ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (12-қисм. Биринчи фасл)

0

 

* * *

 

 

Кеч кирди. Мадали қутини топиб, ичини текшириб кўрди. Ҳозирча ҳеч нима йўқ.

Кўнгли таскин топиб автобус бекати томон юрди.

Профессионал разведкачи учун кимнингдир чўнтагида ёхуд ҳамёнида ётган пулни ўзиники қилиб олиш сира қийинчилик туғдирмайди.

Мадали ҳаш-паш дегунча юз эмас, беш юз сўм эгаси бўлди. Боши осмонга етгудек дўконлардан бирига кирди. Ароқ, колбаса, шунга ўхшаш майда-чуйда харид қилгач, тўппа-тўғри Марусяникига жўнади.

Квартира ҳалиям ўзгармабди. Ўша эски, беш-олти еридан қулф ўрнатиш мақсадида тешиб ташланган эшик.

«Шундай аёл нега пиёниста экан, — хаёлидан кечирди Мадали эшикка ачинганнамо қараб қўйиб қўнғироқ тугмасини босаркан. — Келишган аёл бўлса, бошқаларга ўхшаб яшаса нима қиларкин?»

— Ие, сенмидинг? — квартира эшиги очилиб рўпарасида ярим яланғоч Маруся пайдо бўлди. — Кир тез! Қўшнилар хитланиб қолишмасин!

Мадали секин ичкарига кириб, пойафзалини ечди.

— Тўғриси, сени ҳалиям эслай олмадим, — деди Маруся елка қисиб. — Танишлар, аниқроқ айтадиган бўлсам, келиб-кетадиган эркаклар кўп. Қай бирини эсимда сақлаб қолай, ахир!

— Энди қучоқлашга ҳаққим бордир? — Мадали қўлидагиларни ошхонадаги стол устига қўйиб қайтгач, аёлнинг белидан олди.

Унга жавобан Маруся юзига секингина шапатилаб қўйди.

— Бўрига ўхшайсанлар сенлар. Мундоқ ўтириб суҳбатлашишга сабрларинг етмайди.

— Йўқ, — унинг лабларидан ўпиш асносида деди Мадали. — Энди сени қўлдан чиқарган номард!

— Шунақами? — эркаланиб унинг бўйнига осилиб олди Маруся. — Кўрамиз! Тағин ҳар куни пул топиб беролмай қочиб қолмагин!

— Мен қочадиганлардан эмасман. Мен сенга ўхшаган ҳурлиқоларнинг қадрига етаман.

— Менга қара, уйланганмисан, ўзи?

— Қанақа уйланиш? Сени ташлаб бошқасига уйланарканманми? Ҳеч қачон!

— Алдоқчи! Эритишга жа уста экансан-ку-а? Бўпти, юр, нималар опкелдинг ўзи? Татиб кўрайлик-чи!

Мадали эпчиллик билан бориб ароқни очди. Маруся майда-чуйда газакларни тўғраб столга тортди.

Шу тахлит иккови анчагача гаплашиб ўтиришди.

Ароқ ичиб бўлингачгина кайфи ошиб, ҳақиқатан тоқати тоқ бўлиб бораётган Мадали аёлни даст кўтариб олди-да, ётоққа олиб кириб каравотга ирғитди.

— Бугун адабингни ейсан! — шивирлади Марусянинг қулоғига. — Мен бўридек очман!

 

 

* * *

 

 

Қайноқ бўсалар, эркалашлар оғушида тонг ҳам отди. Мадали зудлик билан кўчага чиқиши ва алоқа қутисидан хабар олиши лозим эди.

Маруся билан шоша-пиша хайрлашиб, чўнтагидаги пулларнинг ҳаммасини унинг қўлига туқазди-да, кийиниб йўлга отланди.

Биларди. Қутига очиқдан-очиқ яқинлашиш мумкин эмас. Бу ҳақда огоҳлантиришган. Ҳеч ким ундан гумонсирамаслиги зарур. Шу билан бирга у хизмат пайтида бегоналар билан муносабатга киришмаслиги шарт этиб белгиланган.

Худди сайр қилиб юрган одамдек атрофни ўзгача қизиқиш билан кузатиб секин қутига яқин борди. Қути жойлашган подъезд теварагида ҳеч ким йўқ. Бу айни муддао.

Эҳтиёт шарт, яна бир бор атрофга кўз ташлади. Бегоналар кўринмаётганига амин бўлгач, қутини очди. Кутилганидек, у ерда бир конверт ётарди. Юраги негадир така-пука бўлиб кетди. Ахир, унинг илк иши бўлиши мумкин. Қизиқ, қандай топшириқ беришди экан? Хавфлимикан? Ё бошланишига енгилроғини танлашганмикан?

Қўллари титраб конвертни очди ва у ерда ёзилган жумлаларга кўз югуртирди:

«Эҳтиёт бўл! Тезда яшаш манзилингни ўзгартир! Орқангдан тушишган!»

Қоғозда шу сўзларгина битилганди, холос.

Ҳайрон бўлди. Нега? Топшириқ-чи? Ким орқасидан тушади? Ё бу навбатдаги синовми? Ахир, ўқишни тугатди! Қанақа синов бўлиши мумкин? Наҳотки, «душман» уни дарров пайқаб қолган бўлса?

— Тўхта, — деди ўзига ўзи. — Бу сўзларни беҳуда ёзишмаган. Ростдан ҳам орқамдан тушган бўлишса, қўлга олиш пайида бўлишади кимлардир. Шу огоҳлантиришни ҳисобга олишим керак. Ҳа, бугун ҳам Марусяникида яшаб тураман. Балки, эртага топшириқни баён этишар?

Мадали конвертни майдалаб йиртди-да, чўнтагидан гугурт олиб, шу жойнинг ўзида ёқиб ташлади. Махфий мактубларни ёнида олиб юриши тақиқланган.

Шундан сўнг у яна кўчага чиқди.

— Уф-ф, тағин ўғирлик қилишим, Маруся илиқ кутиб олиши учун пича пул топишим зарур. Майли, пешанага ёзилгани-да! Асосийси, ўзимни асрашим ва топшириқ берилгунча хавфдан йироқ бўлганим яхши.

Мадали кунни кўча кезиб ўтказди. Шинамгина боғ бор экан. Етарлича пул топгач, ҳалинчакларда учди, овқатланди. Қоронғи туша бошлаганда, у кечагидек майда-чуйдалар харид қилиб таниш квартира томон йўл олди.

— Ие, тағин келдингми? — кулиб қарши олди Маруся. — Агар қўлингдаги бўлмаганда, ўлсам ҳам уйга қўймасдим сени, оч бўри!

— Билардим-да феълингни! — деди Мадали ичкарига кириб стол устига қўлидаги халтани қўяркан. — Бугун ҳам сенинг қучоғингда вақт ўтказишимга тўғри келаркан.

— Сира тўймас экансан-да қучоғимга! Тўхта, сен ўзи кимсан? Нима иш қиласан? Пулни қаердан оляпсан?

Стол қаршисига ўтириб бир қадаҳдан ароқ ичишди.

Бу саволга Мадали қандай жавоб беришни яхши биларди. Шу сабабли ўзини йўқотмади. Аёлни хотиржамгина ўрнидан турғазиб тиззасига ўтқазди.

— Менми? Ўғриман. Касбим шунақа.

— Шунақа дегин? Хавфли одам экансан.

— Фақат сен учун эмас. Кел, шу гапларни йиғиштириб асосийсига ўтайлик!

— Дарров-а? Намунча сабрсизсан?

— Илтимос!

Мадали аввал ароқдан Марусянинг қадаҳига тўлдириб қуйди. Сўнгра уни авайлаб ечинтирди. Кетидан ўзи ҳам кийимларини ечиб бир четга отди.

Эндигина оппоқ баданларни сийпалай бошлаганди.

Кутилмаганда эшик қўнғироғи чалина бошлади.

Иккови ҳам тош қотиб қолишди.

— Ким бўлиши мумкин? — сўради Мадали ҳушёр тортиб.

— Мен қаердан билай? — деди Маруся полдаги халатини олиб кияркан. — Ҳеч кимни чақирганим йўқ эди.

— Мен нима қилай? Беркинайми?

— Намунча қўрқоқ бўлмасанг? Ахир, эрим йўқ-ку! Балки, қўшнилардир? Сен ўтира тур, мен бориб эшикни очаман.

— Кийим-чи, кийим?

Маруся индамасдан ташқари эшикка яқин борди.

— Ким у? — сўради у.

Жавоб ўрнига яна қўнғироқ чалинди.

— Вой, қизиқ бўлди-ку!

Маруся секин эшик зулфинини суғурди.

Шу заҳоти эшик ташқаридан куч билан итариб очилиб, квартирага уч нафар қора ниқобли, қўлларида жанговар автомат тутган кимсалар бостириб киришди. Уларнинг бири дарҳол Марусянинг оғзини беркитиб бурчакка қисди.

— Жойингдан қимирлама! Қани у? Айт, қани?

Бу орада қолган иккитаси ошхонага ўтди.

Мадали аллақачон балконга ўтиб улгурганди.

Фойдаси бўлмади. Иккала йигит ҳам балконнинг қулфланган эшигини қурол билан уриб синдиришди ва ташқарига чиқишди. Бу маҳал Мадали ҳарқалай кийимларини кийиб олган экан.

Қуроллиларни кўрди-ю, зарба бериш учун қўлларини олдинга чўзиб шай турди. Ниқоблилар эса автоматни унга тўғрилашди.

— Қўлларингни орқага қилиб деворга ўгирил! — буюришди унга. — Ортиқча ҳаракат қилишнинг фойдаси йўқ! Тез бўл! Итдай ўлиб кетасан!

Ҳа, кеч бўлганди. Агар ҳозир ортиқча ҳаракат содир этса, булар ўқ узишдан ҳам тойишмайди.

— Ярамаслар! — ғудраниб қўйди Мадали. — Ҳали шошмай турларинг! Ҳисоб-китоб қилиш вақти келади.

— Милиция бўлимида ҳисоб-китоб қилаверасан! — деди йигитлардан бири унга яқин келиб чўнтакларини ковлаш асносида.

— Мен нима айб қилдим ўзи?

— Сен эмас, иккаланг! — жавоб қилди ниқобли йигит. — Банкни ўмариб худди ҳеч гап бўлмагандай ўтиришларингни қара! Нима, давлатни аҳмоқ қилмоқчимисан?

— Қанақа банк? Бу англашилмовчилик! Англашилмовчилик!

— Буни терговчиларга айтасан! Қани, ташқарига чиқ!

Қўлларига кишан урилган Мадали итоат билан ташқарига йўл олди.

Йўлакда қолган учинчи йигит Марусяни ҳам кишанлаб бўлибди.

Чиқиб кетишаётганда аёл Мадалига ер остидан қаради-ю, елка қисиб қўйди.

 

 

* * *

 

 

Бўлинмага етиб борганларидан сўнг Марусяни негадир бошқа хонага олиб кириб кетишди. Мадали милиционерларнинг бу қилиғини кўргач, аёлдан шубҳалангандек бўлганди. Аммо унинг кўзларидаги ёшга кўзи тушиб, шубҳалари тарқала бошлади. Бу кутилмаган ҳодисани шунчаки кўргиликка йўйиб кўрсатилган кабинетга қадам қўйди.

«Бу аёлнинг нимасидан шубҳаланай, — ўйларди у кабинетга кириб ёғоч ўриндиққа ўтираркан. — Қачондан бери биламан-у уни! Пиёниста ва суюқоёқ! У ҳам бошқалар сингари кайф-сафони хуш кўради. Милисалар кимгадир ўхшатишгандир-да бизни!..»

Орадан уч-тўрт дақиқа ўтиб ичкарига баланд бўйли, фуқаро кийимидаги бир эркак кириб келди. Эшик олдида турган соқчига «чиқавер» ишорасини қилиб, Мадалининг қаршисига чўкди. Сездики, у — терговчи! Чунки, терговчиларгина ана шунақанги жилд олиб юришади. Қолаверса, бу ерга терговчидан бўлак ким ҳам кириб келиши ва соқчиларга буйруқ бера олиши мумкин?

— Хўш, қўлга тушдингми? — сўради у Мадалига совуқ нигоҳлар билан боқаркан. — Тута олишмайди, деб ўйлаганмидинг?

— Мен ҳеч нарсага тушунмаяпман, — деди Мадали. — Нега мени бу ерга олиб келишди ўзи?

— Ўзингни гўлликка солма! Шундай катта банкни ўмариб кетасан-у, яна ҳеч нарса билмагандай менга савол берасанми, итдан тарқаган?

— Қанақа банк? Мен ўғри эмасман.

— Шунақа дегин? — терговчи стол устидаги жилдини очди-да, икки-учта сурат олиб Мадалининг олдига ташлади. — Мана булар-чи? Бу ҳам сен эмасмисан?

Не кўз билан кўрсинки, суратда ростдан ҳам Мадали — юз тузилиши худди ҳозирги қиёфаси билан Марусяга бир даста пул узатиб турарди.

— Хўш, танидингми? — сўради терговчи.

— Йўқ, барибир бу англашилмовчилик, — бош чайқади Мадали. — Мен ҳеч қандай банкни ўмармаганман.

— Буни суд аниқлайди. Ҳозир эса… Соқчи!

Остонада бояги соқчи пайдо бўлди.

— Эшитаман!.

— Гувоҳни олиб киринг!

— Хўп бўлади!

Кўз очиб юмгунча кабинетга ёши олтмишлардан ошган рус аёлини олиб киришди.

— Онахон, мановини танияпсизми? — сўради терговчи.

— Буними? Ҳ-ҳа, худди шу эди. Мен кўчадан ўтиб кетаётгандим…

— Соат неча эди?

— Адашмасам, кечки саккизлар бор эди. Неварамникидан уйимга қайтаётгандим. Худди мана шу йигит банкдан бир қоп пул кўтариб чиқди. Ёнида бир аёл, ниқоб кийган яна икки эркак ҳам бор эди. Елкаларига қурол осиб олишганди.

— Бўпти, етарли! — кампирнинг сўзини бўлди терговчи. — Кетишингиз мумкин!

Кампир чиқиб кетди.

— Кўрдингми, гувоҳлар етарли — Мадалига юзланди терговчи. — Шундай экан, мениям, ўзингниям қийнамагин-у, айбингни бўйнингга ол!

— Менинг ҳеч қандай айбим йўқ! — деди қатъият билан Мадали.

— Шунақами? Соқчилар!

Бу гал ичкарига уч нафар милиционер кириб келди.

— Мановининг бир эсини киритиб қўйинглар! Қилиб юрган ишларини негадир эслай олмаяпти!

— Қани тур, ҳезалак! — милиционерлардан бири Мадалининг тепасига келди-да, елкасини ғижимлаб ўрнидан турғазди. — Юр, камерада гаплашамиз!

Камера бўм-бўш эди.

Мадалини олиб киришди-ю, уч нафар барваста милиционер қўлларидаги таёқлар билан савалай кетишди.

Аммо курсда қанча синовлардан ўтган разведкачи учун бу калтаклар пашша чаққандеккина таъсир этарди. Унинг овоз ҳам чиқариб қўймаётганини кўрган милиционерлар баттар жиғибийрон бўлишар, янада қаттиқроқ савалашарди.

Савалаш қарийб ярим соатлар давом этди. Баданлари моматалоқ бўлиб кетган Мадали гарчи ҳушсизланиб полга чўзилиб қолган бўлса-да, барибир овоз чиқармади. Ҳар калтак келиб тушганда «иҳ» деган товушгина эшитилиб турди, холос.

Фақат ўнг кўксидан пастроққа бир-икки марта тушган таёқ зарби қаттиқ азоб бера бошлаганди. Худди ўша жойида кучли оғриқ туриб симиллаб оғрирди.

Лекин шунда ҳам бир оғиз сўз айтмади.

Уравериб чарчагашдими, милиционерлар охири зерикиб ташқарига йўл олишди ва камера эшигини ташқаридан қулфлаб қўйишди.

 

 

* * *

 

 

Аёвсиз калтаклар уч кунгача давом этиб турди. Ҳар гал уни худди ўша камерага олиб кириб калтаклашар, Мадали бир оғиз сўз айтмасди. Фақат ўнг кўксини чарм таёқлардан пана қилишга уринар, буни пайқаб қолган милиционерлар эса атайин ўша ерини мўлжаллаб таёқ йўллашарди…

Ниҳоят суд бўлди. Мадали ҳеч нарсани исботлай олмади. Уни банкни ўмарганликда айблаб, ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм этишди.

Турма томон машинада кетиб бораркан, Мадали ҳамон Маруся ҳақида қайғурарди. Унинг тақдири қандай кечганини била олмаганидан бир азобланса, ўнг кўксидаги оғриқдан бир азобланарди.

Мадалини деворлари сим тўрлар билан ўраб ташланган совуқдан-совуқ турмага келтириб, камералардан бирига олиб киришди.

У ерда хўппа семиз, тепакал, билакларига игна билан нималардир ўйиб ёзилган, ёши элликка яқинлаб қолган бир маҳбусгина папирос тутатиб ўтирарди.

 

 

* * *

 

 

Турма ҳаёти Мадалига буткул бегона ва жирканч туюларди. Камерадаги беўхшов сукут, қандайдир қумурсқаларнинг бурчак-бурчаклардан туриб визиллаши, иккинчи каравотдаги тепакалнинг хурраги баттар юрагини сиқарди. Бу ҳам етмагандек, ташқаридами ё бошқа камералардами, кимларнингдир бақир-чақири эшитилиб қолар, бу бақиришларни соқчиларнинг бўралаб сўкинган товушлари босиб кетарди.

— Вей, қария, бас қилсанг-чи, хуррак отишни! — Мадали охири тоқати тоқ бўлиб тепакалга яқин борди-да, елкасига шапатилади. — Ҳой, бўлди, дедим! Кармисан?

— Нима дединг, хўрозча? — тепакал кутилмаган ҳаракат билан ўрнидан туриб кетди-ю, Мадалининг ёқасидан бўғди. — Кимга буйруқ бермоқчисан, «салага»?

Мадали осонлик билан унинг қўлларини силтаб ташлади:

— Сенга «салага»ни кўрсатиб қўярдим-у, ёшингни ҳурмат қилиб турибман-да! — деди лаб тишлаб. — Лекин билиб қўй, ҳурматингни билмасанг, нақ кунингни кўрсатаман! Ҳаддидан ошганларни жиним суймайди!

— Шунақами? — силкиниб кулганча кирланган тўшаги остидан сигарет олиб тутатди тепакал. — Кичик бир банкни ўмардим, пулларни беркита олдим, деб катта кетаверма! Олдингда бир дунё тиллани беркитиб қўйиб жимгина ўтирган одам ҳам бор. Сенинг ўша қоғоз пулларинг нима бўпти?

— Олтин? — Мадали бу гапни эшитгач, ҳайрати ошиб камерадошига яқин борди. — Ишонмайман!

— Ишонмасанг, менга нима? Суюнчисига манови сассиқ иштонимни ечиб берайми?..

— Менга қара, қанча олтининг бор?

— Сенга нима?! Барибир фойдасини ўзим кўраман.

— Менга ишонмаяпсанми? Ўзимизникиларни сотадиган одатим йўқ, қария!

— Бас қил! — юзини тескари ўгирди тепакал. — Сендақаларнинг дастидан мана шу ерда ўтирибман. Сотмайман эмиш!..

Шу пайт камера эшигини кимдир очаётгандек бўлди-ю, тепакал шоша-пиша қўлидаги сигаретини унитазга ирғитиб каравотига ётиб олди.

— Қани, қўлларингни орқага қилиб деворга ўгирил! — буюрди соқчи Мадалига. — Тез бўл!

— Хўп, намунча ваҳима қиласан? — ғудранди Мадали буйруқни адо этиш асносида. — Кар эмасман-ку!

— Ҳаддингдан ошма, йигитча! Ҳозир турма бошлиғининг ҳузурига кирасан. Ўшанда қанча гапинг бўлса гапираверасан!

— Гапирсам гапиравераман! — бўш келмади Мадали. — Мен қўрқиб-пусадиганлар хилидан эмасман.

— Қани, ташқарига юр!

Соқчи уни йўлак бўйлаб турма бошлиғининг кабинетига олиб кетди.

 

 

* * *

 

 

Йирик ҳарфлар билан «ТУРМА БОШЛИҒИ» деб ёзиб қўйилган эшикка яқин боришгач, Мадалини олиб келган соқчи эпчиллик билан эшикни очди ва автомат қўндоғи билан курагига туртди:

— Кир!

Мадали ичкарига қадам ташлади. Хона кенг эди. Ўнг бурчакда жилдлар сақланадиган шкаф, чапда кийим илгич. Ойна олдида эса катта стол бўлиб, устига бир неча ранг-баранг телефон қўйилган.

— Ўтир! — буюрди ўтирган ерида ёши элликлардан ошган, кўз қарашлари жиддий, қошлари қалин эркак.

Мадали шу одам бошлиқ эканига заррача шубҳа қилмади. Гарчи, курсда ўта ҳушёрлик, ўзгаларга нисбатан ишончсиз руҳда тарбияланган бўлса-да, ҳозирги вазиятда ишонмасдан иложи йўқ эди. Чунки, эшикдаги ёзувни кўрган. Бу кабинетда фақат бошлиқларгина ўтириши мумкин.

У кўрсатилган ерга ўтирди.

— Хўш, йигит, ишлар қалай? — сўради бошлиқ.

Мадали унинг рус эмаслигини сўзлаш оҳангидан дарров сезди. Қолаверса, русларнинг қошлари қоп-қора, қалин бўлмайди.

— Сўраганингиздан бери анча яхши, — жиддийлик билан жавоб қилди у.

— Шунақами? Оббо сен-эй, жа ботир кўринасану-а?

— Мен ботирлик қилаётганим йўқ. Саволингизга жавоб бердим, холос.

— Жуда яхши. Энди бу ёғига қулоқ сол, — бошлиқ ўрнидан туриб Мадалининг тепасига келди ва елкасига қўлини қўйди. — Сенинг жиноятинг шу қадар оғирки…

— Мен ҳеч қанақанги жиноят содир этганим йўқ, — бошлиқнинг сўзини бўлди Мадали.

— Сен жим ўтириб эшитгин аввал. Хуллас, жиноятинг шу қадар оғирки, ўн беш йилсиз бу ерлардан чиқиб кета олмайсан. Ўзинг кўргандирсан, сенга қарши барча далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари тайёр. Шундайми?

— Ҳаммаси бўҳтон!

— Сенингча шундай. Аммо биз учун бўҳтон эмас. Қонуний исботланган.

— Мендан нима истайсиз? — сўради Мадали тоқати тоқ бўлиб.

— Камерангдаги қария билан танишиб олдингми?

— Шундай деса ҳам бўлади.

— Хўш, сенга ёқдими у?

— Менга ҳаётда ҳеч ким ёқмаган.

— Жуда совуққон экансан. Бу яхши эмас. Агар турмадан тез кунда чиқиб кетишни истасанг, сенга битта имконият беришим мумкин.

Мадали ҳушёр тортиб бошлиқнинг кўзларига тик боқди.

— Қанақа имкон?

— Ўша тепакалнинг олтинлари қаерга беркитилганини бизга аниқлаб берасан.

— Қандай қилиб?

— Уни турмадан олиб қочасан. Қисқаси, бунинг йўлини ўзинг ўйлаб топ. Шундай қилгинки, у сени олтинлар яширилган жойга етаклаб борсин. Бизнинг одамлар эса орқаларингдан кузатиб боришади. Шу ишни уддалай олсанг, ўша дақиқадан озодман, деб ҳисоблайвер!

Бу ҳақиқатан жуда катта имконият эди. Ахир, шаҳардаги алоқа қутисига аллақачон топшириқ битилган мактуб келиб тушгандир. Мадали эса ҳалиям турмада ўтирибди.

— Мен розиман! — деди у ҳаяжони ортиб. — Фақат сўзингизда турсангиз бас!

— Мен иккиюзламачиликни ёмон кўраман. Энди эшит, эрталаб соат бешларда махсус машинада тузланган карам ортилган бочкалар олиб келинади. Ўшаларнинг иккитаси атайин бўш қолдирилади. У ёғи тушунарлидир?

— Соқчилар-чи?.

— Улар билан ишинг бўлмасин! Сен эрталабгача қарияни кўндириш пайида бўл!

— Тушундим.

— Энди бораверишинг мумкин! Соқчи!

Остонада пайдо бўлган соқчига бошлиқ «олиб кет!» ишорасини қилди.

Мадали камера томон шошилмасдан кетиб бораркан, хаёлан тепакал билан қандай гаплашиш йўлларини ўйларди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ