РАБОТҚИШЛОҚ РАҚҚОСАСИ…

0

 

* * *

Манзура энди 17 га тўлди. Туғилиши билан қўл-оёқларини бошқача қимирлата бошлаган экан. Шунда доя хотин “Вой, тавба, охирзамон болалари-да, туғилиб улгурмай, ҳаракат бошлайди-я”, деб роса кулган экан. Онаси Зубайда опа эса “Демак, қизим Дилафруз Жабборова, Қизлархон Дўстмуҳамедоваларга ўхшаган машҳур раққоса бўлади”, деб дуо қилибди…

Афсус, пешонаси шўр чиқди. Уч яшарлигида ота-онаси аварияга учраб ўлиб кетди. Манзура ўгай аммаси Бозоргулнинг қўлида қолди.

Аслида Бозоргул отаси Манноп ака билан бир падарнинг болалари эди. Онаси бошқалиги учун нуқул аммаси ўгайсирайверди. Ёнида яқинлари йўқлиги ҳам аммага қўл келди. Биринчи синфда ўқий бошлагандан пул топишга мажбур этаверди. Манзура бола боши билан ҳали у бойникида, ҳали бу бойникида идишини ювиб, молларининг тагини тозалаб кун кўрди. Ишлаб топган пулларини аммасининг қўлига тутқазди.

Фақат Озодбой пахтачи уни ишлашга қўймасди.

— Қизим, жиккакдеккина бўла туриб жуда чиройли рақс тушасан-да, — дея алқарди Озодбой. — Қўй, шу ишларни бажариб ўзингни хор қилма. Худо олсин ўша аммангни! Сен яхшиси мен учун “Тановар”га ўйнаб бер, шартлашилган пулингни бераман, ҳеч нарса бўлмагандек жоҳил аммангга тутқазаверасан…

Шунинг учунми, ҳадеганда Озодбойникига боргиси келаверарди. Шу хонадондагина яхши, илиқ гап эшитарди, кўнгли кўтариларди. Дунёга меҳри ортгандек бўларди…

Манзура шуларни ўйлаб тўйхонага кириб келганини сезмай қолибди.

Ҳа, бугун Холида дугонасининг акаси уйланяпти. Қишлоқчилик-да, ҳалиям столни ҳовлига тузашади. Ресторан, кафеларда тўй қилишмайди қишлоқдагилар. Бунинг қулай жиҳати кўп-да! Ҳам пул камроқ кетади, одам эса гур-гур келаверади. Чақирилганиям, чақирилмаганиям кириб стол қаршисидан жой олаверади…

* * *

Манзура болаликдан рақс, мусиқа деса жонини берай дейди. Тўй-тўноққа борсаям, бошқалар каби гап сотиб лақиллашмайди. Икки кўзи, қулоғи артистларда бўлади. Қишлоқда уларни отарчи дейишади-ю, аммо отарчилар орасидаям унча-мунча артистни ортда қолдирадиганлари топилади. Ашула дейсизми, машшоқлик дейсизми, қийиб қўядиганлари бор.

Манзура дугонасиникига кириб келгани ҳамоно одатига кўра отарчилар ўтирадиган сўри тарафга кўз ташлади.

Хайрият, Бозор ҳофизнинг гуруҳи келибди.

Шу Бозор ҳофизнинг нолалари Манзурага ёқади. Айниқса, мумтоз ашулаларни сайратиб юборади. Машшоқлариям ўзи каби жуда уста. Бозор ҳофиз жуда илҳоми жўшиб кетса, ашула орасида машшоқларга гал бериб қўяди. Бири ғижжак, бошқаси дойра, учинчиси электр гитарани сайрата-сайрата жами йиғилганни сел қилади.

— Ҳа-а, Манзу, ўйланиб қолдинг, тинчликми? — хаёлини бўлиб сўради Холида. — Яна романтиклигинг тутдими? Ё отарчиларни баҳолаяпсанми?

— Вой, Бозор ҳофизни баҳолаб бўларканми? — деди Манзура ашуладан эриб. — Булбул-ку, булбул! Нолаларини қара, одамнинг юрагини эзворади!

— Шунақа дейсан-у, — деди асабий лаб тишлаб Холида. — Раққоса опкелишмабди-да, яшшамагурлар! Дадам ҳам роса аччиқланди. Ахир, ўзинг биласан-ку, бизнинг тарафларда раққосасиз тўй тўймиди?

— Ҳа-а, тўғри айтасан, — деди Манзура. — Топиша олмагандир-да!..

— Менга қара, — Холида кутилмаганда Манзурани туртди. — Шу қилганларига ўзинг бир боплаб рақс тушиб бермайсанми? Қотарди-да ҳаммаси!

— Э, бо-ор-э, — деди қўл силтаб Манзура. — Мен ким бўпман Бозор ҳофизнинг ашуласига рақс тушиб? Йўқ, сира иложи йўқ.

— Мени ҳурмат қилмайсанми? — гина аралаш сўз қотди энди Холида. — Озиб-ёзиб уйимизда тўй бўляпти. Акам роса хурсанд бўларди рақс тушиб берсанг!.. Ҳа, майли, зорим бор, зўрим йўқ…

— Дарров хафа бўлишни бошлайсан-а, Холи?!. — дея дугонасини қучиб олди Манзура. — Бўпти, хафа бўлмагин, илтимос! Рақс тушиб берганим бўлсин сен учун!

* * *

Анчадан бери қишлоқдошлари қаршисида рақс тушмаганди. Холида югурганча бориб ўртакашга нималарнидир уқтиргач, у микрофонни қўлига олди-да, йиғилганларга барала эълон қилди:

— Ҳурматли куёвимизнинг, келинимизнинг меҳмонлари! Энди табрик навбатини Работқишлоқда хизмат кўрсатган раққоса Манзурахонга берамиз! Синглимиз машҳур “Хоразм лазги”сига хиром айлайдилар! Марҳамат, Манзурахон!..

Зум ўтмай, эшила-эшила рақс тушаётган Манзурани ёшу-қари қарсак-у, ҳуштаклар билан олқишлай бошлади. Ёши улуғ эркаклар, аёллар ҳавас билан Манзурани бир-бирларига кўрсатиб мақтай кетишди. Дугоналари эса тош қотганча унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб туришди. Қойил қолганлар бош қимирлатишни ҳам унутмади.

Ниҳоят қўшиқ ҳам тугаб, Манзура икки юзи олмадек қизарганча дугоналари орасига ўзини урди. Аммо сал ўтмай, яна Холида уни четга тортди.

— Манзу, — деди у отарчилар учун ажратилган сўри томон ишора қилиб. — Бозор ҳофизнинг продюсери сени чақиряпти.

— Продюсери? Унинг продюсери бормикан?

— Соддасан-да, Манзу, —деди Холида. — Ҳозир отарчилар ҳам ўзига продюсер олволишган. Ўша продюсерлар топади-да тўйни!

— Мени нега чақиради унда? — сўради Манзура энсаси қотиб. — Бошқа рақс тушмайман!

— Юр, ана, бизнинг даҳлиз ёнида турибди. Менам ёнингда бўламан. Қани, нима деркин?!.

Манзура ҳайрон бўлди-ю, Холидага эргашди.

Ҳақиқатан бир четда паст бўйли, ёши қирқларга бориб-бормаган эркак кулимсираб турарди.

— Раҳмат, Манзура, — деди у худди эски танишлардек. — Рақсни қотирдингиз лекин. Санъатингизга қойилман!

— Менда бирор ишингиз бормиди? — сўради Манзура. — Нега чақиртирдингиз?

— Олдин ўзимни таништирай, — деди у. — Исмим Мурод ака. Мана шу Бозоржонга продюсерлик қиламан. Бундан ташқари, пойтахтдаям сизга ўхшаган икки раққосам бор. Уларни бу йил насиб бўлса, машҳур рақс гуруҳларидан биронтасига жойлаштириш ниятим бор… Нима десамийкин?.. Хуллас, сизнинг санъатингиз менга жуда маъқул келди. Истасангиз, бизларминан тўйларга юринг, ҳам малакангиз ошади, қолаверса, бир-икки сўм пул ишлайсиз.

— Вой, мен-а? — деди Манзура ҳайратини яшира олмай. — Й-йўқ, унақа нарсаларга…

— Синглим, шундай ажойиб санъатингиз боракан. Уни хор қилиш ярамайди. Агар яхши ишлашиб кетсак, ўзим сизни консерваторияга ўқишга киритиб қўяман. Мана, дугонангиз гувоҳлигида айтяпман!

— Билмадим, — деди бош эгиб Манзура. — Тўғриси, ўзим ҳам қизиқаман-ку, аммо уйдагилар…

— Эшитдим, — янада жонланди Мурод. —Аммангизнинг қўлидайкансиз. Буёғидан келсак, менам етимликда ўсганман. Етимнинг қандай кун кўришини жуда яхши биламан. Ишонинг, аммангизни кўндиришни менга қўйиб беринг. Эртага бораман уйларингизга! Майлими?

— Майли, — деди Манзура жилмайиб дугонасига бир қараб оларкан. — Бораверинг, ака!

* * *

Билмайди, худонинг берган куни Манзура соат кечки ўнга занг урдими, ухлаб қоларди. Бугун уйқуси қочди. Хаёлан ўзини бир-биридан чиройли ҳарир либосларда, худди ҳинд фильмларидаги каби кўз қамаштирувчи ёрқин саҳналарда тасаввур этарди. Йўқ, биларди, тўйларга юрадиган раққосаларни яллачи деб камситишларини кўп эшитган. Аммо уларнинг рақсларини кўргач, ўзи ҳам амин бўлган. Ахир, қўл қимирлатиб, айланган билан раққоса бўлиб қолмайди-ку! Қобилият бўлиши керак-ку! Ҳа, уни ҳеч қачон ҳеч ким яллачи деб ҳақоратламайди. Чунки рақсини, санъатини, туғма истеъдодини кўрган борки, албатта ҳайратдан ёқа ушлайди. Ҳақиқий рақс санъати буёқдалигини кўради. Ана ундан кейин яллачиларни тўйга айтмай қўяди. Манзурани излай бошлашади. Лекин Манзура у вақтда кимсан фалончи раққоса бўлади. Консерваторияда ўқиётганини эшитишади. Катта-катта саҳналарда рақс тушаётганига гувоҳ бўлишади. Ё булар шунчаки орзулигича қолиб кетармикан-а? Йўғ-э, Мурод ака кўринишидан жиддийга ўхшайди-ку! Алдамаса керак. Мабодо алдаган тақдирдаям Манзура ҳеч нарса йўқотмайди. Сал йўл-йўриқни тушуниб олса, бошқа группа билан бораверади тўйга. Фақат… Бозор ҳофиз билан бир сўрида ўтирса қандай бўларкин? Жуда салобатли ҳофиз-да! Манзурани менсирмикан? Тан олармикан? Қаторларига қўшармикан?..

Қўшади. Уям отарчи дейилгани билан барибир санаъткор-ку! Санъатнинг нонини ейди-ку! Шунақа бўлгандан кейин тан олмай қаерга борарди?!.

Эртаси куни Мурод ваъдасида туриб Манзураларникига келди. Аммаси Бозоргул билан гаплашди.

Сезганди. Аммаси пулнинг дарагини эшитса, ҳовлиқиб қолади. Оғзидан бол тома бошлайди.

Бу гал ҳам шундай бўлди. Муроднинг муддаосини тинглаб турди-ю, кутилмаганда лаганбардорликка ўтди. Келганида совуққина қарши олганди. Дафъатан ўрнидан турди-ю, Манзурани ўтқазиб қўйиб ўзи чой дамлаш, дастурхон тузаш ҳаракатига тушди.

— Ҳали манави эски уйлар ўрнига кошона қурасиз, синглим, — деди Мурод уйга эринмай кўз солиб чиқаркан. — Пулингиз кўп бўлади. Бизнинг ишда фақат сабрли, иродали ва мулойим, ширин сўз бўлиш керак. Шуни биласизми?

— Ҳа, биламан, — деди Манзура. — Санъаткорнинг нони қаттиқ бўлади, ака.

— Баракалла, жуда ақлли қиз экансиз. Лекин-чи…

Мурод ошхона томонга ўғринча қараб олди-да, аста чўзилиб, Манзуранинг қулоғига шивирлади.

— Аммангиз жа оғзи катталар хилиданга ўхшаяпти. Дарров сездим қанақа аёллигини. Шунинг учун сиз топган пулнинг ҳаммасини қўлига тутқазманг. Учдан бирини бериб, иккисини ўзингизга опқолинг. Пишиқ бўлмасангиз, бу аёл сизни кўкартирмайди.

— Хўп, — деди Манзура. — Аммо… Бозор ҳофиздан сал ийманиб турибман-да! Ҳалиги… Жудаям салобатли санъаткор-да!..

— Сиз унинг группасида юрмайсиз. Бошқа группага қўшиласиз.

— Вой, нега?

— Сабаби, Бозор ҳофиз раққоса олиб юришни ёмон кўради… Ҳа энди таъби-да! Ё хоҳламайсизми бошқа гуруҳда юришни?

— Н-нега?.. Менга барибир…

— Жуда соз. Аъзамжон деган ҳофиз йигит бор, ўшанинг ёнида юрасиз.

— Хўп.

— Айтганча, кийим масаласиниям ўзим ҳал қиламан. Кейинги гапларни йўл-йўлакай гаплашаверамиз!..

Мурод Манзуранинг аммаси билан яна беш-ўн дақиқа гаплашиб ўтиргач, кетишга чоғланди.

Кетаётиб қаттиқ тайинлади.

Эртага ўша Аъзам ҳофиз билан шаҳарда “никоҳ”лари бор экан.

* * *

Бозоргул аммаси Муроддан пул дарагини эшитгандаёқ, икки марталаб, юз марталаб рози бўлганди.

— Тўғри айтасиз, — деганди Муродга. — Ҳўкиздай қиз юрадими қишлоқда? Қўлидан ўйинга тушиш келади балодай. Тушсин, пул топсин. Мен қандай боқаман буни?..

Манзуранинг ўзига ҳам кечқурун роса тайинлади.

— Сен бўшашмасдан, лаллаймасдан чаққон-чаққон ўйнагин, — тайинлади аммаси унга. — Отарчилар «шустри» бўлади. Муқомлар қилиб бойларнинг пулини олгин-да, бир тийининиям бузмай опкелгин менинг қўлимга!

Манзуранинг алами келди. Мурод акадек продюсер ортидан келиб, ҳурматлаб қанча гап айтди-ю, хурсанд бўлди, аммаси эса шу ерда ҳам чақиб олаверса, кимга дардини айтсин? Аёл киши ҳам шунчалар шафқатсиз, дийдаси қаттиқ бўладими?.. Майли, ҳали шошмай турсин. Отарда юриб катта пул топса, кўчади-кетади шаҳарга. Аммаси тиззасига шапатилаганча қолади. Унгаям худонинг ёруғ кунлари бордир, ахир!..

Мурод айтилган вақтда машина билан Манзураларнинг дарвозаси ёнига етиб келди.

Манзура ҳануз ҳаяжонланарди. Мусиқага, қўшиққа, рақсга болаликдан қизиққани билан ҳеч қачон артистларга қўшилиб тўйга юрмагани билинаверарди.

Тиззаларигача билинар-билинмас титраб кўчага чиқди. Йўл-йўлакай бошидаги ироқи дўппини тўғрилаб-тўғрилаб олди.

Машинанинг олд ўриндиғида Мурод ўтирарди. Орқа ўриндиқда эса ўша Аъзам ҳофиз ўтирибди экан. Мурод ҳайдовчи иккисини бир ишора билан машинадан тушишга буюрди. Манзурани эса орқа ўриндиққа ўтириш учун чорлади.

— Сен аслида манави кийимларни киймасангам бўларкан, — деди Мурод. — Жуда ярашибди. Ажойиб! Шу туришингдаям ҳақиқий раққосалардан сира қолишмайсан! Айтганча, рухсат берсанг, бундан буён сени «сен»ласам! Нима дейсан? Ҳар ҳолда синглимдай бўп қолдинг.

— Майли, — деди Манзура қимтиниброқ. — Ўзингизга қулай бўлса…

— Энди сенминан гаплашиб олсак! Шунинг учун анавиларни пастга туширвордим. Сенга баъзи нарсаларни тушунтириб қўйишим керак…

Қишлоқчилик-да, қаердан эшита қолишди, маҳалладаги қиз-жувонлардан тортиб кампирларгача кўчага чиқиб олишибди. Буни Манзура беихтиёр ташқарига қараб олгач, пайқади.

Ҳаммаларининг кўзи Манзура ўтирган машинада эди. Икки уй наридаги Мастон кампир ёнидагиларга нуқул Манзурани кўрсатиб нимадир дерди.

— Сен қишлоқдагиларингдан қўрқма, — деди Мурод унинг ҳолатини пайқаб. — Қишлоқчилик-да, синглим! Қизиқишяпти! Машина томида колонкалар турибди-ку! Артистлар қаерга кетишяпти экан, нега Манзурани олволишди дейишаётгандир. Майли, энди менга яхшилаб қулоқ сол. Ўзинг тушунасан, раққоса тўйга фақат пул ишлаб бериш учун олиб юрилади. Тўғрими?

— Ҳа, биламан, — деди Манзура ҳамон ер чизиб. — Гапираверинг, ака, қулоғим сизда!

— Анави кундагидай рақсинг буёғига ўтмайди. Ўртага чиқволиб фақат рақс намойиш қилаверсанг, пул йиға олмайсан.

— Нима қиламан унда?

— Сени чақириб ўртага чиқарганимдан кейин икки кўзинг гўё олма териши керак. Бировга билдирмай, сездирмай олма терсин! Қўлида пул ушлаб сени чақираётган эркакларни кўрсанг, ўшаларнинг ёнига дарров етиб бориб чиройли, эркакларга ёқадиган муқомлар қила бошлайсан. Пул тутган эркак қандай муқом қиласан деса, шуни қилишинг керак. Кейин эса пулини эпчиллик билан, ноз-карашма қилиб, хиёл кулимсираб шартта қўлидан юлқиб оласан-у, ўртага пилдирайсан. Асло пул қистираман деганнинг кўнглини қолдира кўрма. Кейин-чи, чарчасанг дарров ўтириб олаверишни одат қилма! Бу биз санъаткорларга маъқул келмайди…

«Қизиқ, — кўнглидан ўтказди Манзура. — Бу одамнинг санъатга умуман алоқаси йўғ-у, оғзини тў-ўлдириб «биз санъаткорлар» дейиши-чи!?. Нега «биз отарчилар» демайди? Демак, бу атамани фақат оддий одамлар айтаркан-да! Ё ҳозир сўраб олаймикан? Ҳа, сўрайман! Калламни олиб ташламас, ҳарқалай!?.

— Ака, бир нарса сўрасам майлими? — дея бошини кўтариб Муродга боқди Манзура. — Қизиқардим-да азалдан!

— Сўра, — деди Мурод жилмайиб. — Ҳозир сўраб ол!

— Нега сизлар «биз отарчилар»мас, «биз санъаткорлар» дейсизлар? Ахир…

— Менга қара, — бирдан жиддийлашди Мурод. — Отарчи деган сўзни баъзи санъатни тушунмайдиганлар тўқиб чиқарган. Агар сени биров-ярим отарчи деса, жим турма, дарров гапини ёқасига ёпиштир! Санъаткор шустрий бўлиши керак. Кулишниям, йиғлашниям, сўкишниям, эркалашниям қотириши керак. Тушунтира олдимми?..

— Хўп, тушундим, — деди Манзура қайта ер чизиб. — Айтганингиздай қиламан.

— Энди давом этаман. Тўй тугагандан кейин сал кайфи ошган бойваччалар ҳофизминан раққосани алоҳида хонага таклиф қилиб қолишиям мумкин. Ана шундай маҳалларда зинҳор бош торта кўрма. Обрў кетади, кейин ўша атрофда сен билан бизни ит ҳам тўйга чақирмай қўяди. Бу санъаткор учун минусдан бўлак нарсамас.

— Ие, алоҳида хонага нега чақиришади? Тўй тугаган бўлса… У ерда нима…

— Нимага чақирарди? Улар пулдор, қиттай-қиттай ичиб кайф-сафо қилишган. Пулнинг дами бор-да! Ичган пайт ўша дами кўтарилиб кетади. Бойваччалар ҳофиз-у раққоса улар учун алоҳида хизмат қилиб беришини хоҳлаб қолишади. Айтган қўшиғини ҳофиз айтиши керак, раққоса хиром қилиши шарт. Ўша ердаям бирови пулни ҳалиги… Энди уят бўлмайди-да орамизда! Санъаткорчасига дангал гапиравераман-да-а? Сенам шундай дангал гапларга ўрган! Қисқаси, бирови бир сиқим пулни чангаллаганча кўкракларинг орасига солиб қўйишни истаб қолади. Нима дейсан энди!?. Кайфчилик-да! Сенминан бизнинг вазифамиз ўша сиқимлаганини қандай бўлмасин тортволиш, ўзимизники қилиш. Қўрқма, бундан ортиқ шилқимликлар бўлмайди. Нари борса билагингни ушлаб ўпиб қўйиши мумкин. Ана ўшанда сен жилмайиш қилиб бир-икки марта муқом қилиб юборсанг, марра бизники! Керак бўлса, жонини берворишади. Кўрибсанки, ўша хонадан бир дунё пулминан чиқиб кетасан. Хўш, тайёрмисан шундай қисматга?..

Манзура ҳам анойи эмас.

Муродга сирли боқди-ю, бош силкитиб жавоб қилди.

— Пешонада борини кўраверамиз-да, ака!.. Айтганча, яна бир саволим бор.

— Сўрайвер, синглим, сўра!

— Нега мени Бозор ҳофиз билан тўйга бордирмайсиз? Ё ростданам у киши раққосаларни ёқтирмайдими?

— Тўғри, — деди Мурод бош қашиб. — Бозор ҳофиз яллачи… Э, тфу… Раққосаларни унча хуш кўрмайди. Лекин олиб юради барибир.

— Унда нега у билан тўйга бормайман?

— Битта сабаби бор. Бозор ҳофиз «томсувоқ»қа жуда кўп боради. Шуниси ёқмайди менга.

— «Томсувоқ»? Тўйга боради-ку! У киши ҳофиз-ку!

— Сен тушун, «томсувоқ» деганда, лой кўтариб том суваш тушунилмайди. Биз санъаткорларда ўзига яраша атамалар бор. Бизда «томсувоқ» деб «заклад» берилмайдиган тўйларни айтишади. Ҳофизиям, қолганлариям фақат ўртага тушган пулни олади. Уқдингми?

— Ҳ-ҳа, тушунарли, — деди Манзура кулгиси қистаб. — Тушунволдим энди…

* * *

Манзура бир нарсани тан олишга мажбур эди. Қишлоқларда раққосаларни яллачи деб аташлари етмагандек, уларга ёшу қари паст назар билан қарайди. Бунга раққосаман деб билса-билмаса қўл қимирлатиб қўйиб бегона эркакларга сузиладиган, қўлидаги пулини олиш учун ҳамма нарсага тайёр қизлар, жувонлар сабабчи. Ҳақиқий раққосалар ўшаларнинг касрига қолишяпти. Худди ўзи каби икки қатор қўшиқни эплаб айта олмайдиган, фонограммани қўйволиб йўлига оғиз қимирлатадиган росмана отарчиларга қўшилиб санъаткор деган номга доғ туширишади. Шундайлар Работқишлоққаям кўп келган. Ҳамма устидан кулган пайтлар бўлган. Хўрликка чидай олмай, қон йиғлаган ўша яллачиларниям ўз кўзи билан кўрган. Худо хоҳласа, у ҳеч кимга кулги бўлмайди. Тўғри, барибир униям яллачи деяверишади. Аммо санъатини кўргач, барибир тан беришади. Яна шу рақсини сўрай бошлашади. «Отангга балли» деб дуо қиладиганлар ҳам топилса ажабмас! Беш бармоқ баравар эмас-ку, ахир!..

* * *

Бир соат йўл босиб ниҳоят шаҳардаги ўша тўй бўлаётган маҳаллага етиб келишди. Йўл четларига узундан-узун стол-стуллар қатор териб чиқилибди. Томига каттакон колонкалар бойланган машинани кўрганлари ҳамоно болакайлар биринчи бўлиб йўлга чопқиллашди. Тўй эгалари бўлишса керак, башанг кийинган узун-қисқа, ориқ-семиз эркаклар қўл қовуштирганча отарчиларни қарши олишга ҳозир туришди.

Манзура умри бино бўлиб бундай мулозоматга рўбарў келмагани учун тамом бўлай дерди. Ўзини ноқулай сеза бошлаганди. Бироқ Муроднинг айтган гаплари дарров хаёлида қайта гавдаланиб ўзини тутиб олди.

— Келинглар, санъаткорлар, хуш кепсизлар! Қани, ичкарига!

Уларни тўйхонадан икки дарвоза наридаги уйга бошлаб киришди. Хона ўртасига хонтахта қўйилиб, усти ноз-неъматлар билан безатилганди.

Манзура қимтинибгина бир четга чўкди. Ёши улуғ бир одам кириб дуо ўқиди. Юзларга фотиҳа тортилгач, Мурод Манзурани ташқарига имлай бошлади.

Ҳа, Манзура махсус кийимларни кийиб олиши, ўртага чиқишга тайёр туриши лозим эди.

Муроднинг қўлидаги кийимлар солинган елим халтачани олди-да, кўрсатилган хонага кирди.

Кираверишга рўпарама-рўпара каттакон кўзгу бор экан.

Бирпас кўзгуга тикилиб ўз ҳуснини томоша қилди. Узун киприклари, тақимини ўпган сочлари, камондек қайрилма, қоп-қора қошларини учириб-учириб кўрди.

— Ҳа, мен энди санъат йўлига кирдим ҳисоб, амма, — деди овоз чиқариб. — Энди сизнинг турткиларингизни емайман! Қарғишларингиз ўзингизга сийлов. Сизнинг дастингиздан кечалари ухлай олмай, йиғлаб чиқмайман. Раҳматли аяжоним, дадажонимни чақириб хаёлан зорланмайман. Мана кўрасиз, пулим роса кўпайиб кетганда, ўша дадам, аямларнинг излари қолган уйни бошқатдан қурдиртираман. Ана шунда волидам, падарим хурсанд бўлиб кетишади. Уёқдан туриб ҳам мени алқашади. Кўрасиз, сиз менсимайдиган, хўрлайдиган Манзура энди ўтмишда қолади.

Мен албатта буюк, машҳур раққоса бўламан!

* * *

Манзура кўзгуга тикилиб ота-онасини эслагач, анча кўнгли бўшаб кетганди. Кўзларидан ёшлар дув оқиб томоғигача ҳўл қилди. Шундан кейингина дарҳол ўзини қўлга олиб шоша-пиша Мурод берган кийимларни кийди. Шу тобда ташқаридан Муроднинг товуши жаранглай бошлади. Демак, умрида илк бор раққосалик, қишлоқдагилар таъбири билан айтганда, «яллачи»ликни бошлайди. У яна кўзгуга бир қараб олди. Хаёлан ота-онасининг руҳидан мадад сўраган бўлди…

Ҳовлига айлантириб, тўртбурчак шаклда тузалган столлар қаршиси меҳмонларга, ёшу-қарига тўлганди. Аъзам ҳофиз мумтоз ашулалардан бирини бошлаб қўйибди. Ашулани бирпас эшитди-ю, негадир кўнглига ўтиришмади. Ҳофизнинг овозида шира камдек туйилди. Бунинг устига мусиқа ҳам, ашула ҳам фонограммага ўхшайверди. Афсуски, унинг бировни, айниқса, машшоқ ва ҳофизни муҳокама қилишга, кузатишга, назорат этишга ҳаққи йўқ. Умрида биринчи бор шундай даврага хизмат учун келди.

— Қани, сўрига ўтира тур, — дея жилмайиб Манзурани ўтиришга таклиф этди Мурод. — Ҳали замон сенгаям гал кеп қолади…

У аста Манзурага яқинлашиб қулоғига шипшитди:

— Кўряпсанми ҳов анави эркакларни? — сўради тўрда савлат тўкиб ўтирган ўн чоғли ориқ-семиз эркакларга ишора қилиб. — Ана шулар ҳадемай «пишади». Тушунасанми шунақа гапларни?

— Тушунаман, — деди Манзура эркаклар тарафга кўз қирини ташлаб олиб. — Олдиларидаги ароқ шишаси бўшаб қолай дебди.

— Баракалла, — деди Мурод янада жонланиб. — «Шустрий» бўл. Уддабурон бўл. Шундай ўйнагинки, мана шулар дод деворсин!..

* * *

Шу маҳал худди ўша эркаклар орасидан баланд бўйли, қориндор, калбош, бўйнига қишлоқ қизлари айлантириб каштачалар тўқиган рўмолча ташлаб олган эркак тўғри Аъзам ҳофизнинг ёнига келди-да, микрофонни темир устунчадан суғуриб олди. Шу заҳоти мусиқа ҳам, ашула ҳам таққа тўхтади.

Мурод ҳайрон бўлиб эркакка яқин борди. Жаҳли чиқди, аммо сукут сақлашга, икки қўлини кўксига қўйишга мажбур эди.

— Ўв, оломон, — эркакнинг кайфи таранггина эди. Баланд овозда, микрофонни лабларига деярли ёпиштирган ҳолда қичқирди. — Нега жим ўтирибсан ҳамманг? Ўв жувонлар, қизлар, кампирлар, чол-у, тенгқурлар! Нимага жим ўтирибсанлар?

Меҳмонлар унинг муддаосини англаб етмади чоғи, бошқа қаторда ўтирган, ёши олтмишга бориб қолаёзган чўққисоқол эркак ўтирган ерида луқма ташлади.

— Ҳа-а, Солибой, нима бўлди? Бирор гап бўлдими?

— Э, ҳамманг бу ерга магнитапон эшитишга келганмисан? Ё ҳеч биринг фонограммаминан жонли ижрони фарқлай олмайсанми?..

Солибой деганлари шундай деб ёнида қимтиниб, ер чизаётган Аъзам ҳофизни кўрсатди. — Манави жўжахўроз, зағча бизни лох қилиб ўтирибди-ю, биттанг ғинг демайсан-а вей! Бу номига оғиз қимирлатиб турибди холос. Ана, кўрларинг!

Солибой зарда билан микрофонни устунчанинг тешигига тиқиб сўрининг орқа тарафига ўтди ва группа аъзоларидан бўлмиш Ҳусан усилителчини бир туртиб нари сурди. Кейин усилителга ўхшаш матоҳнинг битта тугмачасини босганди, очилиб ялтираган диск чиқиб келди. Солибой дискни қўлига олди-ю, яна ўртага қайтди. Қайтадан микрофонни устунчадан тортиб лабига босди.

— Мана, ҳалойиқ, мана шу матоҳ диск дейилади! Шуни қўйволиб, анави жўжахўроз бизни алдаётган экан. Айтларинг ҳамманг, қачон бизнинг тўйларда фонограмма ишлатилган? Биронтанг кўрган бўлсанг, айт!

Ўтирганлар бараварига «Йў-ўқ», дея ҳайқирди.

— Ана, кўрдингми, ука? — дея Аъзам ҳофизга еб қўйгудек, нафрат аралаш тик боқди Солибой. — Биз магнитапон эшитгимиз келса, уйдаям эшитиб қўяверамиз! Нега бизни алдаяпсан? Ҳа жонли ашула айтишга «духинг» етмас экан, қанд еб келиб ўтирибсанми бизнинг шаҳарга? Қани каттанг ўзи?..

Мурод шу заҳоти бир сакраб Солибойнинг қаршисида ҳозир бўлди.

— Менман, ака, — деди икки қўлини кўксига қўйиб. — Илтимос, ҳофизни кечиринг, ака! Томоғи шамоллаб қолгани учун ҳалигидай…

— Э, томоғи оғриса баннисага ётиб даволансин! — бақирди Солибой. — Бизда, анави тўй қилган шўрлик Толиббойда нима гуноҳ? Укам, бизнинг шаҳарга кўп келгансан, таниб турибман сени! Бунақа одатинг йўғиди-ку! Бу ёғи неча пулдан тушди энди?..

— Жон ака, — астойдил ёлворарди Мурод. — Иккинчи қайтарилмайди бу хато. Ишонинг! Мана, ҳозир раққосамиз сиз учун махсус рақс тайёрлаб турибди. Жонли ижро қилиб беради! Жон ака, кечира қолинг энди! Мен сизни жуда ҳурмат қиламан! Акам деганман-а сизни!..

— Шунақами? — ниҳоят Солибой сал бўшашиб мийиғида жилмайди ва сўрининг бир четида омонатгина ўтирган Манзурага юзланди.

— Шуми раққосанг? — сўради Муроддан энди астойдил оғзининг таноби қочиб.

— Ҳа, ака, шу қиз! Жуда истеъдодли раққоса бу қиз! Бир ўзингиз

баҳо берасиз-да энди, ака!..

— Демак, раққосанг жонли ижро қилади, шундайми?

— Албатта, — жавоб қилди ўзини мажбурлаб бўлса-да, жилмайиб. — Раққосаларда фонограмма бўлмайди-ку, ака!

— Бўпти, фақат анави жўжахўрозинг ашула айтмасин! Бошқа ҳофиз айтсин ашулани!.. Машшоқлар жонли қилиб куй чалсин! Ҳа, «Тановар»га чалдир!

— Хўп бўлади!

Мурод пилдираганча Манзурага яқин борди-да, қулоғига шивирлади.

— Бардам бўл, сингил! Бизни қутқар анави балохўрдан!

* * *

Манзура раққосаларга хос енгил қадамлар билан ўртага чиқди. Икки тарафга одам бўйидан баланд қилиб ўрнатилган колонкаларни зириллатиб талаб қилинган куй янграй бошлади.

Манзура машшоқлар тарафга бир қараб олди. Куй ҳақиқатан жонли ижро этила бошлаганди. Машшоқларнинг усталигини дарров илғади ва икки қўлини ёйиб «Тановар»га рақс туша бошлади.

У камондек эшилиб-эшилиб ўйнарди. Лабларидан жуда ҳам майин табассум уфурар, табассумларини бир марта қиз-жувонлар ўтирган тарафга йўлласа, беш маротаба эркаклар даврасига йўналтирарди. Манзуранинг ажойиб рақсини бу шаҳар аҳли дарҳол пайқаб бўлганди. Ўрта ёш, қориндор-у калбош эркаклар берилиб чапак чалса, бўй йигитлар ҳуштак билан олқишлашарди.

Кайфи таранглашганлари эса бир дастадан пулни чангаллаганча Манзурани қошига чорларди.

У пилдираганча бориб пул тутганнинг қаршисида ҳозир бўлар, елка, бел муқомларини ишга солиб эпчиллик билан, нозик ҳаракатлар ёрдамида улар чангалидаги пулларни тортиб оларди.

Ниҳоят навбат Солибойга етди. У Манзуранинг рақсига азбаройи лол қолганидан ўрнидан туриб олганди. Иккала чангали эса беш мингталик пулларга тўла эди.

— Вой-до-од! — Солибой қўлидаги пулларни Манзуранинг бошидан сочиб юборди-да, киссасини ковлаб яна пул чиқарди. — Ўлдирдинг, сингил, ўлдирди-инг!.. Қани, манави акаларинггаям сийналарингни селкиллатиб қўй! Маладе-ес!.. Гап йў-ўқ!.. Тушавер! Тўхтама! Тушавер! Бошингдан оёғинггача пулга кўммасам одаммасма-ан!!!

Тановар тугагач, машшоқлар «Лазги»ни бошлаб қолишди. Солибой энди ўртага чиқиб олди ва қорнини силкита-силкита Манзуранинг рақсига жўр бўла кетди.

Ҳурмати баланд экан. Столлар қаршисида ўтирганларнинг тенг ярми ўртага чиқиб гоҳ Манзура, гоҳ Солибойнинг бошидан пул соча бошлади…

Ҳа, Манзура умрида биринчи марта отарга чиқиб, Муродни ҳам, меҳмонларни ҳам қойил қолдира олди. Бети қотди. Ўзини тутишни камроқ бўлса-да, ўзлаштира олди. Бу яллачи, раққоса учун энг керакли жиҳат эканига амин бўлди.

Тўй ҳам тугади.

Аъзам ҳофиз аразлаб таксида уйига кетиб қолган экан. Манзура буни машинага ўтиргандан кейингина пайқади.

— Баракалла, — деди Мурод унинг елкасига қоқиб. — Синдирдинг ўзиям! Додлатвординг ҳаммасини!..

— Ҳа, зўр бўлди бугун, — гапга қўшилди ҳам ҳайдовчи, ҳам усилител қўядиган Ҳусан рулни муштлаб. — Синглимизга минг раҳмат! Тўйнинг бунақа қизиганини кўрмагандим. Яшасин!..

Машина негадир бошқа кўчага қараб бурилди. Буни Манзура нотаниш кўчаларга кўзи тушгандан кейингина сезиб қолди. Қиз бола-да, барибир қўрқиб кетди.

— Вой, менинг уйим буёқдамас-ку, — деди ваҳима аралаш. — Қ-қаерга кетяпмиз?

— Қўрқма, — деб кулди Мурод. — Ҳозир меникига кирамиз!

— Ие, нега? Нима қиламан сизникида?..

Мурод бир муддат сукут сақлаб олди-да, аста Манзуранинг елкасига қўлини қўйди ва оҳиста шивирлади.

— Кирганда биласан!

* * *

Манзуранинг юраги барибир тинчлик бермасди. Хаёлига турли-туман бўлар-бўлмас ўйлар ўрлай бошлади.

«Наҳотки, шу йўлни танлаб адашган бўлсам? — ўйларди у Муроднинг кенг ҳовлисига дид билан мармар ётқизиб чиқилган йўлакча орқали кириб бораркан. — Бу киши зўрлаб қолса нима бўлади? Анави Ҳусаниям еб қўйгудай термилди-ку! Кейин нима қиламан? Кимга дардимни айтаман? Пулам бермади. Шунисиданам шубҳаланаётгандим. Демак, ҳозип опкирволади-да, пул беришдан олдин шарт қўяди. Бизминан ётасан деб турволади. Нима қилай? Қочиб кетсам-чи? Шартта бурилиб орқа-кетимга қарамай чопсам-чи? Йўқ, барибир тутволишади булар… Бўш келмайман. Қани, тегиниб кўришсин-чи, қўлимга кирган нарсаминан тушираман…»

Йўлаклар тугаб турнақатор уйлар бошлангач, эшиклардан бири очилиб тўладан келган, келишгангина аёл ташқарига чиқди. Унинг кетидан икки нафар 5-7 ёш оралиғидаги бола чиқиб келиб югурганча Муроднинг бағрига отилишди. Шундан кейингина Манзуранинг миясига ёпишиб олган шубҳа-гумон, қўрқув ва ваҳима булути баравар тарқади.

Ҳа, аёл Муроднинг ҳасми ҳалоли экан.

Манзурани ҳам илиқ кутиб олди.

Мурод Ҳусан икковларини бошқа бир хонага таклиф қилди.

Хотини ва болалари ўз хоналарига йўл олишди.

* * *

Ичкари жуда гўзал экан. Деворлар ёқимли рангга бўялгани қолиб ажойиб суратлар чизилибди. Хонадаги бир-биридан бўйдор сервантларга биллур, кумуш идишлар чиройли қилиб териб чиқилибди. Полга ҳам қалиндан-қалин гилам тўшашибди.

Манзура хонага бир муддат ҳавас билан тикилиб қолди. Бу орада уй бекаси хонтахтага дастурхон тузаб, чиройли чойнакда чой қўйиб кетди.

— Ҳа-а, Манзура, — Мурод унинг хаёлини бўлди. — Хона ёқдими сенга?

— Жуда гўзал экан, — деди ҳийла бош эгиб Манзура. — Ажойиб!

— Сенам худо хоҳласа бир кун келадики, бунданам зўр уйлар қурасан. Ишон, албатта қурасан!..

— Мурод ака, мени обориб ташласаларинг яхши бўларди, — деди хавотир аралаш Манзура беихтиёр бетоқатланиб. — Вақт ҳам алламаҳал бўп кетди.

— Борасан уйингга, ана, Ҳусан ташлаб қўяди… Ҳа, сенга яна бир янгиликни айтмоқчийдим. Қара, хаёл бўлинибди. Биринчиси, бу менинг уйим. Ўзингам сезгандирсан. Бояги аёл кеннойинг Сурмахон. Икки тойчоқ менинг болаларим. Бўш вақтингда келиб кеннойинг билан гаплашиб ўтирсангам ёмон бўлмайди.

— Раҳмат, — деди Манзура асабий лаб тишлаб. — Келарман…

— Кейинги янгилик шуки, — давом этди Мурод Ҳусанга кўз қисиб қўйиб. — Биз санъаткорлар тўйдан кейин албатта меникига келамиз. Вақт алламаҳаллигига қараб ўтирилмайди. Шу ерда бир пиёла чой устида боягидай йиғилган пуллар арра қилинади. Қоидамиз шунақа. Шунинг учун кейинги гал қўрқиб, ваҳимага тушиб ўтирмагин демоқчиман. Ҳа-а, мабодо тўй биз томонлардан узоқда бўлса, илож йўқ, ўша атрофдан танишроқ одамнинг уйида «Қисм» қилишга тўғри келади. Бироқ бунақаси кам бўлади.

— «Қисм» дедингизми? — сўради Манзура қизиқсиниб. — Нима дегани у?

— «Қисм» деганда худди шу бугунгидай пул бўлишиш тушунилади. Айтгандим-ку, биз санъаткорларда шунақа атамалар кўп. Йўл-йўлакай тушуниб олаверасан. Қани, ўртоқлар, чойга қаранглар!..

Шу кўйи орадан бир соатча вақт ўтди. Муроднинг ўзи шахсан тор ичидаги, дойра ғилофи, катта қора сумка, қийиққа тугилган пулларнинг ҳаммасини гилам устига сочди. Қолганлар тартиб билан, йиригини йирикка, майдасини майдага қилиб пулларни тахлашда ёрдамлашишди. Кейин эса яна Муроднинг ўзи Ҳусанга, Манзурага, ўзига дегандай… Пулларин тақсимлаб чиқди. Манзура қўлига шунча пул тушганини кўргани ҳамоно севинчданми, хавотирданми, нақ ёрилай дерди. Ҳалитдан бу пулларни қаерга қўйишни, қандай сарфлашни билмай ҳалак эди.

— Пулларнинг, — деди Мурод. — Ҳаммаси берилмайди. Ярмисини бераман. Қолган ярми меникида туради. Айтгандим-ку, амманг жуда олғир аёл экан. Ҳаммасини қўлига тутқазган тақдирингдаям миннатдор бўлмайди. Кўпроқ сўрай бошлайди. Ахир, бу адолатдан эмас-да! Меҳнатни сен қилсанг-у, ҳузурини амманг кўрадими? Бекорнинг бештасини айтибди. Қўрқма, мен сервантнинг бир четига ташлаб қўявераман пулларингни. Сал йўлингни тўғрилаб олганингдан кейин олиб ишлатаверасан пулларингни. Маъқулми?

Манзура мамнун бош ирғади.

— Унда фотиҳа қилайлик, — дея икки қўлини юқорига кўтарди Мурод. Қолганлар ҳам қўлларини дуога очишди. — Илойим, бераридан қисмасин! Файзини берсин, Оллоҳу Акбар!.. Энди дўстлар бир нарсани айтай. Аъзам қовун туширганини кўрдингиз. Инсоф қилиб униям улушини опқўйганимниям кўрдингиз. Майли-да, умид билан борганди. Лекин эртадан бошлаб Аъзам билан ишламаймиз. Хурсандбек деган ёш ҳофиз бола бор. Ўшани олиб юрамиз тўйларга. У ҳақиқий ҳофиз. Бозор ҳофиздан сира қолишмайди. Жонли айтишни қийиб қўяди. Розимисизлар?

— Албатта розимиз, — кулиб жавоб берди Ҳусан усилителчи. — Хурсанднинг ашулаларини кўп эшитганман менам. Нолани синдирворади ўзиям. Манзурахон буёғидан рақсни синдириб турсалар, Хурсандбек нола қип турса, ошиғимиз олчи-да, ака!..

— Ҳа, ҳақсан, — деди Мурод. — Насиб бўлса, энди бугунгидай гапга қолмаймиз. Хў-ўш, ҳамма гаплар айтилди. Қисм тугатилди. Энди… Эртага дам. Индинга «Томсувоқ»қа борамиз. Бу атаманинг маънисини айтгандим-а, Манзура?

— Ҳа, айтгансиз. Ўртадаги пулнигина оламиз. Заклад олинмайди.

— Баракалла. Нима қилайлик? Ҳар замонда шунақасиям бўп туради. Индин борадиганимиз қадрдон акахонларданийди. Борасан деб туриб олган. Лекин ошна-оғайнилари битиб кетган бойваччалар. «Тим бўлий» неварасига суннат қиляпти. Катта базм бўлади. Ана шу базмнинг файзини худо хоҳласа биз оламиз. Бўпти, Ҳусан, Манзура синглимизни дарвозасигача обориб қўй!

— Хўп бўлади, ака!

* * *

Муроднинг қишлоғи билан Манзура яшайдиган маҳалла ораси анча узоқ эди.

У орқа ўриндиқда ўтирганча жим кетиб борарди. Ора-сирада сумкачасини тўлдириб турган пулларни ушлаб-ушлаб қўяр, ҳар гал юраги ҳовлиқиб, ажабтовур ҳолатга тушарди.

«Битта тўйда шунчадан пул топса, одам бойиб кетиши ҳеч гапмас, — ўйларди ўзича. — Шунинг учунам Мурод ака уйини қаср қип ташлабди-да! Тўғри, у битта бу «састав»минан юрмайди-ку! Тўрт-бешта гуруҳи боракан. Албатта бойийди. Пулларимнинг ярмисини олиб қўйгани яхши бўлди. Бўлмаса, аммам яшшамагур тийин-тийинигача тортиб оларди. Заҳарни олсин!..»

Бир маҳал машина таққа тўхтади-ю, Манзура сесканиб ойнадан ташқарига боқди. Атрофда зулмат ҳукмрон эди. Қайсидир қишлоқ йўлида тўхташибди. Икки ён қайрағочлардагина иборат. Нега тўхтади? Тинчликмикан?..

Ҳусан бир муддат рулга бошини тираб турди-да, қўққисдан эшикни очиб пастга тушди.

«Бузилди шекилли машинаси, — кўнглидан ўтказди Манзура. — Қуриб кетсин, энди нима бўлади? Пиёда кетаманми уйгача? Ҳали анча бор-ку!..»

Хаёлларини йиғиштириб улгурмай, Ҳусан орқа ўриндиқ эшигини очди ва Манзуранинг ёнига ўтириб олди.

Қизнинг бўлари бўлаёзди. Бир неча сония ичида миясига турли-туман бўлмағур хаёллар ўрлаб улгурди. Лекин қўрқиш, бақиришдан наф йўқ. Додини ҳеч ким эшитмайди барибир.

— Нега ўтирдингиз? — сўради Манзура дарров нариги четга сурилиб. — Нима бўлди?

— Манзура, — деди ҳарсиллаш аралаш Ҳусан. Ва унинг билагига қўл юборди. Аммо Манзура қўлини тортиб олди. — Тўйда сенга қараб ўтириб жуда ҳавасим кетганди. Ортиқ чидай олмайман. Мана шу билакларингни бўйнимга солиб ўзингни маҳкам қучоқлаб ётишни хоҳлайман. Кел, жоним, бу ерларда ҳеч зоғ йўқ. Биров кўрмайди. Келақол, бир маза қилайлик ўткинчи дунёда!..

«Эркак зотининг бари бир гўр экан-да, — ўйларди Манзура. — Ҳаммаси фақат бир нарсани ўйлайди. Шундан бошқа дарди йўқ. Энди нима деган одам бўламан? Дугоналарим билиб қолишса, Мурод ака эшитса, қай аҳволга тушаман? Нега ҳамма бало менга ёғилаверади, худойим? Нега бордим ўша тўй зормандасига? Тинчгина бировларнинг идишини ювиб юровдим-ку! Биров мушугимни пишт демасди. Демак, раққосами, тамом, у бузуқи экан-да!..»

— Ҳусан ака, — деди Манзура йиғламсираб. — Ундай қилманг, жон ака! Мен ундай қизлардан эмасман, ишонинг! Мен фақат санъатни жондан севганим учун бордим шу тўйига! Ишонинг, мен енгилтак қизмасман! Айтинг, тасаввур қилинг, мен сизнинг туғишган синглингизман. Мурод ака менга худди сиздай тегинса, нима қилардингиз?

Бу савол, гап қандай Манзуранинг миясига келди, билмасди. Аммо Ҳусан шу гап, саволдан сўнг бўшашди ва ўзини нари олди.

— Кечириб қўясан, — деди у кулимсираб. — Сени текшириб кўрмоқчи бўлгандим. Илтимос қилишганди. Гап йўқ, офарин! Мана, энди ишондим ҳақиқатан поклигингга! Ҳамиша шундайлигингча қолгин!

— Тушунган одам экансиз, раҳмат, — деди Манзура ҳануз вужуди титрашдан тўхтамай. — Лекин билиб қўйинг, милён марта синаганингиздаям шу туришим туриш. Мен ўзгармайман.

— Сенга раҳмат! — деди Ҳусан эпчиллик билан ўз ўрнига ўтиб ўтираркан. — Сенга ҳурматим ортди. Агар бошида санъатингга беш кетган бўлсам, бугун хулқингга қойил қолдим! Отангга раҳмат сени дунёга келтирган! Ҳа, бизнинг қишлоқ қизлари худди сендай бўлиши керак! Хўш, кетдикми, раққоса?

— Кетдик, — деди Манзура кўнгли анча ёришиб. — Уйимгача обориб қўйишга ваъда бергансиз!

— Оборамиз!..

* * *

Дарвоза очиқ эди. Ҳусан жўнаб кетгандан кейин ҳам Манзура бир неча дақиқа кўча юзида туриб қолди.

Боягина бўлиб ўтган хунук ишларни кўз олдига келтирди. Ҳусандан Мурод илтимос қилганига сира шубҳаси қолмади.

Демак, улар ҳар йўлини қилиб текширишаркан-да! Яхшики, енгилтак эмас, бошқаси бўлса, Ҳусаннинг тагига ётарди-қўярди. Кейин эса…

— Ҳа, нега қаққайиб турибсан кўчада?..

Манзура аммасининг ташқарига чиққанини ҳам пайқамай қолибди. Сесканиб бошини кўтарди-да, ичкарига йўналди.

— Шу ерда туриб нафас ростлаб олсам девдим-да, амма, — деди у мажбуран бўлса-да, кулимсираб. — Юринг уйга!

Ҳовлига қадам қўйганлари ҳамоно Бозоргул аммаси дарвозани тамбалади-да, Манзуранинг олдини тўсди.

— Пул қани? — бақрайди у жиянига. — Нега қараб турибсан? Пулни чиқар!..

Шу иши айни паллада Манзурага бирам алам қилди, қўйиб беришса, аммасини юмдалаб ташлашга тайёр турди. Афсуски, ундай қила олмайди. Шу аёл уни гўдаклигидан яхшими-ёмонми, ишқилиб парваришлаган. Бетига қараб қарши сўз айтса худо кечирмаслигини билади…

Манзура шоша-пиша сумкачасидаги пулларни аммасига тутқазди. Бозоргул худди ҳозир қўлидагини биров олиб қўядигандек пулларни қўйнига тиқди. Лекин бир туки ўзгармади. Манзурага аламли боқишни бас қилмади.

— Эрталаб маҳалладагилар чиқади, — деди у ўз хонаси томон юришга чоғланиб. — Сени муҳокама қилишмоқчи. Энангни учқўрғондан кўрасан энди. Аммо бўш келма! Қара, бир кечада шунча пул топибсан! Хўп-хўп дегин-у, билганингни қилавер!

— Маҳалладагилар? Нега мени муҳокама қилишади? Мен нима ёмонлик қилдим уларга?

— Бизнинг қишлоқдан яллачи чиқиши керакмасакан. Ана шуни муҳокама қилишади.

— Сиз тарафимни олмайсизми?

— Жинни бўлганмисан, овсар? Ким бўпсанки, тарафингни олсам? Қолаверса, яллачиликни танлаган ўзингсан. Жавобиниям ўзинг берасан-да, ғалча!.. Менга қара, эшитишмча, шу йўлдан қайтмасанг, маҳалладан бадарға қилишармиш. Хўш, ҳайдалишга тайёрмисан?

— Ҳайдашса ҳайдашаверсин, — деди йиғламсираб Манзура. — Менинг бировга ёмонлигим йўқ. Бузуқлик ҳам қилиб юрганим йўқ. Мен санъатдан кечмайман!..

— Унда эшитвол, башарти ҳайдаб солишса, адрис-падрисингни қолдириб кет! Қолдирмасакансан, милисаминан бориб топаман-да, гўштингга сомон тиқтираман! Сени катта қилганларимнинг ҳақини тўлайсан барибир! Тушундингми?..

Манзурага амманинг мана шу гаплари жуда алам қилди. Бу уйда нақадар қадрсизлигини энди-энди чуқурроқ англагандек бўлди.

Бозоргулга кўзларида жиққа ёш билан аламли қараб турди-да, ҳўнграб йиғлаганча хонасига кириб кетди.

* * *

Бу тун ҳатто ўз хонаси ҳам худди қабристонни эслатарди. Хона деворлари, дераза, ҳар бир бурчак Манзуранинг кўзига балодек кўрина бошлаганди.

Шу кўйи чамаси икки соатча кўз юммади. Ётган ерида қайғурди, алам чекди, аммасини хаёлан қарғади. Ота ва онасининг арвоҳларини хаёлан қошига чорлади. Улардан нажот сўради. Йўл кўрсатишларини сўради. Афсуски, ҳануз сукунат ҳукмини ўтказарди. Арвоҳлар ҳадеганда бўй кўрсатавермас, ҳатто белги ҳам беришмасди.

Манзура тунни ана шундай зулмат, сукунат ва аламда ўтказди. Тонг ёришиб, узоқ-яқиндан хўрозлар қичқириғи қулоққа чалина бошлади. Маҳалла сўфиси Мўмин кал чўзиб азон чақирди. Манзура эса дақиқа сайин, сония сайин руҳан ҳайдалишга, ҳақоратларга, аччиқ қисмат етовларига ўзини тайёрлади. Биларди, Работқишлоқнинг чоллари, кампирлари, нуронийлари қишлоқдан яллачи чиқишини ҳеч қачон ҳазм қила олишмайди. Улар буни шармандалик ва ширк деб аташади. Чол-у кампирларга замонни ҳам, даврни-ю, санъатни ҳам уқтириб бўлмайди. Шуларни билгани учун Манзура шошилмасдан ўрнидан қўзғалди-да, энг керакли буюмларини халтачага жойлади. Шу аснода қачонлардир ўзи томоша қилган бир фильмни кўз олдига келтирди. Фильм олис тарихда бўлиб ўтган воқеадан сўзларди. Ҳақиқат излаган, ёшлар замон билан ҳамнафас яшашини истаган шоирни қишлоқ аҳли тошбўрон қилганди ўшанда. Шоир шўрликнинг тилинмаган, ёрилмаган, қон чиқмаган ери қолмаганди. Наҳотки, уни ҳам ўша шоирнинг кунига солишса? Йўқ, ҳозирги замон ундай зўравонликларни кўтармайди. Бироқ қишлоқдагилар унинг яллачилик қилишига, тўйма-тўй кезишига ҳам тек қараб турмайди. Жуда бўлмаганда, ғийбатини қилишади, кўчага чиқса, кўрсаткич бармоқларини бигиз қилганча бир-бирларига кўрсатишади, ёнидан ўтадигани борки, атайин овоз чиқариб қарғайди, ҳақоратлайди, таҳқирлайди. Хўш, шундайлар орасида яшаб бўладими? Йўқ, албатта. Бундай яшагандан Манзура ўзини Бачқирариқми, коллекторми, ишқилиб, суви пишқириб оқадиган бирор анҳорга ташлаб чўккани маъқул…

* * *

Тонг буткул ёришиб, кўчаларни сигир-бузоқларнинг мўъраши тутган бир пайтда Манзура кўчага кийиладиган кийимларини эгнига илди-да, эҳтиёт шарт яна бир бор буюмлар жойланган халтани кўздан кечириб олди. Кейин эса қўл телефонини олиб соатига қаради. Саккиз яримдан ошибди.

Беихтиёр Муроднинг рақамини терди. У ҳам узоқ кутдирмади.

Дарров гўшакни олди.

— Ҳа, Манзура, нима гап? — сўради у уйқусираганроқ товушда. — Тинчликми?

— Ака, мени қишлоқдагилар ҳайдаб солишармиш, — деди Манзура ўпкаси тўлиб. — Нима қилишни билмай қолдим. Ҳализамон қишлоқ катталари чиқишармиш. Аммам мени ҳимоя қилмасмиш. Ҳайдашса, қурийсан, аммо бирор ерга жойлашганингдан кейин адрисингни берасан, бермасанг, милисага айтиб кунингни кўрсаттираман деяпти.

— Шунақами? Чиқишдими катталар ўзи?

— Йўқ, ҳадемай чиқиб қолишса керак.

— Сен ҳадеб хавотирга тушаверма! Чиқишсин, гапиришсин. Ҳайдаб солишса, менга қўнғироқ қил! Аммангдан қўрқма! Уни йўлга солиб қўямиз. Мулла минган эшакдай ювоштириб қўямиз. Сен қўрқма, сиқилма! Ҳозирги замонда валломатиям одамни ўз уйидан ҳайдаб сола олмайди. У замонлар ўтиб кетган. Асосийси-чи, ўша оқсоқолигаям, каттасигаям тилингни берма! Ҳаққингни талаб қил! Ие, нима ҳаққи бор уларнинг? Қўрқма, сингил, ҳаммаси яхши бўлади!.. Вей, сингил, яхшиси, мени кут! Ўзим бормасам бўлмайдиганга ўхшаяпти гапингдан. Кетиб қолма, кут мени!..

— Раҳмат сизга, Мурод ака, — деди йиғлашдан аранг тийилиб Манзура. — Кўнглимни кўтардингиз. Кечасиминан шу яшшамагурларни деб умуман кўз юммадим.

— Бўпти, сиқилма, ҳозир етиб бораман!..

* * *

Бозоргул аммаси қатиқ олиш учун қўшниникига кириб кетган экан. Ҳовлига қайтди-ю, Манзуранинг ясаниб олганини кўриб, гезарди. Лабини беўхшов бурганча индамай ёнидан ўтиб кетди ва зумда қатиғини тандирхонага ташлаб ортга қайтди.

— Нимани кутяпсан? — баланд овозда сўради у Манзурага яқин келиб. — Кетавермайсанми бошинг оққан тарафга? Аммо қайтиб бу уйда қорангни кўрмай!

— Амма, бу нима деганингиз? — бўш келмади Манзура ҳам. — Бу менинг уйим бўлса, ота-онамдан қолган уйим-ку! Нега эга чиқаверасиз?

— Отанг раҳматли, ҳа, ўша Пиримқул менинг укам бўлади, билдингми?!. У уйни менга васият қип кетган! Бор, яллачилигингни қилиб пул топ! Адрис-падрисингни ташлаб кетишниям унутма!

— Кетмасам-чи? — Манзура беихтиёр қайсарлиги тутди-ю, сира тап тортмай аммасига яқинлашди. — Унда нима қиласиз? Урасизми? Кучингиз етадими ўзи?

— Ие, вой балога йўлиққур-эй, — Бозоргул азбаройи тутоқиб кетганидан бир қадам олдинга ташлади. — Ҳали бу ҳунарингам борми? Кечқурун бир сиқим ҳаром пулларингни берган киши бўлиб менга қўл ҳам кўтармоқчимисан? Ана энди ўзингдан кўр, кўрнамак, етим! Ана энди кунингни кўрсатаман!..

Бозоргул зарда аралаш бошидаги дуррасини ечиб ерга отди-да, оқарган, патаклашган сочларини юлиб бор овозда бақира бошлади.

— Вой-до-од, қутқарингла-ар, яхшилар! Ким бо-ор? Ўлдириб қўяди мени бу мегажи-ин! Ёрдам берингла-ар!..

Манзура аммасининг бу тахлит «ҳунар» ларини илгари ҳам кўп кўрган. Лекин ҳар гал қўшнилар чиқиб Манзурани қоралайверишарди. Калтак еган, ҳақоратларга кўмилган у бўларди-ю, танбеҳларни ҳам ўзи эшитарди. Аммаси эса кўринганнинг раҳмини келтириб, ув тортганча йиғлашдан, арз-дод қилишдан нарига ўтмасди.

Манзура амманинг ҳайқириқларини эшитгандаёқ тош қотиб қолганди. Фақат атрофга аланглар, қўшнилар чиқишини, бошига не кунлар тушишини алақ-жалақ фаҳмларди.

Кутилганидек, дарвозанинг кичик эшиги очилди-ю, ҳовлига биринчи бўлиб Хурсанд оқсоқол, кетидан яна уч чоғли қария кирди. Уларнинг ортидан қўшни жувонлар ўзларини ичкарига уришди.

Манзура ҳануз тош қотганча турар, тиззалари билинар-билинмас титрарди.

— Ана, анави етимча етти кўча мени итарворди чуқурга! — оқсоқол ўзига яқинлашиши билан Бозоргул сира тап тортмай, оёқларини кўз-кўз қила кетди. — Мана, бува, яраларни кўряпсизми? Кўкартирворди оёқларимни!

Хурсанд оқсоқол ёнидагиларга маъноли қараб қўйди-да, аста Манзурага яқин келди.

Унинг нафратга қоришиқ ўткир нигоҳларини илғаб олиш қийин эмасди. Бунга қўшни жувонларнинг Манзурага қарата ёғдира бошлаган қарғишлари қўшимча бўлиб баттар қовоғи уйилди.

— Биз сени жуда одобли, оғир-босиқ, ўзини тутволган қиз деб ўйлардик, — деди у Манзурага таҳдидли оҳангда. — Қип-қизил яллачи эканингни сира билмас эканмиз-да-а? Қай гўрда орттира қолдинг бу ҳунарни?..

— Вой, яшшамагур-эй, — қўшимча қилди қўшни аёллардан бири. — Бунақалар уятни билармиди?!. Бузуқлик қип келгани етмай, шундай беозор Бозоргул опани дўппослаган бўлса, худо уради ўзиниям ҳали!

— Сен тилингга эрк бераверма, Хосият, — дея жувонни койиб берди оқсоқол. — Борларинг уй-уйингга!.. Хўш, қизим, жавоб берасанми?

— Бу ҳунармас, бобо, — деди Манзура ҳиёл бошини эгиб. — Бу санъат! Мен ўз санъатимдан воз кечмоқчи эмасман!

— Бизнинг қишлоқда яллачи деганидан жирканишларини билармидинг?

— Мен жирканадиган ҳеч иш қилганимча йўқ. Аммамга келсак, бор пулимни кечасиёқ тортиб олган. Энди уйга, мана шу ота-онамдан қолган уйга эга чиқмаслигим учун «жалочи»лигини соляпти. Қичқиряпти!

— Шунақа дегин? — оқсоқолнинг қовоғи баттар уйилди. — Мана шу амманг сени гўдаклигингдан опичлаб катта қилган, шуни биласанми?!.

— Қанақа катта қилганини ҳаммангиз биласиз. Уззукун кўчаларда, остонада ўтириб қон йиғлаганларимниям, бировларнинг уйида ахлатини ташиб, ит ялоғигача ювганларимниям жуда яхши биласизлар.

— Менга қара, — деди оқсоқол тоқати тоқ бўла бошлаганини очиқ намойиш этишдан тийила олмай. — Барибир сен ноҳақсан. Урадими, сўкадими, бошингдан мағзава қуядими, хўп, сиз ҳақсиз деб бош эгишинг керак. Ота-энанг раҳматлидан кейин шу Бозоргул сенга ҳам ота, ҳам эналик қилган. Қаёқдаги гапларни гапириб бизнинг бошимизни қотирма! Ундан кўра, қулоғингга қуйиб ол, агар бугундан бошлаб яна яллачиликка борадиган бўлсанг, ҳозир айтиб қўяқол! Бизнинг ортиқча вақтимиз йўқ сендақалар билан пачакилашиб ўтиришга.

— Бораман, — деди Манзура бор нафратини кўз қарашлари орқали ифода этиб. — Тўйга айтишса, албатта бораман. Сиз айтган замонлар ўтиб кетган! Қани, мени ўз уйимдан ҳайдаб кўрсин-чи, биров!.. Милисага, прокурорларга йиғлаб бораман! Нима бўлсам бўламан! Манави хотинни амма дейишгаям ор қиламан! Чиқиб кетсин уйимдан! Чиқиб кетсин!..

— Астағфирилло, — дея оҳ тортиб юборди оқсоқол. — Бу қиз ғирт шайтоннинг энаси экан-ку! Боқиб катта қилган одамни ҳайдаяпти-я! Астағфирилло!..

Оқсоқол ҳам, ёнидагилар ҳам гарчи Манзурани кўришга кўз топа олишмаётган бўлса-да, барибир тинчини ўйлай бошлашганди. Милиция, прокурор деган сўзлар орага қўшилгач, орқадаги қариялар икки қадамдан ортга тисланиб ҳам олишди. Манзура бу ҳаракатларни жуда яхши илғаб турарди.

— Энди уйимни бўшатиб қўйларинг! — Манзура шу тобда шартаки, юзсиз қиёфага киришга мажбурлигини аниқ сезиб турарди. Чунки бу одамлар билан бошқачасига гаплашиб, уларга ҳақиқатни уқтириб бўлмайди. — Нега туриб қолдиларинг? Ким бўлсангам, мен учун ҳеч кимсан! Манави аммам эса кеча тортиб олган пулларимни буёққа берсин! Боққан бўлса, керагиданам ошириб хизматини қип қўйганман! Энди йўқолсин меникидан уям! Ҳеч бирингни кўришга кўзим йўқ! Йўқо-олларинг!!!

Ҳовлидагилар, оқсоқолдан тортиб Бозоргулгача Манзуранинг гезарган ранги, важоҳатини кўриб росманасига безовталаниб қолишганди. Оқсоқол ва қариялар бировнинг уйида ўзини хўжайиндек тутиш мумкин эмаслигини идрок эта бошлаган бўлса, Бозоргул қўрқа бошлаганди. У оқсоқол кетмаслигини истарди. Лекин бу ҳолат узоққа чўзилмади. Хурсанд оқсоқол ҳарқалай сир бой бергиси келмадими, қалин қошларини учира-учира йўлига бўлса-да, кўкка боқиб юзига фотиҳа тортиб олди ва қайтадан Манзурага юзланди.

— Қизим, сени ранжитиб қўйдик шекилли. Қўй, аччиқ келганда ақл кетади-да! Нима қиласан милиса-ю, прокурорларни орага қўшиб, овора қилиб. Пулингни… Энди у масалани ўзаро келишаверасизлар! Локигин, аммангни ҳайдама, жон қизим! Нима бўлгандаям отангдан қолган ёдгор. Отанг раҳматлининг руҳи чирқиллайди-я! Майли, хўп десанг, қишлоқ йигитларини айтаман, ўртангизга девор қуриб беради. Яшайверасизлар алоҳида-алоҳида! Нима дейсан?..

Манзура жавоб бериб улгурмай, ҳовлига ҳовлиққанча Мурод кириб келди. Кўчадан туриб бақир-чақирларни эшитганми, жиддий қиёфада Манзурага яқин келди-да, қарияларга истар-истамас бош қимирлатган кўйи салом берган бўлди. Хурсанд оқсоқол уни танирди. Ўзини янада ноқулай сеза бошладими, ёнидагиларга боши билан «кетдик» ишорасини қилди-ю, ташқарига зипиллади.

Қолганлар унинг кетидан эргашди.

* * *

Мурод Бозоргулга юзланишдан олдин чўнтагидан қўл телефонини олди-да, кимгадир қўнғироқ қилди.

Ҳали телефонни қайтадан чўнтакка уриб улгурмай, ҳовлига тўрт барзанги кириб келди. Уларни кўрибми, қўшни жувонлар бир-бирларига сирли ишоралар қилганча кўчага зипиллашди. Бозоргул ҳам аллақачон шаштидан тушган, бақирмас, аксинча эшитилар-эшитилмас ҳиқиллашга ўтганди.

Мурод барзангиларга бир кўз қисиб олгач, Манзурага юзланди.

— Ҳа, синглим, нима бўлди? Ўзинг айт-чи?

— Мени қишлоқданам, уйданам ҳайдамоқчи анави хотин, — аммасини кўрсатди Манзура йиғламсираб. — Кечасидан бери қонимни ичиб ташлади.

— Шунақами? Хўш, янга, нега бундай қилдингиз? Ўтган куни гаплашгандик-ку сизминан!

Бозоргул миқ этмади. Жавоб қайтариш ўрнига крепдишин кўйлагининг бир енгига гўёки кўз ёшларини артиб олиш билан кифояланди.

— Манзура, — — деди Мурод қатъий оҳангда. — Бу уйда сен яшамайдиган бўлсанг, бошқалар ҳам яшамайди. Ҳозир нарсаларингни оласан-у, биз билан кетасан. Сени бошқа уйга жойлаштираман. Ҳовлини эса қулфлаб кетамиз. Ўв, янга, тез ашқол-дашқолларингизни олинг-да, суринг беттан! Шундай қотиб тураверсангиз, ҳозир мана бу йигитларга айтаман, суробингизни тўғрилаб қўйишади. Айтганча, Манзура, пулларни берганмидинг кеча бу хотинга?

— Ҳа, — деди Манзура аммаси тарафга зимдан назар ташлаб олиб. — Тийин-тийинигача тортволган.

— Қани, янга, пулларни эгасига қайтаринг! У пулларни сиз ишлаб топмагансиз. Бўлинг дедим!

Бозоргул Муроднинг қичқириғидан бир сесканиб олди-ю, пилдираганча ичкарига кириб кетди. Икки марта киприк қоққанчалик вақт ўтди ё ўтмади, қайтиб чиқиб бир даста пулни Манзурага тутқазди.

У чит рўмолга алланималарни тугиб олибди. Пулни бергач, тугунни ими-жимида қўлтиғига қисиб кўчага йўл олди.

* * *

Муроднинг машинасида кетиб бораркан, қишлоққа аламли тикиларди. Ҳар бир уй шу тобда кўзларига балодек совуқ кўринарди. Нафақат уй, арзимаган жажжи гиёҳ ҳам нафрат оловига ёғ сепгандек бўларди.

“Етим, камбағал, ғарибни худоям қўлламас экан, — ўйларди машина ойнасидан ташқарига ҳиссиз боқиб Манзура. — Манаман деган зўравонларни қўллайвераркан. Бойликниям беравераркан, беришдан тўхтамаскан. Уларни йиғлатмас ҳам экан. Қачон қараса, ўша арзандаларига боқаркан. Мендайлар-чи? Эна, дада, нега мени дунёга келтиргансизлар ўзи? Қийналиб адабини есин дебми? Мана, адабимни емоқдаман. Кўриб шамларинг ёнаётгандир? Ё ҳали кўриб тўймадингизми? Унда кўраверинглар! Қийналиб ўлаётганимни кўринглар, кўчаларда сарсон кезсам, манави қишлоқдагиларга ўхшаганлар таҳқирлаганда, мириқиб томоша қилинглар! Сизларнинг шамингиз ёнса бўлди! Мен… Қийналиб беравераман. Фақат сизлар хурсанд бўлсангиз бас…”

— Манзура, қалайсан? — орадаги жимликни бузиб сўради Мурод. — Йиғламаяпсанми?

— Йўқ, — деди ер чизиб Манзура. — Йиғлашга кўз ёш ҳам қолгани йўқ, ака.

— Йиғлама, атайин кулиб юр. Шунда қишлоқдошларингга ўхшаганлар, амманг кабилар ўзини ўзи еб битиради аламдан. Бугун сени шаҳардаги ўзингга ўхшаган бир раққоса қизнинг уйига жойлаштираман, — Мурод гап орасида орқада келаётган барзангиларнинг машинасига ҳам кўзгуча орқали қараб олишни унутмади. — Қишлоғингдагилар сал ўзларини босволгунларича ўша ерда тура турасан. Розимисан?

— Албатта розиман. Худо хайрингизни берсин! Узоқ умр кўринг, ака! Сиз мени қўлласангиз, сизни худо қўлласин!

— Хафа бўлма, ҳаёт аслида сен ўйлаганданам оғир ва шафқатсизроқ. Бизни қодир худо бу дунёга синаш учун юборган. Хоҳлайсанми, хоҳламайсанми, синовларни бошдан кечиришга мажбурсан. Хато қиласан, ютуқларга эришасан. Гуноҳ қиласан, савобга ҳам баъзан қўл уриб қўясан. Содир этган ҳар бир яхши-ёмон ҳаракатинг учун шу дунёнинг ўзида қисман жавоб ҳам берасан. Нима бўлмасин, одамзод бошини баланд кўтариб юриши, шукроналикдан юз бурмаслиги керак. Ана шунда худойимнинг мукофотларига сазовор бўлади…

Муроднинг фақат енгил-елпи, кундалик ҳаётда учрайдиган суҳбатларинигина тинглаганди. Ҳозирги фикрлашини кўриб Манзуранинг оғзи ланг очилди. Шунчалар билимли, тарбияли эканига сира шубҳаси қолмади. Муродга шу тобда жуда-жуда ҳавас қилди. Азбаройи таъсирланганиданми, қайтадан кўзлари ёшга тўлди. Эшитганди, биларди, Оллоҳни астойдил ўйлай бошласа, унга қалбан яқинлаша борса, одамнинг кўнгли бўшаб кетаркан. Ҳозирги йиғи келишини Манзура худди ўша ҳолатга йўйди. Хаёлан Яратган эгамга аввалгидан-да садоқатлироқ, эътиқодлироқ бўлишга онт ичди.

* * *

Машина шаҳарнинг илон изи кўчаларини кеза-кеза тўрт қаватли уй рўпарасига келиб тўхтади.

— Қани, тушақол, синглим, — деди Мурод орқа ўриндиқ эшигини очиб. — Етиб келдинг манзилингга!

Манзура пастга тушди. Улар олдинма-кетин подъездга киришди. Мурод биринчи қаватдаёқ ўнгдаги квартира қўнғироғи тугмачасини босди. Шу заҳоти эшик очилиб, паст бўйли, кўз-у юз, лабларигача бўёқ чаплаб ташланган, узундан-узун ясама киприкли қиз остонада пайдо бўлди.

— Мана, биз келдик, Дурдона, — деди Мурод Манзурани кўрсатиб. — Бошламайсанми ичкарига?

— Вой, Мурод ака, сал… Хаёл опкетибди, кечиринг! Қани, ичкарига марҳамат қилинглар!

Манзура Дурдонани кўргандаёқ яллачи эканини билиб бўлганди. Ичкарига киришгач, хоналарни зимдан кузатди.

Одмигина экан.

Дурдона ошхонадаги стол устига ул-бул қўйди.

— Дурдона, бу киши Манзурахон, — деди Мурод жилмайиб. — Яқиндагина бошлади раққосаликни. Жуда истеъдодли қиз. Яхшилаб танишиб олинглар. Бугундан бошлаб ҳар замонда бўлсаям, бирга тўйларга чиқасизлар. Хўш, гапим тушунарлими?

— Албатта, тушундим, — деди Дурдона ясама киприкларини атайин пирпиратиб. — Манзурахон билан дугона бўлиб қоламиз, хавотир олманг!

— Бўпти, унда мен кетдим. Икковингизам қулоғингизга қуйволинг. Эртага “томсувоқ”. Соат кечки тўртларда тайёр бўлиб туринглар! Иккалангиз бир бўлиб тўйни қизитасиз. Унутманг, бу суннат тўйи. Базм. Тўйга калондимоғлар, ерни тепса қум ўрнига пулнинг чангини чиқарадиганлар келади. Уқдиларингми?

Икки қиз баравар бош ирғаб Муроднинг саволига жавоб қайтаришди.

* * *

Ниҳоят икки раққоса ёлғиз қолишди. Манзуранинг ҳам ғамлари, ғуборлари аригандек енгил торта бошлаганди. Лекин янги муаммо пайдо бўлди. Дурдона Мурод кетгач, беш дақиқа ўтар-ўтмас, тусини ўзгартирди. Манзурага худди ёвга қарагандек қарай бошлади. Чамаси ўн дақиқача миқ этмай, ер остидан Манзуранинг туриш-турмушини назардан ўтказди. Ора-сирада лаб буриб олишни ҳам унутмади.

Манзура ҳам бу қизнинг ҳолатини аллақачон пайқаганди. Ўзига билдирмай, бошидан оёғигача назар ташларди. Дурдонанинг қаршисида сира паст кетишни хоҳламасди.

“Бўянишниям уддалай олмаскан, — ўйларди у атайин сумкачасидан кўзгу олиб уёқ-буёғини тартибга келтирган бўлиб. — Ёпиштириб олган кипригини қаранглар! Қинғир-қийшиқ. Шунақаям фаросатсиз бўладими қиз деган? Шу туришига осмондан келиши-чи?!. Ўзича халқ артисти-да булар! Ўртага чиқса, қўлини эплаб қимирлатишниям қойиллатишмайди. Э, худо олсин сенларни, яллачилар!. Буникида узоқ қолиб кетишимга сира кўзим етмаяпти. Ишқилиб, тезроқ кетай-да! Шу тасқараминан бир ҳафта бирга яшасам, жинни бўп қолсам керак…”

— Шундай қилиб яллачиликни ўрганяпман денг? — сўради ниҳоят Дурдона энсасини қотириб. — Устозингиз ким?

— Мурод ака, — деди атайлабдан Манзура суҳбатдошининг жиғига теккиси келиб. — Нимайди?

— Мурод ака балетмейстрмас-ку!

— Бунинг нима аҳамияти бор. Мурод ака жуда истеъдолли одам. Ҳамма иш қўлидан келади.

— Нечта тўйга боргансиз сир бўлмаса?

— Битта.

— Нима?.. — Дурдона кутилмаганда кулиб юборди. — Битта? Йўғ-э!

— Ҳа, энди битта тўйга бордим. Аммо ниятим тўйма-тўй яллачилик қилиб юришмас. Консерваторияга кирволсам, бас, ташлайман бу ишларни.

— Хўп, биттагина тўйга борган бўлсангиз, бирор нимани қойиллата олдингизми ишқилиб? Мурод аканинг сизга бошқача тикилишига қараганда, қойиллатганингиз аниққа ўхшаб қолди.

— Нимани назарда тутяпсиз? — янада жиддийлашди Манзура. — Билсак бўладими?

— Мурод акани хурсанд қилишга улгурдингизми-йўқми, шуни билмоқчийдим.

— Ҳа, анча пул ишлаб бердим. Хурсанд бўлдилар.

— Ўзингизни гўлликка солманг, — деди Дурдона. — Мен-чи, ўн йилдан бери тўйма-тўй юраман. Муродга ўхшаганларнинг юзтасини кўрганман. Уларнинг биринчи нияти пулмас, яллачининг қучоғи. Мен шуни сўрадим.

— Ҳа-а, шунақами? — совуқ кулимсиради Манзура. — Ётиш-туришни назарда тутдим денг? Йўқ, мен ҳали қиз боламан эътиборингиз учун. Кейин баъзи яллачиларга ўхшаб дуч келганнинг қўйнига кириб кетаверадиган одатим ҳам йўқ.

— Жа катта кетаверманг, айланай. Ҳали энди битта тўйга борибсиз. Олдинда қанча кўргиликлар кутиб турибди экан. Қўйнига кирмай қаергаям борардингиз. “Қисм”даги улушингизни камайтириб, кейин шарт қўйса, шунақа илондай сирғалиб қўйнига кирасизки, ўзингизам билмай қоласиз.

— Ўчир чакагингни, — Манзура бу ҳақоратга тоқат қила олмади. Дафъатан ўрнидан туриб кетди. — Мени ким деб ўйлаяпсан? Ўзингга ўхшатяпсанми? Эплаб киприк ёпиштиролмас экансан-у, ўргатишингга ўлайми?!.

Дурдона ҳам баттар энсаси қотиб шошилмасдан ўрнидан турди.

— Сен меникида қолмайсан, — деди у лаб тишлаб. — Тўрт томонинг қибла. Сендақа олифтачаларни кўришга кўзим йўқ. Кейин айтиб қўяй, эртага базмда хонадаги “файз”ни олишга мен кираман. Тағин бурнингни тиқиб юрмагин! Хафа қиламан!

— Кириб ўлгин, билдингми? — шивирлади Манзура. — “Файз” тугул, ўша қорни қаппайганларнинг бошқа нарсасиниям олиб ўл!..

Манзура қўлига буюмлар солинган халтани олди-да, ташқарига йўл олди. Кўчага чиққандан кейин кетишга шошилмади. Қўлига телефонини олиб Муродга қўнғироқ қила бошлади. Гўшакни олгач, кўп гапириб ўтирмади.

— Мен Дурдонангизникидан кетдим, — деди у. — Агар ростданам тўйга олиб кетишни хоҳласангиз, ўзимнинг уйимга борарсиз. Мен ўз уйимда бўламан!..

* * *

Халқда раққосалар ҳақида гап кетдими, ёшу-қари дарҳол тусини ўзгартириб, уларга паст назар билан қарашини ошкор қилиб қўяди. Қиз-жувонларнинг биринчи иши эса қарғашдан иборат бўлади. Улар яллачиларни ҳеч қачон оқлаб гапиришмайди. «Бу ўзига тўғри, жуда одобли, нафс домига тушмаган, худога ширк келтирмайди, худо йўлида юради», дейилган тақдирда ҳам барибир ишонишмайди. Раққосами, яллачими, тамом, демак, у кўзлари ўйнаб, олмами-анорми териб турадиган, эркакнинг қўлида даста пул кўрса, кўз сузишдан бўшамай қоладиган бир кимса деб тушунишади. Улар ҳақ. Шаҳарда куну-тун бурчак-бурчакда туриб олганча тўйга олиб кетадиган отарчиларни кутувчи ўша яллачилар аслида раққосаликнинг яқинига ҳам бориб кўришмаган, устоз қўлида тарбия топишмаган, онадан раққоса бўлиб ҳам туғилишмаган. Уларни пул қизиқтиради. Агар талаб қилса, пули бор эркакнинг оёғини ўпишади, керак бўлса, ўзларини ҳар кўйга солишади. Ўша кўзни қамаштираётган, юракдан ҳаловатни қизғонаётган пуллар чангалига тушса бас.

Афсуски, Манзура шуларни била туриб раққосалик кўчасини танлади. Бу кўчанинг ботқоқликлари борлиги, ҳар қадамда юз-у кўзига лой чаплана боришини хаёлига ҳам келтириб кўрмади. Мана, ўша кўча бошидаёқ таҳқирнинг илк балосига тўқнаш келди. Бу бало кўксини кемириб, муштдек юрагини тилка-тилка қилмоқчи. Қўйиб беришса, балога чап беришни, шу кўчадан чиқишни, узоқ-узоқларга бош олиб кетишни ихтиёр этмоқда. Надоматлар бўлсинки, бу кўчадан чиқиш жуда оғир. Чиқиб кетишнинг сира имкони йўқ. Ҳар тарафи тўсиқлардан иборат. Чиққан тақдирда ҳам юз-кўзларига чапланиб улгурган ботқоқ лойини ҳеч бир сув билан ювиб тозалай олмайди. Умри ҳам етмайди тозалашга…

* * *

Манзура йўловчи машинада маҳалла кўча бошисигача етиб, шошилмасдан, эзгин қиёфада уйи томон кетиб борарди-ю, шуларни хаёлидан қайта-қайта ўтказар, ўтказаверарди. Яллачилик кўчасидан эсон-омон чиқиб олишни хоҳларди. Жон деб бировларнинг моллари тагини тозалаш, идиш-товоқларини, ҳатто ит ялоғини ювиб артиши муқаррарлигини қалбан ҳис этарди. Аммо қалби қайсарлигини қўймасди. Ҳадеганда ҳали чимилдиқ нелигини билмаган, шу ёшида бир олам иссиқ-совуқни кўриб улгурган қизни койиб ташлар, уни бўшангликда, қўрқоқликда, иродасизликда айбларди.

«Сен ҳали йўл бошидасан, — дерди қалби унсиз инграниб. — Олдинда сени яна қанча-қанча Дурдоналар кутиб турганини худо билади. Агар бугунги гап-сўзларни таҳқирга йўйсанг, ҳақиқий таҳқирни кўтара олмас экансан-да! Бозоргул сени не кўйларга солмаган. Томорқадан у айтган семиз ўтмас, ажриқ териб келганингда хивчин олиб савалаганлари эсингдами? Сен бир йили куз бўйи юз килолаб пахта териб ишлаб топган пулларингни қўлига тутқазганингда бозорга йўрғалаб соғин сигир сотиб олганди. Сепаратор ҳам олганди. Сен мунғайганча, бўзрайганча ўтиргансан. У коса-коса қаймоқларни сепаратордан чиқариб роса кўзингни куйдирган. Сен тамшаниб-тамшаниб олишдан нарига ўта олмагансан. Бир томчисини ҳам бермаган. Ўша кунларга чидадинг, сабр қилдинг. Арзимаган айбинг учун йўғондан-йўғон ходалар билан калтакларди. Бировга чурқ этмадинг, арз қилишни хаёлингга ҳам келтирмадинг. Тағин уни яхши кўрдинг, ҳурматлайвердинг, айтган йўриғига тушавердинг. Бугун эса арзимаган гап учун ич-этингни емоқдасан. Нега? Бунинг ўрнига эртага ўша тўйга бориб Дурдонага рақс тушиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўйсанг бўлмайдими? Наҳотки, шунчалар қўрқоқ бўлсанг? Ирода кучинг қаерга ғойиб бўлди?..»

— Ҳа, сен ҳақсан, — деди овоз чиқариб Манзура ҳовлиси дарвозасини очиб ичкарига одимларкан. — Мен энди илгариги Манзура эмасман. У Манзура ўлган. Ҳозиргиси эса сен тайинлагандек йўл тутади. Ҳеч кимга бўйин эгмайди. Ҳеч кимдан кам бўлмайди. Мен ортга чекинмайман! Кимда ким менга ёмонлик қилса, адолатсизликка йўл қўйса, аёвсиз ўч оламан. Раққоса бўламан дедимми, тамом, шу кўчанинг лойлари, ботқоқларига ботиб кетсам-да, фақат олдинга юраман. Курашаман, курашавераман!..

* * *

«Телбанинг ишини худо ўнглабди» деб бекорга айтишмаган экан. Эртаси куни Мурод Манзурани ўз уйидан ўша базмга олиб кетди. Машинада Дурдона ҳам ўтирган экан. Манзура ҳеч нарса бўлмагандек у билан самимий сўрашди, ҳол-аҳвол сўради. Лекин Дурдона ғазабнок эди. Ҳар сонияда Манзурани камситишга уринар, қандайдир аччиқ-аччиқ гаплар гапириб чақиб олишга интиларди. Манзура эса парвойига келтирмасди. Муродга турли қизиқарли саволлар берар, жавоби кулгили чиқса қотиб-қотиб, мириқиб куларди.

Мурод ҳам ҳайрон эди. Манзуранинг бу қадар «очилиши», қувноқ қизга айланиб қолишини кўриб ҳайратга тушарди. Аммо қалбининг бир четида раҳми келарди, ачинарди, шундай истеъдод эгаси хўрликлар чангалидан қутула олмаётгани унга ҳам алам қиларди…

Ниҳоят тўй, отарчилар таъбири билан айтганда, базм ҳам бошланди. Стол тузалиши, тўйдаги меҳмонлар, бақир-чақир худди ўтган сафаргисини эслатарди. Фақат бу тўйдаги меҳмон эркаклар илгаригидагига нисбатан анча сиподек, хотиржамдек туйилди.

Манзура отарчилар учун ажратилган сўрининг бир четига чўкиб Мурод етаклаб келган Хурсандбек ҳофизни зимдан кузатди. Бу йигит деярли ўзи тенгига ўхшарди. Жуда ораста кийинган, доимо табассум қилишдан, жилмайишдан тийила олмас экан.

Дурдона ўзини кўрсатгиси келдими, кела солиб Хурсандбек ҳофизнинг ёнидан жой олди. Юзларга фотиҳа тортилгани ҳамоно нималарнидир гапириб ҳофизни кулишга мажбур эта бошлади. Хурсандбек ҳам тортиниб ўтирмасди. Дурдонанинг ҳар бир гапига кулги билан жавоб қайтаришга уринарди. Яллачи ора-сирада тиззасига шапатиласа ёки юзидан аста чимдиб қўйса, баттар «хохо»ларди. Дурдона эса ҳар бир ҳаракатидан сўнг Манзура тарафга кўз ташлаб олишни канда қилмасди. Ҳар қараганда, «Кўрдингми, овсар, ҳақиқий раққоса худди мен каби абжир, киришимли, гапга чечан, бети очиқ бўлиши керак» демоқчидек билинар-билинмас лаб буриб қўярди…

* * *

Манзура Хурсандбекнинг яна бир хислатига қойил қолди. У торни жуда яхши чаларкан.

Ҳатто, илк қўшиғини бошлагандаёқ оғзи ланг очилди. Тор унинг қўлида худди булбулдек сайрарди. Қочиримларни, нолаларни икки тарафга ўрнатилган катакон колонкалар орқали юракларнинг туб-тубигача етказа олаётганди. Бунга ҳофизнинг маҳзун, баритонга яқин ёқимли овози жўр бўлгач, янада файз кирди. Манзура Хурсандбек ҳофиз то қўшиқни тугатгунча ҳайратланишдан тийила олмади.

Бироқ олдинда ўзини нималар кутаётганини тасаввур ҳам этмасди. Дурдонанинг ўзига ярашмаган қилиқлар кўрсатиб ўртага чиқиши илк аламини қўзғади. Ҳа, у ўзи сезмаган ҳолда яллачи ҳамроҳига ҳасад қила бошлаганди. Негадир унинг тутриқсиз рақслари жаҳлини қўзғай бошлаганди. Рақс санъатига буткул ёт бўлган ҳаракатлари жиғига тегиб, ҳайрати ҳам сўнди, бир неча марта беихтиёр ўрнидан туриб ҳам кетди.

Бу ҳолатини Мурод аллақачон пайқаган, шу базмда кутилмаган рақобат пайдо бўлишини, бу эса ўртага кутилганидан-да мўмайроқ пул ёғилиши учун сабаб бўлиши муқаррарлигини ҳис этиб турарди. Баъзан гоҳ Дурдонага, гоҳ Манзурага ер остидан боқиб кулиб қўярди.

Ва ўша кутилган лаҳзалар яқинлашди. Ўртакаш Манзура рақс ижро этишини эълон қилди. Хурсандбек «Лазги»ни бошлаб қолди. Манзура ўртага чиқди-да, худди янги келинлар каби меҳмонларга обдон салом қилди. Бу усулни тунда ўйлаб топганди. Чиқишини шу билан бошласа, барчанинг эътиборини тортишига ишонганди. Адашмабди. Ширакайф эркаклар ҳали рақс бошламасиданоқ қичқириб уни олқишлай кетишди. Нуроний онахонлар эса Манзуранинг бу қадар чиройли саломини кўриб астойдил дуо қилишди.

* * *

Манзура бу қадимий қўшиқнинг ҳар бир оҳангига йўл-йўлакай алоҳида қочиримлар ўйлаб топарди. Биларди, Дурдона айтганидек эркаклар қўлидаги пулларни беўхшов муқом эмас, ана шундай қочиримлар ёрдамида ҳам тортиб олса бўлади.

Ашула ярмига етмай, ҳофизга буюртма берадиганлар кўпайиб қолди. Барчалари ўзлари суйган қўшиққа Манзура рақс тушишини хоҳлашарди. Дурдона ҳам бу манзарани отарчилар сўрисида ўтирган кўйи ҳиссиз кузатарди. Йўқ, буни ҳиссиз ҳам деб бўлмайди. Негаки, у рақибасининг ҳар бир ҳаракатидан сўнг беихтиёр қимирлаб кетар, лаблари бурилиб-бурилиб қўярди.

Шу тобда ўртага ўтган сафардагидек бир эркак чиқиб келди. Бу шаҳардагидан фарқли ўлароқ калбош эмасди. Қиёфасида ҳам уришқоқлик, зўравонлик, калондимоғлик белгилари сезилмасди. Аксинча табассумга мойил, хушчақчақ одам экани кўриниб турарди.

Эркак кулимсираганча келиб Муродга юзланди.

— Ука, — деди у овозини ҳийла пасайтириб. — Бир илтимос чиқиб қолди. Нима дейсиз?

— Биз хизматда, ака, — деди Мурод ҳам суҳбатдошига жавобан жилмайиб. — Нима қилишимиз керак?

— Мана шу ўртада рақс тушаётган қизингиз бизга жуда маъқул кеп қолди-да! Агар малол келмаса, базм тугагандан кейин бизгаям алоҳида рақс қилиб берсалар! Харажатига биз туриб берамиз!

— Хўп бўлади, — деди Мурод сездирмайгина Дурдона томон кўз ташлаб оларкан. — Бир оғиз гапингиз-да, ака! Аммо…

— Тушундим, — Муроднинг сўзини кесди эркак. — Ишонинг, биз интеллегенция вакилларимиз. Ортиқча ҳаракатлар, гап-сўзларга йўл қўйилмайди. Санъатидан баҳра олсак бас.

— Тушундим, — деди Мурод. — Базм тугаши билан қайга юришни шипшитсангиз бас, қизимиз киради ҳофиз билан бирга.

— Йўқ, ҳофиз шарт эмас. Магнитофонга биз суйиб эшитадиган қўшиқлар ёзиб қўйилган. Ўша қўшиқларга раққоса қиз ўйнаб берсалар бўлди.

— Иккала раққосаям киришсинми, ё…

— Фақат ўртадагиси.

— Бўпти…

Орадан тахминан бир соатча вақт ўтгач, базм якун топди. Бу гал ҳам Муроднинг кўнгли тўлди. Манзура ҳовуч-ҳовуч пул ишлаб берди. Пуллар дойра ғилофидан тортиб, тор ғилофигача тўлиб, сиғмаганини алоҳида қора сумкага ҳам жойлашди Қолаверса, Манзура эркак айтган хонага кириб чиқса, яна пул тушади…

Манзурани Ҳусан усилителчи эркак айтган уйгача кузатиб қўядиган бўлди. Қолганлар кутиб туришига келишишди.

Хона эса беш-олтита уй нарида экан. У ерга катта кўча бўйлаб борилади. Ҳусан Манзурани тайин этилган дарвоза томон бошлади. Атроф зим-зиё, бу кўчада машиналар қатнови ҳам ҳаминқадар эди. Базм бўлиб ўтган уй атрофига қўйилган машиналаргина аҳён-аҳёнда қимирлаб қоларди.

Шу пайт олд тарафдан бир машина ўқдек учиб келиб, Манзура ва Ҳусаннинг тўғрисида тўхтади. Орқа ва олд эшиклар очилди-да, кимдир Ҳусанни тепиб юборди. Бошқа биров Манзурага ёпишди. Кўз очиб юмгунча Ҳусан ҳушини йўқотиб асфальтга думалади. Манзурани бўлса, ўша машинанинг орқа ўриндиғига куч билан ўтқазишди.

Машина гўё кинолардаги каби ўрнидан қўзғалиб, олдинга талпинганда баллонлари чийиллаб-чийиллаб кетди.

Манзура бақира олмасди. Оғзини скотчлаб ташлашганди. Шунда ҳам бу машинада неча киши борлигини тахминлай олди. Ҳайдовчини қўшмаса, машина салонида уч барваста эркак бор эди.

* * *

Одам боласи бирпасдан кейин бошига не кунлар тушиши мумкинлигини билмаскан.

Ярим соат олдин ҳам Манзуранинг орзулари бир дунё эди. Бугун ҳам катта пул ишлаб Муродни мамнун этмоқчи, ўртада рақс тушиш қанақа бўлишини Дурдонага кўрсатиб қўймоқчи эди. Бахтга қарши орзулари саробга айланди.

«Мен кимга нима ёмонлик қилибман энди? — ўйларди у скотч лабларини узиб-узиб олгудек ачиштирса-да, аранг тишни-тишга босиб. — Бировга ёмон гапирмагандим. Наҳотки, Мурод аканинг душманлари бўлса-ю, мени ўғирлаб кетиб ундан катта пул ундириш пайида бўлса? Нега? Тўғри ўзига келиб айтишса, асакалари кетармиди?..»

Ўйлаб ўйларининг охиригача ета олмади. Машина қаергадир етганда тўхтади. Олд ўриндиқда ўтирган барваста эркак пастга тушди-да, атрофга яхшилаб разм солди. Кейин орқа эшикни очди.

— Тушларинг, подвалга олиб кирларинг буни!

Барзангилар куч билан тортқилай-тортқилай Манзурани пастга туширишди.

— Қани, оёғингни ишга сол, — буюрди барзангиларнинг бири Манзуранинг билагини маҳкам сиқиб. — Жадалла, жонон!..

Ҳарқалай скотчни оғзидан олиб ташлашди. Манзура анча енгил тортди. Шу лаҳзадагина ҳаёт қанчалар ширин эканини чуқурроқ ҳис этди.

Ҳа, одамга ҳаво етарли бўлмаса, юрагини ваҳима босиб типирчилай бошларкан.

Дунё шунчалар ширин экан.

Одамнинг яшагиси келаркан…

* * *

Барзангилар Манзурани подвалга судраклаб киришди. Орқада келаётганлардан бири подвал эшигига қайтадан қулф урди.

Ичкари ёруғ эди. Ерга гилам тўшалган. Ҳар ер, ҳар ерда шкаф, қутига ўхшаган нарсалар турибди.

Тўрда эса гажакдор курси турар, курсида ингичка мўйловли, юпқа лаб, сочи олиб ташланган қирқ ёш атрофидаги захил юз эркак керилганча ўтирарди.

Ҳали Манзура унга яқинлашиб улгурмай, қаердандир ўша… Рақибаси… Дурдона пайдо бўлди.

Манзура унга кўзи тушди дегунча ҳаммасини англади. Нега олиб қочганлари, мақсадлари нелигини фаҳмлаб улгурди. Фақат бир нарсага тушунмади.

Дурдона ичкарида эди-ку! Қачон етиб келди бу ит оёғи етмас ерларга? Учиб келдими қанот бойлаб?..

Афсуски, бундай саволлар билан бошини қотиришга хоҳиши ҳам, вақти ҳам йўқ. У аламдан, нафратдан, ожизалигидан, ёлғизлигидан дод солиб йиғлашни, фарёд чекиб дунёни титратишни истарди. Шундай кунларга қолгандан кўра ўлиб кетишни хоҳларди. Қаршисидаги одамбашара шайтон малайлари тезроқ ҳаётига нуқта қўйишларидан умидвор эди. Оғзини скотчлаганларидаги ҳолати, дунёнинг жуда тотли туйилгани, яшашга иштиёқи… Барчаси қаергадир зулмат қаърига ғойиб бўлганди. Улар ўрнини яна тушкунлик эгаллаб бўлганди.

— Ў, жа кетворган қиз экан-ку-а? — деди курсида ўтирган эркак аста ўрнидан қўзғалиб. — Дурдон, шумиди сенинг бизнесингни ўлдирмоқчи бўлган?

— Ҳа, худди шу манжалақи, — деди Дурдона Манзурага яқин келиб. — Ўзича зўр раққосайканмиш. Мурод аканиям қўлга олиб улгурибди бу мараз.

— Мурод аканг анави… Нимайди… Отарчиларнинг жўрабошисими?

— Ҳа, ўша нусха, — жавоб қилди Дурдона. — Ўзича продюсер бўлволган акам ҳам. Осмондан келади гаплашсангиз.

— Хўш, қизалоқ, нега менинг Дурдонимни хапа қилдинг-а? — эркак Манзурага яқинлашди-да, иягидан кўтарди. — Таъзим қилиб, унинг раҳматини эшитиш ўрнига пул талашганмишсан? Зарда қилганмишсан? Хўш, жондан тўйдингми?

— Балки… — деди совуққонлик билан Манзура. — Ўзларингча бандитлик қилмоқчимисан? Мафиямиз деб ўйлайсанларми? Ҳали шошмай турларинг, милиция хабар топади ҳадемай.

— Нима? — эркак унинг иягини қаттиқроқ сиқди. — Мени милисаминан қўрқитяпсанми? Сен-а? Вей, ўн йил турмани гуллатиб келган боламан мен! Биласанми шуни?

— Менга нима гуллатсанг? Қўйворларинг мени яхшиликчасига! Акс ҳолда пушаймон ейсанлар!

— Қўйворамиз, — шерикларига қараб кулди эркак. — Аммо Дурдонни ранжитганингни «атрабўтка» қиб берасан. Биласанми «атрабўтка» нималигини?..

— Билмайман, нимайди?

— Жа осмонларда юраркансан-ку-а? Муҳаббатда қандайсан? «Ас»мисан?..

— Ифлос!..

Бу ҳақорати, шубҳасиз, эркакка ёқиб тушмади. Афтини бужмайтириб турди-да, дафъатан Манзуранинг юзига шапалоқ туширди. Кейин эса Дурдонага юзланди.

— Курсига ўтир, — буюрди у. — Бу ойимча ҳозир пойингда тиз чўкиб, оёқларингни ўпади. Ана ундан кейин йўлингга кўндаланг бўлмасликка сўз беради. Шу айтганларимизни қилмаса, ўлдирворамиз. Ўлигини ит ҳам топа олмайди. Коллекторга ташлаймиз-кетамиз…

Манзура аниқ сезди. Қаршисидаги совуққон бу эркакнинг муддаосини англади. Агар қотиб тураверса, бу шайтонсифатлар не кўйларга солмайди. Нимадир қилиши шарт. Токи буларнинг олдида паст кетмасин, ҳақоратланмасин, масхара бўлмасин!

«Эҳ, Мурод ака, — ўйларди Манзура хаёлан бўзлаб. — Не кунларга солиб қўйдингиз-а! Ўғирлаб кетишди, хўрлашди, барибир ўтирибсиз қўл қовуштириб. Тўғри-да, оладиган пулингизни олволгансиз. Бир етимча яллачининг нима кераги бор энди? Ўлиб кетгандаям бир тукингиз қилт этмайди…»

— Қани, тиз чўк, — буюрди эркак. — Опангнинг қаршисида тиз чўк!

— Ҳаётда тиз чўкмайман! — деди қатъий оҳангда Манзура. — Ҳали манаман деганининг олдидаям тиз чўкмаганман! Бунинг ким бўпти?!.

— Тиз чўкмай қаерга борардинг, — дея Манзурани бўйнидан маҳкам босиб чўкка тушишга мажбурлай бошлади бошқа бир барзанги. — Қани, бўл, акс ҳолда жончангни оғритиб қўямиз!..

Худо суйган бандасини хўрлатиб қўймайди. Албатта адолат қилади…

Туйқусдан кимлардир подвал эшигини тепиб бақира бошлади.

— Очларинг! Йўқса, бузиб кирамиз!..

Қўрқмаганнинг жони течта экан.

Барзангилар ташқаридагилар милиция ходимлари эканини илғаб бўлишганди.

Барчалари жон талвасасида уёқдан буёққа чопар, Дурдона эса наридаги парда ортига беркиниб олганди.

Ташқаридан қараганда, бу саҳна мушук таъқибидан қочишга уринаётган сичқонлар тўдасининг ҳаракатларини эслатарди.

«Бу кунингдан баттар бўлларинг, — кўнглидан ўтказди Манзура типирчилаганча қўлларини арқондан бўшатишга уриниб. — Қўрқмай бўпсанлар!..»

— Ёрдам берингла-ар! — қичқирди у югурганча эшик ёнига бориб. — Ўлдиришмоқчи мени! Ўлдириб қўйишади!

— Манзура, қўрқма! — ташқаридан Муроднинг товуши янгради. — Ҳозир қутқаришади, қўрқма!..

Кўз очиб юмгунча юзларига қора ниқоб тутган милиционерлар эшикни бузиб ичкарига киришди.

Бир зумда барзангилар-у Дурдона қўлга олиниб, қўлларига кишан урилди.

Шундан кейингина Манзуранинг хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Муроднинг елкасига бош қўйганча ўксиб-ўксиб йиғлади.

Мурод уни овутган кўйи ташқарига етаклади.

* * *

— Сен қўрқма, — деди Мурод Манзуранинг ҳовлисига етиб келишгач. — Бунақаси энди қайтарилмайди. Мана бу тўрт йигит сени қўриқлаб туришади.

— Мурод ака, балки менинг бу ўйиндан чиққаним маъқулдир? — сўради Манзура ер чизиб. — Кўрдингиз-ку, мени сиғдиришмаяпти. Маҳалладагиларни-ку, гапирмасам ҳам бўлади. Тинчгина одамларнинг уйида идиш-товоқ ювиб, супур-сидир қилиб юрганим яхшига ўхшайди.

— Бекорнинг бештасини айтибсан, — койиб берди уни Мурод. — Дурдона барибир қамалади. У аҳмоқлик қилиб қўйибди. Бандитларга қўшилиб олган экан. Мана, аҳмоқлиги учун энди қамалади. Сен бу хаёлларни миянгдан чиқариб ташла! Шундай истеъдодни яксон қилмоқчимисан? Хўш, идиш ювиб юрдинг, кейин-чи? Нима ўзгаради? Хор бўлиб яшашни хоҳлаяпсанми?

— Нима қилай унда? Бугун Дурдона, эртага яна бошқаси… Мен кўтара олмайман бундай оғир юкни.

— Хавотир олма, бугундан бошлаб бизнинг гуруҳда фақат сен юрасан. Бошқа раққоса чақирилмайди. Қолаверса, биз шу ҳафта охирида Сурхон водийсига жўнаб кетамиз.

— Сурхон? Нега? Уёқда нима қиламиз?

— Тўй мавсуми энди бошланди. Мавсумнинг файзини Сурхонда оламиз. Шунинг учун яхшилаб тайёрлан. Ҳовлингдан хавотир олма, махсус одамлар қўриқлашади. Амманг кирмайди бу уйга.

— Тушундим.

Мурод жўнаб кетди.

Тўрт йигит эса Манзуранинг ҳовлисини ташқаридан туриб қўриқлайдиган бўлишди. Мурод уларга Манзурани кундуз кунлари ҳам ёлғиз қўймасликни тайинлади.

* * *

Тонг ҳам отди. Эрталабдаёқ Мурод қўнғироқ қилиб тайёргарлик кўриб туришни тайинлаганди. Кечқурун никоҳ бор экан. Манзура ҳали замон Мурод айтган кун етиб келиши, олисда узоқ вақт яшаб қолиши муқаррарлигини сезиб, қадрдон қишлоғи кўчаларини айланиш, қишлоқ марказидаги дўконга бир мўралаб олишни ихтиёр этганди.

Қўриқчи йигитлар уни ёлғиз юришга қўйишмади. Ортидан соядек эргашиб катта кўчага чиқишди.

Бекор қилган экан кўчага чиқиб. Ҳатто, маҳалланинг нариги четидаги уйларда яшовчи қиз-жувонлар ҳам дўкон рўпарасида ҳозир бўлишибди. Улар дўконга ул-бул харид қилишга келмагани маълум. Барчалари Манзурани кўриш, уни масхаралаш, илож топишса, ҳақоратлаб хумордан чиқиш учунгина шу ерга йиғилишганди. Эркаклар ҳам улардан қолишмасди. Қишлоқчилик-да, баъзилари Манзуранинг ортидан эргашган кўйи беўхшов қилиқларни ошкора бир-бирларига кўз-кўз қилишар, худди шундай беўхшов кулги кўтаришарди. Қишлоқчилик-да, уларга тутаётган ишлари оддийдек туйиларди. Манзурани қўриқлаб келаётган йигитларгина энсалари қотиб муштларини тугиб олишарди. Аммо ҳеч бири бу эркакларга қарши сўз айтмасди.

Манзура дўконга яқин келди-ю, таққа тўхтади.

Сал наридаги бир гуруҳ аёллар орасида Бозоргул аммаси икки қўлини белига тираганча турар, икки кўзи Манзурада эди. У ҳозир қандайдир кўнгилсиз ҳодиса юз беришини кўнгли сезиб ортга қайтмоқчи бўлди. Бироқ энди бир қадам ташлаган эдики, Бозоргул бор овозда қичқирди:

— Ҳа, бетингдан бузилгур! Тўртта хўрознинг орасига кирволиб бизга мақтаниш учун келдингми? Ҳозир кўрсатиб қўяман сенга!

Манзура бу ҳақоратларни ҳазм қила олмади. Кечаги хўрликлар, ҳақоратлар, хавотирлар, қўрқувлар, алам-у андуҳлар тўлиб-тошиб келиб нақ бўғзига тиқилди.

У илкис ортга ўгирилди-да, югурганча бориб гезарганча турган аммасининг томоғига чанг солди.

* * *

Манзура шу тобда ўзини умуман идора эта олмасди. Аммасининг юлқиниб, унинг қўлларидан халос бўлишга уриниши баттар ғашини келтирар, Бозоргулнинг томоғини тобора қаттиқроқ сиқувга оларди. Атрофдаги аёллар, эркаклар тек қотиб туришарди. Ҳеч ким орага тушишни, амма-жиянларни айириб қўйишни хоҳламасди. Улар текин томоша пайдо бўлганидан мамнун эдилар.

Хайрият, қўриқчи йигитлар ўртага тушишди. Бири Манзурани четга олиб кетди, бошқаси Бозоргулни тинчлантиришга урина бошлади. Хотинлар эса бу манзарани кўргач, қайтадан ғимирлаб қолишди. Лаблар беўхшов бурилди. Эркакларнинг мушти тугилди.

— Ўл-а, бузуқи, — жон аччиғида саннарди Бозоргул. — Бараварига тўртта эркакнинг ўртасига кирдингми? Битта эркак кам-да-а сен манжалақига?..

— Бу қизни тошбўрон қип ташлаш керак, — луқма ташлади маҳалла аёлларидан бири. — Ҳой, эркаклар, нимага қаққайиб турибсизлар? Анавиларни уриб ташламайсизларми? Яллачи етимчани тошбўрон қилмайсизларми?

— Оғзингизга қараб гапиринг, — бир маҳал эркаклар орасида турган малласоч, узун бўйли Ботир исмли йигит қичқирган аёл томон юзланди.

У Манзуранинг синфдоши эди. Мактабда ўқиб юрган чоғларида бир неча ўн марта Манзурага севги мактуби битиб кўрган. Аммо жавоб ололмагач, сукут сақлашга мажбур бўлганди.

— Кўрдингизми бузуқлик қилганини? Ё шам ушлаб турганмидингиз тепасида?

— Вай, — бўш келмади аёл ҳам. — Ана, эргаштириб олибди-ку! Ўзига тўғри қиз тўрт эркакни орқасидан эргаштирадими?

— Уларни Манзуранинг устози қўриқчи қилиб қолдирган. Анави Бозоргул опадан ҳимоя қилгиси келган. Нима бўпти шунга?..

Шу гапни айтди-ю, Манзура томон бир қараб қўйди-да, уйи томон жадаллади.

Манзура ҳам қўриқчилар ҳамроҳлигида ҳовлисига қараб юрди. Аммо ярим йўлга етганда, бирдан тўхтаб, қўл телефонини олди ва Муродга қўнғироқ қила бошлади.

— Илтимос, анави қўриқчиларингизни чақирволинг, ака, — деди Манзура йиғламсираб. — Маҳалладаги хотинлар маломат қилишяпти. Бетим қолмади! Кўз очиришмаяпти. Мени ит емайди. Жон ака, чақирволинг!

— Бўпти, — деди Мурод. — Телефонни бер, ўзим айтаман. Сен ўзингни эҳтиёт қил! Бугун кечқурун тайёрланиб тур! Тўй бор!

* * *

Тахминан бир дақиқа вақт ўтди ё ўтмади. Қўриқчи йигитлар Муроднинг кўрсатмасига кўра, Манзура билан хайрлашишди-ю, жўнаб кетишди.

Манзура эса уйига етай деганда, илкис ортга ўгирилди. Ҳов нарида Бозоргул аммаси шошилмасдан ўзи томон келаётган экан.

— Келма, яқинлашма! — қичқирди Манзура телбаларча. — Қайт дедим орқангга, мараз, жодугар!

Бозоргул таққа тўхтади. Шу кўйи бирпас жиянига тикилиб турди.

— Бекор қиляпсан шу ишни, — деди у турган ерида. — Ўзим опичлаб катта қилгандим сен кўрнамакни! Худо кўриб турибди ҳаммасини! Бир кун ажрини тўлайсан!

— Тўласам, мен тўлайман, — янада қаттиқроқ қичқирди Манзура. — Сенга нима? Ўзинг айбдорсан! Мени қишлоққа шарманда қилдингми, энди ўзингдан кўр! Йўқол, сени кўришга кўзим йўқ!..

— Ҳали шошмай тур, — дея истар-истамас ортга ўгирилди Бозоргул. — Ҳали менинг совунимга кир ювмабсан. Шундай қилайки, онадан туғилганингга пушаймон бўлгин! Қийналиблар, тўлғониблар ўлгин илойим!

* * *

Кечқурун тўйлари бор эди. Асрга яқин Мурод Хурсандбек ҳофиз ва Ҳусан усилителчи билан бирга етиб келди. Манзура тайёр эди. Узоқ кутдирмади. Маҳзун қиёфада бўлса-да, орқа ўриндиққа ўтириб барчалари билан саломлашди.

Қишлоқ аёллари, қиз-жувонлар барибир ўша атрофда кезишдан, бир-бирларига билдирмайгина Манзурани, Муродни кўрсатиб пичир-пичир қилишдан тийила олишмаётганди. Манзура буларни сезди. Нималар деб валдирашаётганини тахминан тасаввур қилди. Шунинг учун атайлабдан қаттиқ-қаттиқ гапириб, қизиқарли ҳангомалар сўзлаб ёнидагиларни кулдириш ҳаракатига тушди. Ўзи ҳам қишлоқ аёлларига тик боққанча мириқиб кулди. Мурод бу ҳолат сабабларини билгани учун бош чайқай-чайқай Ҳусанга «кетдик» ишорасини қилди.

Машина ортида талатўп чанглар қуюнини қолдирганча елдек учиб кетди.

* * *

Бугунги тўйхонага кириб келгандан кейин Манзуранинг кўнглидаги ғашлик тумани тарқаб, анча енгил тортганди. Чунки тўйда бугун Дурдона бўлмайди. Мурод бошқа раққоса олиб келишни хоҳламади. Яна жанжал пайдо бўлишидан чўчиди.

Манзура ҳақиқий эркинликни сония сайин чуқурроқ ҳис этиб, Хурсандбек ҳофизнинг нолаларига қулоқ берди. Нолаларнинг маҳзун ва дардлилигидан қалби мумдек эриб, вужудида титроқ туйди. Қўшиқдаги ҳар бир сатр унга болалигини, яқин ўтмишини эслатаверди. Кўз ўнгида аммасидан етган заҳматлар гавдаланди. Илҳоми бор бўйини чулғаб, тезроқ ўртага чиқишни, эшилиб-эшилиб, куйиб-куйиб рақс тушишни ихтиёр эта бошлади. Рақс тушса, барча аламлари тарқайдигандек бўлаверди.

Ниҳоят унга навбат етди. Ўзи севган қўшиқ мусиқаси янграй бошлагач, одатига кўра ўртага чиқди-да, рақс бошлашдан бурун тўрт томонига эгилиб салом қилди. Чиройли ва бежирим саломдан тўйхона ларзага келди. Олқишлар, қарсаклар, ҳуштаклар-у, қичқириқлар садоси остида рақс тушишни бошлади…

* * *

Бахтга қарши бугунги тўйга ташриф буюрган бойваччалар инсоф ва тавфиқдан узоқроқ чиқиб қолди.

Тўй тугаб, келин-куёв чимилдиққа кузатиб қўйилгач, одатда отарчиларга кечки таом тортиларди.

Таом алоҳида хонада, тўй эгасининг икки-уч вакили иштирокида тановул қилинарди.

Аммо бу гал вазият бошқачароқ кечди. Ҳали асбоб-ускуналарни йиғиб улгурмай, Муродни кимдир четга тортди.

— Раққосангизни бой акалар сўрашяпти, — деди у атрофга аланглаб. — Рози қилишади. Ҳофиз икковлари ярим соатгина хизмат қилиб беришлари лозим экан.

— Гап бўлиши мумкинмас, — деди Мурод жилмайиб. — Бажонидил хизматда бўлишади. Ҳозир боришади.

— Мен бирга олиб кетишим керак экан. Улар қўшниникида ўтиришибди. Кутишяпти.

Мурод ортиқ бир сўз демади. Илдам юриб бориб Манзура ва Хурсандбек ҳофизни етаклаб келди.

— Мана, бизникилар тайёр, — деди вакилга жилмайиб. — Фақат… Узоқ қолиб кетишмаса бас. Балки… Мен ҳам бирга борарман.

— Шарт эмас, — деди вакил. — Ё бизга ишонмаяпсизми?

— Йўғ-э, — деди Мурод бош қашиб. — Ўлибманми сизларга ишонмай? Шунчаки… Майли, бораверинглар, файзини берсин!..

* * *

Улар кириб борган хона ўртасига узун хонтахта қўйилиб, усти ноз-неъматларга тўла эди. Хонтахта атрофида ўн чоғли ширакайф эркак ўтирар, ҳаммалари башанг кийинган, баъзиларининг димоғи осмонлиги кўз қарашлариданоқ сезиларди.

— Ў, — деб юборишди улар бараварига ҳофиз ва Манзура кириб келганини кўриб. — Келишди! Келишди!..

Пойгакда ўтирган ўрта яшар эркак даст ўрнидан турди-да, Хурсандбек ҳофизга юзланди.

— Ҳофиз, сен буёққа кел, — унинг тирсагидан тутиб бурчакка етаклади. — Мана шу ерда туриб ашулангни айтасан! Меҳмонларимиз қайси ашулани буюришса, ўшани айтасан. Яллачинг эса…

У сўзини тугатиб улгурмади. Тўрда ўтирган гавдали, бўйинбоғ таққан эркак Манзурани ўтирган еридан қошига чорлади.

— Қани, қизалоқ, буёққа келақол!

Бўйин товлашга, рад этишга ҳеч ким ҳақли эмас. Акс ҳолда пулсиз қолади ва шармандаларча ҳайдалиши ҳам ҳеч гап эмас.

Манзура аста бойваччанинг тепасига яқин борди.

Эркак эса киссасини ковлаб бир даста беш мингталик чиқарди ва ёнидагиларга кулиб қўйиб Манзуранинг тирсагидан тутди-да, тиззасига ўтқазиб олди.

Бу раққосалик кўчасига киргандан бери биринчи марта ўзини қафасдаги қушдек ҳис этиши эди.

Ҳали эркак қучоғини кўрмаган Манзура беихтиёр титраб кетди-ю, бироқ дарров ўзини тутиб бойваччага жилмайиб боқди. Эркак эса қўлидаги ғижимланган пулларни сира тап тортмай Манзуранинг кофтаси ичкарисига солди. Кейин белидан енгил қучиб ҳофизга юзланди.

— «Муножот»ни бошла! Яхшилаб айт, ҳофиз! Би-ир мазалашайли-ик!..

* * *

Манзура уйига етиб келганда соат тунги иккидан ошаёзганди. Йўл бўйи ўзидан ўзи нафратланиб келди. Бу нафрат ҳали-вери тарқайдиганга ўхшамасди.

Ҳатто, хаёлида бегона эркак, фаҳш, юзсизлик домига тушиб кўрмаган қиз бугун тўйда ихтиёридан четлашга мажбур этилганди. У оғзидан кўпик сачратиб бўлар-бўлмас гаплар, кулгиларга эрк берган кўзи оч эркакларнинг барча хоҳишларини сўзсиз адо этди. Улар хоҳлаганча рақс ижро этди. Айнан улар сўраган муқомлар, қочиримларга зўр берди. Натижасини бўлса, Муроднинг қўлига топширилган катта елим халтада кўрди. Бу пулларнинг ҳаммасини ўз ҳаёси, ори, номуси ва виждонидан юз буриш эвазига қўлга киритганди.

— Қанчалар разилман-а, — ўйларди у каравотида чалқанча ётган кўйи шифтга ҳиссиз тикилиб. — Қишлоқдагиларнинг арз-дод қилганларича бор. Мендайларни осиб ўлдирса кам. Мендақалар шафқатга, меҳрга лойиқ эмас. Ўлдирсинлар, осиб ўлдирсинлар!..

Шу хаёллар чангалида тўлғона-тўлғона ухлаб қолди…

Туш кўрибди. Тушида онаси раҳматли нуқул уни тортқилар, «Қоч! Қоч!» деб бақирганча аччиқ-аччиқ йиғлармиш.

— Эна, қўйворинг мени! Қўйворинг! — Манзура онасининг қўлларини нари суриб ўзини четга олармиш-у, кучи ета қолмасмиш.

Сал ўтиб отаси пайдо бўлибди. Онасининг қилаётган ишини кўрибди. Лекин ёрдамга шошилмабди. Аксинча хохолаб кулганча уни тезлайверибди.

— Қаттиқроқ бўғ, қаттиқроқ, — қичқирибди хотинига. — Бу бизни шарманда қилди! Дўзахи бу, дўзахи! Тезроқ оловга олиб бор! Куйсин, тутаблар куйсин!..

Отанинг сўзларидан шижоати икки ҳисса ошиб, онаси уни ҳов наридаги олов томон судраклаб кетибди.

Олов қаърида Манзура каби қизлар жуда кўп эмиш. Улар ҳар куйганда аюҳаннос солиб додлашар, ҳеч ким уларга эътибор қилмасмиш…

Она Манзурани судраб борибди-да, олов исканжасига улоқтирибди. Шу заҳоти мовий аланга қизни забтига олибди.

— Вой-до-од! Ёрдам бери-инг, ёрда-ам!..

Бу ҳайқириқ тушида эмас, ўнгида жаранглаганди. Манзура жонҳолатда кўзларини очди. Хона қора тутунга тўлган, бўғилиб-бўғилиб йўталарди. Ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Хонанинг бир бурчи ёниб, олов тобора Манзура томон ўрларди.

Шу пайт устига қопми, ё бошқа матоми ёпган кимса югуриб кирди-да, Манзурани даст кўтариб олди ва ташқарига чопди. Манзура ҳеч нарсани идрок эта олмас, тутун борган сари кўпроқ ичига тўла бошлар, йўтали кучайгандан кучайиб борарди.

Хайрият, қисқа муддат ичида бу кимса Манзурани катта кўчага олиб чиқди. Шундагина кўрдики, уй, ота-онасининг излари, ифорлари ва нафаслари қолиб кетган қадрдон ҳовли олов исканжасида қолибди…

Сал ўзига келгач, англади. Уни ичкаридан олиб чиққан кимса бегона эмас, синфдоши Ботир экан.

* * *

Хайриятки, Манзура айтарли жароҳат олмабди. Юзига, билакларига аланга сал тегиб ўтибди.

Ботир шошилинч ариқдаги сувдан кафтларини тўлдириб олди-да, Манзурага ичира бошлади.

— Сувни ичишинг керак, — дерди у титраб. — Ичақол! Юрагинг сал тинчланади!

Ҳовлида эса ёввойи олов сония сайин кучлироқ гуриллар, молхонадан тортиб, уйларгача қора тутун ва қип-қизил ўт исканжасида қолганди. Аксига олгандек, шарқдан қибла тарафга қараб шабада эса бошлади. Олов шабада етагида қўшни ҳовлига ҳам ўрлади…

Билмайди, қанча ўтирди, нималар деди-ю, кимларга сўз қотди…

Қишлоқ оёққа турганини англаб турар, тили сўзга айлана қолмасди. Уёқдан-буёққа жазавага тушиб чопаётган қишлоқдошларга ҳиссиз тикилганча ўтирарди.

Бу орада ўт ўчирувчилар бригадаси ҳам етиб келиб оловни ўчириш ҳаракатига тушди.

Манзура бўлаётган ишларга жонсиз нигоҳлар кўмагида боқарди…

Бир маҳал қаршисида ўтирган Ботирга кўзи тушди. Шундагина нималар бўлганини эслади. Беихтиёр кўзлари жиққа ёшга тўлиб, алам ичидан отилиб чиқиб бўғзига тиқилди. Ўкириб-ўкириб йиғлашга тутинди. Аммо йиғлай олмади. Кучи етмади. Қайтадан Ботирга боққанча лаблари титраган кўйи шивирлади:

— Менга нима бўлди?

— Уйингни кимдир ёқворибди, — деди Ботир совуққонлик билан. — Яхшиям мен кўриб қолдим. Йўқса, куйиб кул бўлардинг. Ухлаётиб ҳам сезмадингми иссиқни?

— Билмайман, — деди Манзура ер чизиб. — Тушимга… Отам, онам киришибди… Ҳа, улар мени оловга ташлашибди… “Дўзахда куй!”, деб бақиришибди.

— Ҳа-а, — деди Ботир. — Демак, ота-онанг сени огоҳлантиришибди-да! Ҳа, улар қайғуришибди. Безовта бўлишибди. Сендан хавотир олишибди. Марҳумлар ҳамма нарсани олдиндан кўра олишади!

— Сиз қаердан кеп қолдингиз, Ботир ярим кечаси?

— Менми? Пахта пунктда ишлайман-ку, билмасмидинг?!. Сменадан келаётгандим. Қарасам, ҳовлинг ичкарисидан қора тутун чиқяпти. Жоним чиқиб кетаёзди…

— Яхшиям сиз боракансиз. Раҳмат! Оллоҳ рози бўлсин сиздан!..

Шу кўйи улар анча ўтириб қолишди. Ўт ўчирувчилар оловни ўчиришди. Қишлоқ аҳли уй-уйига тарқала бошлади. Манзура ҳам анча ўзига келиб қолганди.

Аста ўрнидан туриб кетишга чоғланди.

— Кел, сени уйингга… Йўқ, уйингга кирма ҳозир. Тутун иси сасиб ётибди, касал бўп қоласан. Юр бизникига, синглимнинг хонасида дам олаверасан!

Манзура учун шу тобда бошқа йўл ҳам йўқ эди.

Ботирга итоат қилишга мажбур бўлди.

* * *

Ботирнинг синглиси Зулхумор ўзидан уч ёш кичик. Жуда меҳрибон ва хушмуомала қиз эди.

Манзура кириб келганданоқ, бошига не ишлар тушганини эшитгани учунми, ўтидан кириб кулидан чиқа бошлади. Олдига дастурхон ёзди, янги қаймоқ олиб келиб дастурхонга қўйди. Манзура бу мулозаматлар сабабчиси Ботир эканини жуда яхши илғаб турарди. Қишлоқ қизлари шунақа бўлишади. Акаси кимгадир кўнгил қўйганидан хабар топса, тамом, шу қизни бўлғуси кеннойиси сифатида қабул қила бошлашади. Бу қизга алоҳида меҳр кўрсатишади, қош-қабоғига термулишади. Хушомадга тўн кийдириб ташлашади.

— Опажон, қаймоқдан татиб кўринг, — деди Зулхумор Манзурага меҳр билан боқиб. — Кечқурун сепаратордан чиқаргандим. Ташвиш чекманг, опа, жонингиз омон қолибди-ку!..

Улар ярим соатча гаплашиб ўтиришди. Ботирнинг онаси хижолатга қўймаслик учун атайин кирмади шекилли, ҳовлида товуши қулоққа чалинмади.

Манзуранинг шу маҳалда овқат ейдиган сиёҳи йўқ эди. Юзи, бўйнидаги енгил жароҳатлар жизиллаб оғриқ бера бошлагач, Зулхумордан малҳам сўраб олди ва ўша жароҳатларга суриб чиқди. Ҳийла енгил тортгандек бўлди.

У кўзларини юмди дегунча аланга олиб ёнаётган уйи тасаввурида гавдаланар, тушида кўрганлари хаёл-у вужудини кемириб борарди. Шундай аҳволда ҳам ўз хаёлларига ўрин топа олди. Ботирнинг тепасида гиргиттон бўлгани, сал қурса Манзурага қўшилиб йиғлагудек чамаси борлигини ёдга олди. Уни ёдга олди-ю, ўзидан нафратланиб кетди. Тўйдаги ширакайф эркакларга қочиримли кулгилар, ҳаракатлар ҳадя этгандаги ҳолатини кўз олдига келди.

“Ботир, нега ўзингни бахтсизликка қараб бошлаяпсан? — ўйларди у каравотда ётганча дераза орқали тунги осмонга боқиб. — Менинг кимлигимни билиб турибсан-ку ахир! Нима учун ўзингни қийнайверасан? Қишлоқда оламан десанг жон деб турган қанча қиз бор. Улар мен каби кўча кўриб қўйган эмас. Бегона эркакка сузилишмайди. Пул учун танасини гаровга қўйишмайди. Ақлингни йиғ, мен сенга сираям муносиб эмасман…”

Шундай дерди-ю, Ботирнинг қиёфаси хаёлида гавдаланди дегунча юрак-юраги эзила бошларди. Қалбининг аллақаерида милтиллаган учқун кўзга ташланиб, аланга олиш илинжида пориллаб-пориллаб қўярди. Ҳар пориллаганда, Манзуранинг кўкси энтикиб-энтикиб кетарди. Лекин Манзура бу ҳолатни муҳаббатга йўйишни хоҳламасди. Қўрқарди. Гўё муҳаббатга йўйса-да, Ботирга изн берса, бир бегуноҳ йигитни абадул абад бахтсиз қилиб қўядиганга ўхшарди.

“Йўқ, Ботир, мен сенинг муҳаббатингни қабул қила олмайман, — ўйлашда давом этди Манзура. — Сен жудаям беғубор йигитсан. Кўркамсан, бўйи-бастинг ҳам ҳеч қайси Алпомишдан кам эмас. Шундай йигитни мен каби яллачи ўзига маҳрам этиб сайлай олмайди. Худонинг ҳам ғазаби келса ажабмас. Чунки мендайлар шайтон малайларига ўхшашади. Шайтонгина уларни йўлга бошлайди, пул деган маҳлуқни юз карра ёрқинроқ жилолантириб кўзларимизни куйдиради. Биз бўлсак, унинг қўлидаги ўша жирканч пуллар сали талпинаверамиз. Аммо иблис ҳадеганда бу пулларни қўлимизга тутқаза қолмайди. Шарт қўяди. Бу шартлар эса номусга, ҳаёга, уят-у одамийлик, мўминаликка буткул ёт ҳаракатлардан иборат. Биз яллачилар азбаройи нафсимиз қўзғалганидан барчасига рози бўламиз. Нимаики шарт бўлса, бажонидил адо этамиз…

Кўрдингми, Ботир? Мен ўшандайлар тоифасидан бўламан. Мени десанг балога қолганинг ўша. Умрингнинг охиригача азобда, қийноқда ўтасан. Ҳеч бир юпанч, илтижо сенга ёрдам бера олмайди, хотиржам торттирмайди. Шунинг учун воз кеч мендан. Бугунги яхшилигингни ҳеч қачон унутмайман. Қандай унутай? Ўзим ҳам сени кўрдим дегунча худди дўзах ўтида куя бошлайман. Юракларим эзилиб кетади. Дод деб йиғлагим, дунёни бошимга кўтариб ҳайқиргим келади. Менга сендек йигитга муносиб бўлиб туғилмаганим жуда-жуда алам қилади. Нима қилай? Орзуларимдан, ниятларимдан воз кеча олмайман. Онамнинг, отамнинг руҳига сўз берганман. Уларнинг руҳини ўртага қўйиб қасам ичганман. Албатта машҳур раққоса бўлишни кўнглимга тукканман… Кечир… Кечир…”

* * *

Мана, ниҳоят тонг ҳам отди. Зулхумор жуда эрта турган экан. Ботирнинг оанси Холниса опа Манзура билан кўришаркан, бир муддат уни қўйиб юобрмади. Унсиз, елкалари билинар-билинмас силкиниб йиғлади. Хаёлидан нелар ўтди, худонинг ўзи билди. Сўнгра дарров ўзини қўлга олиб Манзурани сўрига бошлади. Зулхумор ток остидаги сўрига чиройли қилиб дастурхон тузабди.

— Йўқ, хола, — деди Манзура қовоқ уйиб. — Уйимга бормасам бўлмайди. Ишонинг, ҳозир томоғимдан овқат ўтмайди. Ота-онам раҳматлилардан қолган уй қай аҳволда эканини ўз кўзим билан кўрмасам бўлмайди.

— Биласанми, — деди Холниса опа Манзурани қўйиб юборгиси келмай. — Ботир азонда кўчага чиқиб аниқлабди ким уйингга ўт қўйганини.

— Нима? К-кимдир ўт қўйибдими?

— Ие, қизиқчимисан? Ўзидан ўзи ёниб кетмайди-ку ҳайҳотдай ҳовли. Буни амманг Бозоргул қипти. Ҳамма эшитиб бўлганмиш. Маҳалла Бозоргулни мелисага топширвориш керак деяпти… Йўқ, қизим, ёлғиз ўзингни қўйворолмайман. Ана, Ботир бирга боради. Ўша ерда кўз-қулоқ бўлиб туради. Бозоргул жудаям иймонсиз хотин экан. Тағин ўзингниям бир бало қилиб қўймасин!..

Манзура қаршилик билдирмади. Чунки Холниса опа ҳақ эди. Кеч тушгунча ёлғиз ўзи… Ҳали худо билади. Уйи ўтириб бўладиган тахлитми ё вайрон бўлиб улгурганми… Борса кўради буни ҳам…

Ботир у билан бирга йўлга тушди. То дарвозага етгунча миқ этмади. Фақат қур-қур ер остидан Манзуранинг юзларига қараб олди. Шундай сукут қўйнида улар Манзуранинг уйига етиб келишди.

Ҳа, ҳовлининг тенг ярми ёниб кетибди. Олов теккан жой борки, ҳамон ўзидан парми, тутунми тарқатарди. Таралаётган ис ёқимсиз эди.

— Бу ерда ўтириб бўлмайди, — орадаги жимликни бузиб сўз қотди Ботир. — Одам заҳарланиб ўлиши ҳеч гапмас бу ерда. Юр, яхшиси бизникига! Кўчада ўтирмайсан-ку ҳарқалай!

— Мелисалар кеп қолиши мумкин, —деди Манзура уйининг аҳволини кўргандан бери йиғлашдан аранг тийилиб. — Келса, мен йўқ бўлсам, унда нима бўлади? Кўчада ўтиравераман! Сиз бораверинг уйингизга! Раҳмат! Мени ўлимдан қутқариб қолдингиз. Сиз бўлмасангиз, уйқумда ўлиб кетардим. Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман! Худойим рози бўлсин сиздан!

Ботир индамади. Манзурага бир қараб олди-да, ўйчан қиёфада кўкка боқди.

Шу аснода бармоқларини асабий қисирлата бошлади. Бошини қашиб олди. Илкис силтанди-да, ҳов нарига асабий бориб келди…

У ниманидир айтмоқчи бўларди, афтидан тилига кўчира олмасди.

— Манзура, — ниҳоят яқин келиб бош эгган ҳолда сўз қотди. — Нима десанг дегин-у, лекин жуда тошбағир экансан.

— Мен-а? — Манзура кутилмаган гапни эшитган заҳоти кўзлари чақчайиб Ботирга боқди. — Н-нега? Нима ёмонлик қилдим сизга?

— Мактабда ўқиб юрган пайтларимиз эсингдами? Неча марта сенга севишимни айтганман. Сен сира рўйхушлик билдирмагансан. Нуқул мени камситавергансан. Манзура, ўша севгим ҳалиям бағримни ўртайди. Сен кўз олдимга келдингми, тамом, ҳаловатим йўқолади. Ишон, сени ҳеч кимга тенглаштира олмайман. Ҳеч кимга ўхшата олмайман. Нега ҳалиям тушунмайсан? Наҳотки, юрагингда менга нисбатан заррача илиқлик бўлмаса? Шунчалик ёмонманми мен?

Манзура ортиқ тоқат қилиб тура олмасди. Тунда ўйлаганларини, тонгда миясига келган гапларни энди ошкор этиш фурсати етганини тушунди. Шундай қилса, Ботир тинчланадигандек, тушунадигандек, ҳафсаласи пир бўлиб ундан совийдигандек туйилди.

— Ботир, мени бошингизга урасизми? — деди Манзура йиғламсираб. — Мен худо қарғаган яллачиман. Тўйларда не қилиқлар қилиб ташлашимни билмайсиз-да! Пулни деб не қадамларни босмайди яллачилар. Уларнинг қалбида ўша маҳал севгидан асар ҳам бўлмайди. Яллачилар фақат нафс бандаларидек йўл тутишади. Нафсларидан бўлак ҳеч нарсани ўйламайдилар. Пул турганда муҳаббатни, туйғуни оёқости қип ташлайдилар. Ўшаларнинг бириман менам. Наҳотки, менга уйланиб бахтли бўламан деб ўйласангиз? Йўқ, бахтсиз бўласиз. Бир умр пушмон қилиб ўтасиз. Қўйинг, бу гапларни йиғиштирайлик. Дўст бўлиб қолайлик. Сиз азобда қолсангиз, ўзимни ҳеч қачон кечира олмайман. Кетинг, илтимос, кетақолинг! Мени қийнаманг! Дардимга дард қўшаверманг, ёлвораман!..

Манзура шундай деди-ю, йиғлаб юборди. Йиғи тўла кўзларини Ботир кўриб қийналмаслиги учун терс ўгирилиб олди…

Ботир эса бирпас турган ерида айлана-айлана нимадир дейишга тараддудланди. Аммо ҳеч нарса демади.

Оғир хўрсиниб олди-да, туйқусдан кўчага чопди.

* * *

… Орадан олти ой ўтди. Манзура консерваторияда шахсан Воҳид Азларовичнинг гуруҳида, унинг қўл остида ўқишни бошлади. Олти ой деганда, Мурод айтганидек, нафас машқларини ҳам ўзлаштирди. Лекин илгари ўзи севган қўшиқларни хиргойи қилиб юрганда, бу санъат тури шу қадар қийинлиги, мураккаблигини билмас экан. Қўшиқни ҳар қандай одам ҳам айта олади деб ўйларкан. Вокал бўйича дарс ола бошлагач, қўшиқчилик санъатининг ҳеч кимга маълум бўлмаган сирли жиҳатларини ўргана бошлагачгина англаб етди. Кечалари машқ қилди, муаллимлар берган ҳар бир топшириқни кўнгилдагидек бажаришга уринди. Баъзан жонидан тўйиб шартта уйга кетиб юборгиси келган пайтлар ҳам бўлди. Лекин шайтонга ҳай берди. Мақсадига худо албатта етказишига ишонди…

Умуртқа суяги ҳам анча битиб қолгандек эди. Сўнгги бир ой ичида икки ё уч марта хуруж қилди холос. Шунда ҳам кечаси уйқусида билмасдан устидаги кўрпани бир четга итқитиб ташлаган экан. Очиқ деразадан кирган муздек шабада кесилган ерига келиб урилди ва чимиллаб оғрий бошлади…

Умуман, саломатлиги тобора яхши тарафга ўзгараётганини сезмоқда. Насиб бўлса, бир йилда кўрмагандек бўлиб кетишига ишонмоқда…

Фақат бир муаммо юрагини ўртарди. Шу муаммо хаёлини чулғади дегунча ўзи сезмаган ҳолда ҳаётдан тўя бошлаганини ҳис этади. Ботирнинг баъзи гап-сўзларидан куяди, Муродга нисбатан совуққон бўлиб қолганидан қийналади…

Мана, бир ой бўлди қишлоққа кетганига. Кетаётиб ҳам юрагига бир парча муз солиб қўйди.

— Мурод пихини ёрган фирибгар, — деганди Ботир кетаётиб. — Сени «қиёматли синглим» деганига ишониб юрибсанми? Овсармисан? У пул учун ҳамма нарсага тайёр одам-ку! Ҳали кўрасан, сенга уйланиб ҳам олади. Ҳа, буни сезиб турибман. Мен олдингда бир тийинга арзимай қоламан. Ҳозир ҳам жа арзиётганим йўқ.

— Илгари рашк қиладиган одатингиз йўғиди-ку, — деганди ўшанда Манзура. — Қанча марта тўйларда кўрдингиз, рақс баҳона қандай номақбул ишлар қиганимга гувоҳ ҳам бўлдингиз. Миқ этмагандингиз. Энди бўлса, жим юрибман, бегона эркакларга сузилмаяпман, рақс тушмаяпман. Сизни кутиб вақт ўтказяпман. Нега рашк қиляпсиз? Мурод акаям, Рўзихон опаям кўнгли тоза одамлар. Билиб-билмай туҳмат қилманг бировга! Кўнгли тоза бўлмаса, мени мана шунақанги катта ўқишларга киритиб қўймасди. Судраклаб тўйма-тўй олиб юрмасди, ҳимоясига олмасди. Уйимгача таъмирлатиб, атрофимда парвона бўлмасди. Сиз туҳмат қилманг у одамга!..

* * *

Манзура шуларни ўйлаганча консерватория ҳовлисига яқинлашиб келаркан, Ботирнинг муҳаббатига юрагида бир тутам шубҳа уйғонганини ҳис этгандек бўларди. Унинг гап-сўзларини ўзича таҳлил қилиб кўрар, Ботирни бошқаларга таққосларди. Барибир ўша шубҳа устун келаверарди…

Охири ўйланаверишдан чарчади. Бир қўл силтади-ю, ичкарига кирди.

Не кўз билан кўрсинки, ҳов нарида Ботир гуруҳдоши Саломат билан чақчақлашиб турарди.

«Ие, — кўнглидан ўтказди Манзура таққа тўхтаб. — Мен бу одамни бир ойдан бери кутиб ўтирибман. Эшик тиқ этса югуриб бориб Ботир келдимикан деган умидда эшикни очардим. У-чи? Кетмаганмидикан қишлоққа? Нега? Нима учун Саломат билан қийшанглашяпти? Бу қиз ўқиш бошиданоқ менга душман бўлиб қолганини биларди-ку! Қайта-қайта ўзига арз қилиб гапириб бергандим-ку!.. Нега бундай қилди?..»

Шубҳасиз улар ҳам Манзурани кўришди. Ботир бироз ўнғайсизланган кўйи бош қаший-қаший, Саломат билан қўл бериб хайрлашди-ю, негадир ташқарига чиқиб кетди.

Манзура унинг сўнгги ҳаракатларини кўргандан бери гўё ҳайкал каби турган ерида тош қотганди. Лекин дарров ўзини ўнглаб олди. Алам аралаш бир қўл силтади-ю, аудитория томонга қараб юрди. Саломат ўттиз-қирқ қадамча нарида унга масхараомуз тикилиб турар, Манзурани бошдан-оёқ кузатиб совуқ жилмайиб қўярди.

— Ҳа, ҳофизахон, негадир кайфиятлари йўқ? — пичинг аралаш сўз қотиб Манзуранинг йўлини тўсди у. — Қаёққа шошиляптилар? Йигитингизни олиб қўйибманми? Шунга сиқиляпсизми? Кайфиятингиз тушиб кетдими? Уф-ф, нима қилай? Мен шунақа дилозор қизман!

— Йўлимни тўсма, — деди иложи борича ўзини босишга уриниб Манзура. — Ниятинг нима ўзи? Нега нуқул менга пичинг отаверасан? Арпангни хом ўрдимми?..

— Ваҳ, ўлиб қолама-ан, — икки ёндан ҳайрон қараганча ўтиб кетаётган талабаларга кўз қисиб кулди Саломат. — Қишлақилигингга борасан-да барибир! Ўв, ҳофиза! Буюк ҳофиза, мен шаҳарликман! Шаҳарда арпа экилмайди, билдингми? Арпани-чи, ҳов қишлағингга бориб ўравер хоҳлаганингча! Бу ерни шаҳар деб қўйибди, шаҳар!

— Хўп, мен қишлақиман, — деди Манзура асабий лаб тишлаб. — Сен нега асабимга ўйнайверасан? Айт муддаоингни!

Саломат дафъатан жиддий тортди-да, атрофга аланглади. Яқин орада ҳеч ким уларга эътибор бермаётганига амин бўлгач, Манзуранинг билагидан тортқилади.

— Юр, ҳожатхонага кирайлик, ўша ерда гаплашамиз!

— Шу ерда гапиравер!

— Қўрқяпсанми? Қуён юракмисан? Қўрқма, еб қўймайман! Тирик қоласан! Гапларимни айтаман-у, сурасан сразу!

Манзуранинг ҳам унинг қаршисида паст кетгиси келмасди. Билагига ёпишган қўлини бир силтаб олиб ташлади-да, олдинга тушди.

— Бўпти, юр, кўрамиз!..

Ҳожатхонага кирганлари ҳамоно Саломат эшикни ичкаридан қулфлади-да, кутилмаганда Манзуранинг томоғига чанг солди. Илгариги аҳволи бўлса, бу қизга сўзини бериб қўймасди. Лекин барибир умуртқаси нобоплиги панд берди.

Саломатга кучи етмаслигини тушуниб етди. Аммо сирини ҳам бой бермади. Унинг томоғига чанг солган қўлини маҳкам ушлаганча аламли шивирлади.

— Ҳа, нима? Шуми боринг? Айт, нима қип берай? Пул берайми?

— Пулингни-чи, бир ерингга тиқвол, — деди баланд овозда Саломат. — Бугундан кейин Азларовичнинг концертларига мен бораман, билдингми? Агар яна олдига тушиб йўрғалаганингни кўрсам, бўғиб ўлдираман! Тушундингми ё ҳозир бўғиб қўя қолайми?..

— Сенам ўша концертни бир жойингга тиқвол, — бўш келмади Манзура ҳам. — Кўзим учиб тургани йўқ жа концертма-концерт юраман деб. Азларовичнинг ўзи опкетгандан кейин…

— Бормайсан! — томоғини қаттиқроқ қисди Саломат. Манзура нафас етишмаганидан хириллай бошлади. Яна сал қаттиқроқ қисса ҳушини йўқотгудек даражада кўзлари тиниб кетаётганини ҳис этди. Саломат ҳам ранги ўзгарганини сезди чоғи, дарҳол қўлини тортиб олди. Ва ими-жимида ташқарига йўналиш асносида кўрсаткич бармоғини Манзуранинг пешонасига тиради-да, қулоғига шивирлади:

— Бу гал концертга мен бораман. Йўрғалаганингни кўрсам, ўлдираман!..

* * *

Манзура азбаройи асабийлашганидан кун қандай ўтганини ҳам гўёки пайқамади. Ҳар Саломатга кўзи тушганда, юраги аламга тўлар, кучли нафрат устун кела бошларди. Шайтон даст ўрнидан туриб бориб Саломатни юлиб ташлашга ундарди. Бу орада домла уни дам олиш куни болалар уйида концерт борлигидан яна огоҳ этди. Манзура айтай-айтай деди-ю, негадир тили бора қолмади. Худога солди-ю, уйига қайтди.

Бир тарафдан эса Ботирнинг қилиғи эсига тушиб баттар жиғибийрон бўларди. Унга алдовлари, Саломат билан тургандаги ҳолати жуда алам қиларди.

«Нега бундай қиляпти? — ўйларди у. — Мен нима ёмонлик қилдим унга? Бошида айтдим, рад этдим, бу йўлдан қайтаришга уриндим. Шуни деб балоларга йўлиқдим. У-чи? Юзингда кўзинг демай, душманим билан чақчақлашиб турибди. Мен билан саломлашмадиям! Одам шунчалик ҳам юзсиз, безбет бўладими?..»

Шу пайт ташқари эшик безовта тақиллай бошлади. Манзура илкис ҳушёр тортди-ю, аста, эҳтиёткорлик билан йўлакка чиқиб ташқарига қулоқ тутди. Подъездда сукунат ҳукм сурарди.

«Ботир келди шекилли, — ўйлади у ҳамон қулоғини динг қилиб. — Киритмайман песни! Ўлиблар кетсин ўша мегажин билан! Менга унинг кераги йўқ!..»

Шундай ўйлар билан руҳи тушиб ортга қайтишга тутинганди, ташқарида таниш овоз жаранглади.

— Манзура! Сингилжоним, уйдамисан?

«Вой, акам келибди-ку!..»

Манзура ҳовлиққанча бориб эшикни очди.

Ҳақиқатан қаршисида қўлида бир халта майда-чуйдалар кўтарганча Мурод кулиб турарди.

— Ухлаб қолганмидинг дейман, синглим? — ичкарига кириб тўғри ошхонага ўтди-да, қўлидагини стол устига қўйиб яна орқага қайтди Мурод. — Нега кўзларинг қизариб кетибди. Қовоқларинг шишибди. Тинчликми? Ие, нега йиғлаяпсан?..

Манзура тўлиб турганди.

Ортиқ ўзини идора эта олмади.

Муроднинг елкасига бошини қўйди-ю, йиғлаб юборди.

— Э, бу ишинг сира ёпишмади, жон синглим, — Мурод уни эркалаб, тинчлантириб залга олиб ўтди ва диванга ўтқазиб, ўзи ҳам ёнига чўкди. — Кимсан консерватория талабасисан. Шундай бахтли инсон ҳам йиғлайдими? Нима бўлди, сингилжон? Айт, фақат йиғламай айт! Биласан-ку, сен йиғласанг, мен қийналиб кетаман!

— Хўп, йиғламайман, — Манзура шоша-пиша кўз ёшларини қўлидаги дастрўмолчага артди-да, бош эгди.

— Гапирмайсанми? Ким хафа қилди?

— Тўйиб кетдим ҳаммасидан, акажон, — барибир йиғламсираб гап бошлади Манзура. — Нега мен шунақа туғилган эканман? Нуқул турткилашади, масхаралашади, таҳқирлашади.

— Ие, кимнинг ҳадди сиғди сени таҳқирлашга? — Мурод беихтиёр ўрнидан туриб кетди ва Манзуранинг икки елкасидан тутди. — Айт, ким у мараз?..

— Бугун… Ботирни кўрувдим. Аҳмоқ бўлиб келишини кутиб юраверибман. У бўлса… Менинг гуруҳимдаги Саломат деган қиз билан ҳиринглашиб турибди бугун қарасам. Менга масхараомуз қараб қўйди холос. Бир туки қилт этмадиям. Ҳеч бўлмаса саломлашмадиям! Ахир, ўша Саломат менинг душманим. Домла нуқул мени хайрия концертларга опкетавергани учун кўришга кўзи йўқ. Ўша ярамас ҳам бугун четга олиб ўтиб бўғиб қолди. Сал бўлмаса ўлдириб қўяёзди. Жиддий огоҳлантирди. Домлага концертга бормайман деб айтармишман. Айтмасам, ўлдирармиш. Кейин… Ботирни тортиб олганини кўз-кўз қилиб устимданам кулди ифлос.

— Ҳали шунақами? — Мурод қўлларини Манзуранинг елкасидан тортиб олди-да, асабий лаб тишлади. — Очиғи, илгаритдан ўша билан учрашиб гаплашишингга қаршийдим. Сенга айтмасдим холос. Лекин сени деб елиб-югуришини кўриб фикримдан қайтгандим. Ростданам синглимни яхши кўраркан, куёв бўлса шунчалик бўлар-да, деб хурсанд бўловдим. Мана бу гапингдан кейин ҳамма гапларимни қайтволдим, Манзура. Эндиям ўша ит билан гаплашишингга қаршиман. Майли, сен индама, уни ўйламаям, фақат ўқишингни ўйла. Ботирниям, ўша сенга душманлик қилиб юрган қизниям ўзимга қўйиб бер. Азларовичнинг гуруҳидан ҳайдаттирвораман керак бўлса… Вой, ифлослар-ей!..

— Менам Ботирнинг аввал айтган гапларини сиздан яширардим, — деди Манзура Муроднинг гапидан кўнгли тоғдек кўтарилиб. — Нуқул сизга рашк қилаверарди. Кўз очишга қўймасди. Нимаймиш, сиз фақат пул туфайли менга яхшилик қилиб юрганмишсиз. Сизнинг ниятингиз бузуқмиш.

— Сен билан бизни Оллоҳ кўриб турибди, — деди қаттиқ ранжиганини сир тута олмай Мурод. — Гапираётган гапларимиз, ўйлаган ўйларимизгаям Яратганнинг ўзи назар солиб кузатиб турибди. Мен сени чин кўнгилдан яхши кўрдим, синглим йўғиди, шу қиз менга сингил бўлар деб умидландим. Худойимга шукр, адашмабман. Ҳозир… Ишонсанг, қоп-қоп семириб юраман юрган йўлимдаям. Сен мени ака деб қабул қилганинг учун шундай хурсандманки, Худойим гувоҳ!..

Манзура шунча пайт мулоқот қилиб, бирга юриб Муроднинг кўзи ёшланганини кўрмаганди.

Ҳозирги ҳолатини кўриб қўрқиб кетди. Жонҳолатда Муродни қучоқлаб олди.

— Акажон, мени юпатиб энди ўзингиз йиғлайсизми? — деди титраб-қақшаб. — Бўҳтон тарқатганлар, туҳмат қилганларни ер ютади, акажон! Менам сиз билан фахрланавераман, сизминан опажонимни ўйлайвераман. Баъзида бахтимга кўз тегиб қолса-я, деб қўрқиб ҳам кетаман!.. Сиз энди ҳам акам, ҳам отамсиз, акажон!..

— Раҳмат, синглим, — Мурод тез ўзини қўлга олиб аста ортга тисланди. — Бўлди, йиғламаймиз. У ифлослар кўз ёшларимизга арзимайди… Ие, асосийси эсдан чиқибди-ку!

— Нима? — Манзура ҳайрон бўлиб Муродга тикилди. — Нима эсингиздан чиқибди?

— Ҳозир иккаламиз дўкон айланишимиз керак эди-ку!

— Дўкон? Нега, ака?

— Ие, ўзлариниям эсларида йўқми дейман, хоним афандим? Яхшима-ас, яхшима-а-ас!

Манзура қўрқиб кетди. Нимани унутганини сира топа қолмади.

Яна Муроднинг ўзи вазиятни юмшатди.

— Эртага опажонингнинг туғилган куни-ку! Эсладингми?

— Вой, мен ўлиб қўя қолай-й! — Манзура азбаройи хижолат тортганидан икки кафти билан бошини чангаллаб олди. — Шундай санани унутибманми?

— Майли, — деди кулиб Мурод. — Ҳозир дўкон айланиб арзирли совға сотволамиз. Кейин қишлоққа жўнаймиз. Қўрқма, меникига борасан, қишлоғингга жўнатмайман ўлсам ҳам. Домлаларниям огоҳлантириб қўяман. Туғилган кунни ўтказамиз-у, яна иккимиз шаҳарга қайтамиз. Хўш, маъқулми таклифим?

Манзура росманасига тўлиб бораётганди. Муроднинг ҳар бир чакана ҳазили вужуд-вужудида сингиллик меҳрини уйғотгани сайин кўзлари жиққа ёшга кўмила бошлаганди.

Аммо бу қувонч, шукроналик ёшлари эди.

* * *

Рўзихон опасининг туғилган кунига бориб вужудидаги жами ғуборлар тарқагандек, жуда енгил тортди.

Опаси шунчалар кучли меҳр кўрсатдики, Манзура хижолатдан ерга киргудек бўлиб борар, Мурод эса бу хижолатпазликни ҳазил-ҳузул билан тарқатиб юборарди…

Аммо шаҳарга қайтгандан кейин ҳам юрагининг бир четидаги туман тарқамади. Ботирни эсламасликка, қўл силташга уринарди. Бахтга қарши, салдан кейин кўз олдида Ботирнинг қиёфаси намоён бўлаверарди.

Унинг Саломат билан чақчақлашиб тургани, у томонга ҳиссизгина қараб қўйиб бурилганча кетиб қолгани кўнглини оғритаверарди. Энди-энди муҳаббатга ошно бўла бошлаган қалби тўкилиб-тўкилиб кетарди…

Дарсда ҳам қандай ўтирганини идрок эта олмади. Билгани, Саломат дарсда кўринмагани бўлди.

Акаси гаплашиб гуруҳдан ҳайдаттирибди шекилли.

Аммо бу ҳам Манзурага таскин бермади. Алам кўксини кемираверди.

Шундай хаёллар билан подъезга кирган ҳам эдики, Ботир деворга суянганча турганини кўрди.

Уни кўриб кўнгли бирдан ёришди. Қалбининг тубидаги ўша туман тарқай бошлаганини ҳис этди.

Лекин кўнгил тубидаги оғриқ қайсарликни қўймади. Бу оғриқ шу қадар ёқимсиз кеча бошладики, Манзура дод солишдан аранг ўзини тийиб турарди.

Атайин саломлашмади. Уйга киритмоқчи эмасди. Бироқ Ботирни тўхтатиб қолишга кучи ҳам етмасди. Қолаверса, бошқа кўнгли Ботирнинг уй ичкарисига кириши учун жон деб турарди.

Икковлари ҳам сўзсиз ичкарига киришди. Манзура гўё ёнида ҳеч ким йўқдек, севимли ашулаларидан бирини хиргойи қилганча ошхонага ўтиб газга чой қўйди. Ҳар кунги одати. Дарсдан келади-ю, қайноқ чой билан бир дона шоколад ейди…

— Индамай тил тишлаб ўтираверамизми? — ниҳоят ўртадаги жимликни бузиб сўради Ботир. — Арпангни хом ўрмагандим шекилли? Нега ҳеч бўлмаса, салом берай демайсан? Ё…

— Салом? — Манзура қўлидаги шоколад бўлагини стол устига қўйди-да, Ботирга юзланди. — Сизгами? Кимсиз ўзи? Нега сўроқсиз бу уйга кирдингиз? Биров чақирганмиди сизни?

— Қўй-да энди, вой-бў-ў, — дея Ботир гавдасини орқага ташлади. — Мурод акажонинг жа яхши устозлик қиляптими дейман-да-а? Жа мағрур бўп қоптилар?

— Акамга тил теккизманг, — деди Манзура даст ўрнидан туриб. — У менинг акам, билдингизми?!. Сиз-чи? Ҳеч киммассиз? Ҳа, Саломатхонингиз бугун чақирмадими? Ё ўшанинг олдидан келдингизми? Мақтангингиз келдими? Билиб қўйинг, менга фарқи йўқ. Ким билан гаплашяпсиз, чақчақлашяпсиз, менга бир пуллик қизиғи йўқ. Энди илтимос, уйни бўшатиб қўйинг! Ҳализамон акам кеп қолади.

— Ў, шунақами? Акажонингиз рашк ҳам қиладиларми? Жа апоқ-чапоқ бўп кетибсизлар-да унда-а?

— Сизга нима?

— Менам ердан чиққаним йўғиди. Шунчалик оёқости қилмасанг бўларди.

— Ким кимни оёқости қилди? Сиз эмасми оёқости қилган? Уялмай гапиришингизни қаранг яна! Боринг, кетинг! Асабимга тегяпсиз!

— Шунақами? Тугадими муҳаббат? Қорлар ёғиб излар босилдими? Энди раққоса хонимга ҳеч ким керак бўлмай қолдими? Ишлари битиб, эшаклари лойдан ўтдими?

— Менинг эшагим йўқ. Оғзингизга қараб гапиринг!

— Унда эшитвол, менам жа сен ўйлаганчалик анойи, овсармасман. Ҳали кўрасан, ўша акажонинг ишини битириб, сендан фойдаланиб, жонига теккан кунинг бир тепиб ҳайдайди. Унақалар фақат пулингга ошна. Кўзингни каттароқ оч!

— Сиздақаларнинг насиҳатига зормасман. Кета қолинг тезроқ! Одам шунчалик ҳам безбет, сур бўладими? Кет дегандан кейин кетмайдими?

— Кетаман. Шу ижара уйингда ўтираман деб ўлиб турганим йўқ. Бир гапни айтиш учун келгандим аслида.

— Айтинг-у, даф бўлинг!

— Акажонинг келса, айт, сенинг уйингни таъмирлатганда иккита молимни сотиб берганман. Ўша молларнинг пулини жойига қўйсин. Мен дуч келганга пул бераверадиган бойвачча эмасман.

Ботирнинг шунча таъналари бир бўлди-ю, сўнгги гапи бир бўлди. Манзура миясига биров гурзи билан туширган каби қалқиб кетди. Аъзойи бадани увишгандек сўз учун оғиз оча олмай анграйганча Ботирга қараб қолди.

— Ҳа, нега менга тикилиб қолдинг? — зардали оҳангда сўради Ботир кетишга чоғланиб. — Ҳаммаям пулни яхши кўради. Кейин-чи, менинг кўчада тушиб қолган пулим йўқ. Хуллас, бугун кечқурун қўнғироқ қилсин-да, учрашиб пулларни қўлимга топширсин.

— Топширмаса-чи? — атайин гапни айлантириб сўради Манзура. — Урасизми акамни?

— Уриш ҳам гап эканми? — деди Ботир оғзидан тупук сачратиб. — Жигини эзиб қўяман.

— Унда тезроқ айта қоламан. Тағин акажоним арзимаган беш-олти сўм пулни деб жигидан айрилиб ўтирмасин!

Ботир ортиқ бир сўз демади.

Манзурага бир муддат алам ва нафрат аралаш термилиб турди-да, илкис бурилиб ташқарига йўл олди.

* * *

Миннат ўти ёмон куйдираркан. Ботирнинг қилиқлари, бугун айтган гаплари ҳозиргидек алам қилмаганди. Биргина миннатли гапи кўксини тешиб ўтай деди.

Манзуранинг вужудини яна етимлик, йўқсиллик, хўрлик алангаси чирмаб олди.

Боягина Ботирни кўрганда, билинар-билинмас меҳри товланганидан, кечиришга, кўнглига озор етказганига ҳам кўз юмиш пайида ҳам бўлаёзганди. Афсуски, миннатли гапи қалбини парча-парча қилди. Ёруғ дунёга йўқсил бўлиб келганларига пушаймонлар еди.

Каравотига оҳиста чўкаркан, ўпкаси тўлиб кетди. Лекин йиғламади. Лабларини қаттиқ тишлаб бўғзидан отилиб чиқишга шай турган фарёдни нари ҳайдай олди.

Ўзини қўлга олди. Муроднинг сўнгги сўзларини ёдга олди.

Ботир кабилар бир томчи кўз ёшига ҳақиқатан арзимаслигини чуқурроқ англаб етди.

* * *

Эртаси куни кўнгли анча равшан тортибди. Тунда тиниқиб ухлагани боисми, Ботир билан бўлиб ўтган ёқимсиз суҳбатни унутгандек бўлди.

Бугун ҳам Саломатнинг дарсда кўринмагани янада далда берди. Бир балодан қутулганига шукр қилди. Бу Муроднинг иши эканига амин бўлиб, янада яйради. Энди ҳеч ким таъқиб этмаслигига ишона бошлади.

Кундузи консерваторияда яна кичик концерт уюштиришган экан. Концертда унга ҳам навбат беришди. Ўзи суйган қўшиқлардан бирини айтиб берганди, залдагилар тик турганча олқишлашди. Азларович домла ташқарига чиққандан кейин ҳам астойдил дуо қилиб елкасига қоқди.

Буларнинг барчаси Манзурага гўё қанот бағишлаганди. Қўйиб беришса, қишлоғига учиб бориб, дугоналарига бахтини, омадини кўз-кўз қилгиси келиб кетди. Аммо бу ҳозирча орзулигича қолади. Муроднинг режасига амал қилишдан бўлак чораси йўқ. Акаси унга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайди. У бир нарсани мўлжаллагандирки, қишлоққа боришини ортга сургандир…

Манзура ана шундай ёқимли ўйлар, ҳислар оғушида катта кўчага чиқди-да, бекат томон кета бошлади.

Ҳа, ҳозироқ уйга боради-да, Мурод акасига қўнғироқ қилади. Ютуқларини айтиб мақтанади. Акасини хурсанд қилади…

Йўқ, олдин Рўзихон опасига сим қоқади. Мириқиб гаплашади. Ундан кейин акасига қўнғироқ қилади.

Шу тобда қора “Жип” катта тезликда келди-да, Манзуранинг йўлига кўндаланг бўлди. Хаёлга берилиб кетганиданми, сал бўлмаса, машинага ўзини уриб олаёзди.

Машинанинг ойналари қорайтирилганди. Шу сабабли ичидагиларни кўра олмади.

Ҳали четроққа ўтиб улгурмай, машинанинг олд эшиги очилди. Кетидан орқа эшик очилиб, икки барзанги уни ўраб олди.

— Оҳ, ҳофиза шумиди ҳали? — Манзурага қарама-қарши тургани масхарали тиржайиш қилиб Манзурага еб қўйгудек қараб шеригига кўз қисди. — Жа кетворган экан-ку-а? Ҳофизаларни бунчалик зўр бўлади деб ўйламовдим, Жамшид.

— Ҳа энди, бу зўридан экан-да, — деди шеригига жавобан бошқаси. — Қани, хонанда синглим, машинага ўзингиз чиқасизми, ё кўтариб ўтқазиб қўяйликми?

— Йўлдан қочларинг, — деди ҳозир хунук бир ҳодиса юз беришини кўнгли сезиб Манзура. — Машинанг ўзингга буюрсин. Қочларинг! Ҳозир акамга қўнғироқ қилсам, дабдалангни чиқаради.

— Ие, Жамшид, хонандамизнинг акасиям боракан, — Манзурани бармоғи билан кўрсатиб кулиб юборди қаршисидаги барзанги. — Сенам қўрқиб кетдингми?

— Ҳа-а, — деди орқада тургани. — Акасиям жа анақалардан бўлса керак-а? Бизни ўлдириб қўярмикан-а?..

Манзура бошқа сўз айтишга улгурмади. Барзангилар турта-турта уни машинанинг орқа ўриндиғига ўтқазишди…

Манзуранинг қаршилик кўрсатишлари уларга кор қилмасди. Қанча ташқарига қараб жавдирамасин, на бир таниш, на милиционер кўрина қоларди. Бақиришга уринарди. Лекин қўрқув йўл бермасди. Бақирса, ёнидаги девдек йигитлар ёнидан пичоқ чиқариб сўйиб ташлайдигандек туйиларди…

Манзура индамасликка, охирини кутишга аҳд қилди. Хаёлан бўлса-да, худога ёлворишдан тўхтамади. Яратган албатта мушкулини осон қилишига ишонди. Шу аснода шаҳарга келганларига, санъат йўлига кирганларига умрида илк бор пушаймон бўлди.

* * *

Машина ўқдек учиб шаҳар кўчаларини бирма-бир ортда қолдирганча Манзура умрида кўрмаган бир жойга етганда тўхтади.

Атрофдаги уйларнинг деярли ҳаммаси ҳашаматли эди. Уларга қараб туриб бу ерда оддий одамлар яшамаслигига амин бўлди.

Барзангилар ҳойнаҳой бақир-чақир қилмагани учун куч ишлатишга уринишмади чоғи, пастга тушгандан кейин ҳам қўполлик қилишмади. Бояги масхарали гап-сўзлар ҳам тўхтади. Уни иккаласи ўртага олган кўйи уч қават қилиб қурилган ҳовли ичкарисига олиб кирди.

Ичкарида узун йўлак зоҳир эди. Йўлак охиригача боришди-да, барзангилардан бири ўнгдаги эшикни оҳиста чертди. Сўнгра эшикни очиб Манзурага “кир” ишорасини қилди.

Манзура сира қўрқмасдан, ваҳимага тушмасдан остона ҳатлаб ичкарига кирди.

Каттакон, айланасига диван-у, сервантлар тизилган хона тўрида эса…

Саломат ўтирарди.

Манзура унга кўзи тушгани ҳамоно ҳаммасини тушунди. Беихтиёр “Алпомиш” фильмидаги кампирнинг бир гапи келди. “Қасос қиёматга қолмайди”…

Ҳа, энди кеч эди. Манзура қанча чиранмасин, аюҳаннос солмасин, барибир буларнинг қўлидан қутула олмайди. Худо ёр бўлсагина, мушкулини осон қилсагина, озод бўла олади, ихтиёри ўзига ўтади. Ҳозир эса чидашга, бардош қилишдан бўлак илож топа олмасди. Яна бир нарсага ишонардики, бу мақтанчоқ қиз барибир унга зиён етказа олмайди.

— Хуш кептилар, ҳофизахон, —деди барзангилар чиқиб кетгач, Саломат унга яқин келиб. — Ҳа, қўрқиб кетдиларми? Жа ботирийдилар-ку ўқишда! Бурнилари осмон эди-ку-а?

— Нега мени бу ерга опкелтирдинг? — сўради Манзура сир бой бермай. — Ишинг бўлса, ўқишга бориб айтсангам бўларди-ку! Ё мени шу йўлминан синдирмоқчимисан? Адашасан. Мени худодан бошқаси синдира олмайди. Шу ишни қилиб хатога йўл қўйдинг, дугона. Эртага…

— Дугона дема мани! — кутилмаганда бақириб юборди Саломат. — Сендақа қишлақилар манга дугона бўломийди! Бурнингни артларинг манга дугона бўлгунча!..

Манзурага худди шу гаплар жуда алам қила бошлаганди. Жавоб қайтариш, Саломатни тузлаб ташлаш ниятида оғиз очди-ю, улгурмади.

Нарига бурчакда яна бир эшик борлигини кўрмаган экан.

Ўша эшик оҳиста очилди-ю, қаршисида Ботир пайдо бўлди.

* * *

Буниси энди ортиқча эди. Манзура Ботирнинг юзсизларча бошқа хонадан чиқиб келиб, керилганча ўтирган Саломатнинг қўлидан ўпиб қўйиши алам қилиб кетди.

— Ҳали сен шунақамидинг? — деди Манзура эҳтиёткорона ортга тисланиб. Хаёлан шундай йўл билан қочиб қолишни мўлжаллаганди. — Ифлослигингни ўқишимда кўргандим-ку! Камлик қилганмиди? Ифлос! Шу заҳарли илон мендан ортиқ бўлдими? Пули кўп эканми? Ҳе худо олсин сендақаларни!..

Манзура Ботирга нафрат аралаш тикилиб турди-да, ташқари эшикни очиш учун қўл узатди. Бироқ қўли ҳавода муаллақ қолди. Эшик зарб билан очилди-ю, хонага икки таниш башарали барзанги ва яна бир нотаниш йигит кирди.

— Сен менинг буйруқларимни адо этмагунча ҳеч қаёққа кетмайсан! — ўтирган ерида қичқирди Саломат. — Менинг йўлимга кўндаланг бўлганинг учун ҳозир рақс тушасан. Қип яланғоч рақс тушиб, Ботир акамнинг тиззасига ўтирасан. У киши мана бу пулларни…

Саломат киссасидан бир даста қоғоз пул чиқарди-да, Ботирга тутқазди. — Мана шу пулларни жирканч сийналаринг устидан сочади. Бўл тез! Аброр, опкелларинг бу қанжиқни буёққа!

Афсуски, барзангилар қимир этмади.

Аброр дегани ўша нотаниш йигит бўлиб чиқди. У узун бўйли, шериклари каби совуққон эмас, аксинча, истарали эди.

— Нега қаққайиб турибсанлар? — янада баландроқ овозда қичқирди Саломат. — Аммамнинг бузоғига ўхшамай, опкел рўпарамга анавини!

— Биз ундай қила олмаймиз, сингил, — деди Аброр шерикларига бир қараб қўйиб. — Яхшиси, бу фикрингиздан қайтинг! Охири яхшилик билан тугамайди.

— Нима? — Саломат бу гаплардан сўнг даст ўрнидан турди-да, Манзура томон зипиллади. — Ҳозир ўзим обораман буни!

Аммо Аброр унинг йўлига кўндаланг бўлди.

— Сизга яхшиликча айтдим, — деди у Саломатга нафрат аралаш боқиб. — Биз-чи, сизгамас, дадажонингизга хизмат қилардик. Энди дадажонингизам тушини сувга айтсин. Бизга олти ойдан бери маош тўламади, бу биринчидан, манавинақанги “ишкал” ишларингиз жа кўпайиб кетди, биз бунга келишмагандик, бу иккинчидан, қаршингиздаги қизнинг акаси яқин танишим бўлади, у одамни жуда ҳурмат қиламан, бу учинчидан! Агар жаҳлимни чиқарсангиз, ҳов анави нусхага қўшиб сизниям “хапа” қип қўйишимиз мумкин. Шундай экан, тушунган бўлсангиз, секин жойингизга ўтиринг!..

Саломат ўйлаганлари бу қадар чаппасига кетишини хаёлига ҳам келтирмаганди.

Олдинига алами келиб Аброрни, ёнидаги барзангиларни тарсакилаб юборишни мўлжаллади-ю, Аброрнинг сўнгги гаплари қўрқишга мажбур этдими, бойваччанинг қизи бўлса-да, шу тобда ожизалигини тан ола бошладими, ишқилиб, миқ этмай ортга қайтди-да, боя Ботир тиржайиб чиққан хонага кириб кетди ва эшикни у томондан атайин қарсиллатиб ёпди.

* * *

— Синглим, манави шерикларим хато қип қўйишибди, — Аброр Манзурага юзланиб, мулойим оҳангда сўз қотди. — Англашилмовчилик бўпти-да! Агар бу қизнинг нияти ёмонлигини билишганда, ундай қилишмасди. Кечирасизми?

Манзура ялт этиб Аброрга боқди. Йигитнинг нигоҳларида ёвузликдан, юзсизликдан асар ҳам йўқ эди. Кўзлари кулиб турар, икки юзидан самимийлик уфуриб турарди.

— Майли, нимаям дердим, — Манзура атайин шошилаётганини намойиш этиш учун бир неча маротаба дераза тарафга қараб олди. — Ўзи бугун шунақанги ифлосларминан учрашадиган куним шекилли.

— Мен… Сизни обориб қўяман мошинамда, — Аброр ёнидагиларга маъноли қараб қўйди-да, икки ҳатлаб ташқари эшикни очди. — Ботир деган анави нусха сизга қадрдон бўлганакан деб эшитувдим, ростми шу, синглим?

Айни паллада Манзура Ботир ҳақида гапириш тугул, ўйлашни ҳам истамаётганди. Шунинг учун Аброрнинг саволига бош ирғаб қовоқ уйиш билан жавоб бера қолди.

— Шунақа номардлар ҳам бор-да, хафа бўлмайсиз, — деди Аброр ташқарига чиқишгач ярқираган “Нексия”си орқа эшигини очаркан. — Мурод ака айтганича боракан.

— Сиз акамни қаердан танийсиз? — сўради Манзура машинага чиқиб ўтиришга шошилмай. — Ё…

— Бунинг тарихи узун, — деди Аброр елка қисиб. — Мен… У инсонни жуда ҳурмат қиламан.

— Тушунарли. Айтганча… Ботирни…

— Хотиржам бўлинг, мен анави иккаласига тайинладим. Эсини киритиб қўйишади. Сизни хафа қилгани учун улушини олади.

— Ўлдиришадими? — қўрқув аралаш сўради Манзура кўзлари катта-катта очилиб. — Ундай қилишмасин! Ахир…

— Қизиқмисиз? — кулди Аброр. — Одам ўлдириш осон ишмас. Шунчаки… Оч биқинига бир-икки туширишса, кўзи очилади. Кейинги сафар номардлик қилмайдиган бўлади.

* * *

Аброр уни подъездининг рўпарасигача олиб келиб қўйди. Лекин негадир ортга қайтишга шошилмаётганини пастга тушиб тамаки тутата бошлагандан кейин сезгандек бўлди. Манзуранинг ўзи ҳам шунча яхшилик қилган одамни қолдириб уйига йўл олишга истиҳола қиларди. Шу сабабли бирпас ер чизганча тек туриб қолди. Аброр эса қўлидагини бир четга ирғитди-ю, ҳайрон бўлиб Манзурага тикилди.

— Уйингиз шу ердамиди ўзи? — сўради у юқори қаватларга бир-бир қараб олиб. — Ё адашдикмикан?

— Йўқ, шу ерда, — деди Манзура янада хижолати ортиб. — Ана, учинчи қаватдаги дераза бизники. Мен… Уйга таклиф қилай десам, ўзимдан бошқа ҳеч ким йўғиди. Ҳалиги…

— Э, синглим, сиз сира хижолат бўлманг, — кулиб юборди Аброр. — Шунга кириб кетолмай ўтирганмидингиз? Мен шу ерда қоламан. Очиғи… Буни сизга айта олмайман. Киринг, кираверинг уйингизга! Менга эътибор қилманг!

Манзуранинг янада ҳайрати ортди. Охири шундай бўлдики, Аброрни шу атрофда севган қизи бор-у, ўшани пойлаётганга йўйди ва мулойимгина хайрлашиб подъезд ичкарисига йўл олди.

* * *

Аброрнинг сўнгги гапи ҳақиқатан Манзурани шубҳага солиб қўйганди.

Гапида қандайдир сирлар яширин эканига борган сари амин бўла бошлади.

Ўйлади, фикрлади, бу жумбоқнинг ечимини топишга уринди. Қўлидан келмади. Сира ақли ета қолмади.

Охири Муродга қўнғироқ қилишга мажбур бўлди.

— Аброр деган йигитни танирмидингиз, ака? — сўради Манзура қўрқиброқ. — Узун бўйли, янги “Нексия”си боракан.

Мурод унинг гапидан овоз чиқарган ҳолда кулиб қўйди-да, дарҳол жиддийлашди.

— Албатта танийман, — деди Мурод жиддийлик билан. — У йигит мен билан тўйларга юради. Қўриқчилик қилади. Жуда ажойиб йигит.

— У ҳозир домимизнинг ёнида турибди. Негадир кета қолмаяпти. Мен қўрқяпман.

— Қўрқма, бугунги бўлиб ўтган ишларни эшитдим. Ўша Саломатингам, Ботирлариям жонимга тегди. Аброрнинг ўртоқларига тайинладим. Сал попугини пасайтириб қўйишади. Ботирни шаҳардан ҳайдаб солишларини тайинладим.

— Аброр-чи? У нега кетмаяпти?

— Аброр сени қўриқлайди эҳтиёт шарт. Билиб бўлмайди, сингилжоним. Бу ерларни шаҳар деб қўйибди. Саломатинг кутилмаганда бегона эркакларни пешонангга етаклаб келишданам тоймайди. Ўқишдан ҳайдаттирворганим алам қилиб юрибди унга. Шунинг учун қўрқмасдан ўтиравер. Аброр сени қўриқласа, ҳақини олади.

— Яна менинг дастимдан ортиқча пул сарфлайсизми? Кераги йўқ қўриқлашнинг! Кетаверсин, ака!

— Қайсарлик қилма! Мен билмасам шундай йўл тутмасдим. Дам ол, дарсларинг бўлса, тайёрлан! Айтганча, бир-икки соатдан кейин ўзим ҳам бориб қоламан! Гап бор!

— Хўп, акажон, саломат бўлинг!

* * *

Манзура гаплашиб бўлгач, телефонини стол устига қўйди-да, аста балконга чиқди.

Кўриб қолмаслиги учун жуда секин деразага яқинлашиб пастга қаради. Аброрнинг машинаси ҳануз жойида турибди экан. Ўзи эса подъезд қаршисидаги ўриндиққа ўтириб олганча телефон ковлаштириш билан банд эди.

— Шўрлик йигит, — деди овоз чиқариб ўзига ўзи. — Жуда самимий йигит экан. Кўчада ўтиради-да энди! Ичкарига чақирай десам, қўрқсам! Сени деб келган, шунча яхшилик қилган одамни кўчада қўйиш ноқулай-ку, ахир! Аммо шундай қилишга мажбурман. Одамлар ҳозир оёқмас, тили билан юрадиган бўлиб кетишган. Худо кўрсатмасин, қўни-қўшнилар кўриб ҳар хил хаёлга боришса, шарманда бўламан. Майли, акам билан келишишибдими, ўзлари билади!..

Манзура ортга қайтди-да, газга чой қўйди. Аслида томоғидан қил ўтмайди. Иштаҳаси хиппа бўғилиб бўлган Ботирни Саломатникида кўргандаёқ. Лекин барибир нимадир еб олиши шартлигини билади. Мурод оч-наҳор юрганини сезиб қолса, гап эшитишдан қўрқади.

— Акамнинг шериклариям ўзига ўхшаган самимий, меҳрибон, ҳалол одамлар экан, — деди хона деворига дардли боқаркан. — Анави Аброр айниқса, топилмас йигитга ўхшаяпти. Тўғри-да, яхши одам бўлмаса, акам шерикликка олмасди. Тўйларга юрса, демак, улар ҳали кўп кўришишлари аниқ экан. Бироқ қандайдир сирлироқ одамга ўхшаяпти… Э, бошида акамданам ҳозиргидай шубҳалангандим, қўрққандим. Тескариси бўлиб чиқди-ку!..

Манзура шу кўйи ўн-ўн беш дақиқа ўтириб қолди. Чой дамлашга ҳам ҳафсаласи бўлмай, чойнакни газ устидан олиб қўйди. Кейин яна балконга чиқди-да, қайтадан пастга қаради. Манзара ўзгармаган. Машина жойида. Аброр ҳалиям ўриндиқда ўтирган кўйи телефон ковлаш билан банд эди.

* * *

Орадан икки соатча вақт ўтди. Манзура ўринга чўзилганча хаёл суриб ётганди. Кўзи илинган экан. Ташқари эшикнинг безовта тақиллашидан уйғониб кетди ва сесканиб ўрнидан турди-да, кийимларини йўл-йўлакай тўғрилаб бориб эшикни очди.

Мурод келибди. Ёнида эса Аброр кулимсираб турарди. Одатга кўра, Манзура акасининг бағрига кириб, елкасига бош қўйди-ю, дарров ўзини нари олди.

— Хўш, яхши ўтирибсанми? — сўради ичкарига киришгач, Мурод Аброрни ҳам балкон тарафга бошларкан. — Ишқилиб, у мараз қиз зиён етказиб қўймадими сенга?

— Зиён етказиб кўрсин-чи, — деди Манзура маҳзун тортиб. — Жудаям безбет экан.

— Қўявер, бойнинг арзандаси-да! Босар-тусарини билмай қолганакан. Аброрнинг ўртоқлари беради адабини!.. Хў-ўш, синглим, бизнинг вақтимиз зиқ Аброрминан. Сени бир ишдан огоҳ қип қўяй деб бирровга кирдим холос.

— Вой, овқатланиб, гаплашиб ўтирмаймизми? — юзи тундлашиб Муродга умид билан тик боқди Манзура. — Доим келасиз-да, дарров кетиб қоласиз. Айтганча, ака, Рўзихон опамни бугун туш кўрибман. Эрталабдан берисига соғиниб ўтирибман опажонимни.

— Кўнглингни тўқ қил, — Мурод акалик меҳри товландими, Манзуранинг бошини оҳиста силаб қўйгач, давом этди. — Яқинда бориб келамиз икковимиз. Ҳозир эса эслаб қол. Агар хотирангда қолган бўлса, ўқишга кираётганингда шаҳар тўйларига обораман дегандим.

— Ҳа, эсимда.

— Ўша кун келди. Эртага катта тўй бор. Жа казо-казоларнинг тўйи. Никоҳ. Сен бош ҳофиза бўлиб борасан. Хурсандбек ёрдамчи бўлади. Ялла-паллаларни қойиллатиб туради. Эшитдинг-а, тайёр бўлиб тургин эртага, ўзимиз келиб опкетамиз. Айтганча, Аброр ҳам биз билан бирга бўлади.

Шундай деб Мурод юзига фотиҳа тортди-да, даст ўрнидан турди. Улар олдинма-кетин йўлакка чиқишди.

Мурод Манзура билан яна қучиб хайрлашди. Манзуранинг вужуди яна орзиқди. Акаси борлигидан ғурурланиш туйғуси аъзойи баданини жумбушга келтириб, титрашга, ҳаяжонланишга мажбур этди.

Аслида шу туйғу анчадан бери Манзурага жуда ёқиб қолганди. Уни вужудида туйди дегунча, кўнгли яйраб, севинчдан ёруғ оламга сиғмай кета бошларди…

Мурод шоша-пиша зиналардан пастга туша бошлади. Манзура эса зина сўнгидаги тутқичга суянганча уларни маъюс кузатиб қолаётганди.

Дафъатан кейинги қаватга тушаверишда Аброрнинг бир муддат тўхтаб, ўзига тикилганини пайқаб қолди.

Йигитнинг бу қарашларини энди кўраётганди.

Аброр бир неча сонияга унга ўтли боққан бўлса-да, илғамай қолмади.

Лекин у қадар эътибор ҳам қилиб ўтирмади. Бу тикилишни шунчаки ҳаваси келганга йўйди-ю, елка қисганча ортга қайтди.

* * *

Эртаси кунигача негадир Аброрнинг сўнгги қараши кўнглини безовта қилиб ўтаверди. Манзурага унинг хушомадгўйларча қараши сира ёқинқирамаганди.

«Ўзи эркакларнинг ҳаммасиям бир гўр экан, — ўйларди у Мурод ваъда қилган тўйга астойдил ҳозирлик кўраркан. — Фақат акамдан бошқаси. Ботириям, Аброриям ғирт хушомадгўй ва номард. Унақалардан ҳеч қачон қиз бола яхшилик кўрмайди. «Ишим битгунча, эшагим лойдан ўтгунча» қабилида иш тутишади. Ҳа, майли, менга нима? Ўзларига қийин. Ҳали худойим хоҳласа, ўша номард Ботир ҳам жазосини олади. Мени қақшатяптими, худо жазосиз қўймайди…»

Манзура ўзини мажбурлаб миясидаги Аброр ва Ботирга тегишли хаёлларни бир четга ҳайдади-да, Рўзихон опасини кўз олдига келтирди.

Ҳа, у ҳақиқий ўзбек аёлининг тимсоли экан. Шунақа одоб билан кийинаркан, маданият билан гаплашарканки, санъаткор халқи Рўзихон опадан ўзбекча маданиятни ўрганиши керак экан. Манзуранинг эса елкасига бахт қуши қўнди. Бошидан қанча мушкулотларни, оғир кунларни, аламларни ўтказмасин, акаси ва опасини кўз олдига келтиргани ҳамоно барча ғуборлари тарқайди-кетади.

Илойим акасиям, опасиям жуда-жуда узоқ яшашсин! Шунда Манзуранинг қалбида армони бўлмайди. Бирини отам ҳам акам, бирини эса онам ҳам опам дейди. Уларга суянади. Улар билан фахрланиб, ғурурланиб яшайди. Қишлоққа насибаси қўшиб, акаси айтганидек катта ҳофиза бўлиб борганда ҳам, ашула бошлашдан олдин акаси ва опасини Работқишлоқликларга таништиради. Янгитдан, атайлабдан таништиради. Токи, Бозоргул аммасига ўхшаган ваҳшийларнинг тили калимага келмай қолсин. Куйсин-у, кул бўлсин! Эҳ, қанийди ўша кунлар кела қолса тезроқ!..

* * *

Вақт ҳам аста-секин асрга яқинлаша бошлаганди. Манзура деярли тайёр бўлди. Акаси «кетдик деса бас, сумкачасини қўлига олади-ю, ташқарига чопади…

Шу тобда ташқари эшик оҳиста тақиллади. Мурод бўлса, бу тахлит секин тақиллатмасди. Демак, бошқа биров келган.

«Ҳа-а, — кўнглидан кечирди Манзура. — Анави Аброр бўлса керак. Акам учинчи қаватга чиқишга эриниб уни зипиллатган шекилли…»

Манзура истамайгина бориб эшикни очди.

Ҳақиқатан, Аброр экан.

Лекин йигитнинг ранги пахтадек оқариб кетган, қўлларидан тортиб, тиззаларигача дағ-дағ титрарди.

Манзуранинг кўнгли дарров ғаш тортди.

У бирор кор-ҳол бўлганини олдиндан сезиб, бир муддат сўзлашга ўзида куч топа олмай турди.

Аброр эса шу аҳволда Манзуранинг таклифини ҳам кутиб ўтирмай, ичкарига кирди.

Ҳозир қўрқишга ўрин йўқ эди.

Манзуранинг икки хаёли нималар бўлганини тахминлаш билан банд эди.

— Нима бўлди? Тинчликми? — ниҳоят сўрашга журъат этди Манзура. — Акам қани?..

Аброр нимадир демоққа шайланди, тараддудланди. Бироқ у ҳам шу аҳволда дарров гапириб юборадиган аҳволда эмасди.

— Гапирсангиз-чи, акам қани? — энди баландроқ овозда сўради Манзура. — Пастдами? Нима бўлди ўзи? Худойим-эй, намунча чайналасиз? Гапирсангиз-чи мундоқ!..

— Акангиз йўқ, — деди Аброр ер чизиб. — Мурод ака… Аварияга учрабди!..

— Нима? Авария? Қ-қанақасига аварияга учрайди? Қачон?

— Сизни олиш учун келаётганда, чапдаги кўчадан «Камаз» катта тезликда чиқиб, Мурод аканинг машинасини янчиб ўтиб кетибди…

Бу гаплар гўё Манзуранинг қулоғига кирмасди. Бир муддат каловланиб, гарангсиб турди-да, Аброрни ташқарига тортиқай бошлади.

— Юринг, мени акамнинг олдига оборинг! Юринг!

— Албатта, — деди Аброр эҳтиёткорлик билан Манзуранинг елкасидан тутиб. — Фақат шовқин кўтарманг, илтимос! Бу ҳам энди…

— Ўчиринг чакагингизни! — дея Аброрга нафрат аралаш боқди Манзура машинанинг орқа ўриндиғига ўтираркан. — Мени акамнинг олдига оборинг! У ўлмаган! Ўлмаган менинг акам, ўлмаган!!!

* * *

Аброр касалхона ичкарисига машинани олиб кирди-да, рулни орқа тарафга бурди.

Касалхона орқасида ўликхона бор эди.

Манзура ҳеч нарсага, ҳеч кимга қарамасдан, тўғри ўликхонага яқин бориб, эшикни куч билан тақиллата бошлади. Зум ўтмай, эшик очилиб, қаршисида оқ халат кийган баланд бўйли, қориндор, ранги захил ва совуққон эркак ҳозир бўлди.

— Нега шовқин кўтарасан, қизим? — сўради у бир Аброрга, бир Манзурага назар ташлаб. — Бу ер катта холангни уйими?

— Қочинг йўлимдан, — бақирди Манзура. — Акамни кўришим керак, акамни!..

Аброр ўзини анча идора этиб тургани боис секин врачга яқин борди-да, ётиғи билан тушунтирди.

— Ока, бугун соат кечки учларда Мурод Холиқов деган одамни опкелишувди. Аварияга учраган…

— Шунақа демайсанларми? Ҳай, қиз, ичкарига киргандан кейин бақир-чақир қиладиган бўлсанг, ташқарига ирғитвораман, билдингми? Жим кириб, жим чиқасан!

— Менга ақл ўргатманг, — деди Манзура кўз ёшларини тия олмай. — Одаммисиз ё маҳлуқдан тарқаганмисиз? Одамлар яқинини йўқотиб адо бўляпти-ю, гапирган гапингизни қаранг!..

Врач индамади. Уларга йўл бўшатди ва ортларидан ўзи ҳам ичкарига йўл олди…

* * *

Ўликхонадаги кенг, темир стол устига мурда ётқизиб қўйилганди. Фақат рақам илинган оёқларининг бир четигина кўриниб турарди. Агар бошқа вақт бўлса, Манзура ҳаётда бу жойларга кирмаган бўларди. Лекин ҳозирги аҳволида бу ўликхона эканини ҳам идрок эта олмасди.

Врач аста мурданинг юзини очди.

Манзура унга яқин бориб, кутилмаганда бақириб юбормаслик учун бўлса керак, лабларини қаттиқ тишлади-ю, бир қадам ортга тисланди. Сўнгра бир врачга, бир Аброрга жавдираб, беихтиёр мурданинг бош қисмини қучоқлаб олди.

— Ака-а-а-а!!!

Шу тобда ҳеч қандай куч уни тўхтата олмасди. Манзура гўё телба қиёфасига кирганди.

Худди акасини ҳозир анави врач музлаткичга солиб қўядигандек, бўйнидан маҳкам қучоқлаганча, йиғларди. Врач Аброрнинг кўмагида Манзурани нари тортмоқчи бўларди-ю, сира илож топа олмасди.

— Ака, нега мени ташлаб кетдингиз? — Манзура ҳарқалай бақиришдан тийилди. Шивирлаб мурданинг юзларини телбаларча силай бошлади. — Ахир… Сизни энди топгандим-ку, ака! Энди нима қиламан? Энди бу дунёда сизсиз қандай яшайман? Кимга суянаман? Ким мени сингилжоним деб эркалайди, ака? Шунчалик шафқатсизмидингиз? Мениям олиб кетсангиз бўларди-ку!..

* * *

Ҳа, Манзура учун бугунги кун дўзах азобидан-да, баттарроқ кечаётганди. Кўзлари гўё ёруғ дунёни кўрмасди, қулоқлари кар, қалби илгаригидек қайнаб турмаётганди. Муроднинг мурдаси ётқизилган алоҳида машинада кетиб борарди-ю, йиғлашдан тийила олмасди.

Қаршисидаги қовоқларини уйганча ҳадеганда уф тортиб қўяётган Аброрга ҳар алам аралаш қараганда, қаттиқроқ йиғлай бошларди.

«Қандай қилиб менинг акам аварияга учраши мумкин? — ўзига ўзи савол беришдан тўхтамасди Манзура. — Энди-энди бир-биримизга меҳр қўйганда, етимликда ўтган болалигимни унута бошлаганимда, нега акамни тортиб олдинг, худойим? Менда, акамда нима қасдинг бор эди? Акам яшаса бўлмасмиди? Ахир, ужўжабирдай жон эди-ку! Болалари етим бўлиб қолади-ку! Менинг жонимни олсанг бўлмасмиди? Энди нима қиламан? Қай деворга бош ураман? Кимга ишонаман?.. Йўқ, акамни қасддан ўлдиришган? Ҳа, атайлаб уюштиришган?..»

— Аброр, — дафъатан йиғлашдан тўхтаб сўз қотди Манзура. — Боя уйда «Камаз» чиқворди деганмидингиз?

— Ҳа, шундай бўлди? Биласизми, ҳатто кайфи тарақ одам ҳам бунақасига катта тезликда йўлга чиқмайди. Шундан кейин биз шубҳаланиб қолдик. Хавотир олманг, маросимлар ўтсин, адвокат олиб, бу ишни бошқатдан текширтирамиз. Ишонинг, айбдор албатта жазосини олади.

— Яхши, — деди Манзура бироз тинчланган бўлиб. — Айтганча, опамга хабар бердиларингизми?

— Рўзихон опагами?

— Ҳа, менинг ўнта опам йўқ-ку!

— Афсуски, ҳа, хабар бердик. Тасаввур қиламан, ҳозир кеннойи қай аҳволга тушиб ўтирган экан. Эссиз, Мурод акам ёш кетди. Болалари ёш қолиб кетди. Худо раҳмат қилсин акамизни!

* * *

Муроднинг уйи нақ қиёматни эслатарди. Аллақачон тахтадан ясалган узун ўриндиқларни қўйиб, устига кўрпачалар тўшашибди. Нарида — дарвозага яқинроқ ерда эса маҳалладагилар, қавм-қариндошлар эгнига баронас тўн кийиб, белларига шойи қийиқларни бойлаганча қўл қовуштириб туришарди.

Муроднинг жасадини олиб келган машинага кўзлари тушди-ю, дарвозага яқин турганларнинг ярми машинага, ярми ичкарига чопди.

Аброр, Муроднинг таниш-билиш, ошна-оғайнилари кўплашиб, мурда ётқизилган замбилни ҳовлига олиб кириб кета бошлашди. Қишлоқ кўчаси тоға-жиянлар, узоқ-яқин қондошларнинг дод-войига тўлди.

Манзура ҳам замбилнинг ён томонида бир қўлини Муроднинг жасади устига қўйганча қон йиғлаб борарди.

Ниҳоят замбилни ҳовлининг нариги четидаги уйга олиб кирадиган бўлишди.

Кимдир Манзурани тўхтатиб қолди. Зум ўтмай эса, қаршисида Рўзихон пайдо бўлди.

У тош қотган кўйи Манзурага алам билан тикилиб турарди.

Манзура аввалига нима қилишни билмай турди-да, беихтиёр Рўзихонни қучишга тутинди.

Бироқ кутилмаган ҳодиса юз берди.

Рўзихон илкис ўзини орқага олди.

— Йўқол кўзимдан шумқадам, саёқ! — ҳовлини бошига кўтариб бақира бошлади Рўзихон. — Сени деб ўлди эрим! Сен ўлдирдинг эримни, сен! Ҳозир сени…

У айлана-айлана, сал нарида човгум турганини кўриб қолди ва шаҳд билан уни қўлига олиб Манзурага яқинлаша бошлади.

— Ҳозир сениям ўлдираман! Ўласан! Миянгни ёриб ўлдираман! Йўқо-о-ол!!!

Ҳарқалай, атрофдагиларнинг бири Рўзихонни нари олиб кетди, бошқаси Манзурани кўча тарафга етаклади.

— Синглим, хафа бўлманг, опангиз куйикда турибди, — деди қўшни эркак. — Юринг, бугунча бизникида ётиб тура қолинг! Эрталабгача сал ўзига кеп қолар опангиз. Юра қолинг?

Манзура ҳам ҳовлини тарк этишдан бўлак чора йўқлигини англаб етганди.

Қаршиликларсиз қўшни эркакнинг ортидан эргашди.

* * *

Эртаси кунга қадар нима бўлса бўлди. Манзура тун бўйи йиғлаб чиқди. Рўзихон опани тушунишга ҳаракат қиларди, аммо гуноҳи йўқлигини била туриб ҳақорат қилиши аламини кучайтираверарди.

Эрталаб бир кўнгли аста Муроднинг уйига киргиси ҳам келди. Бироқ оёғи тортмади. Тағин Рўзихон талаб қоладигандек туйилиб, ўзини тийди.

Соат кундузги ўн бирларга яқин хона эшиги аввал оҳиста тақиллади ва очилиб ичкарига Рўзихон кирди.

Манзура азбаройи қўрқиб кетганидан даст ўрнидан турди-да, бурчакка қисилишга тутинди.

— Қўрқма, сингилжоним, қўрқма, — кўзлари йиғидан қизариб кетган Рўзихон эҳтиёткорлик билан Манзурага яқинлашди. — Кечир мен аҳмоқни! Кеча дилингни оғритиб қўйдим, кечир! Агар кечирмасанг, ўзимни бир нима қип қўяман, синглим, кечи-ир!

— Мен сиздан хафа эмасман, опа, — йиғлаб Рўзихоннинг елкасига бош қўйди Манзура. — Одам ёлғизгина опасиданам хафа бўларканми? Ҳечам-да!..

— Оҳ, ўзимнинг соҳибжамол сингли-им, — дея Манзуранинг икки юзини кафтлари орасига олди Рўзихон. — Эринг уйдан ўйнаб-кулиб чиқиб кетса-ю, эртасига ўлигини опкелишса, алам қиларкан-да!..

— Қўйинг, йиғламанг, опа, — деди Манзура. — Қийналиб кетяпман менам! Акажоним менинг касримга қолди, ҳа! Бунинг учун ўзимни бир умр қарғаб ўтаман. Худо ўзимнинг жонимни олса нима қиларди? Жиянларимни сағир қип қўймаса нима қиларди?..

— Майли, кел, ўтирайлик, — деди Рўзихон ва Манзурани кўрпачага ўтқазиб, қайтадан бағрига олди. — Сен ундай деб ўзингни хароб қилмагин! Худойимнинг хоҳиши-да! Бандаларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаскан. Буёғига ўқишингни ўқигин, сира дарс қолдирмагин! Менам сенинг ёнингга кўчиб бораман. Ўзим сени ўқитаман, катта ҳофиза қиламан.

— Менга энди ўқишнинг умуман қизиғи қолмади, — деди Манзура хўрсиниб. — Акамсиз ўша ўқишлари татирмиди?

— Э, йў-ўқ, сен ўқишни давом эттирасан. Аканг уёқдан туриб бизни кузатади. Сен ўқишни ташласанг, руҳи безовта бўлади-ку!

— Тўғри айтасиз, опа, — деди Манзура. — Бунисини ўйламабман.

— Энди юр, ҳадемай, маҳалланинг хотинлари келади. Сен ёнимда турасан!

* * *

… Орадан беш йил вақт ўтди. Рўзихон ўзи ваъда берганидек, Манзурани ташлаб қўймади. Тошкентга кўчиб бориб ўзи Манзурага кўз-қулоқ бўлди. Мурод эсларига тушганда, биргалашиб йиғлашди, бир-бирларини юпатишди. Жуда бўлмаса, биргаликда қишлоққа жўнаб Муроднинг қабрини зиёрат қилишди. Ишқилиб, Манзура Рўзихоннинг бағрида камлик кўрмади, ҳар Рўзихон «синглим-синглим» қилиб эркалаганда, бир қопдан семирди.

Аброр ҳам бир сўзли йигит экан. Муроднинг кушандасини топди. У тахмин қилишганидек, Ботир бўлиб чиқди…

Афсуски, Муродга бўлган меҳрми, эътиборми ё чексиз ҳурматми, Аброр Ботирга давлат жазо беришигача чидаб тура олмади. Уч оғайниси билан бирга Ботирни Жиззах чўлига олиб кетди-ю, ростакамига ўч олди.

Ўлдиришмади. Ботирнинг умуртқасини пачоқлаб ташлашган экан. У ногирон бўлиб қолди. Аравачагина ҳаракатлана оладиган аҳволга тушиб қолди…

Фақат… Аброрнинг қамалиб кетгани Манзурага ҳам, Рўзихон опагаям алам қилди. Аммо на илож. Суд, милиция, прокуратура фақат қонунга суянади. Қонун эса ошна-оғайни, таниш-билишни тан олмайди…

Манзура ҳам акаси орзусини ҳақиқатга айлантирди.

Машҳур ҳофиза бўлди.

Рўзихон эса эри раҳматлининг касбини давом эттириб, ёлғиз синглисининг продюсерига айланди.

Ажойиб кунларнинг бирида Рўзихоннинг қистови билан Работқишлоққа борди.

Озодбой пахтачи кенжа ўғлини уйлантираётган экан.

Рўзихон ўша тўйни олганди.

Работқишлоқ тўйидаги саҳнага чиққани ҳамоно, меҳмон-у, мезбонлар тик турган ҳолда Манзурани олқишлашди. Олқишлашлар чамаси беш дақиқача давом этди-ёв!..

Кейин эса Озодбой пахтачи микрофонни қўлига олиб ашула бошлашдан олдин бир марта «Тановар»га рақс тушиб беришини сўради.

Меҳмонлар, мезбонлар янада қаттиқроқ қарсак чалиб Манзурани олқишлашди.

У эса бир неча дақиқага ичкари уйлардан бирига кириб кийимини раққосалар кийимига алмаштирди-да, худди ўша илк тўйга чиққандаги каби рақс бошлашдан олдин ҳаммага бир-бир салом қилди…

Бўй йигитлар бу саломни кўриб азбаройи жўшиб кетишганидан ҳуштак чалишдан тийила олишмади. Қиз-жувонлар астойдил қарсак чалиб Манзурани рақсга ундай бошлашди.

Қариялар эса Озодбой пахтачи ҳамроҳлигида Манзурани дуо қилишди.

Шундан кейингина Манзура рақсни бошлади.

Илк кунлардагидек эшилиб-эшилиб, куйиб-куйиб ҳақиқий рақс санъатини қишлоқдошларга ҳавола этди.

Ўртадан чиқиб кетаётганда, эркаклар ўтирган столларнинг бир бурчагида Ботирни кўриб қолди. У ногиронлар аравачасида ўтирганча, Манзурадан кўз узмас, кўзларидан дув-дув ёш оқарди.

Тамом.

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: