Келажакдан келган яна бир одам топилди!

0

19 апрель куни вақтлараро саёҳат қилувчи яна бир хабарчи бизнинг давримизга қайтиб келиб, Ер аҳолисини кутилаётган йирик фалокатдан огоҳлантирди. Унинг фикрича, 23 апрель куни планетамиз улкан астероид билан тўқнашиб кетиши керак эди.

17 апрель куни «YouTube»даги «ARMAGEDDON» каналида компьютер графикаси ёрдамида моделлаштирилган қиёмат-қойим видеоси пайдо бўлганди. Келажакдан келган меҳмоннинг сўзларига кўра, Ернинг Х планетаси (у яна Нибиру номи билан ҳам таниш) билан тўқнашуви ОАВнинг навбатдаги уйдирмаси саналади. Бироқ видеоролик муаллифи астероид борлигини инкор қилмайди, унинг сайёрамиaз билан тўқнашуви ҳам бор гап. Агар видеога эътибор қиладиган бўлсак, астероид Тинч океанининг шимолий қисмига келиб урилади. Тўқнашув шу қадар кучли бўладики, вулқонларни уйғотиб, бутун шаҳарлар лава билан қопланади. Видеоролик муаллифининг сўзларига кўра, бундан бохабар бўлган олимлар бу фактни яхши билишса ҳам одамлардан бўлажак фалокатни беркитишмоқда.

«YouTube» канали орқали ўзининг 2021 йилда бўлиб қайтганини таъкидлаётган инсонлардан яна бири Ной исмли инсон бўлиб, жуда ғаройиб иқрорлари билан ўзига кўплаб мухлислар орттирган.

У ўзининг миелофон (фикрларни ўқийдиган аппарат)и билан онт ичиб, 2017 йилнинг 13 ноябрь куни 2021 йилда бўлиб қайтганини таъкидлайди. Унинг фикрича, вақтлараро саёҳат қилиш бор нарса ва у фанга 2028 йилга келибгина маълум бўлади.

Нойнинг сўзларига кўра, у АҚШнинг сирли бир лойиҳасида иштирок этган ва жуда кўп сирлардан хабардор. Уларни очиб ташлаш билан ҳаётини хавф остида қолдиради. Гарчи унинг юзи ва овози бир қатор айёрона монтаж эффектлари билан безаб ташлангани учун шахсини таниб бўлмаса-да, унга ишонишларини чин кўнгилдан ўтиниб сўраган. Масалан, у Ерда 50 йилдан буён яшаб келяпти, бироқ махсус аппарат таққани учун 20 ёш кўринади. У бемалол ўн йил ортга, ўтмишга саёҳат қилиши мумкин, бу сайрлар оқибатида эса анорексия ҳамда депрессия орттириб олиш ҳеч гап эмас.

Гарчи барчасини сир деб ҳисобласа ҳам Ной ҳар ҳолда бир нечта маълумотни айтиб ўтишга улгурди. Биринчидан, 2020 йилда Трампни иккинчи марта президентликка сайлашади ва у Американи 2024 йилга қадар бошқаради. Иккинчидан, сунъий онг сайёрамизни буткул эгаллаб олади ҳамда 2021 йилда деярли барча компьютерларни ишдан чиқаради.

Келажакдан келган меҳмон, шунингдек, 2021 йилда электромобиллар зарядкасиз 600 км йўлни бемалол босиб ўтиши мумкинлигини ҳам башорат қилган.

Бундан ташқари, зилзила, тошқинлар, теракт ҳамда ЖЧ-2018 да ким ғолиб чиқиши ҳақидаги майда-чуйдалар хусусида эса у негадир индамаган. Бизни аяган, шекилли.

2000 йилда ўзини Жон Тайтор деб атаган бир инсон ҳам келажак ҳақидаги бир қатор башоратларини интернет орқали эълон қилди. Жон Тайтор ўзининг 2036 йилдан келганлигини таъкидлаган. Бу оддийгина ўйин бўлганми ёки ҳақиқат — ҳалигача маълум эмас.

Тайтор турли сайт ва форумларда бир қатор маълумотлар қолдирган. Гоҳида у ўзига «TimeTravel0» тахаллусини қўйиб оларди. Унинг сўзларига кўра, АҚШни фуқаролик уруши қамраб олади. 2015 йилда эса учинчи жаҳон уруши бошланиб, уч миллиард одам ҳалок бўлиши керак эди. 2036 йилда глобал вирус бутун компьютер тизимини ишдан чиқариб, сайёрамиз ва инсониятнинг асосий киберҳалокатига айланади.

Жон Тайтор ўзининг навбатдаги миссияси 1975 йилга қайтиб, IBM 5100 компьютерини олиб қайтиш эканлигини таъкидлаган. Унда Тайтор қандай қилиб 2000 йилга тушиб қолди? У ўзининг уч ёшлигига қайтиб қолишни жуда истаган. Ўша пайтда унинг ёши айнан шунча бўлади. Бунинг уддасидан чиқа оладими — номаълум. Ахир ўзининг ўтмишдаги қиёфадоши билан учрашиш тақиқланади.

Буни қарангки, унинг маълумотларига катта қизиқиш билдирганлар кўплаб топилди. Тўрт ой давомида Тайтор қизиқувчанларнинг барча саволларига эринмай жавоб қилди. Ҳатто Нострадамус каби шеърий усулда.

Бундан ташқари, одамларни бузоқ гўштини истеъмол қилишдан қайтарган, унинг фикрича, келажакда қутуриш касаллиги келиб чиқиши мумкин экан.

Тайтор шу билан бирга вақтлараро саёҳат қилишнинг барча техник жиҳатларини асослаб, саёҳатларидан суратлар ҳам жойлаштирди. Тўғри, суратлар унчалик ҳам сифатли эмас эди. Охирги марта Тайтор тизимга 2001 йил 24 мартда кирган эди. Шундан сўнг у барча аккаунтларини ўчирган ва ҳозирга қадар ҳеч ким у ҳақда эшитмаган.

О. ҲАЛИМОВА тайёрлади.