ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (6-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Мадалига йигитларнинг қаерга бориши, нима иш билан машғул бўлиши қизиқ эмасди. Асосийси, уларнинг мушкулини осон қилганидан хурсанд ҳолда катта йўл бўйлаб қоронғиликда чопиб борарди. Чопганда ҳам шунчаки чопмас, бутун аламлари бўғзига тиқилган кўйи астойдил чопарди. Юрагининг туб-тубига чўкиб қолган юрт соғинчи ташқарига отилиб чиқадигандек югурарди. Шу пайт орқадан машина чироғи Мадалининг йўлини ёритиб юборди ва у секинлаб орқасига ўгирилди. Машина анча яқин келиб қолгач, бирдан тезликни камайтирди ва бир-икки сигнал берди. Мадали ҳайрон эди. У хаёлида бояги уч йигит қувиб келди дея ўйлаб, ўзини зудлик билан йўл четига олди. Афсуски, машина ўтиб кета қолмади. Рўпарасига етганда қаттиқ тормоз берди.

«Тамом, — ўйлади Мадали. — Машинада камида беш киши бўлиши аниқ. Ифлос Боря шерикларини бошлаб келди, шекилли. Муродлар нима қилди экан? Ўлдириб юборишмаган бўлса бас!..»

Адашибди. Машинадан буткул бошқа одам тушди. Мадалининг қаршисига келиб тўхтаб, юзига фонар ёқиб тўғрилади. Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида ўзи касса эшиги ёнида алдаб паспортини ўғирлаган йигит турарди.

— Хўш, қалайсан, ҳамқишлоқ? — деди у жилмайиб. — Жуда учар экансан-ку!

Мадали индамади.

Бир кўнгли ҳозирнинг ўзида битта «приём» билан йигитни тинчитиб қўймоқчи ҳам бўлди. Бироқ ичкаридагиларни ўйлаб қолди.

«Россияликлар ёнида қурол ҳам олиб юришади деб эшитгандим. Бу йигит ўрисларни бошлаб келган бўлса, отиб ташлашлари мумкин. Яхшиси, унга тан бериб паспортини қайтариб берганим маъқул».

— Бўпти, мендан нима истайсан? — сўради Мадали совуққонлик билан. — Паспортингни қайтариб берсам, қутуламанми, сендан?

— Йўқ! — деди йигит. — Паспортни шундоқ ҳам қайтарасан. Қочиб қаерга борардинг?!

— Унда нима қилай?

— Машинага ўтир!

— Нега?

— Ўтирганингдан кейин биласан.

— Ўтирмасам-чи?

Йигит пальтосининг чўнтагидан тўппонча чиқариб, Мадалига тўғрилади.

— Итдай ўлиб кетасан.

Шундагина Мадали адашмаганига яна бир бор амин бўлди. Нимаям қилсин? Омади юришмади. Яна бандитлар қўлига тушди. Буёғига тақдири қандай кечади, Худонинг ўзига аён. Курсдан-ку, энди умидини узиб қўя қолса бўлади, шекилли.

— Чиқсам чиқибман-да! — баланд овозда сўзланиб қўйди Мадали ва машина томон юрди. — Зўр келсаларинг, жонимни оларсан!

Машинанинг орқа эшиги Мадали яқин келгач, оҳиста очилди.

— Ўтир! — буюрди орқасида турган йигит.

— Ўтираман ҳам.

Мадали шошилмасдан машинага кириб ўтирди.

Шу заҳоти ёнидаги кимса салон чироғини ёқиб юборди. Йўқ! Бунисини умуман кутмаганди! Тушига ҳам кирмаганди бундай бўлиши! Мадали ёнидаги сержантнинг таниш чеҳрасини кўрди-ю, қувончдан бақириб юбораёзди.

— Сиз?

— Ҳа, биз! — дея олдинги ўриндиқда ўтирган бошқа кимса Мадали томон ўгирилди.

Бу кимса уни самолётгача кузатиб келган лейтенант эди.

— Табриклайман, курсант! — қўл узатди лейтенант.

— Нима билан, ўртоқ лейтенант? — ҳамон ишонқирамай сўради Мадали.

— Биринчи имтиҳонни аълога топширдинг!

— Ахир, ҳали муддат етмади-ку!

— Бунинг аҳамияти йўқ, — деди сержант. — Энг асосийси, барча топшириқларни бажардинг.

— Энди навбатдаги имтиҳонга тайёргарлик кўрасан, — қўшиб қўйди лейтенант. — Лекин буниси анча оғир кечади.

— Йигитлар қалай? — сўради Мадали сабри чидамай. — Курсдошлар яхшими?

— Уларнинг атиги икки нафаригина синовдан ўта олди. Ўша икки курсантнинг бири сенсан.

— Қолганлари-чи?

— Қолганларини армияга жўнатдик! — қаҳ-қаҳ уриб кулди сержант.

Кулгига сержант, кетидан ҳайдовчи ҳам жўр бўлди.

Кейин билса, ўзи касса рўпарасида паспортини ўғирлаган йигитни ҳам лейтенант махсус ёллаган экан.

Энг алам қиладигани, Мадали курсдан бор-йўғи беш чақирим узоқликка ташлаб кетилган. Агар лейтенант кула-кула шу ҳақда ҳикоя қилиб бермаса, ҳамон ақли етмай ўйланиб юрарди.

Улар йўл-йўлакай паспорти йўқолган йигитни уйига ташлаб қўйишди.

Лейтенант Мадалидан унинг паспортини ҳам олиб бергач, яна қўлига бир даста пул ҳам тутқазганини Мадали ўз кўзи билан кўрди. Раҳбарларнинг нақадар айёр эканликларига тан берди.

Аммо миқ этмади.

Биладики, ортиқча саволларни лейтенант ҳам, сержант ҳам ёқтиришмайди.

Эсон-омон курсга етиб олганига хурсанд бўлиб қўя қолди.

 

 

* * *

 

 

Мадали курсда ўқиш асносида бир нарсага кўника олганди. Уйидагиларни соғинса, хат ёзади. Билади. Жавоби барибир келмайди. Лекин ёзаверади. Шундай қилса, худди уларни кўргандек, тўйиб суҳбатлашгандек, хотиржам тортади. Кўнгли кўтарилади.

Шу кеча ҳам яна онасига хат ёзишга тутинди.

«Эна, яхши юрибсизми? Отам ҳам яхшими? Қўшнилар-чи? Суйди холамнинг қўйи ҳалиям эгиз туғяптими? Негадир ўша қўйни тез-тез эслайвераман. Мендан хавотир олманглар! Жуда яхши юрибман. Ҳалиям ўқишдаман. Умид қиламанки, тез орада кўришсак керак. Сизларни жудаям соғиндим. Қанийди, кўришсак, тўйиб-тўйиб гаплашсак. Туш кўрибман. Яна ўша туш. Мавлуда бир четда хафа бўлиб турганмиш. Мен бўлсам, катта кўчада қочиб бораётганмишман. Сиз ва отам иккалаларинг мени қувлаб кетаётганмишсизлар. Эна, бу шунчаки туш-а? Хатни олганингиздан кейин отамга тиловат қилдириб юборарсиз. Бўпти, кўришгунча хайр! Ўғлингиз, Мадали!»

 

 

* * *

 

 

Эрта тонгда сержантнинг товушидан уйғониб кетди.

— Хўш, курсант, мириқиб ухладингми? — сўради у каравот тепасига келиб. — Бўпти, тур энди! Командирлар сенга раҳм қилишди бугун.

— Нега? — Мадали ўрнидан сапчиб турди-да, қутича устига ташлаб қўйилган погонсиз кийимларни кия бошлади.

— Ҳозир сени икки аскар зўр жойга олиб боради, — тушунтирди сержант.

— Қанақа жой?

— Буни борганингдан кейин биласан. Тез ташқарига чиқиб, нонушта қил!

— Хўп бўлади!

Мадали сержант ҳамроҳлигида курс ошхонасида тўйиб овқатланди. Сўнгра сержант уни марказий дарвозага олиб борди. У ерда турма машиналарига ўхшаш машинада икки аскар кутиб турарди. Мадали етиб келиши ҳамоно улардан бири пастга тушиб, чўнтагидан қора тасма чиқарди.

— Кўзларингни бойлаб қўйишга мажбурман! — деди у сержантга кўз қисиб.

— Н-нега? Тинчликми?

— Ортиқча саволлар берилмасин, курсант! — деди сержант. — Буйруқни бажар!

— Хўп бўлади!

Мадалининг кўзларини боғлаб машинага ўтқазишди ва эшикни ташқарисидан қулфлаб қўйишди.

“Ишқилиб турмага бўлмасин-да! — ўйларди Мадали қоронғиликда пайпаслана-пайпаслана, ўтириш учун қулайроқ жой қидириб. — Нима айб қилдим ўзи? Нега мени бу исқирт машинага қамашди? Лейтенант аълога топширдинг деганди-ку!..”

Машина узоқ йўл юрди. Гоҳ ўнгга, гоҳ чапга бурилганини Мадали сезиб турди.

Чамаси, ярим соатча ўтгач, қаердадир тўхтади.

Ҳеч қанча ўтмай, эшик шарақлаб очилди.

— Қани, ташқарига! — бу аскарнинг товуши эди.

Мадали эҳтиёткорлик билан пастга тушиб олди. Шундан сўнг унинг кўзларини тасмадан бўшатишди.

Қараса, гавжум шаҳарча. Шундоқ рўпарадаги эшикка, «Ресторан» деб ёзиб қўйишибди.

Ҳеч нарсага тушунмай, аскарга савол назари билан боқди.

— Нега ҳайрон бўласан? — деди аскар унинг ҳолатини пайқаб. — Ресторанга кирасан. Бу ерда ҳозир дискотека кетяпти. Айнан ҳарбийлар учун ташкил қилишган. Қизлар билан мириқиб рақс тушасан, дам оласан. Тўрт соатдан сўнг ўзимиз олиб кетамиз, уқдингми?

— Уқдим.

— Унда марш!

Мадали кулимсираб ресторан эшиги томон йўл олди.

Барибир ҳануз ишонгиси келмас, тез-тез орқасига қараб қўярди.

 

 

* * *

 

 

Дам олишлар ортда қолди. Эртасига эрталабоқ уни курс раҳбари — шахсан полковникнинг ҳузурига олиб киришди.

Полковник узоқ вақт Мадалининг шахсий «дело»сини титкилаб ўтирди.

Ниҳоят бошини кўтариб қаршисидаги Мадалига жилмайиш қилди.

— Қойилман! — деди у. — Имтиҳонни аълога топширибсиз. Табриклайман! Хўш, буёғига ҳам тайёрмисиз?

— Худди шундай, ўртоқ полковник!

— Жуда яхши-и! Тайёр бўлсангиз, қисқача тушунтириб ўтаман. Иккинчи имтиҳон жуда оғир бўлади. Биринчисига ўхшаб табиат қўйнида, одамлар орасида юрмайсиз. Аксинча, хоналарга қамалиб олганча синовлардан ўта бошлайсиз. Агар курсда дарсларни яхши ўзлаштирган бўлсангиз, ўйлайманки, бунисиниям аълога топшира оласиз. Айтиб қўйишим шарт: имтиҳонни топшириб бўлишингиз билан лойиқ деб топилсангиз, маълум вақт сизга таътил берилади.

— Уйимгами? — ҳовлиқиб сўради Мадали.

— Балки уйингизгадир! Буни вақт кўрсатади. Ҳозир эса, хонангизга боринг-у, яхшилаб дам олинг. Эртага тонг маҳали имтиҳонлар бошланади.

Мадали полковник ҳузуридан терисига сиғмай чиқди.

Тўғри-да, ниҳоят уйга боришга рухсат бериларкан! Бундан ҳам ортиқ байрам борми, ахир!

У хонаси томон кетиб бораркан, ҳовлининг бўшаб қолганини кўриб ачинди. Яқин-яқинларда ҳам бу ерда курсантлар уёқдан-буёққа ўтиб туришар, гарчи бир-бирлари билан гаплашишмаса-да, одам зерикмасди.

Ҳозир эса ҳаммаёқ ҳувиллаб қолибди. Аҳён-аҳёнда офицерлар бир-бир ўтиб қолишини ҳисобга олмаса, ҳеч ким йўқ. Мадали ана шу манзарадан бироз маъюс тортиб секин хонасига кирди ва каравотга ўзини ташлади. У биларди. Кўнгли сезиб турарди. Эртанги имтиҳонлар ҳақиқатан жуда оғир кечади. Ишқилиб, бунисини ҳам аълога топширсин! Мавлуданинг олдида юзи ёруғ бўлсин!

 

 

* * *

 

 

Мадалини эрта тонгда уйғотишди. Жисмоний машқлар ва нонуштадан сўнг узунлиги тахминан икки юз метрларга чўзилган бино ичкарисига олиб киришди.

Ҳайрон бўлди. Негадир бирорта курсант кўринмасди. Фақат Мадалигина бутун бошли бино ичкарисида кетиб боряпти. Қолганлар қани? Тўғри, бу ерга қайтган куни ҳам ҳеч кимга кўзи тушмаган. Сўрашга ботинолмади. Наҳотки, шунча курсант орасидан фақат уни танлаб олишган бўлса? Нега?

Ёнида кетиб бораётган сержантга ортиқча саволлар бериш бефойда. Барибир жавоб бермайди.

Бино ичкариси жуда узун йўлакдан иборат эди. Бир тарафида деразалар. Иккинчи томонда хоналар жойлашган.

Улар деярли йўлак охиригача юриб боришгач, сержант Мадалини хоналардан бирига олиб кирди.

Хона анча кенг. Деворларга катта-катта экранлар ўрнатилган. Шифтнинг ҳар-ҳар ерида камералар.

Сержант чироқни ёқди. Мадалига эса хона ўртасига — полга ўтиришни буюрди.

— Мана шу хонада навбатдаги имтиҳонни ўтайсан, — тушунтира бошлади у. — Курсда ўзлаштирган машғулотларни амалда қўллаш фурсати етди, курсант!

— Мен нима қилишим керак? — тортиниброқ сўради Мадали.

— Эсингдами, бир пайтлар сени муаллимлар узоқ вақт бир жойда қотиб ўтиришга, сабр қилишга, ўтирган кўйи қоматингни тик тутиш ва, ҳатто нафас товушингни ҳам эшиттирмасликка ўргатишганди. Эсладингми?

— Ҳа, эсладим, — жавоб қилди Мадали. — Охирги марта етти соат шу тахлит ўтиргандик.

— Жуда тўғри. Аммо бу гал ўтириш муддатинг чегараланмаган. Қанча керак бўлса, шунча ўтирасан. Чироқ ўчирилади. Маълум муддатдан сўнг, экранларнинг барчаси ишга тушади. Уларда турли фигуралар айлана бошлайди. Сенинг фигуранг учбурчак шаклида бўлади. Ана ўша фигурани экранларнинг биридан топа билишинг, сўнгра овоз чиқариб бу ҳақда бизга маълумот беришинг зарур. Билиб қўй, фигура кўринган вақтда ҳажми, код рақамлари, мақсади — ҳамма-ҳаммаси маълумотингдан жой олади. Агар бирор маълумот нотўғри айтилса, имтиҳонни қайтадан топшира бошлайсан. Биламан, сенга осон бўлмайди. Овқатсиз, ҳатто, сувсиз ўтиришингга тўғри келади. Айтганча, кутилмаганда душман бу хонага бостириб кириши ва сенинг чарчаган кўзларингга кучли нур таратадиган тўппонча тўғрилаб қолиши ҳам мумкин. Агар нур кўзларингга аниқ бориб тегадиган бўлса, бир умр сўқир бўлиб қоласан. Шуни унутма!.

Сержант сўзини тугатиб чироқни ўчирди ва темир эшикни ташқарисидан қулфлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: