Тошкент вилоятидан Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўйи мубораклари топилдими?

0

“Дунё бўйлаб” телеканали ижодкорлари Тошкент вилояти Пискент туманига ижодий сафар қилишди. Тасвирга олиш жараёни давомида Ҳаким Полвонов номидаги жамоа хўжалигида истиқомат қилувчи Қўйдинисо Қуронова хонадонида 4 авлоддан бери Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мўйлари сақланиб келинаётганлиги ҳақидаги хабарга дуч келишган. “Биз уни тасвирга олишдан аввал Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мурожаат қилдик. Бу топилма уларни ҳам қизиқтириб қолди”, дейди журналист У.Ҳамроқулов. Бу ҳақда Vakillik.uz хабар бермоқда.

Қишлоқдаги оддий хонадонда 14 асрга тенг мўйи муборакнинг борлиги, тўғриси, барчани ҳайратга солади. Пайғамбаримизнинг мўйлари кичкина шиша идишдаги сувда сақланаркан. Шайх ҳазратлари бошчилигидаги ижодий гуруҳ уни диққат билан ўрганиб чиқди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари: “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлган буюмлар, уй анжомлари ҳозирги кунда дунёнинг саноқли давлатларидагина сақланади. Мўйи муборак Ориф акага бобосининг акасидан мерос. У  тўртинчи авлод вакили ҳисобланади”, дедилар.

Ҳозирда диний идора эксперт мутахассислари томонидан ушбу муборак топилма чиндан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ёки тегишли эмаслиги ўрганилмоқда.