Кун кулгиси

0

Бир бола соқов экан. Ота-онаси кўрсатмаган табибу шифокори қолмабди. Ҳеч ҳам гапирмабди. Охири ота-онаси гапиришидан умидини узишибди. Бир куни овқатланиб ўтиришса, соқов бола:

— Шўр экан, — дебди.

Шунда онаси қувониб кетибди:

— Вой ўғлим, гапирдингми?! Яна бир қайтар…

— Шўр экан овқатингиз!

Ота-она ўзида йўқ хурсанд…

— Сен бола гапираркансан-ку, нега бизни шунча йил қийнадинг? Нимага шу пайтгача индамадинг?

— Шу пайтгача овқатингизнинг тузи яхши эди-да.

* * *

Уч яшар Сардор бувисига деди:

— Бувижон! Сиз доимо: «Шакарнинг ҳам ози ширин», дердингиз. Боғчага шунча бордим, бўлди-да энди!

* * *

Афанди бир жойда тўй бўляпти деб эшитибди, гарчи таклиф қилинмаган бўлишига қарамай, тўйга жуда ҳам боргиси келибди. Ўйлаб-ўйлаб баҳона топибди. Бир варақ қоғозни тўрт буклаб, чўнтагига солибди-ю, тўйхонага отланибди. Тўй эгасига бориб:

— Сизга қозидан хат, — деб қоғозни берибди.

Тўй эгаси қувониб, хатни олиб, Афандини тўйхонага киргизиб, тўрга ўтказибди. Афанди эса вақтдан фойдаланиб, дастурхондаги ноз-неъматларни бир бошдан ея бошлабди. Тўй эгаси қоғозни очиб қараса, бўм-бўш.

— Қоғозда ҳеч нарса ёзилмаган-ку! — дебди Афандининг ёнига бориб.

— Ишлари зарур бўлгани учун қоғозга хат ёзишга қўллари тегмади, — дермиш Афанди.

* * *

Икки яқин дугона суҳбатлашмоқда:

— Эшитишимча, йигитинг билан ажрашибсизлар!

— Ҳа!

— Нима бўлди? Орангиздан бирор гап ўтдими?

— Масалан, сен ҳар куни ичадиган, тинимсиз чекадиган, сўкиниб гапирадиган ва ҳатто қўл кўтарадиган одам билан бирга яшай олармидинг?

— Йўқ, албатта!

— У ҳам бунга чидай олмади.

* * *

Ҳар куни ичиб, маст бўлиб юрадиган одамдан сўрашибди:

— Нега ҳар куни ичасан?

— Унутиш учун.

— Нимани унутиш учун?

— Пиёнисталигимни унутиш учун!

* * *

— Дугонажон, кеча эрим мени хафа қилди.

— Нега? Нима бўлди?

— Гўзаллик салонига 300 минг сўрагандим.

— Бермадими?

— Менга тикилиб қараб турди-да, 500 минг берди!

* * *

Ўқитувчи болаларга Ой ҳақида ҳикоя қилди:

— Ой жуда катта сайёра. У ерда миллиондан зиёд одамлар яшаши мумкин.

— Менда бир савол бор, — деди бир ўқувчи.

— Хўш, нима дейсан?

— Ой яримта бўлиб қолганда одамлар қандай сиғишади?

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: