ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (8-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Йўқ, йигитлар бу гал шошилишмади. Мадалини авайлаб ҳовлига олиб чиқишди-да, бинонинг орқа тарафига олиб кета бошлашди.

— Мени қаерга олиб кетяпсизлар? — хавотир аралаш сўради Мадали. — Урадиган бўлсаларинг, шу ердаям ураверинглар!

Йигитлар бу гапни эшитиб бараварига кулиб юборишди.

— Ким сени ураман, деяпти? — сўради улардан бири. — Ҳозир биз сени зўр жойга олиб борамиз.

— Қаерга?

— Борганингдан кейин биласан.

Улар иккита бинони айланиб ўтишгач, тўхташди. Бу ерда кичикроқ яна бир бино бўлиб, эшиклари тахтадан ясалган эди.

Йигитларнинг бири бориб эшикни очди.

Не кўз билан кўрсинки, бу ерда жанговар итлар сақланаркан. Эшик очилиши билан темир уйларнинг панжараларини тирмалаб кетма-кет ҳура кетишди.

— «Тамом, — хаёлидан ўтказди Мадали. — Энди булар мени итларга талатишадиганга ўхшайди. Эҳ, қайданам шу курсга тушдим ўзи? Шундоқ ҳам аъзойи баданим оғриб, иситмам кўтариляпти-ку! Бунисига қандай дош бераман?»

Бир йигит овчаркани етаклаб ташқарига олиб чиқди. Ит шу қадар жазавага тушгандики, худди тайинлаб қўйилгандек, фақат Мадали тарафга ўзини ташлаб ирилларди.

Шу орада машғулотларга бошчилик қилган эркак ҳам етиб келди.

— Эсингда бўлсин! — тайинлади у Мадалига. — Мана шу итни душман деб билишинг керак. Агар ҳозир қўйиб юборишса, сени еб ташлашгаям тайёр у. Вазифанг шундан иборатки, итдан қочасан. Токи чарчатмагунча ҳовлини айланиб қочаверасан. Энди бу ёғи ўзингга ҳавола. Тишлаб, юмдалаб ташламасин, десанг, жонингни асраб қолишга ҳаракат қил!

— Кейин-чи?

— Кейинми? Боя ўргатган усул билан итни ҳушидан кетказишга рухсат бераман.

— Ўлдириб қўйсам-чи?

— Катта кетма, курсант! Сен усулларни энди-энди ўзлаштиряпсан. Ҳали ўлдирадиган даражага етишинг учун кўп тер тўкишингга тўғри келади. Қани, гапни калта қил! Сергей, итни бўшат!

Жон ширин. Мадали қандай югуриб қочганини ўзи ҳам пайқамай қолди. Ит эса ундан-да тезроқ чопарди.

Ана шу машғулот баҳона Мадали қанчалик тез югура олишини имтиҳондан ўтказиб олди.

У фақат олдинга чопарди. Биларди. Сал секинласа, ит етиб олади-ю, таппа босади. Ишониб бўладими? Бу итлар еб қўйишдан ҳам тоймаса керак.

Ярим соатдан ортиқроқ югуришгач, негадир итнинг тезлиги пасайди. Мадалининг ўзи ҳам бўлганича бўлганди. Секинлаб орқасига қаради. Ит ҳам чопиб келарди. Лекин тили тобора кўпроқ осилиб туша бошлабди.

Мадали пайтдан фойдаланиб шартта тўхтади.

Ажабки, ит ҳам бир одимча нарида тўхтади. Бу гал у ирилламасди. Қаршисидаги душманига тикилганича ҳансирарди, холос.

Мадали секин унга яқин борди. Ит ортга тисланди.

— Ҳа-а, қўрқаяпсанми, итдан тарқаган? — дея ўнг қўлини олдинга чўзди Мадали. — Қишлоқда сенданам баттарларини кўрганман. Улар сенга ўхшаб ўқимаган. Ғирт дайди итлар. Тутиб олишса, терингни шилиб олишади. Ўшаларгаям чап берганман. Қани, яқинроқ кел-чи! Кел, дедим! Келмайсанми?

Мадали тобора ортга тисланиб бораётган итга кутилмаганда ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи билан зарба берди. Зарба аниқ чиқди, шекилли, ит шилқ этиб йиқилди.

Мадали умрида ўлаётган итни бу қадар яқиндан кўрмаган эди. Овчарка, гарчи ўлмаётган, шунчаки уйқу томирига бориб урилган бармоқ зарбидан ҳушини йўқотган бўлса-да, кўзларининг ола-кула бўлиб кетиши, оҳиста ерга ёнбошлаганча нафас олиши секинлашиши Мадалининг раҳмини келтириб юборди. Нима қилсин? Бу — топшириқ! Шу ишни қилмаса бўлмасди. Қолаверса, итга раҳми келиб ўтирса, кейинчалик командирлар айтганидек, хавфли душманлар билан қандай олишади?

Шуларни кўнглидан ўтказиб Мадали итни елкасига олди-да, тайин этилган бино томон йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Мадалига ҳордиқ чиқариш, жароҳатлари битиши учун икки кун муҳлат беришди. Лекин шунда ҳам ёлғиз қолишга, ширин хаёллар суришга, маза қилиб ухлашга имкон бўлмади. Шифокорлар хонасига кириб яраларига дорилар суртиб, зарур дармондориларни ичириб кетишгач, сержант ҳамроҳлигида бир аёл кириб келди. Ёши элликларга борган, сочлари оппоқ, кўз қарашлари жиддий бу аёл ўзини руҳшунос дея таништирди.

— Хўш, уйдагиларни соғиндингми, йигит? — мулойимлик билан сўради у.

Аёлнинг бу саволи Мадалининг кўнглини бўшатиб юборди. Худди онасини кўргандек, яралари оғриб турганига ҳам қарамай ўрнидан туриб кетди.

— Ҳа, жуда соғиндим, — деди ҳовлиқиб. — Уйга боришга рухсат беришмоқчими?

— Ҳовлиқма! — уни елкасидан тутиб жойига ётқизди аёл. — Сен бўлғуси жосуссан. Шуни унутма! Жосуснинг қалбида ҳеч қачон соғинч ҳисси бўлмаслиги зарур. Ҳозир биз сен билан ана шу мавзуда машғулот ўтказамиз. Қани, сержант, айтинг, компьютерларни олиб киришсин!

Мадали ҳайрон эди.

Компьютер? Умрида бунақа матоҳни кўрмаган. Нима ўзи? Нима иш бажаради?

Уч йигит орадан ҳеч қанча ўтмай, телевизор экранига ўхшаб кетадиган кичик ойнали буюмни, кетидан бўйи ўттиз, эни йигирма сантиметрча келадиган ускунани кўтариб киришди ва дарҳол токка улашди. Экранда Мадалига нотаниш қандайдир рақамлар, манзаралар намоён бўлди.

— Сен компьютер нималигини биласанми? — сўради аёл.

— Йўқ, биринчи кўриб туришим.

— Тўғри, чунки, бу ҳали мамлакатда кенг тарқалмаган. Фақат энг муҳим топшириқларни бажарувчи ташкилотларгагина берилган. Аммо ишонтириб айтаманки, тез орада ҳар бир одамнинг уйида шунга ўхшаш ускуналар бўлади. Бўпти, энди қулоқ сол. Ҳозир мен сенга савол бера бошлайман. Мабодо нотўғри жавоб берсанг, яъни, алдасанг, компьютер алдаганингни ошкор қилиб қўяди.

— Демак, мен фақат тўғрисўз бўлишим керакми?

— Афсуски, йўқ. Мана, тасаввур қил, сен хизматдасан. Ўта хавфли душманлар билан жанг олиб боряпсан. Кутилмаганда уларнинг қўлига тушиб қолдинг. Хўш, сени нима қилишади?

— Ўлдириб юборишади.

— Йўқ, душман аҳмоқ эмас. Аввал сендан ўзингга аён бўлган махфий маълумотларни аниқлашга ҳаракат қилиб кўришади. Ўшанда сен уларни алдай билишинг лозим бўлади.

— Умуман айтмасам-чи?

— Жон ширин-ку, барибир! Сени қийнашади, жонингни суғуриб олгудек калтаклашлари ҳам мумкин. Турли қийноқларга солишади. Шунда ёлғонингга ўзингниям ишонтира олсанг, жангда ғолиб бўласан. Яъни, ёлғон маълумотларингга уларни ишонтира оласан.

— Тушундим, — деди Мадали бош эгиб.

— Бунинг учун сен мана шу ерда ўқиб-ўрганишинг зарур.

— Тайёрман.

— Тайёр бўлсанг, бошлаймиз. Онангни соғиндингми?

— Йўқ! — деди Мадали қатъий.

— Севган қизингни-чи?

— Йўқ!

— Умрингда ўғирлик қилиб кўрганмисан?

— Йўқ.

— Чет элда қариндошларинг борми?

— Йўқ.

— Уйдагиларингга тўсатдан ёлғон гапириб қўйганингда, афсус чекканмисан?

— Ҳа.

— Умрингда одам ўлдирганмисан?

— Йўқ.

— Ҳеч қамоқхона ичкарисига кириб кўрганмисан?

— Йўқ.

— Компьютердан фойдаланишни биласанми?

— Йўқ.

— Машина ҳайдашни-чи?

— Ҳа.

Аёл савол беришдан тўхтади. Бир муддат компьютер экранида пайдо бўлган ёзувларга кўз ташлаб олгач, қайтадан Мадалига юзланди.

— Кўрдингми, сен компьютерни умуман алдай олмадинг. Бунақада жосус сифатида муҳим топшириқларни адо қила олмайсан. Сенга айтдим-ку, ёлғон гапиришинг, шу ёлғонингга бошқаларни ҳам, ўзингни ҳам ишонтира олишинг талаб этилади. Бунинг учун, аввало, сен ўзингни руҳан ишонтира олишинг зарур. Йўқ, биз сен билан яна бир неча кун шуғулланмасак бўлмайди. Ҳозир тушлик қилиб олгин. Кейин давом эттирамиз!

 

 

* * *

 

 

Бу машғулот анча чўзилиб кетди. Аёл бир ҳафта давомида ҳар куни эрталабдан кечгача Мадалининг хонасида ўтирар, бир хил саволлар, дашномлар давом эттириларди.

Ниҳоят у Мадалини ўргата олди. Ҳар бир кутилмаган саволга курсант ёлғон жавоблар қайтарар, лекин компьютер уни фақат маъқулларди.

— Турмада ўтирганмисан?

— Ҳа, ўғирлик қилиб икки йил ўтириб чиққанман.

— Одам ўлдириб кўрганмисан?

— Албатта. Ичиб ўтириб биттаси билан тортишиб қолганман ва сўйиб ташлаганман.

— Аёл киши билан неча ёшдан яқин алоқага киришгансан?

— Ўн олти ёшимдан.

— Синглинг борми?

— Учта синглим бор.

— Отанг сени яхши кўрадими?

— Кўришга кўзи йўқ.

— Нима учун?

— Чунки, у ўгай.

— Жуда яхши, — деди ниҳоят аёл. — Бир ҳафта деганда ҳарқалай ўзлаштира олдинг. Энди сен билан бошқа аёл машғулотлар ўтказади.

— Сир бўлмаса, қандай машғулот? — эҳтиёткорлик билан сўради Мадали.

— Сир эмас. Атир-упалар бўйича мутахассис аёл бор. У анча ёш! Тағин ҳазиллашиб қўйма, курсант!

— Йўғ-э, — Мадали хижолат тортди. — Бизга рухсат беришмайди.

— Мана бу гапингга қўшиламан. Хўп, омадингни берсин! Сени Худонинг ўзи асрасин!

— Раҳмат сизга!

Мадали бу кунни хаёл суришлар, турли орзулар уммонида чўмилиш, қолаверса, ухлаш билан ўтказди.

Унга ҳеч ким халал бермасди. Ҳатто, шу куни сержант ҳам қорасини кўрсатмади. Шомдан кейингина у кириб келди.

— Қани, курсант, энди навбатдаги машғулотга! — деди у. — Тайёрмисан? Яраларинг битиб қолдими?

— Аллақачон битган.

— У ҳолда кетдик! Сени ажойиб бир аёл аудиторияда кутиб ўтирибди.

Мадали итоат билан сержантнинг ортидан эргашди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: