ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (9-қисм. Биринчи фасл)

0

 

***

Улар яқиндагина деворларига экранлар ўрнатиб, Мадали оғир синовларни бошидан кечирган катта, темир эшикли хонага кириб боришди.

Хонанинг чироқлари ёниқ. Курсилардан бирида ўттиз ёшлар атрофидаги, қора соч, лабларига қалин қилиб бўёқ сурилган бир аёл ўтирарди.

Сержант ва Мадали кириб келишлари билан у ўрнидан турди.

— Мана, курсантимизни сизнинг ихтиёрингизга топширдим, — деди сержант кулимсираб.

— Хурсандман! Қани, манови ерга ўтиринг!

Сержант чиқиб кетгач, Мадали кўрсатилган ерга чўкди.

— Сиз уйингизда яшаган пайтларингизда кийимларингизга атир сепиб кўрганмисиз? — сўради аёл.

— Тўғриси, ҳеч қачон атир сепмаганман, — жавоб қилди Мадали.

— У ҳолда ҳозир шу ишни уддалашингиз лозим бўлади.

— Нима учун?

— Сиз бўлғуси жосуссиз. Тўғрими?

— Ҳа.

— Иш давомида ўзингиз танимаган одамни атирининг ҳидидан ҳам аниқлай олишингиз керак бўлади. Айниқса, душманингиз аёлларга ўч бўлса-ю, сизга сира тутқич бермаса, ҳозир ўрганадиган машғулотингиз иш бериб қолиши мумкин. Хўш, бошлаймизми?

— Бошлаймиз, — қизиқсиниб аёл стол устига териб қўйган атирларга боқди Мадали.

— Манови атирларга яхшилаб разм солинг. Буниси Германияда ишлаб чиқарилган, мановиниси французларники, буниси арабларники. Бу эса ўзимизники. Бу атирларнинг ҳаммаси фалон пул туради.

— Тушундим.

— Нимани тушундингиз?

— Гапларингизни.

— Йўқ, ҳали ҳеч вақони тушунганингиз йўқ. Сизнинг вазифангиз шундан иборат бўладики, ҳар бир атирни ҳидлаб, ҳидини димоғингизда сақлаб қоласиз. Ҳидлаб бўлганингиздан кейин чироқ ўчирилади. Мен атирларни маълум масофадан туриб бирма-бир сизга ҳидлата бошлайман. Сиз эса атирнинг қаерда ишлаб чиқарилганини, номини айтиб берасиз. Адашсангиз, кўникма ҳосил қилмагунингизча давом эттираверамиз. Билиб қўйинг, машғулот қанча давом этишидан қатъий назар, сизга сув ичиш, овқатланиш тақиқлаб қўйилади.

— Тушундим.

— Бўлмаса, бошлаймиз. Қани, ҳидланг!..

Мадали атирларни бир-бир ҳидлаб чиқди.

Шундан сўнг аёл қўлига микрофон олиб баланд овозда буйруқберди:

— Чироқлар ўчирилсин! Сиз бурчакка бориб кутинг!

Мадали қоронғиликда бир бурчакка борди-да, кута бошлади. Аёл секин унга яқин келиб атирларни қайтадан ҳидлата бошлади.

— Хўш, буниси қандай атир?

— «Шанель», французларники.

— Буниси-чи?..

— «Красная Москва». Москвада ишлаб чиқарилган…

Машғулот чамаси ўн дақиқалар давом этди.

Ниҳоят чироқ қайтадан ёқилди.

— Сизнинг натижаларингиз ўндан тўрт! — деди аёл. — Атирлардан узоқ бўлганингиз кўриниб турибди. Нимаям қилардик? Машғулотни яна давом эттиришга мажбурмиз.

Орадан икки соатча вақт ўтди. Соат тунги ўнга яқинлашиб қолганди.

Аёл Мадалининг натижаларидан қониқиш ҳосил қилди, чоғи, сумкасига атирларни жойлаб ташқарига йўл олди.

— Сиз учун машғулот ҳали тугамади, — деди чиқиб кетаётиб. — Ҳозир олдингизга бошқа бир муаллим киради.

Мадали индамади. Чарчай бошлаган кўзларини ишқалай-ишқалай, курсига бориб чўкди.

 

 

* * *

 

 

Шу кўйи икки соатча ўтириб қолди. Ҳеч кимдан дарак йўқ.

— «Нима балони ўйлаб топишмоқчи булар, — ўйларди у ташқарига умидвор термилиб. — Келса кела қолмайдими? Қачон ухлашга ётаман бу туришда?»

Хайрият, ёши олтмишларга борган, калбош бир эркак қўлида сумка билан кириб совуққина саломлашди.

— Сенми, қаҳрамон? — сўради у худди шундай совуққонлик билан.

— Ҳа, мен.

— Чекасанми?

— Йўқ.

— Унда ишинг чатоқ, акаси! Чекмасанг, сигаретларнинг ҳидини қандай ажратасан?

— Бунинг нима кераги бор экан?

— Менга ортиқча саволлар бериб бошимни қотирма! Ундан кўра гапларимга қулоқ сол. Ҳозир сенинг олдингда, албатта, қоронғиликда турли-туман сигаретларни тутатаман. Сен уларнинг турини, номини айтасан. Уқдингми?

— Уқдим, — бўшашибгина жавоб қилди Мадали.

Шундан сўнг чироқлар яна ўчирилди.

Ҳеч қанча ўтмай, хонада сигарета тутуни кеза бошлади.

Эркак Мадалини йигирма қадам нарига турғазиб қўйганди. Турган еридан қичқирди.

— Нега аммамнинг бузоғига ўхшаб индамай турибсан? Айта қолмайсанми?..

— «Астра», фильтрсиз.

— Қаердан биласан?

— Дадам шунақа сигарета чекарди.

— Шунақами?

Бир муддат сукутдан сўнг хона ҳавоси алмаштирилиб, бошқа сигарета тутатилди.

— Буниси-чи?

— Буниси… «Опал!» Фильтри бор.

— Қаердан биласан?

— Биламан-да!.

Машғулот беш дақиқача давом эттирилди, холос.

— Баҳоинг икки! — деди эркак қовоқ уйиб. — Қанақа эркаксанки, сигаретни бир-биридан ажрата олмайсан? Эртага яна давом эттирамиз. Турмада бўлсанг-ку, жонингни суғуриб олардим!

Мадали сездики, бу одам қамалиб чиққан. Ҳайрон бўлди. Нега шундай ташкилот турмада ўтириб чиққанларни таклиф қилади, ишлатади? Балки, бу ҳам иш вақтида асқотар? Ҳар ҳолда командирлар билмаса, бир иш қилишмайди…

Мадали соат ўн бирларга яқин хонасига йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Орадан яна икки кун вақт ўтди. Икки кун мобайнида Мадалини безовта қилишмади. Кунларни одатга кириб қолгани каби ухлаб ўтказди. Учинчи куни эрталаб сержант кириб келди.

— Ташқарига чиқ! — буюрди у.

— Қаерга борамиз? — Мадали кейинги кунларда негадир савол беришдан унчалик ҳайиқмай қолганди. Сержантнинг кўзларига тик боқиб жавоб кута бошлади.

— Яралар битдими? — сўради сержант жавоб бериш ўрнига.

— Битди ҳисоби.

— Янги яралар орттиришга тайёрмисан?

— Уф-ф.

— Нега «уф» тортасан, курсант? Ҳали ҳаммаси олдинда. Қийинчиликлар энди бошланяпти. Қани, юр!

Бу гал ҳам икки кун аввалги аудитория томон юришди.

Энди хона ойналарига қоп-қора пардалар тутиб қўйишибди. Чироқ ёқилмаса, ҳеч нарсани кўриб бўлмайди.

— Шу ерда кут! — тайинлади сержант Мадалини хона ўртасига олиб бориб.

— Нимани кутай?

— Буйруқни!

Сержант хонани ташқарисидан қулфлаб қўйди.

Жимлик.

Мадали ҳамон тик турган кўйи қандайдир буйруқни кутарди.

Чамаси, бир соатча шу тахлит туриб қолди.

Ўтиргиси келарди-ю, «тағин тақиқлаб қўйишган бўлса, гап эшитиб қолмай» деган хаёлга бориб ўзини тиярди.

Бир маҳал нақ пешанасига мушт келиб тушди.

Зарба шу қадар кучли чиқдики, Мадали икки-уч метр нарига учиб кетди. Токи ўзини ўнглаб ўрнидан қўзғалгунича, орқасига келиб тушган тепки уни яна полга михлади. Билдики, ўзини ўнглаб, курсда ўрганган «приём»ларни қўлламаса, тағин бир неча кун оғриқлардан азобланади.

— Эркак бўлсанг, очиқчасига муштлаш-да, ифлос! — овозининг борича бақириб юборди у. Ва даст ўрнидан туриб ортга тисланди. Бу қарори тўғри эди. Гарчи кўзлари ҳеч нимани кўрмаса-да, келаётган муштларни овозидан англаб, худди ўша нуқтага жавоб зарбаси бера бошлади. Иккинчи-учинчи тўғри йўналтирилган зарбадан сўнг кимларнингдир полга гурсиллаб қулагани эшитилди.

Хонани сукунат қоплади. Бироқ Мадали бўшашишга қўрқарди. Яна қайсидир томондан учиб келадиган муштни кутиб ҳушёр турарди.

Келмади.

Тўсатдан чироқлар ёқилди.

Қараса, икки йигит полда беҳуш ётибди.

— Баракалла! — бу сафар аудиторияга шахсан полковникнинг ўзи кириб келиб Мадалининг елкасига қоқди. — Хайрият, тўккан терларимиз беҳуда кетмаяпти экан. Хўш, қалайсан энди, азамат?

— Яхшиман, — кулимсираб бош эгди Мадали.

— Машғулотларни яхши ўзлаштиряпсан. Фақат бир нарсани унутма! Бу шунчаки машғулотлар, холос. Ҳаётда эса бундан ўн чандон даҳшатли ҳодисаларга дуч келишинг мумкин. Шундай экан, ҳар бир ўргатганимизни такрор ва такрор эгаллашга ҳаракат қил! Ҳеч қачон шуғулланишдан тўхтама!

— Хўп бўлади, ўртоқ полковник!

— Энди бориб дамингни ол! Эртага тонгда жўнаб кетасан.

— Қаерга? — беихтиёр сўради Мадали гарчи командирлар саволни ёқтирмасликларини унутмаган бўлса-да.

Бироқ полковникнинг юз тузилиши ўзгармади.

— Борганда биласан, — деди гапни калта қилиб. — Аввал яхшилаб дам олишинг керак. Бор, қаҳрамон!

Мадали шу ерга келганидан бери биринчи маротаба бир ўзи ёлғиз, сержантнинг ҳамроҳлигисиз ташқарига чиқди ва хонаси томон йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Эрта тонг. Соат бешга бонг урганда Мадали ухлаётган хона чироғи ёқилди.

— Подъём!.. — йўғон, ёқимсиз товуш қулоғига чалинганданоқ сапчиб ўрнидан турди.

Тепасида нотаниш, бўйи икки метрча келадиган бадбашара икки йигит тиржайиб туришарди.

— Тез кийиниб, ташқарига чиқ, машина кутяпти! — буюрди улардан бири.

Мадали сўзсиз кийинди ва ваннахонада юз-қўлини чала-чулпа ювиб ташқарига отилди.

Ҳақиқатан, дарвоза олдида ўзини қачонлардир вертолётгача кузатиб қўйган машина турарди.

Эшик олдида сержант полковник билан нималардир тўғрисида гаплашиб турган экан. Уни кўриб иккови ҳам олдинга қараб юришди.

— Қаҳрамон уйқуга тўйгандир-а? — ҳазиллашган бўлди полковник.

Мадали тортинган кўйи бош эгди.

— Болам, — деди полковник унинг елкасига қоқиб. — Бу галги синов охиргиси. Лекин сенга жуда қийин бўлади. Машаққатларга ён бериб қўйма. Токи шунча ўрганганларинг, бошингдан кечирганларинг бир пул бўлиб қолмасин. Тайёрмисан?

— Худди шундай! — қаддини ғоз тутиб жавоб қилди Мадали.

— Баракалла! Қани, у ҳолда машинага!

Мадали бир сакраб машинага чиқди. Ортидан уни уйғотган икки барваста йигит ҳам чиқиб ўтирди.

Машина шу заҳоти ўрнидан қўзғалиб, номаълум манзил томон жўнади.

 

 

* * *

 

 

Улкан самолёт фақат учовини олиб узоқ парвоз қилди. Шу лаҳзалардагина Мадали ўзи қанчалар ватанга кераклилигини, танлаган касби оғир ва масъулиятлилигини юракдан ҳис этгандек бўлди. Чунки фақат ҳукумат раҳбарларигина алоҳида самолётда ёлғиз уча олишларини телевизорда кўрган. Ҳозир эса унинг ўзини қаерларгадир олиб кетишяпти. Демак, у кимларгадир керак…

Аммо қаерга олиб боришади? Нима иш қилади у ерларда?.. Буниси маълум эмасди. Ёнида тумшайганча кетиб бораётган йигитлар ҳам фақат сукут сақлашар, ҳатто, ўзаро гаплашишмасди…

Самолёт пастлай бошлади. Мадали беихтиёр иллюминатордан ташқарига кўз ташлади.

Ажабо!.. Улар бепоён океан устидан учиб ўтиб боришарди.

— «Қандай гўзал-а, — кўнглидан ўтказиб жилмайди у. — Умримда бунақанги катта сувни кўрмагандим! Қанийди, шу ерларда маза қилиб чўмилсам!..»

Самолёт яна ўн дақиқача парвоз қилгач, кичик бир аэропортга келиб қўнди.

Йигитлар Мадалини ташқарига олиб чиқишди ва сал нарида турган вертолёт томон бошлашди.

Бу ерларда кун анча исиб қолганди.

— Баҳор келибди-да! — ўйлади Мадали. — Ўқиш билан бўлиб фаслларниям унутиб юбордим, шекилли…

— Ҳозир одам оёғи етмайдиган бир оролга борамиз, — ниҳоят, йигитларнинг бири сўз қотди.

— Ўша ерда яшаймизми? — қизиқсиниб сўради Мадали.

— Ҳа, бир ҳафта давомида худди ўша оролда яшаймиз. Синовларни ўша ерда ўтайсан.

— Сизлар синайсизларми?

— Албатта.

— Ўзи кимсизлар? Танишиб қўйсак ёмон бўлмасди.

— Хизматни бошлаганингда танишамиз. Ҳозирча ортиқча саволлар бериш тақиқланган сенга.

— Тушундим.

Вертолёт кўз очиб-юмгунча уларни айлана атрофи ям-яшил дарахтлар билан ўралган оролга олиб келди. Атроф шу қадар гўзал эдики, Мадали сира кўз узолмасди.

Улар кичик ўрмон ичкарисига кириб боришди. Океан анча олисда қолди.

— Мана шу ерда тўхтасак ҳам бўлади, — деди сариқ сочли йигит ёнидаги шеригига.

— Яхши, қани, йигит, ўтириб бироз дам олайлик. Ундан сўнг дарҳол биринчи имтиҳонни бошлаймиз.

— Менга барибир, — деди Мадали. — Фақат ул-бул еб олсак ёмон бўлмасди.

— Нима? — йигитлар бараварига кулиб юборишди. — Қорнинг очдими?

— Ҳа, — қовоғини уйди Мадали.

— Сабр қил. Егулик ҳам бўлади…

Йигитлар ёнбошдаги дарахт рўпарасига бориб баргларидан уза-уза ётиш учун жой ҳозирлашди. Дарахт жуда ғалати эди. Эни қулочга сиғмайди. Ҳар бир барги баркашдек. Тўрттаси ерга тўшалса, бемалол бир киши ётиб дам оладиган жой тайёр бўлади…

Орадан ярим соатча вақт ўтди. Мадали жимгина сигарет чекаётган йигитларга эътибор бермай, вақтини табиат манзарасига суқланиб боқиш билан ўтказди. Айниқса, дарахтлардаги у ёқдан-бу ёққа бақир-чақир қилиб сакраётган маймунлар, олмахонлар унинг хаёлини буткул ўғирлаб олганди…

— Хўш, бошлаймиз бўлмаса! — кутилмаганда сариқ сочли йигит ўрнидан сакраб турди. — Ҳадемай қоронғи тушади. Йигит, айтолмайсанми, соат неча бўлдийкин ҳозир?..

Мадали тушунди. Уларнинг ҳар бир саволи имтиҳон режасига киритилган.

— «Булар жинни эмасдир, — хаёлан фикрлади у. — Ҳаммасини олдиндан белгилаб қўйишган. Ҳа, майли, бошласам бошлай қолай…»

У секин очиқроқ жойга чиқди-да, қуёшга боқиб вақтни чамалади. Бу машғулотни уйда пайтидаёқ отасидан ўрганганди болаликда.

— Адашмасам, соат кечки бешлар атрофида.

— Маладес! — қарсак чалиб юборишди йигитлар. — Буни эпладинг!.. Энди менга қулоқ сол!

Сариқ соч йигит боягина баргларидан узиб олган дарахт рўпарасига олиб борди.

— Ҳозир шу ердан туриб шарқ қаерда, шимол, жануб, ғарб қаердалигини бизга айтиб берасан.

— Шу холосми? — сўради Мадали.

— Ҳозирча шу. Шартни бажарганингдан кейин овқатланишга рухсат берилади.

— Тушундим.

Мадали секин дарахт остига ўтирди. Яна отаси хаёлидан ўта бошлади.

Ҳа, у айтганди. Буни чумоли уясидан билиб олса бўлади. Чумолилар ҳамиша дарахтнинг жанубга қараган тарафида ин қуради.

Мадали секин энгашди. Рўпарасида чумоли уяси бор экан. Кўрди-ю, сира ўйланиб ўтирмай, ўрнидан туриб ҳисоб берди.

— Бу томон жануб, наригиси шимол, бу ёғи шарқ, у ёғи ғарб.

— Аниқми? Адашмаяпсанми?

— Йўқ.

— Хўш, қандай аниқладинг?

— Буниси сир, — кулди Мадали.

— Шунақа дегин? Ҳа, тўғри топдинг. Бу шартни ҳам бажардинг. Энди сенга бир бурда нон берамиз. Лекин билиб қўй, бошқа бермаймиз. Сен умуман, бошқа нарсаларни ейишни ўрганасан.

— Майли, — деди Мадали нон бўлагини қўлига оларкан.

— Яна шуни айтиб қўяй, — уқтирди йигит. — Нонни ҳозир эмас, кечаси ейсан.

— Нега?

— Қоида шундай.

— Ҳозир нима қиламан?

— Ҳозир ётиб ухлайсан. Биринчи имтиҳон тугади. Иккинчисини биз айтган вақтда бошлайсан. Қани, ўзингга худди манавинақа барглардан жой тўша-чи!

Мадали бир зумда дарахт баргларидан узиб олиб ўзи учун йигитлардан сал нарироқдан жой ҳозирлади ва секин ёнбошлаб, қўлидаги нонни ҳам ёнбошига — барглар остига беркитиб қўйди.

 

 

* * *

 

 

Очлик, чарчоқ енгиб Мадали тезда ухлаб қолди. Уйқу орасида нималардир баданида ўрмалай бошлагандек бўлди. Кўзини очмаган ҳолда уларни ўлдирди ҳам, чоғи.

Шу кўйи бир соатча ухлади. Бир маҳал кимдир уни туртиб уйғотди. Шошиб кўзини очса, тепасида сариқ сочли йигит турибди.

— Тур, нонингни еб ол! — деди у.

— Э, эрталаб ерман, — Мадали уйқу ширинлигидан норози ғудраниб нариги ёнбошига ўгирилмоқчи бўлди. Бироқ йигит уни бир зарб билан оёққа турғазди.

— Буйруқни бажармасликка ҳаққинг йўқ. Қани, нонни ол-да, еб битир!..

Мадали истар-истамас, барглар орасига қўл солди.

— Ие, нон қани?..

У ҳайрон бўлиб баргларни ағдариб ташлади. Нон йўқ.

Шунда йигитлар тағин қандайдир айёрлик ўйлаб топганларини тахмин қилиб индамайгина ўрнидан туриб йигитга юзланди.

— Биз ухлаганда еб қўйгандирсан балки? — сўради йигит.

— Ўлай агар, сизлардан олдин ухлаб қолдим-ку! Қанақасига еб қўяман?

Йигит секин қўлидаги фонарни ёқди-да, бир дарахтга тўғрилади. Дарахт устида маймун нонни қўлида маҳкам сиқиб олганича «у-у»лаб уларни мазах қиларди.

— Ана, қара, — кулди йигит. — Нонингни ҳов анови маймун олиб қочибди. Қани, олиб қўй қўлидан! Эплайсанми?

Мадали фонарни йигитнинг қўлидан олди-да, маймунни бир муддат кузатиб турди. Қандай қилиб тортиб олади? Бу ярамас жонивор шохма-шох сакраб юрса!..

Ҳақиқатан бу иш жуда оғир эди. Нонни тортиб олиш учун фақат айёрлик қилиш керак, холос.

У дарахт остига яқин бориб анча вақт нима қиларини билмай бир жойда қотиб турди. Маймун эса негадир нонни ейишга шошилмас, фақат у томонга нон тутган қўлини чўзганича чийилларди.

— Ҳа, топдим! — ниҳоят ҳушёр тортди Мадали. — Бу йигитлар яна бир шарт ўйлаб топишганга ўхшаяпти. Демак, улар мана шу нонни маймуннинг қўлидан қай йўл билан тортиб олишимни текширувдан ўтказишмоқчи. Жуда маъқул! Ҳозир боплайман…

Мадали секин дарахтга чиқа бошлади. Хавфни кўнгли сезган маймун эса уйидан узоқлашиб, бошқа дарахтга ўтиб олди.

— Ҳа, барибир маймунлигингга борасан! — ўзича сўзланиб маймуннинг уйига яқинлашди Мадали. — Аҳмоқсан! Одам зотини алдамоқчи бўласан. Бизниям ўзингга ўхшаб калтафаҳм деб ҳисоблайсан. Бекорларни айтибсан! Ҳозир сенинг устингдан шундай кулайки, нон олиб қочганларингга пушаймонлар бўласан!

Уяда иккита маймун боласи ухлаб ётарди. Ҳатто, Мадали яқин борса ҳам ўрниларидан қўзғалишмади. Фақат улардан бирини қўлига олгач, бараварига чирқиллаб юборишди.

Мадали кўрдики, болаларидан хавотирга тушган она маймун шу ёққа чопиб келяпти.

Бир сакраб дарахт устидан пастга тушди ва йигитлар томон югуриб бориб, яна маймун тарафга ўгирилди.

Она маймун ҳамон қўлидан нонни қўймаган бўлса-да, у томонга келишга қўрқиб дарахт устида турган кўйи «у-у»ларди.

Мадали қўлидаги чириллаётган маймунчани унга кўрсатиб бир қўли билан «Нонни ташласанг, болангни қўйиб юбораман!» ишорасини қилди. Ишора бир неча ўн маротаба такрорлангач, маймун нонни пастга улоқтириб, икки қўли билан «боламни қайтар!» дегандек имо қила бошлади.

Мадали шу заҳоти маймунчани қўйиб юбориб югурганича борди-да, нонни фонар ёрдамида шох-шаббалар орасидан топиб жойига қайтди.

— Бу шартни ҳам аъло даражада бажардинг! — дейишди йигитлар унга. — Биз нонни қайтариб ололмасанг керак, деб ўйлагандик. Яхши. Энди нонингни егин-у, ухлашда давом эт!

— Ҳарқалай, эрталабгача уйғотмасаларинг керак? — норози оҳангда сўради Мадали.

— Уйғотмаймиз. Ётиб ухла!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ