ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (7-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Сукунат чўкди. Мадали ўргатилганидек, хона ўртасида тиз чўкканича жим ўтирарди.

Курсда айтишган. Нафақат нафас олиши, ҳатто, тупугини ютиши ҳам баданининг баъзи жойларига ўрнатилган мини микрофонлар орқали кузатув нуқтасига етказиб берилади. Шунинг учун гавдасини тўғри ушлаши, бирор аъзосини қимир этказмасдан тутиб туришга мажбур. Лекин аксига олгандек, тез-тез оғзига тупук тўлаверди.

Йўқ, Мадали гавдасини ҳарқалай профессионал даражада руҳига бўйсундира олди. Ҳозирги ўтиришида танасидаги тукларгача «ўлик» ҳолатига кирганди.

Ана, экранлар ёқилди.

Аввалига қайсидир машҳур рус қўшиқчисининг клиплари намойиш этила бошланди.

Албатта, бу чалғитувчи намойиш. Агар шу қўшиқчига маҳлиё бўлиб қолса, гавда ўзига бўйсунишдан тўхтайди. Мушаклар сал қимирласа ҳам тамом! Чироқ ёқилади-ю, хонага яна сержант кириб келади.

Кўрибсизки, имтиҳон қайтадан бошланади.

Орадан икки соат ўтди.

Ҳамон мусиқий клиплар намойиш этишарди.

Мадали жуда чанқади.

Аксига олиб ичкари негадир қизий бошлади.

Мадалининг пешанасидан оққан терлар юзлари оша бўйнига, сўнгра пастроққа оқиб тушмоқда.

Хайрият, клиплар тўхтаб, экранда сержант айтган фигуралар пайдо бўлди.

Аммо улар орасида Мадалининг учбурчаги кўринмасди.

Орадан тўрт-беш… Ўн… Ўн икки соат ўтди.

Ҳамон учбурчакдан дарак йўқ.

Афсуски, экранлардан кўз узишга унинг ҳаққи йўқ. Ўтказиб юборса, шунча азобланганлари бир пул бўлади. Энг оғири, ўлик ҳолатда ўтиргани етмай, тўрт девордаги экранларни гавдани қимирлатмаган ҳолда кўзлар ёрдамида кузатиши лозим эди. Ана шу туфайли Мадалининг кўзлари жуда чарчади. Ҳатто, оғрий бошлади.

Йигирма бир соат. Ҳамон учбурчак кўринмайди.

“Наҳотки, мени алдашди? — кўнглидан ўтказди у. — Учбурчак йўқ-ку! Тоқатимни синашяптими ёки?..”

Ана, экран остидаги вақт ҳисоблагич йигирма тўрт соатни кўрсатяпти.

Мадалининг мушаклари, бўйин томирлари қотиб қолгандек, қаттиқ полга қадалган тиззалари ҳеч нарсани ҳис этмас, лаблари қуруқшаб, миясида кучли оғриқ пайдо бўлди.

Шу тобда рўпарадаги экранда учбурчак фигура айлана бошлади.

— Хайрият! — Мадали қувончи ичига сиғмай шоша-пиша унинг ҳажми, коди ва шу тахлит бошқа маълумотларни миясига жойлай бошлади.

Эсида тўлиқ сақланиб қолганига амин бўлгач, оҳиста товуш билан уларни такрорлашга тушди.

Йўқ. Улгурмади.

Кутилмаганда қаердадир тарақлаган товуш эшитилди.

Мадали шоша-пиша ўрнидан турди.

Бундай аҳволда ўрнидан қўзғалишнинг ўзи осон эмасди. Сал бўлмаса юзтубан йиқилаёзди. Шунда ҳам ўзини қўлга олиб товуш келган тарафни тахминан аниқлашга уринди.

Яна кечикди. То фаҳмлаб олгунича, хона эшиги очилиб кўзларига кучли нур шуъласи урилди.

Мадали тезда қўллари билан кўзларини тўсди.

— «Сержант тўғри айтган шекилли, — ўйлади у ортга тисланиб. — Булар душманларим-ку!»

— Қани, кел! — таваккал қичқирди Мадали бурчакка қисилиб олганча. — Мен тайёрман! Эркак бўлсанг, қўл билан ҳужум қил! Ташла, қуролни!

Унинг ҳайқириғига ҳеч ким жавоб бермади.

Аксинча, номаълум қадам товушлари жуда секинлик билан яқинлашиб келди.

Мадали билдики, бу ерда душман ёлғиз эмас.

Қўлларини олдинга чўзиб ҳужумни қайтаришга шайланди.

Яна кеч қолди.

Орқадан бўйни аралаш келиб тушган кучли зарба Мадалини полга қулатди.

Шундан сўнг бир неча оёқ уни кетма-кет тепкилай бошлади.

 

 

* * *

 

 

Мадали полда ётган кўйи тепкилар зарби туфайли у ёқдан-бу ёққа юмалаб бориб келар, ҳатто иҳлашга улгуролмасди.

Бир маҳал номаълум кимсалар тепишдан тўхташди. Кимдир уни ёқасидан бўғиб юқорига кўтарди.

Шу заҳоти чироқ ёқилди.

Мадалининг соғ жойи қолмаганди. Бурнидан оқаётган қон кийимларини булғаб ташлаганди.

У зўрға кўзларини очиб қаршисидагиларни танишга уриниб кўрди. Ёқасидан бўғиб турган ҳам, икки ёнида гердайганча тиржайиб турган басавлат йигитлар ҳам буткул бегона эди. Бирортасини таний олмади.

— Мендан нима истайсизлар? — аранг тилга кириб сўради Мадали қонталаш лабларини қаттиқ тишлаб.

— Агар шу саволни яна бир марта такрорласанг, ўласан! — деди рўпарасидаги мўйловли, кенг елкали, юзларини чандиқ босган йигит. — Қани, бунинг қўлларини кишанланглар!

Қолган икки йигит Мадалининг қўлларини орқага қайириб кишанлашди ва турта-турта йўлакка олиб чиқишди.

Йўлакнинг бошқа бир четига етиб боришгунча орқаси аралаш яна уч-тўрт тепки келиб тушди. Мадали индамади. Чидади. Гарчи нималар бўлаётганини тушунмаса-да, тишини тишига қўйиб, бу ҳодисанинг охирини кутди.

Йигитлар йўлак охирига етишгач, улардан бири полга тўшалган гиламнинг бир четини кўтарди. У ерда тахтадан ясалган қопқоқ бор экан. Ўшани кўтарганди, зинапоя кўринди.

— Қани, туш! — буюрди йигитлардан бири Мадалига.

Мадали итоат билан зиналардан пастга туша бошлади.

Ертўла ҳам ёруғ эди. Рўпарасида яна бир темир эшик пайдо бўлди. Очишди ва Мадалини туртиб ичкарига киритишди.

Бу ерда ёши анча улуғ, аммо нигоҳлари совуқ бир эркак ўтирарди.

— Курсига боғлаб қўйинглар бу нусхани! — деди йигитиларга у.

Улар, сўзсиз, Мадалини оғир курсига арқон билан айлантириб боғлашди.

— Вей, — эркак унинг тепасига келиб ўдағайлай кетди. — Муштлашишни биласанми ўзи? Қайси отхонада ўқигансан?

Мадали жавоб ўрнига эркакка аламли боқди.

— Нега индамайсан? — сўрашда давом этди эркак. — Бу туришда биринчи кунданоқ итдай ўлиб кетасан-ку!

— Нима қилишим керак эди? — деди Мадали томоғига ёпишиб қолган қонлардан асаби қўзғаб. — Эркак киши қоронғиликда бехосдан зарба бермайди.

— Шунақами? Яхши, ҳозир сени арқондан бўшатамиз. Қани, ёруғликда қандай ҳимояланаркансан!

Эркакнинг буйруғи билан Мадалини арқондан бўшатишди. Қўлларидаги кишанни ҳам ечиб ташлашди.

Тепкилар зарби уни ҳолдан тойдирган бўлса-да, юрагидаги алам тинчлик бермасди.

Ахир, у қишлоқда юрган вақтларида ҳам бирор зарбани жавобсиз қолдирмаган! Албатта, аламини олган! Нега бугун ожиз қоляпти? Булар ҳам ўзига ўхшаган одам-ку!

Мадали руҳан танасидаги кучни бир нуқтага жамлаб турди-да, рўпарасида тиржайиб турган йигитлардан бирига калла солди.

Йўқ, бу гал ҳам хатога йўл қўйди, шекилли! Ёнидагиси, кетидан учинчиси унга мушт солди. Улар шу қадар устомонлик билан зарба беришардики, Мадали қўлини кўтаришга улгура олмасди.

— А-а-а-а! — Мадали зарбаларга дош бера олмай бақира бошлади.

Охири уч тарафдан ёғилиб келган муштлар уни қайтадан полга қулатди.

Йигитлар шу заҳоти калтаклашдан тўхташди.

Кимдир челакда совуқ сув келтириб Мадалининг бошига сепди. Шундан кейингина унинг кўзлари очилди. Аъзойи бадани оғриқ зарбидан симиллаб борарди.

Яна ўрнидан турғазиб курсига боғлашди.

— Йўқ, бунақаси кетмайди, — деди эркак. — Сен оғриқлардан устун келишинг лозим. Бу туришда узоққа боролмайсан. Бақиришингни қара! Бу калтаклар нима бўпти?! Ҳаётда жосусни фақат ўлим таъқиб қилиб боради. Сени шундай қийноқлар кутадики, агар манавинақанги урғочи итга ўхшаб акиллайверсанг, ўлиб кетасан. Сен ҳар бир зарбани худди сариёғдай қабул қилиб оладиган бўлишинг керак. Темир тахлит бўлишинг зарур. Хўш, тайёрмисан?

Мадалига бу гаплар жуда қаттиқ таъсир қилганди. Эркак ҳақ. Курсда ҳам кўп калтаклар еган. Лекин ҳар гал бақир-чақир қилиб бутун ҳовлини бошига кўтараверарди.

Ўзини қўлга олиши керак. Руҳни ўзига бўйсундира олмаса, ўзига қийин бўлади.

— Мен тайёрман! — деди шишиб кетган кўзларини базўр очиб эркакка тикиларкан.

— Жуда яхши, тайёр бўлсанг! Навбатдаги машғулотнинг олдида ҳозирги муштлар, тепкилар чикора!

Эркак секин нари кетиб, бошқа курсида турган сумкани очди-да, йўғон бир игна чиқариб, яна Мадалининг тепасига қайтди.

— Манови игнани кўряпсанми? — сўради у.

— Кўряпман.

— Ҳозир тирноқларинг орасига бир-бир тиқиб ола бошлайман шуни.

— Нима? Йўқ!

— Ҳовлиқма! Биламан, жонинг ёмон оғрийди. Лекин начора! Сен игналар зарбини ҳис этмай қолгунингча, машғулот давом этаверади.

— Бу иш қўлимдан келмайди, — деди Мадали игнадан кўз узмай.

— Қўлингдан келади. Келмаса, мажбурлаймиз. Қани, бошладик!

Игнани аввал кўрсаткич бармоғи тирноғи орасига тиқди.

— А-а-а!

Бақирмасликнинг иложи йўқ. Игна ҳар тирноқ орасига кира бошлаганда, худди жони оғзидан отилиб чиқиб кетаётгандек сакраб-сакраб кетарди.

Машғулот тахминан ярим соатча давом этди. Мадалининг ҳар бир тирноғидан тизиллаб чиққан қонлар шими-ю, курсигача бўяб ташлади.

У охири оғриқни ҳис қилмай қўйди.

Сўнгги бор игна тирноғига йўналтирилганда, ҳушдан кетиб бораётганини ҳис этди.

Орадан кўз очиб юмгунчалик вақт ўтмасдан боши шилқ этиб елкасига тушди.

 

 

* * *

 

 

Тепасидагилар ҳали-бери бу оғирдан-оғир машғулотларни тўхтатмоқчи эмасди. Тирноқ машғулотларидан сўнг Мадалини яна совуқ сув билан ўзига келтиришди. Шу тобда унинг аҳволи жуда танг эди. Аъзойи бадани калтаклар зарбидан моматлоқ бўлиб кетан, юз-кўзларидан, тирноқларидан ҳамон қон оқарди.

— Энди шу аҳволда муштлашишни ўрганишинг лозим, — уқтирди эркак.

— Мен… муштлашишни биламан! — Мадалининг овози ҳам аранг эшитиларди.

Шундай деб эркакка аянчли нигоҳ ташлади.

— Сенинг ҳозирги ҳолатингни тушунаман, — деди у. — Бироқ сен билган муштлашиш билан душманни енгиб бўлмайди. Душман ўта шафқатсиз ва қонхўр. Сенинг қўлларинг эса кўчадаги уришқоқ йигитларникига ўхшайди. Пала-партиш ҳаракатланяпти. Ўзинг ўйла, манови йигитлар ҳам сенинг тенгқурларинг. Аммо уларнинг зарбаларига қониқарли жавоб бера олмадинг! Қани, ўрнингдан тур!

Мадали секин курсидан турди.

— Жуда яхши! Эсингда бўлсин, сен душманнинг оғриқ нуқталарини аниқ билишинг лозим. Хўш, шундай нуқталар қаерида бўлади?

Мадали сўзсиз, жигарини, сўнгра ўпкасини кўрсатди.

— Йўқ, курсант, — деди эркак. — Сен кўрсатаётган жойлар нуқта эмас. Аксинча, объект ҳисобланади. Бу жойларга битта зарба билан таъсир этиб бўлмайди. Нуқталар манови ерда, манови ерда. Энг сўнггиси, асосий нуқталардан бири — бу жой! Агар шунга кўрсаткич бармоғинг билан бир маротаба аниқ зарба бера олсанг, душманинг шу ондаёқ ўлим топиши муқаррар. Афсуски, сен ҳозирча бу ишниям эплай олмайсан. Негаки, бармоқларинг жуда нозик ва кучсиз. Хуллас, бугундан эътиборан зарба кучингни оширишга ва аниқ зарба беришга ўрганасан. Тайёрмисан?

Мадали истар-истамас, бош ирғади.

Эркак дарҳол йигитларни қошига чорлаб машғулотларни бошлашни буюрди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ