“Менинг йўқлигим — унинг борлиги”

0

Бир куни пашша Яман ўлкасининг подшоҳи пайғамбар Сулаймоннинг ҳузурига келди ва унга арзини айтиб ёлворди:

— Эй инсу жинлар султони, эй бутун мавжудотларга, сувга, оловга, шамолга ҳукм эта оладиган Сулаймон. Сенинг адолатинг дунёга ёйилган. Қурт-қумурсқа, қушлар-у балиқлар сенинг адолатингга юкинади. Бизга ҳам инсоф ва мар­ҳамат денгизингдан эҳсонлар бер, ҳақ-ҳуқуқларимизни қўриқла. Жудаям аҳволимиз танг, на бир гулзорларда роҳатлана оламиз. Сен заифларга, ночорларга ёрдам берасан. Бизни ҳам бу ғамдан қутқар.

Ҳазрати Сулаймон бармоғи устига қўнган пашшага:

— Сўйла, кимдан шикоят қиларсан? Бизнинг замонимизда золим борми, сенга зулм қилсалар, сенинг ҳақингни есалар? — деди.

Пашша бошини эгганча жавоб берди:

— Менинг шикоятим шамолдан. У бизга жуда зулм қилмоқда. Унинг дастидан ҳузур-ҳаловатимиз йўқ. Қаерга бормайлик, бизни сомондек учириб кетади, — деди.

Ҳазрати Сулаймон:

— Эй гўзал овозли пашша, Тангри менга: «Даъвогарлар ҳозир бўлмагунча ҳеч кимсанинг шикоятини тинглама», дея амр этди. Икки даъвогар ҳам ҳозир бўлмагунча ким ҳақ, ким ноҳақ эканини қаердан биламан? Ҳозирча кет, шикоятингни қайтиб ол, кейин кел, — деди.

Шунда пашша:

— Сўзингиз тўғри, аммо у ҳам сизнинг ҳузурингизда. Буюринг, у ҳам келсин, — деди.

Бунга жавобан Ҳазрати Сулаймон шамолга мурожаат қилди:

— Эй шаҳар ели, пашша сенинг зулмингдан шикоят қилмоқда. Кел, шикоятчининг қаршисига ўтир ва унга жавоб бер! — деди.

Шамол бу амрга биноан елиб келди. Лекин энди пашшани жойидан топиб бўлармикин! Ҳазрати Сулаймон унинг ортидан:

— Эй пашша, қаерга? Кетма, жойингда тур, иккингизни ҳам тинглаб, сўнгра ҳукм чиқарайин, — деди.

Пашша ҳам қочар, ҳам жавоб берарди:

— Подшоҳим, менинг йўқлигим — унинг борлиги. У келгач, мен қандай қилиб бу ерда бўлайин?! Менга чоҳ қазиган ўша шамолдир…

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: