

Бир чақиримча юргач, автобус бекатига кўзи тушди. Бекатда икки таниш овознинг шивир-шивирини эшитиб таққа тўхтади. Товуш эгалари ўзи билан бирга сувоқ қилган йигитлар экан.

— Нима қилиб ўтирибсизлар? — сўради Мадали уларга яқин бориб.

— Ифлос экан, — деди Мурод тишларини ғижирлатиб. — Бор пулларимизни тортиб олишди.

— Шунақами? Қўрқманглар, мен уларнинг ҳаммасини уриб ағдардим.

— Йўғ-э, — ўринларидан туриб кетишди йигитлар. — Қанақасига?

— Шунақасига, — ғурур билан жавоб қилди Мадали. — Ҳозир учаласиям беҳуш ётибди. Яхшиси, қочиб қолинглар! Ўзига келса, қидириб чиқишлариям мумкин.

— Оғайни, энди нима қилмоқчисан? — сўради Бахтиёр. — Юртга кетасанми?

— Йўқ, — деди Мадали хазин товушда. — Сизларга ҳамроҳ бўлолмайман.

— Нега?

— Қиладиган ишларим бор. Мана, пулларни олинглар! Менга пулнинг кераги йўқ.

— Қўйсанг-чи! — дейишди йигитлар бараварига гарчи пулни олгилари келиб турса ҳам. — Пулингни ўзингга олиб қўявер!

— Олинглар! Айтдим-ку, менга пулнинг кераги йўқ.

Йигитлар ортиқча савол беришмади. Аҳволлари шу пулларсиз танг қолишини аллақачон англаб етишганди. Шукур қилиб Мадали узатган пулларни олишди ва у билан қуюқ хайрлашишди.

— Юртдагиларнинг ҳаммасига менинг саломимни етказарсизлар! — бу сўзни Мадали зўрға тилига чиқарди. Сал қурса, йиғлаб юбораёзди.

Бироқ ўзини тутиб икки йигитни ҳам маҳкам бағрига босди.

— Хайр, энди ҳамшаҳарлар! Насиб қилса, бир кун яна кўришармиз!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: