ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (10-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Ростдан ҳам йигитлар бошқа безовта қилишмади. Мадали уйғонганда кун тепага келиб қолибди. Шошиб йигитлар ётган томонга қаради. Улар йўқ эди.

— Ие, қаерга гум бўлишди булар?

У бениҳоя қорни очиб, кўнгли озиб бораётганини ҳис этар, бошида қаттиқ оғриб туриб, тиззаларигача титраб-титраб кетаётганди.

Жонҳолатда барглар остини, дарахтлар панасини кўздан кечириб, ейишга нон қидира бошлади. Ҳеч вақо йўқ.

Қўлларини аламдан мушт қилиб дарахтни савалаб олди.

«Итдан тарқаганлар, — ўйларди у ўрнига қайтадан ўтираркан. — Қаерга кетишди? Нега уйғотишмади? Мақсадлари нима ўзи?»

Шу тобда эллик метрча нарида йигитларнинг қораси кўриниб, Мадали даст ўрнидан турди ва улар тарафга қараб юрди.

— Ҳа, уйқуга тўйдингми? — сўради сариқ сочли йигит яқин келишгач.

Мадали индамади.

— Биламиз, қорнинг очган, — давом этди йигит. — Лекин бироз сабр қилиб, навбатдаги имтиҳонни топширишингга тўғри келади.

— Бу аҳволда имтиҳон топширолмайман, — деди Мадали юзини тескари буриб. — Ҳолим қуриб боряпти.

— Ўлмайсан. Агар имтиҳон топширишдан бош тортсанг, орқага қайтамиз. Билиб қўйки, шу кунгача чеккан заҳматларинг бир пул бўлиб қолади. Хўш, нима қиламиз?

Мадали ўйлаб туриб сал ўзини қўлга олган бўлди.

— Майли, топширсам топширай. Қани, нима қилишим керак?

— Мана бу бошқа гап, — дея унинг елкасига қоқди иккинчи йигит. — Ҳозир бир жойга олиб борамиз сени. Кетдик!

Мадали йигитларга эргашиб, улар кўзлаган манзилга йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Юз одимча нари юриб боришгач, бир чуқурга дуч келишди.

— Бу чуқурни атайин кавладик, — дея унга тушунтирди йигитлардан бири. — Қара, бўйи уч метр келади. Сен ҳозир шу ерга тушасан ва юқорига қўлларинг ёрдамидагина чиқасан. Уддаласанг, бу имтиҳонга ҳам аъло баҳо қўйилади. Тайёрмисан?

— Тайёрман, — деди Мадали таваккал.

— Бўпти, шошмай тур!

Сариқ сочли йигит югуриб бориб дарахтлар панасидан узун арқон топиб келди.

— Шу арқонга осилиб тушасан. Фақат билиб қўй, юқорига ўз кучинг, ақлингга таянибгина кўтариласан. Бу арқон сенга ёрдам бермайди. Туш…

Мадали эҳтиёткорлик билан арқонга осилиб пастга туша бошлади. Йигитлар арқонни дарҳол тортиб олишди. Энди қандай бўлмасин, юқорига кўтарилишнинг йўлини қидириш лозим эди. Чуқур ақл билан ковланибди. Бирор ерида осилса бўладиган ковак йўқ. Ҳамма ёғи теп-текис.

Мадали бош қотира бошлади. Хўш, қай йўл билан чиқади? Қўллари билан ковлаб кўрди. Шу қадар қаттиқ эканки, сал бўлмаса, тирноқлари синаёзди…

Шу пайт кутилмаган воқеа содир бўлди. Кенглиги икки метрча келадиган чуқурда каттакон илонга кўзи тушди. Илон бошини кўтарганча унга тикилиб вишиллаб-вишиллаб қўярди.

Мадали қотиб қолди.

Пешанасини муздек тер босди…

Ўзини ўнглаб улгургунча илон бир сакраб унинг ўнг тиззасига ёпишди.

Мадали тиззасида кучли оғриқ туйди.

— Аблаҳ, тишлади! — турган ерида айланиб додлай бошлади у. — Ифлос, тишлади!

Жони оғриб турган бўлса-да, курсда муаллимлардан эшитган бир гап ёдига тушди: «илон чаққанда ўткир тиғли буюм билан баданнинг ўша жойини кесиб ташлаш керак…»

Мадали чиқмаган жондан умид қабилида чуқур ичкарисидан шундай буюм қидириб кўрди. Хайрият, бир бурчакда писканинг яримта бўлаги ётган экан. Шартта қўлига олди-да, илон тишлаган тиззасини очди. Тиш тиззани анча ўйиб кирибди. Кўзларини чирт юмиб, писка билан ўша жойни қирқа бошлади.

Тўғри, жон ширин. Бадан қаттиқ оғрийди. Аммо яна беш-ўн дақиқа шу тахлит турадиган бўлса, аввалига боши айланиб, қайт қила бошлайди. Сўнгра аъзойи баданида кучли иссиқ пайдо бўлади-ю, оламдан ўтганини ўзи ҳам билмай қолади…

Мадали қанчалар оғир бўлса-да, ўша жойни кесиб ташлаб, тишлари билан заҳарни сўриб-сўриб тупуриб ташлайверди.

Орадан бирмунча вақт ўтиб оғриқ пасанда бўлгандек, кўзлари сал равшан тортди…

— Ҳа-а, — деди овоз чиқариб Мадали. — Жосус бўлиш ҳам қимматга тушаёзди. Ярамас илон-эй! Пойлаб турганини-чи! Айтганча, қаерга ғойиб бўлди ўзи?

У айлана атрофни кўздан кечириб, илонни қидирди. Ҳеч қаерда йўқ.

«Ишқилиб, арвоҳ бўлмасин, — кўнглидан кечирди у. — Майли, энди юқорига чиқишнинг имконини қидирай. Вақт кетяпти…»

Имтиҳон топшириш муддати нақ уч соатга чўзилди. Тупроқ қатламининг нақадар қаттиқ эканига қарамай, Мадали ўткир, анчадан бери олинмаган узун тирноқлари ёрдамида оёқ ва қўл жойлашиши мумкин бўлган чуқурчалар ҳосил қилди. Уларга тирмашиб, кейингиларини ковлади.

Хуллас, уч соат деганда, не-не машаққатлар билан юқорига чиқиб олди…

— Ў, зўр экансан, йигит! — йигитлар бир дарахт панасида гаплашиб ўтиришган экан. Қўлларидаги сигаретларни улоқтириб, югургилаб ҳолсизликдан чўзилиб қолган Мадалининг тепасига келишди.

— Нега боя бақир-чақир қилдинг? — сўрашди бараварига. — Бирор гап бўлдими?

Мадали жавоб бериш ўрнига ўнг тиззасини очиб кўрсатди.

— Илон… Илон чақди…

— Шунақами? — йигитлар бир-бирларига маъноли қараб олишди-да, чўнтакларидан иккита оппоқ дока чиқариб, Мадалининг қон сизиб чиқаётган ярасини бойлашга тушишди…

Мадали улар ярага тегинганларидаёқ қайтадан баданида кучли оғриқ сезиб ҳушидан кетганди…

 

 

* * *

 

 

— Биз сен билан энди имтиҳоннинг энг охиргисини бошлашимиз керак, — дейишди йигитлар тунайдиган ерга етиб келганларидан кейин. — Ихтиёрингда қолган беш кунни мана шу сўнгги имтиҳонни топширишга бағишлайсан.

— Шунчалик узоқ вақт топшириладими? — сўради Мадали ҳайрон бўлиб.

— Ҳа, жуда узоқ вақт.

— У ҳолда олдин қоринни тўйғазиб олай. Кўз олдим қоронғилашиб кетяпти.

Йигитлар кулиб қўйишди. Сариқ сочли йигит Мадалининг елкасидан маҳкам қучди:

— Тўғриси, сенга биз ҳам ачинамиз. Афсуски, касбинг шуни тақозо этади. Ҳақиқий жосуснинг қалбида раҳм-шафқат ҳисси умуман бўлмаслиги керак. У ўта совуққон бўлиши лозим. Хуллас, қорин тўйғазишингнинг ўзи имтиҳон ҳисобланади.

— Қ-қанақасига? — йигитга қаттиқроқ тикилиб сўради Мадали.

— Гап шундаки, ялинсанг ҳам, тиз чўкиб сўрасанг ҳам бизда бир тишлам нон йўқ. Атайин шундай қилинган. Шундай экан, қоринни нима билан тўйғазасан?

— Билмадим, — елка қисди Мадали.

— Тўғри, билмайсан. Қани, ошна, олиб кел!

Иккинчи йигит секин бориб дарахт ковагидан бир шиша идиш олиб келди.

Идишнинг ичи қурт-қумурсқага тўла эди.

— Мана шуларни ейишинг керак бўлади, — уқтирди йигит Мадалига.

— Қумурсқаларни-я? — Мадали кўзлари олайиб идиш ичида ўрмалаётган қумурсқаларга бир бор жирканч нигоҳ ташлаб олди-да, юзини тескари бурди.

— Ҳа, айнан шуларни. Чунки, жосуснинг ҳаётида ҳар иш бўлиши мумкин. Агар сен бошингга тушадиган очлик, яланғочликларга тайёр турмасанг, итдай ўлиб кетасан.

— Мен буларни ея олмайман, — деди Мадали. — Кўнглим айниб кетади.

— Бизга қизиғи йўқ. Сен имтиҳон топширяпсан. Бундан бошқа йўл йўқ сенга.

Мадали икки-уч дақиқа ўйланиб турди. Йигитлар эса зимдан унга тикилиб, ҳамон жавоб кутишарди.

— Хўш, ейсанми ё жўнаб кетаверайликми? — сўради сариқ сочли йигит тоқати тоқ бўлиб. — Бир қарорга кел! Бизнинг вақтимизни бекорга ўғирлама!

Мадали аста бориб идишни қўлига олди.

— Еганим бўлсин! — у идишнинг қопқоғини очди-да, ичидан шиллиқуртни чиқариб олди. Қурт ҳам ажали ета бошлаганини пайқадими, сирғалиб бармоқлари орасидан чиқиб кетишга уринарди.

Мадали уни оҳиста лабларига яқинлаштирди. Қуртдан қандайдир ёқимсиз, бадбўй ҳид тараларди.

Мадали кўзларини чирт юмди-да, оғзини катта очиб қуртни ташлади. Ташлади-ю, бир марта чайнади. Аслида чайнашга-да ҳожат йўқ экан. Қурт оғзида ёғдай эриб кетди…

Аммо кўнгли айниб ўқчиб юборди.

— Ҳечқиси йўқ, — кулишди йигитлар. — Кўникасан. Бизни айтди дерсан, эртага ўзинг қумурсқа қидириб қоласан…

Мадали анча вақт ўқчиб турди. Лекин қусмади.

Сал кўзлари очилгач, қайтадан идишга яқин бориб, бу гал катта бир қўнғизни қўлига олди…

 

 

* * *

 

 

Хайриятки, кутилган онлар яқинлашиб, бу кимсасиз оролдан жўнаб кетадиган бўлишди.

Мадали беш кун ичида қурт-қумурсқалар билан озиқланишга анчагина кўникиб қолди. Сўнгги икки кунда ўзи дарахтлар ораларини кавлаштириб, қурт, қўнғиз қидириб топадиган бўлди.

Барибир бу ҳаётга узоқ бардош бериб бўлмайди. Одам боласи ўзининг одатий ҳаётини, қайноқ овқатларни соғинаверади.

Йигитлар уни жўнашга ундашгандаёқ севиниб кетди. Ҳатто, мана шу барваста йигитларни бир-бир қучоқлаб, кўтариб олгиси келди…

— Озгина қуртлардан олиб кетсаммикан? — ҳазиллашди у пиёда вертолёт келиб қўнадиган очиқ майдон сари йўл олишгач. — Одам соғинади-да!

— Хавотир олма! — дейишди унга. — Узоқ соғинтириб қўйишмайди. Хизматни бошлаганингда уларнинг ўзи сени қидириб топади…

Айтилган муддатда вертолёт ҳам етиб келди.

Мадали салонга чиқиб ўтираркан, ойнадан шохдан-шохга сакраб ирғишлаётган маймунларга, бир-бирини қувлаб юрган олмахон-у, ранг-баранг сайроқи қушларга қараб хўрсиниб қўйди. Оғзидан эса яқиндагина иштаҳа билан тановул қилган яшил шиллиқуртнинг таъми ҳамон кетмаган эди…

 

 

* * *

 

 

Курсга етиб боришгач, йигитлар Мадалини тўппа-тўғри полковникнинг кабинетига олиб киришди.

У кўзойнагини тақиб қандайдир қоғозларни титкилаб ўтирган экан. Мадалига кўзи тушиб кўзойнагини ечди ва ўрнидан туриб унга қўл чўзди.

— Яхши етиб келдингми, болам?

Бу сўзни полковник ўқиш давомида илк бор тилига кўчирди. Мадали анчадан бери «болам» сўзини қулоқларида туймагани учунми, юраги ҳаприқиб, аъзойи бадани титраб кетган кўйи ўзини йўқотаёзди. Сал қурса, «отажон», дея ҳайқириб юбораёзди.

Буларнинг барчаси ота-онасига бўлган соғинч ҳосиласигина эди.

— Сен бу имтиҳондан ҳам аъло баҳолар билан ўтибсан, табриклайман! — деди полковник Мадалини ўтиришга чорлаб. — Хўш, йигитларимиз чарчатиб қўйишмадими?

— Асло, — жавоб қилди Мадали. — Чарчатишгани йўқ.

— Жуда соз. Унда гапни қисқа қилсак ҳам бўлади. Сен бугун дамингни ол. Энг аввало, ошхонага кир! Ҳарқалай, овқатни соғингансан. Буни биламан. Қорнингни тўйғазганингдан кейин ётиб ухла. Эртага қиладиган бошқа ишлар бор. Гапим тушунарлими?

Мадали сакраб ўрнидан турди.

— Худди шундай!

— Унда сенга рухсат!

 

 

* * *

 

 

… Негадир уч кунгача Мадалини безовта қилишмади. Фақат анчадан бери ўзига қадрдон бўлиб қолган сержантгина тез-тез кириб ҳол сўрар, эрталаблари биргаликда жисмоний машқлар бажариб қайтишарди.

Мадали унинг исмини билмасди. Ҳатто, қайси миллатга мансублигидан ҳам бехабар эди. Русчани ўзига нисбатан яхши билгани сабаб, рус бўлса керак, дея тахмин қиларди…

Учинчи куни эрталабки нонуштадан сўнг сержант уни бошқа бино ичкарисига бошлаб кирди.

Бу ерда хоналар кўп. Бироқ ҳаммасининг эшигига қулф осилган. Йўлак охиридаги яшил бўёқ урилган эшиккина очиқ турарди. Ўша ерга киришди.

Кабинетда элликларга борган, қайтарма мўйловли, мовий кўз майор ўтирар, ким биландир телефон орқали гаплашарди.

Уларни кўрди-ю, гапни қисқа қилиб гўшакни жойига қўйди ва ўрнидан турди.

— Шу йигитми? — сўради сержантдан.

— Худди шундай, ўртоқ майор!

— Бўпти, сен боравер!

Сержант чиқиб кетгач, майор Мадалини мулойимлик билан курсига ўтиришга таклиф этди.

— Хўш, ука, ишлар қалай? — сўради ҳамон мулойимлик билан.

— Ёмон эмас.

— Дам олиб зериккандирсиз?

Мадалига унинг «сиз»лаб мурожаат этиши ғалати туюлиб хижолатдан лаб тишлаб қўйди.

— Б-билмадим…

— Мана, имтиҳонларниям топшириб бўпсиз. Хизматга тайёрмисиз, энди?

— Албатта.

— Жуда яхши. Унда қулоқ солинг. Ҳозир машина сизни госпиталга олиб боради. Сиздан яширадиган сиримиз йўқ. Юзингизни пластик операция қилдиришингиз керак бўлади. Бунинг нималигини биласизми?

— Йўқ, — деди Мадали майорга ҳайрат аралаш боқиб. — Билмайман…

— Тушунаман. Бу мамлакатда ҳали кенг тарқалган эмас. Фақат бизнинг ишдагина қўллашга тўғри келади. Умид қиламанки, кейинчалик тушуниб оласиз. Хуллас, пластик операция деганлари унчалик жонингизни қийнамайди. Операциядан сўнг юз тузилишингиз буткул ўзгариб кетади. Бошқа одамга айланиб қоласиз.

— Савол беришга рухсат этинг! — деди Мадали секин ўрнидан туриб.

— Рухсат.

— Бунинг ишга нима алоқаси бор?

— Айни шу масалада кейин гаплашамиз. Бундан буён бирга ишлашимизга тўғри келади. Хўпми?

— Хўп бўлади!

— Унда ташқарига чиқиб зарур буюмларингизни олволинг. Госпиталда ўн кунча қолиб кетасиз.

Мадали итоат билан кабинетни тарк этди.

 

 

* * *

 

 

Госпитал курсдан икки соатчалик йўл экан. Қоидага кўра, Мадалининг кўзларини қора мато билан беркитган ҳолда машинага ўтқазишди. Буни ўзи ҳам тушуниб қолганди. Қаерга, қай йўл билан борганини эсда сақлаб қолмаслиги учун шундай қилишларини биларди.

Госпиталга келиб Мадалини шахсан сержантнинг ўзи кўзлари боғланган ҳолда ичкарига олиб кирди ва эшикдан ўтиб бир-икки қадам юрилганидан кейин матони ечиб олди.

Госпитал йўлаги деярли бўм-бўш эди. Беморлар кўринмайди. Сержант бир маротаба йўталгач, рўпарадаги хона эшиги очилиб икки ҳамшира чиқишди.

— Операцияга сизларни чақиришганмиди? — сўради уларнинг бири сержантга юзланиб.

— Ҳа, бизни.

— Кимни операция қилишмоқчи?

— Мана бу йигитни.

— Унда сиз кетишингиз мумкин. Сиз эса… — Мадалига юзланди ҳамшира, — Орқамдан юринг!

Мадали сержант билан кўз уриштириб олди-ю, ҳамшира қизнинг ортидан эргашди…

 

 

* * *

 

 

Операция хонасига киришдан аввал Мадалини анализ топшириш хонасига олиб киришди. Бу иш ярим соатча давом этди ва ниҳоят, у ҳамшира ҳамроҳлигида операция хонаси томон йўл олди.

У ерда ҳамма нарса тахт қилиб қўйилган эди. Прожекторлар ёқилган, оғзига оқ дока тутиб олган жарроҳ уларни интиқлик қилан кутиб турарди.

Мадалини кўргач, оғзидаги докани олиб ташлаб, майин жилмайиш қилди.

— Ў, сенми пластик операция қилдирадиган? — сўради у Мадалининг елкасига қоқиб.

— Ҳа, мен.

— Тайёрмисан?

— Тайёрман.

— Бунча озиб-тўзиб кетибсан? — ҳазиллашди жарроҳ. — Ё, қисмларингда овқат беришмадими?

Мадали кулиб қўйди. Жарроҳ ҳам ортиқча савол бериб ўтирмай, уни операция столига ётишга буюрди.

— Бу йигитга меъёрида наркоз бераверинг! — уқтирди у ёнидаги эркакка. — Ўзи зўрға оёқда турибди. Игна баданига санчилиб улгурмай ухлаб қолади…

Укол қилинди. Мадали шундан кейин ҳам тахминан ўн дақиқача шифтга тикилганча ўй суриб ётди. Кейин… Кейин уйқу босаётганини ҳис эта бошлади…

Худо билади. Ухлаб улгурдими-йўқми, пулсиз, овқатсиз ташлаб кетилган ўрмон кўз ўнгида намоён бўлди…

Худди ўша ўрмон. Чунки, бу ерда оқ қайинлар жуда кўп эди. Ҳов анови шохлаб кетган, шохларидаги қалин қорни аранг кўтариб турган қайинни ёнлаб ўтганда, чуқурга тушиб кетганди…

Ие, бу нимаси?.. Мурда-ку!.. Ҳа, костюми, бурни… Худди ўша эркакнинг мурдаси!..

Қандай қилиб ўрнидан турди, у? Ахир, ўлганди-ку!

Эркак Мадалига хўмрайганча яқинлашиб келарди.

У секин бурилиб ортга чекинмоқчи бўлди. Бироқ қай тарафга юрса, дарахтлар секин ўрнидан силжиб йўлини тўсарди…

Афсуски, қочиб кета олмади.

Эркак яқинлашиб келди-да, гўштсиз, фақат суяклари қолган қўрқинчли қўллари билан Мадалининг томоғига чанг солди.

— Ҳа-а, ифлос! — эркакнинг тишлари йўқ, гапирганида тилигина кириб-чиқиб турарди. — Пуллар қани? Қаерга гум қилдинг, пулларимни? Менинг ухлаганимдан фойдаланиб қочиб қолмоқчи бўлдингми? Қочиб бўпсан! Энди ўзингни ўша чуқурга ташлаб, устингдан тупроқ тортаман! Дўзахилар! Дўзахда чиритаман ҳаммангни! Топиб бер! Топиб бер!..

Эркак бир зарб билан Мадалининг жиғилдонини суғуриб олди. Қон тизиллаб эркакнинг юзига сачради…

Оғриқ даҳшатли даражада кучли эди…

Мадали жонҳолатда қичқириб ўзини орқага ташлади…

Йўқ, бу туш экан. Даҳшатдан уйғониб кетди…

Бахтга қарши юз-кўзларини дока билан танғиб ташлашибди. Қўл-оёқларини қимирлатмоққа тутинди. Уддалай олмади. Шифокорлар қўл-оёқларини ҳам каравотга қўшиб боғлаб қўйишган экан…

У шундагина эслади.

Ахир, операцияга олиб киришган-ку!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: