Кеча яна Исроил-Фаластин чегарасида жиддий тўқнашувлар кузатилди. Қурбонлар 70 кишидан ошган…

0

 

Бундан ташқари, Фаластин врачлари 70 киши оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилгани, уларнинг ҳаёти учун кескин кураш олиб борилаётгани ҳақида хабар қилишган.

«ИТАР ТАСС» агентлиги журналистлари Исроил ҳарбийлари ва Фаластин фуқаролари ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида шу кунга қадар 2, 7 нафар фаластинлик жиддий жабр кўрганини, уларнинг 1 минг 359 нафари Исроил ҳарбийлари тарафидан ўққа тутилиш натижасида оғир яраланганини айтиб ўтишди.

Миср соғлиқни сақлаш вазири Аҳмад Имод ад-Дин Родий Фаластинга жами еттита «Тез ёрдам» машинасини юборди. Машиналар ярадорларга илк тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча қулайликларга эга. Тўқнашувлар муносабати билан Фаластин президенти Маҳмуд Аббос мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.

Барчага маълум, фаластинликларнинг Исроил ҳарбийлари билан ўзаро тўқнашувлари март ойи охирида бошланган. Шундан бери юзлаб фаластинлик жуҳудлар ўқидан ҳалок бўлди. Юзлаб одамлар шу ўқлар касрига қолиб ногиронга айланган бўлса не ажаб. Кеча бошланган тўқнашувлар эса Тель-Авивдаги Америка элчихонаси Иерусалим шаҳрига кўчирилиши сабабли ташкил этилди. Минглаб фаластинликлар қайтадан Исроил чегарасига яқинлашиб келишди.

Шу заҳоти Исроил самолётларидан фаластинликларга чақириқ варақалари ташланди. Варақаларда бу ниятдан қайтишлари, тинчланишлари маслаҳат берилганди. Чегарага Исроил армияси бўлинмалари қўшимча кучлар сифатида етказилди. Орадан қисқа вақт ўтгач, икки ўртада қонли тўқнашувлар бошланди. Жуҳуд ҳарбийлар фаластинликларга қарата дастлаб кўздан ёш оқизувчи газ, резина ўқларни йўллашди. Кейинчалик бу ўқлар ҳақиқий жанговарларига алмаштирилди.

Халқаро ҳамжамият бу фалокатларга турлича баҳо бермоқда. Масалан, БМТ бош котиби Антониу Гуттериш одатига кўра жуҳудларга жанговар ўқлардан фойдаланмасликни, фаластинликларга эса тўқнашувларга барҳам беришни маслаҳат бермоқда. Тўғри, бу ташкилотдагилар маслаҳат беришдан нарига ўта олмаслигини дунё билади.

Англия ташқи ишлар вазирлигидагилар четдан туриб икки томонни тинчланишга чақирди.

Франция ҳукумати ҳам тўқнашувларга ўз баҳосини берди. Елисей саройидагилар мамлакат президенти Макрон АҚШ раҳбариятига яқинда мурожаат этиб, Исроилдаги элчихонани Иерусалимга кўчириш ниятидан воз кечишни маслаҳат берганини такрор айтиб ўтишди. Араб давлатлари лигасига аъзо мамлакатлар ҳам Исроил пойтахтининг Иерусалимга кўчирилиши яхшиликка олиб келмаслигини кўп маротаба такрор ва такрор таъкидлаб чарчашган.

Туркия-чи? Туркия президенти Ражап Тойип Эрдўған Исроил ҳарбийларининг кечаги ишини оммавий қирғин деб атади ва Фаластин халқи ҳурмати учун ўз мамлакатида уч кунлик мотам эълон қилди. Бундан ташқари, Вашингтон ҳамда Тел-Авивдаги Туркия элчилари ортга чақириб олинди. Туркия ташқи ишлар вазирлигидагилар бугун-эрта Исроил элчисини мамлакатдан ҳайдаб солишни мўлжаллаб туришибди. Йўқ, олдинига яхшиликча элчига маслаҳат беришди. Шу маслаҳатга амал қилиб ватанига қайтиб кетмаса, турклар элчини депорт қилишдан ҳам тоймасликларини айтишаётган экан.

Ҳозирги пайтда Исроил армияси, махсус хизмат кучлари ва полиция жанговар ҳолатга келтириб қўйилган. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат армияси, махсус хизмат ва полиция раҳбариятига шу масалада керакли кўрсатмаларни берди. Ҳойнаҳой, жуҳудлар Фаластин ва Исроил чегарасида яна тўқнашувлар содир этилса, фаластинликлар акциясини шафқатсизларча бостиришни мўлжаллаб қўйган кўринади.

ИТАР ТАСС