ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (11-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

***

 

 

Орадан ўн кун ўтгач, юзларидаги докани ечиб олишди. Кўзларини очишга шошилмаслиги керак. Айтишларича, тўсатдан кўзга ёруғлик нури урилса, томирлар бардош бера олмаслиги, натижада кўр бўлиб қолиши ҳам мумкин экан…

Аввал бир идиш бердилар. Идиш билан юзларини тўсиб аста кўзларини очди. Шу кўйи беш дақиқача ётгач, ҳамшира эҳтиёткорлик билан идишни тортиб олди…

Мана, ниҳоят, Мадали яна ёруғ дунёни кўрди…

Биринчи бўлиб кўзи тушган кимса сержант эди…

У Мадалининг тепасида кулимсираб турарди.

— Табриклайман! — деди сержант.

Мадали ҳали гапиришга қийналарди. Сўзга оғиз жуфтлади дегунича юз, қовоқ терилари тортишиб кучли оғриқ тура бошларди..

Сержант унинг аҳволини тушуниб сал нари борди-да, каттакон кўзгу келтириб Мадалининг юзига тўғрилади.

— Кимни кўряпсан?..

Даҳшат! Кўзгудаги акс буткул бошқа одамга тегишли эди…

— Бу мен эмас-ку!» — жаҳл аралаш сўзланди Мадали.

— Бу ўзинг!.. — таъкидлади сержант.

«Мен бошқача эдим-ку!..» — энди дилидагини тилига чиқармай, ўйлай бошлади Мадали.

— Ҳа, бошқача эдинг, — Мадалининг хаёлини ўқиб тургандек давом этди сержант. — Ҳозиргиси ҳақиқий разведкачининг юзи. Сенинг юз тузилишингни ўзгартириш учун ҳам операцияга олиб келдик-да! Хурсандмисан?

— Нега хурсанд бўлай? Энди нима қиламан?

— Энди ростакамига хизматни бошлайсан, — деди сержант. — Госпиталдан чиққанингдан кейин…

 

***

 

 

Мадали ҳамон ишонқирамай, қайта-қайта кўзгуга боқиб кўрди. Юз тузилишини роса ўзгартириб ташлашибди. Кўзлари илгари қоп-қора, қисиқроқ эди. Энди анчагина катталашиб, мовий тусга кирибди. Қулоқлари-чи? Илгари шалпангқулоқроқ эди. Ҳозиргиси чучварадек кичкина, оппоқ…

«Мен энди ким бўлдим, — ўйларди у сержант палатани тарк этганидан кейин ҳам кўзгудан кўз узолмай. — Наҳотки, Мадали деган исмимдан ҳам воз кечишга мажбур этишса? Ишқилиб, рус кишисига айлантириб қўйишмаса бўлгани…»

 

 

* * *

 

 

Айнан рус кишисига айлантириб қўйишлари ҳақиқатга яқинроқ чиқиб қолди. Бир ойлик даволанишлардан сўнг ҳаммаси жойига тушди. Мадали энди аввалигидек бемалол оёқда юрар, гаплашар, турли дармондорилар уни қайтадан олдинги ҳолатига келтирганди…

Соғайиб курсга қайтгач, капитан қабул қилди.

— Шу бугундан эътиборан сен Михаил Салаевсан! — унинг биринчи гапи шу бўлди. — Исми-шарифингни эслаб қолдингми?

— Худди шундай!

— Яқин орада сенга разведкачи сифатида илк топшириқ берилади. Ҳозир эса бошқа операцияни амалга оширасан. Қара, юзларинг, кўзларинг, қулоқларинг, умуман, ташқи кўринишинг илгариги Мадали эмас. Шундай экан, бунга кўникишинг лозим бўлади. Қолаверса, сенга бир «сюрприз» тайёрлаб қўйганмиз.

— Қандай «сюрприз»?..

— Ҳар бир разведкачининг ҳаётида бўлгани каби сен ҳам барча яқинларингга «ўлди» деб эълон қилинасан.

— Нима?!. Нега?..

— Чунки, разведкачининг яқин қариндошлари, дўстлари, суюкли ёри билан учрашишга, алоқада бўлишга ҳаққи йўқ. У худди кўринмас одам каби яшаши зарур.

— Т-тушундим…

— Жуда яхши. Яна уч кундан сўнг сен ўз жасадинг жойланган темир тобутни аскарлар бошчилигида ота уйингга олиб борасан. Бу сен учун сўнгги синов. Сени у ерда ҳеч ким танимайди, албатта. Ҳатто, туққан онанг ҳам. Жасад ерга қўйилгач, қайтиб келасан. Огоҳлантириб қўяй, дафн маросимида барча яқинларинг иштирок этади. Сен курсда ўргатилган кар-соқовлар тилидан фойдаланишинг керак. Мабодо яқинларингдан бирортаси овозингни эшитиб, таниб қолса, шу сониядаёқ ватан хоини сифатида қамоққа олинасан. Вазифа жуда масъулиятли. Хўш, эплайсанми?

— Эплайман.

— Унда, дўстим, ҳозир киргин-у, бироз дам олиб ўзингга келганингдан кейин соқовлар тилини яна бир карра қайтариб ол. Эсингдан чиқиб қолган бўлиши мумкин…

— Хўп бўлади!

Топшириқ аён. Бу галгиси шунчалар оғир, аламли эканини Мадали хонасига кириб ўзича тасаввур этиб кўргачгина ҳис этди.

Кўзларига беихтиёр ёш кела бошлаганини пайқаб даст ўрнидан турди-ю, госпиталда махсус тақдим этилган майда дори доначаларидан биттасини оғзига тиқди.

Бу дори кучли таъсир қувватига эга бўлиб, одамни тошюрак, ҳиссиз ҳолатга келтириб қўяр, ҳеч нарса ҳақида ўйламасдан, қайғурмасдан фақат олдинга қадам босишга ундарди…

Орадан ҳаш-паш дегунча бир ҳафта вақт ўтиб кетди. Мадали ҳамон ётоқда дам олар, ҳар икки-уч соатда уни кузатишарди. Ўзи буни билмасди. Асосий бинодаги компьютерлар фақат Мадалининг ҳаракатларини назорат қилиш билан банд, ҳатто ҳар бир олган нафасигача таҳлил этиларди.

Ниҳоят капитан бошчилигида икки аскар ва ўзи учун анча яқин бўлиб қолган сержант ётоққа кириб келишди. Мадали, гарчи бундан буён ёзганлари ҳеч кимга етиб бормаслигини билса-да, уйидагиларга мактуб ёзиш билан овора эди. Шу йўл билан аҳён-аҳёнда эзилаётган юрагини хотиржам торттирмоқни ният қиларди…

Яна у бир нарсани пайқаб қолганди. Ҳар куни уч-тўрт донадан олиб келинадиган майда-майда кўкимтир дориларни ичганиданоқ ярим соат ўтиб анча беғам тортиб қолар, ҳеч нимани ўйламас, шу қадар совуққон, шафқатсиз одамга айланиб бораётганини аниқ-тиниқ ҳис этиб турарди.

— Хўш, дорингни ичдингми? — сўради капитан кириб келгандаёқ.

Мадали даст ўрнидан туриб стол устидаги қоғоз-қаламларни йиғиштирган бўлди-да, қаддини ғоз тутди.

— Худди шундай!

— Ёлғон гапирма, — танбеҳ берди капитан. — Биз ер остида илон қимирласа биламиз. Дорини охирги маротаба кеча тушдан кейин ичгансан. Ваҳоланки, сенга ҳар уч-тўрт соатда ичиб туришни буюрганмиз. Нега буйруқни бажармадинг?

Мадалига капитаннинг «сен»лаб мурожаат этиши ёқмаса ҳам ўзини индамай ерга боқди.

— Айбдорман, ўртоқ капитан! Ҳозироқ ичиб оламан.

— Шундай бўлсин! Бундан буён ичилиш курси тугамагунча ўз вақтида ичишинг шарт.

— Хўп бўлади.

— Жуда яхши. Энди бу ёғини эшит. Бугун тунда манови икки нафар аскар ҳамроҳлигида ўз тобутингни олиб ватанингга, аниқроғи, собиқ ватанингга учиб кетасан.

— Тушунарли.

— У ёққа борганингдан кейин ўзингнинг дафн маросимингда иштирок этишингга тўғри келади.

— Албатта, иштирок этаман!

— Мабодо… бизни уялтириб қўймайсанми ишқилиб?

— Ҳеч қачон!.

— Билиб қўй, сенинг ҳозирги ташқи кўринишинг аввалги ўзбек йигити Мадалига умуман ўхшамайди. Шундай экан, борганингда ҳатто туққан онанг ҳам сени танимайди. Рус йигити деб ўйлайди. Шу сабабли қишлоғингга яқинлашганинг ҳамоно манови дориларнинг биратўла иккитасини ичиб ол. Токи, юрагинг ортиқча безовта бўлмасин, ўзинг азобланмагин! Ҳаммаси тугагач, аскарлар билан яна шу ерга қайтиб келасан. Биламан, сенга осон бўлмайди. Лекин на илож! Сен энди разведкачисан. Ҳаётинг фақат машаққатлардан, хавфли лаҳзалардан иборат бўлади. Бўпти, ҳозирча дамингни ол. Чақиришлари билан дарҳол нарсаларингни йиғиштириб ташқарига чиқ!

— Хўп бўлади!

Капитан ёнидагиларни ташқарига чиқишга буюрди.

Хонада ёлғиз қолгач, Мадали уф тортган кўйи секин тумбочкадан дориларни олиб биттасини оғзига солди.

 

 

* * *

 

 

Мадали кун бўйи битта саволга жавоб излаб бош қотирди. Нега бу дориларни ичишга мажбурлашяпти? Ахир, курсда руҳни ўзига бўйсундириш дарслари ўтилганди-ку! Тепакал муаллим беш соат дарс берган. Аввалига аудиторияда ўтириб турли ҳолатларда ўзини эркин тута билиш, ҳиссиётларга берилиб кетмасликка ўргатган. Сўнгра ҳовлига олиб чиқиб аввалига кучукни сўйдириб кўрган. Кетидан каттакон итни! Ундан сўнг эса мушукни тўртинчи қаватдан пастга ташлаб кўрган. Ҳа-а, эслади. Қуённи сўйиш учун қўлига тутқазишганди. Ярамас қуён калласини кесаётганингда худди одамга ўхшаб йиғларкан. Мадали эса ёнида кимдир аччиқ-аччиқ йиғласа, тоқат қила олмасди. Шунинг дастидан муаллимдан роса дакки эшитган.

— Демак, ўша кунги воқеани ҳисобга олишибди-да! — деди ўзига ўзи. — Борганда ишни бузиб қўймаслигим учун шу дориларни беришяпти. Йўқ, мен ўша дарслардаги маслаҳатларни қайтадан ёдга олмасам бўлмайди. Қачонгача манови аччиқ дорини ютиб кун кўраман?

Мадали узоқ вақт ўзини турли вазиятларда тасаввур этиб кўрди. Гоҳ отасини безорилар тутиб олиб тепкилашди. Ўша маҳал Мадалини уч-тўрт киши маҳкам ушлаб турди. Уларнинг қўлидан чиқиб кетишнинг имкони йўқ эди.

Чидади.

Сал ўтиб онасига ҳужум қилишди.

Ана шуниси сал оғирроқ кечди. Онанинг йиғлашлари юрагини бироз юмшатиб юборгандек туюлди-ю, барибир тишини тишига қўйиб охирини кутди. Барзангиларнинг қўлидан чиққач эса улардан бирини тутиб олди. Қолганлари қочиб кетишганди. Тутиб олганини маҳкам арқонлади. Ҳозир уни аёвсиз қийнаши шарт. Чунки, улар ота-онасини қаттиқ қийноққа солишди. Ўч олишга ҳақли.

Мадали қўлига уйдаги ўткир пичоқни олди-ю, безорининг томоғига тиради.

Жон ширин. У тинмай силкинар, кўзлари Мадалига умидвор термиларди.

Бу аянчли нигоҳларга эътибор бериб ўтирмади. Кўзларини чирт юмди-ю…

— Қани, нарсаларингни йиғиштириб ташқарига чиқ!

Мадали сапчиб ўрнидан турди. Тепасида сержант турар, кўз қарашлари ўта жиддий эди.

— Нима бало, ширин хаёллар тинчлик бермаяптими?

Мадали индамай буюмларини йиғиштирди. Аммо тумбочкадаги дориларни олмади.

Дориларсиз амаллашга аҳд қилди.

 

 

* * *

 

 

Тобут юкланган машина қишлоқ кўчалари бўйлаб кетиб борарди. Мадали хотиржам. Анчадан бери кўрмаган таниш кўчалар, яйдоқ далалар, ариқ бўйларидаги қайрағочларга ўйчан тикилар, ота-онасининг ҳали замон тобутни кўриб қай аҳволга тушишини хаёлан тасаввур этиб қўярди.

Ёнидаги икки аскар ҳам сукут сақлашяпти. Негадир кайфиятлари йўқ. Самолётда учишганда ўзаро ҳазил-ҳузул қилишганди. Ҳозир эса худди қимматбаҳо буюмини йўқотиб қўйган кимса каби қовоқларини уйганча бош эгиб ўтиришибди.

Машина Мадали ўсиб-улғайган кўчага бурилиб кўз очиб-юмгунча таниш дарвоза олдида тўхтади.

«Ё, алҳазар, — кўнглидан ўтказди Мадали. — Ҳамма қариндошларим кўчада туришибди-ку! Ана, аммаларим, холаларим, тоғаларим! Онам бечора отамнинг елкасига бош қўйганча зўрға оёқда турибди. Биламан, шу тобда уларнинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Ҳойнаҳой, ич-ичларида қотилни қарғаб ётишгандир! Онажон, дадажон, мени кечиринглар! Мен ношуд сизларни бу қадар оғир аҳволга солиб қўяман, деб сира ўйламагандим. Менга қолса, шундай қилармидим? Агар разведкачилар мактабига жўнатишаётганини ўшанда билсам, ўлсам ҳам бормаган бўлардим. Аммо энди кеч. Қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Майли, ҳозир йиғлаяпсизлар, азобдасизлар. Юракларингга ҳеч нарса сиғмайди. Лекин орадан маълум вақт ўтиб кўникасиз. Одам нималарга кўникмаган! Йилимни ўтказганларингдан кейин аста-секинлик билан унута бошлайсизлар. Мавлуда-чи? Э, уям тенгини топиб тегиб кетаверади. Аёл киши ўзи шунақа. Ҳар қандай одамга тегсаям бахтли бўла олади…»

Ниҳоят қий-чув исканжасида Мадалининг тобутини аскарлар машинадан тушириб ҳовлига олиб киришди.

Ажабланарлиси, ҳеч ким Мадалига эътибор қилмасди. Ҳатто, қўни-қўшнилар ҳам уни меҳмон сифатида совуққина қаршилашди.

Ота-онаси эса аскарлар ортидан чопиб тобут томон талпинишарди.

— Вой бола-ам! Чимилдиқ кўрмай кетган бола-а-м! — тобутни қучоқлаб йиғлади онаси. — Йиғлатиб кетиб, йиғлатиб келган бола-а-м! Мени кимларга ташлаб кетди-и-и-нг? Энди қандай чидайман? Бу балоларга қандай чидайман, бола-а-м?

Отаси ҳам бир четда турганча аччиқ-аччиқ йиғларди.

Мадали бу манзарани четдан туриб индамасдан кузатар, юраги ўзи ўйлаган каби орзиқмас, қариндош-уруғларга бепарво назар ташларди.

— Тобутни очиб боламни кўрсатасан! — онаси кутилмаганда аскар йигитларга ёпишди. — Менинг боламни кўрсатасан! Агар кўрсатмасанг, ҳозир отасига айтиб, болта билан буздираман!

— Синглим, ўзингизни қўлга олинг! — туман ҳарбий комиссарлигидан вакил бўлиб келган подполковник Меҳрибон опани тинчлантира бошлади. — Буни очишга рухсат йўқ. Буйруқ шундай. Илтимос, тинчланинг! Мен ҳам дардингизга шерикман! Нима қилайлик, Худонинг айтгани бўларкан!

— Йўқ! — ўзини орқага ташлади Меҳрибон опа. — Мени алдаб бўпсанлар! Болам ётади-ю, унинг дийдорини кўрмайманми? Кўрсатма-чи! Отаси, қаердасиз? Оғилхонадан болтани опчиқинг! Буларга қулоқ солиб бўпман! Ўзим бузаман ҳозир!

Ўзини телбаларча уёқдан-буёққа ташлаб бақираётган Меҳрибон опанинг ҳайқириқларидан сўнг ҳовлидаги қий-чув янада кучайди. Амма-холалар бараварига ёпирилиб келиб уни ўртага олишди-да, йиғлаб юпата бошлашди.

Меҳрибон опа ҳеч кимга қулоқ солмасди. Ҳеч ким уни тўхтата олмасди. Сочлари ёйилганча тўппа-тўғри Мадалининг рўпарасига келиб тўхтади.

— Ҳой, ука, сиз айтинг! — онасининг ўзига жуда яқин келиб қолиши Мадалини беихтиёр безовталантира бошлаганди. У ҳамма ишни бузиб қўйишдан, юраги дош беролмай, жондан ортиқ онасини маҳкам қучоқлаб, оёқларига бош ура бошлашдан чўчирди.

«Дориларни бекор қолдириб келибман, — ўйлади у муштипар онасининг кўзларига зимдан боқаркан. — Бу қадар даҳшатли ҳодисалар юз беришини нега ўйламадим?! Йўқ, нималар деяпман ўзи? Курсда ўзимни тайёрлагандим-ку! Қани ўша шижоатим? Нега тиззаларим титрай бошлади? Нега юрагим ҳаприқяпти? Ўзингни бос, разведкачи! Бу ҳолат вақтинча! Ҳозир тобутни ерга кўмишади-ю, ҳаммаси жойига тушади. Чида!..»

— Укажон, — Меҳрибон опа Мадалига яқин келиб унинг елкасига бош қўйди. — Сиздан ўғлимнинг ҳиди келяпти! Эшитяпсизми, ўғлимнинг иси! Бирга хизмат қилдингизми-а, қилдингизми? Ўғлим билан бирга ухлаб юрганмисиз? Шунинг учун сиздан ўғилгинамнинг иси келяптими-а?

Мадалининг гапириб юборишига бир баҳя қолди.

— Холажон, бу йигит соқов, гапирмайди, — дея онасини елкасидан тутиб тинчлантира бошлади аскарлардан бири. — Ҳақиқатдан ҳам раҳматли ўғлингиз билан бирга хизмат қилган. Қўйинг, холажон, йиғламанг! Оғир бўлинг.

Мана шу ерда Мадали курсда ўзлаштирган яна бир машғулотни эслади. Бу артистлик қила олиш дарси эди.

Қаршисида муниса онаси. Унинг ҳиди шу қадар қадрдон, шу қадар тотлики, унча-мунча одам ўзини тутиб туриши даргумон. Мадали эса чидаяпти. У кўзларидан сунъий равишда ёш тўкиб онасининг дардига шерик бўляпти. Билади. Бу сўнгги учрашув. Кейин ҳаммасидан воз кечиб уйга қайтган тақдирда ҳам ота-онаси, қариндош-уруғлари уни Мадали сифатида қабул қилишмайди. Сабаби аниқ. Юз тузилиши бошқа йигитга айлантириб қўйилган. Қолаверса, бугун унинг жасадини ерга қўйишади. Тамом!

Мадали артистларча усталик билан онани амал-тақал тинчлантирди. Бу орада мулла жаноза ўқишни бошлади.

Кечқурун соат тўққизларга яқинлашгачгина Мадали аскарлар ва ҳарбий комиссарлик вакили ҳамроҳлигида яна аэропортга жўнади.

Йўлда кетиб бораркан, қабристоннинг ўртасидан жой олган ўзининг мўъжазгина қабри, тепасига «Бу ерда оддий аскар Мадали Марайим ўғли осойиш топган», деган сўзлар ёзилган кичик қабртош сира кўз олдидан кетмасди.

 

 

* * *

 

 

— Сиз энди курсга қайтмайсиз, — деди самолётдан тушишгач, Мадалини кутиб олган қирқ ёшлар атрофидаги, паст бўйли, юзлари юмалоқ, буткул бегона бир эркак. — Аскарлар билан хайрлашиб орқамдан юринг!

Мадали итоаткорона ёнидаги йигитлар билан совуққина хайрлашди-да, эркакнинг ортидан эргашди.

Улар эскироқ «Жигули»га ўтиришди.

— Мана бу конвертда сиз ижарага оладиган квартира манзили, махфий топшириқ олишингиз шарт бўлган алоқа қутиси жойлашган жой номи ёзилган, — тайинлади эркак. — Ҳар бир ҳаракатни махсус кўрсатмага асосланган ҳолда амалга оширасиз. Тушунарлими?

— Тушунганга ўхшаяпман, — жавоб қилди Мадали. — Лекин… Бир нарсани аниқлаштириб олсам.

— Нимани?

— Қайси шаҳарда ўзи ўша квартира? Мен қачон, қай тартибда ишлашим керак?

— Шаҳар бу ердан йигирма чақирим узоқда жойлашган. Сиз ўша шаҳарда бўлгансиз аввал ҳам.

— Тушунарли.

Мадали эслади. Қачонлардир ўрмондан Маруся ва Матвейлар уни ўша шаҳарчага олиб кетишган, сўнгра Маруся билан унинг уйида илк бор ўзининг ҳақиқий йигитлигини ҳис этишга муваффақ бўлганди.

Мадалини катта кўчага олиб чиққач, эркак жўнаб кетди. Ана энди таваккал қилиш керак бўлади. Хўш, бу ер ўша ўрмондан унчалик олис эмас — аниқ билади. Шундай экан, шаҳарча ҳам яқин орада бўлиши тайин.

Мадали секин трамвай бекати томон юрди. Икки-уч дақиқа ўтиб етиб келган трамвайнинг пештоқидаги ёзувга боқди. Ҳа, худди ўша шаҳарча!

— Ишқилиб, шарманда қилмагин, Худойим! Биринчи хизматимни аъло даражада адо этиб, ҳамма раҳбарларнинг оғзини очиб қўяй!

 

 

* * *

 

 

Мадали конвертда ёзилган квартирани қийналмасдан топди. Ичкарига кириб хоналарни кўздан кечирди. Иккитагина хона экан. Бирида эски диван, оқ-қора телевизор. Бурчакда кийимлар илинадиган шкаф.

Наригисида эса темир каравот. Бошқа ҳеч вақо йўқ.

— Бу ётоқ шекилли, — ўзига ўзи деди Мадали. — Ҳа, майли, олдин би-ир ваннахонага кириб чўмилай. Ундан кейин алоқа қутиси жойлашган манзилни қидириб топаман…

Орадан бир соат ўтгач, Мадали шкафга махсус илиб қўйилган кийимларни кийди. Ўзининг ўлчами экан. Кўзгуга боқиб қаршисида ўзига маъюс тикилиб турган мовий кўз, қулоқлари чучварасимон рус йигитига муштини бир ўқталиб қўйди-ю, кўчага йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Бу ерларда ҳам худди Ўзбекистондагидек кунлар исий бошлаган. Дарахтлар ям-яшил тус олиб атрофга ўзгача ҳусн бахш этарди.

Одамлар ҳам енгил кийимга ўтишибди. Мадали бу нарсаларга эндигина эътибор бера бошлади. Кўчада уёқдан-буёққа шошилганча кетиб бораётганлар унга эътибор қилишмас, ўзича таваккалига йўл четидаги белгиларга қараб манзил томон кетиб борарди. Шу маҳал рўпарасидан Марусянинг ўзи чиқиб қолди.

Худди ўша! Оппоқ, дўмбоқ, кўзлари катта-катта аёл! Фақат бўлиқ сонларини кўз-кўз қилиб калта юбка кийиб олибди.

Уни кўриб Мадалининг юраги тез ура бошлади.

Нима қилсин? «Кўз очиб кўрганим», деган гаплар бор. Нақадар тўғри топиб айтилгани ҳозирги лаҳзаларда ўз исботини топгандек эди.

Мадали бу офатижон аёлни қанчалар соғинганини ҳозир кучлироқ ҳис этиб, унга тезроқ яқин бориш учун қадамини тезлатди.

Маруся бепарвогина юриб келарди.

— Маруся! — дея биринчи бўлиб сўз қотди Мадали сабри чидамай.

Аёл секин бошини кўтариб унга боқди.

— Сизни танимайроқ турибман! — деди ҳамон беписандлик билан. — Кимсиз ўзи? Мени қаердан танийсиз?

— Бу нима деганинг? Ахир… Ҳа-я, эсимдан чиқибди. Юз тузилишимни ўзгартирдим, холос, шунга…

— Барибир танимадим.

— Нега ишонмайсан? — Мадали юрак ютиб Марусянинг елкасидан қучди.

— Вой, бу нимаси? — аёл бирдан унинг қўлларини силтаб ташлади. — Ҳаддингиздан ошманг!

— Ҳаддимдан ошганим йўқ. Ахир, бегона эмасмиз-ку!

Маруся масхараомуз кулиб Мадалининг кўзларига тикилиб қаради.

— Балки… Хўш, мендан нима истайсиз?

— Сен билан умримда илк маротаба роҳат нималигини билганман. Яна…

— Ҳа-а, демак, қачонлардир мен билан бўлгансан-у, энди эслаб қолдинг, шундайми?

— Ундай дема, жоним! Сени соғинганман!

— Шунақа дегин? Хўп, пулинг борми ўзи?

Бу саволни Мадали кутмаган эди. Негаки, қаердан ҳам хизматга йўллашди, деб пул ҳақида умуман фикр қилмабди.

Аёлга нима деб жавоб қилишни билмай бир муддат ўйга толди.

— Пул топиладиган нарса-ку! — деди ниҳоят бир қарорга келгандек. — Сен кўнсанг, бас. Топаман пулни!

— Яхши. Кечқурун қўлингда юз сўм пул билан уйимга боравер! Маъқулми?

— Хўп, айтганингдек бўлади!

Улар шу тахлит хайрлашишди.

Энди Мадалининг олдида аввал қутини топиш-у, ундан сўнг тиқилинч автобусларга чиқиб пул топиш масаласи кўндаланг бўлди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here