Ўзбекистон Канн халқаро фестивалида (фото)

0

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан 71-Канн халқаро кинофестивали доирасида ўз павильони билан иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси ўз ишини давом эттиряпти.

Делегация аъзолари таниқли кинопродюсер, дистрибьютерлар билан музокаралар олиб бориб, уларни Ўзбекистонда кино учун яратилган шароитлар, имкониятлар билан яқиндан таништириб боришяпти.

Шунингдек, фестивалда намойиш этилаётган фильмлар, Канн шаҳрига ташриф буюрган мутахассислар ва иштирокчиларни Тошкентда бўлиб ўтадиган “PROlogue” халқаро кинофестивалига жалб этиш бўйича қизғин иш давом этмоқда.

Ўзбек делегацияси турли мамлакатлар павильонларига ҳам ташриф буюриб, у ерда ташкил этилаётган маърузалар, маҳорат дарслари, учрашувларда ҳам фаол иштирок этиб, тажриба орттириш имкониятига эга бўлишяпти. Ундан ташқари хорижий давлатлар павильонлари мутахассисларидан мамлакат ёшлари томонидан ишлаб чиқарилган тўлиқ ҳамда қисқа метражли фильмлар ҳақида ахборотлар олиниб, улардан “PROlogue” халқаро кинофестивали учун маълумотлар базаси яратилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон делегацияси жаҳон кинобозорида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш учун илк қадамни ташлай олди.

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: