Тунда йўқлаган арвоҳ

0

Бу воқеа анча йиллар аввал содир бўлганди. Ўшанда маҳалламизга ёш эр-хотинлар кўчиб келишди. Уларнинг уч нафар фарзанди ҳам бор эди. Турмуш ўртоғи яхши жойда ишларди. Аёли эса уйда фарзандлар тарбияси билан банд эди. Хуллас, бахт­ли оилалардан бири эди. Лекин орадан бир йил ўтар-ўтмас уларнинг оиласига кўз тегдими, хуллас, бахтсизлик содир бўлди.

Оила бошлиғи автоҳалокатга учраб, вафот этди. Ёшгина жувон бир кунда учта боласи билан бева бўлиб қолди. Узоқ-яқиндан оиланинг дўст-биродарлари, қариндошлари келиб, аёлнинг турмуш ўртоғини дафн қилишди. Дафн маросимлари тугагач, ҳамма секин-аста уй-уйига тарқалди. Аёл уйда болалари билан ёлғиз қолди.

Ана шундан сўнг аёлнинг уйида ғалати ҳодиса содир бўла бошлаган. Уйда ёлғиз қолган кунининг ўзида, ярим тунда эшик тақиллаган. Қўрқиб кетган аёл эшик ёнига келиб, “Ким?” деб сўраган. Эшик ортидан эса марҳум эрининг овози эшитилган: “Мен келдим. Оч эшикни!”

Бу овозни эшитган аёл ақлдан озай деган. Қўрқиб кетганидан лом-мим демай, болаларининг хонасига қамалиб олган. Эртасига уйғонгач эса “Алаҳсирадим ёки қўрқиб кетганимдан менга шундай туюлди, шекилли”, деб аёл бу ҳодисани ҳеч кимга айтмаган. Лекин эртаси куни тунда бу ҳодиса яна такрорланган. Бу гал аёл эрига жавоб беришда ўзида куч топган: “Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Кетинг. Сиз ўлгансиз-ку?!” “Йўқ, мана, мен олдингга қайтдим. Оч эшикни”, деган жавобни олган аёл яна болаларининг ёнига қамалиб олган. Энг қизиғи, келган одам эшикни фақат тақиллатган, холос. Уни бузишга ҳаракат қилмаган.

Бу ҳол ҳар куни такрорлана бошлагач, аёл чорасизликдан бу ҳақда онамга айтиб берган. Жувон онам билан анча яқин бўлиб қолишганди. Онам ҳам унинг гапларига ишонмаган. “Шўрлик дарддан жинни бўлиб қолмаса бўлди”, деб ўйлаган экан онам. Шу сабаб бир куни онам отамга баҳона қилиб, ўша бева аёлникига кечқурун ётгани борган. Ўша тунда қандай ҳодиса содир бўлмаган. Аёл ҳайрон бўлган. Эртасига ёлғиз қолгач эса ўша воқеа содир бўлаверган.

Онам нима қиларини билмай, жувонни узоқроқда турадиган кўпни кўрган аёлнинг олдига олиб борган. Воқеани эшитиб кўрган аёл фол очган. “Эҳ, болам, ўзи шундоқ ҳам тақдиринг бўлган инсонни ўзингга ўқитиб олган экансан-да”, деган фолбин аёл.

Бу гапни эшитгач, қизариб кетган аёл барча гапни айтиб берибди.

Маълум бўлишича, марҳум турмуш ўртоғи аввал дугонасининг йигити бўлган экан. Лекин кейин бу аёл ўртага тушиб, уларни уриштириб олиб, йигитни ўзига иситиб, турмушга чиққан экан. Бу гапларни эшитган онам ҳангу-манг бўлиб қолади. Аммо бўлар иш бўлиб бўлганди. “Мана энди шу ишингнинг натижасини кўряпсан. Озгина сабр қилганинг-да, тақдиринг бир эди сизларнинг. Балки, шунда бу фалокат ҳам бўлмасмиди. Майли, бўлар иш бўлибди. Дуо жуда кучли бўлган. Шу сабаб ҳам у қабрда сенсиз тинч ётолмаётпти. Сени ўзи билан олиб кетмоқчи. Лекин ҳали жуда эрта. Болаларинг жуда ёш. Улар сенга муҳтож. Ҳозир эса сенга ягона маслаҳатим, болаларингни олгин-да, узоқроққа кўчиб кет. Учаласини оёққа қўйганингдан сўнг улардан кўнглинг хотиржам бўлгачгина қайтиб кел. Фақат бошқа ерда жон беришни хаёлингга ҳам келтирма. Бўлмаса, бу қарғиш болаларингга, улардан невараларингга ўтади. Кети узилмайди”, — дебди.

Бу гапларни эшитгач, аёл ўша куни акаларини чақириб, бир куннинг ўзида маҳалламизни тарк этди. Кейин мана 30 йилдирки, у ҳақда ҳеч нарса эшитмадик. Яқинда эса унинг яна маҳалламизга қайтиб келганини эшитдим.

ФАРАНГИЗ ёзиб олди.

«7 Мўъжиза» газетасидан

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: