«Укасини севиб, акасига турмушга чиқайми?..»

3

— Тўй… Тантана. Орзу-ҳавасларга етилган саодатли дамлар… Барча ёшларга бахт тилайди. Барчанинг қалби, нияти келиннинг эгнидаги либос каби оқ — ёмонлик тилашдан жуда-жуда узоқ. Тўйга кўнгли қора одам келмайди. Аммо дуолар, тилаклар ҳисоби минглардан, миллионлардан ошса ҳам ёшларнинг ўзида бу бахтга интилиш бўлмаса, унга етишолмайди. Тўй бир сарой қурилишининг аввали, бошланишидир. Икки ёш бирлашиб, ажиб сарой қурмоқчи. Бу саройнинг номи — бахт! Қурганда ҳам пойдеворини мустаҳкам қилиб, турмушнинг зилзилаю дўлларига бардош берадиган тарзда бино қилиш шарт. Демак, оила ёшлар қўлига тантана билан тутқазиладиган зарқоғозга ўралган ширинлик эмас. Бу саройнинг пойдевори — иффат, ҳаё, ғиштлари — сабр ва шукр, девори иймон, томи — ақл ва ирода. Безаклари — фаросат, саховат, меҳр…

Ўшанда куз эди. Мен умримнинг баҳори билан, кўксимда кўкламдай барқ урган муҳаббатим билан овора эдим. Дарахт шохларидан узилган барглар жажжи варраклар каби айланиб учиб, йўлаклар, майдонлар узра ястанган уюм-уюм хазонбарглар устига тушиб, қуёш нурида олтиндек товланади. Ҳали ҳаво илиқ. Қиш кеч келадиганга ўхшайди. Сарғайган барглар тақдирга тан бергандай шохдан узиладию, атрофни кеза-кеза ўзига аталган жойга бориб қўнади.

Охирги дарсдан кечикиб чиққан Манзура чопқиллаганча бизга етиб олиб:

— Сартарошхонага кирамизми, йўқми? — деб сўради ҳансираб.

— Бугун кеч бўлди, кўп ўқидик, эртага кирақолайлик, — Лайло қошини чимириб, энсаси қотганини яширмай жавоб қилди.

— Бугун киришим керак, — дея Манзура ялинганнамо Лайлога қаради.

— Учрашувинг борга ўхшайди, биздан беркитяпсанми? Бўлди, энди биз ҳам сенга ҳеч нарса айтмаймиз! — деди Лайло ва жаҳл билан бежирим сумкасини елкасига осди-да, терс ўгирилиб тумшайди.

Менинг хаёлимда ёлғиз Сарвар. У уч кундан буён ўқишга келмаяпти. Манзура қариндоши ҳақида сўз очиши билан юрагим ҳапқирди. Тилимга чиқаришга қўрқиб, бироз тараддудландим, кейин секин сўрадим:

— Амакингнинг ўғли кўринмайди?

— Сарварми?! Касал-ку!

Ўқиш бошлангандан бери дилимдагини сездириб қўйишдан қўрқиб, сўраёлмай юргандим. Лекин яна бир савол кўндаланг туриб олди: «Қанақа касал экан? Сўрасаммикин? Билиб қолишса-чи? «Нега терговчидай сўроқлаб қолдинг? Бир балонг борми?» дейишса-чи? Сирим ошкор бўлишидан қўрқиб, миқ этмай кетавердим. Уйга ҳафсаласиз келсам:

— Эртага вақтлироқ кела оласанми, қизим? — деб сўради ойим.

Гап тагидаги нимкосани дарров сездим.

— Ойи, эртага дарсларим кўп! — дея баҳона қилдим наилож.

Гапга келинойим аралашди:

— Уч марта келишди, учаласидаям расмингизни кўрсатвордик. Ҳадеб бировни овора қилиш яхшимас, Нигорахон! Кечроқ келинглар, деёлмасак, улар келиб кетаверади, ойижоним хижолат бўлаверади, энди бир амалланг!

Овқатдан сўнг «Дарсларим кўп!» дея хонамга кириб кетдим. Лекин дарс тайёрлаш қаёқда?! Қани энди миямга бир нима кирса. Олдимга китоб-дафтаримни очиб қўйиб, хаёл сурганча анча ўтирдим. Келинойим ошхонада эртанги совчиларга пишир-куйдир қилиш билан овора. Совчиларнинг кети узилмайди, келинойим столдаги пишириқ ейилмаса ҳам алмаштиришдан эринмайди.

Куёвликка номзод билан учрашадиган бўлсам, келинойим шундай дейди: «Ҳуснингизга ишонманг, муомала яхши бўлмаса, қолгани бир тийин, айниб кетмасин! Тўнг-тўнг қилманг, кулиб бориб, кулиб келинг! Сизга ёқмаса, биз йўқ деймиз, лекин ёқишингиз шарт, бир умр армонда ўтмайсиз!». Бу гап менга ёқмайди, бировнинг кўнгли билан ҳазиллашиб бўладими?

Мен бировга заррача озор беришни истамасдим. Қалб дегани — ойна, унга дарз етказиб, нимага эришиш мумкин?! Келинойим тинмай жаврайди, кўз олдимда эса ёмғирда қолган одамдек дилдираб турган Сарвар жонланади. Шу йигитнинг ўрнида у бўлганида, жон деб тегардим. Нега у бошқа йигитлардек шилқимлик қилмайди? Ҳечам ёқмасмикинман унга? Курсдошларимнинг ярмидан кўпи мени яхши кўради, нечтаси совчи юборди, лекин Сарвар жим. Cабаби нима? Ё бошқаси бормикин? Сўролмасам! Қанийди гапирсам, гапира олсам! Сездириб қўймай деб, қўрққанимдан бемалол гаплаша олмайман, унга тегишли гапларни фақат Манзурадан эшитаман. Улар нимагадир бир-бирига ўхшайди. Сарвар Манзуранинг қариндоши, ҳурмат қилади. Умуман, курсдош қизларга ҳурмат билан қарайди. Секин гапиради. Уч йилдан бери бирор марта овози қаттиқ чиққанини эшитган эмасман. Бошқа болаларга ўхшаб сўкинмайди ҳам.

Ўшандан бери бе-оромман. Жавобсиз севгини нима қиламан? Бир умр қалбимда сақлаб юраманми? Севгимга жавоб бермаса ҳам бир умр содиқ қолиб, қалбимда пинҳон асрашга, унга гард юқтирмасликка, ҳаммасига астойдил рози эдим. Аммо, ана шу аммо сўнгги пайтлар қийнаб юборди. Кетма-кет келаётган совчилар, кунда «Бахтинг очилсин», деб дуо қиладиган бувимга, онамга дардимни айтолмайман! Нима деб ҳам айтаман? Курсдошимни яхши кўраман, дейманми? Турган гапки «Танлагани бўлса, совчи юборсин!» дейишади. Танлаганим эса сукутдан бўлак нарсани билмайди. Сарвар, Сарварим, нега гапирмайсиз? Бир мартагина гапирсангиз-чи! У гапирмайди, чиройли қошларини чимириб, узун киприкларини қоқиб, қараб тураверади, зўр келса, мийиғида кулиб қўяди. Яқинимдан ўтса, оппоқ юзи қизариб кетади, буни сезганман, қизиқ, уни кўрганда мен ҳам қизариб кетармикинман? Дадам унга берармикин? Сўраса, беради. Тағинам, кўнглимга қараб турибди, лекин бу узоққа чўзилмайди. Буни биламан. Балки, унга бир амаллаб билдиришим керакмикин? Кейин-чи? Бордию, у мени ёқтирмаса, кейин нима бўлади?! Лекин бу воқеаларнинг нима билан тугаши номаълум. Ютқазишимга бир фоиз гумон бўлса ҳам ўйнамайман! Яхшиси, умрбод ичимга ютиб яшайман.

Кузнинг дилгир оқшомида ҳовлимизга тумонат одам йиғилди.

— Манзура сен билан жуда қизиқиб қолди! — деди Лайло дарсдан сўнг уйга қайтаётганимизда. — Уйингга бориб келгандан буён сен тўғрингда кўп гапиради. Бир балони бошламоқчи, шекилли! Билишимча, сенга совчи оборади-ёв!  Лекин акаси йўқ-ку, қариндошларигами? Қайси бирига экан? Бугун бекорга биздан олдин кетмади, балки у аллақачон уйингдадир!

Юрагим тез урарди. Сарваргами?!

Қолган гаплар қулоғимга кирмади. Ўз ўйим билан бўлиб, ҳатто дугонам билан қачон қаерда хайрлашганимни, уйга не алфозда етиб келганимни ҳам билмай қолдим. Дарвозамиздан нарироқда турган машинага кўзим тушиб, баданимга титроқ югурди. Назаримда, эшикдан киришим билан деворлару томгача тарақлаб устимга қулайдигандай, авайлаб қадам босдим. Ҳовлига киришим билан айланма зинапоядан тушиб келаётган аёлларни кўриб, жойимда тўхтадим.

Келинойим қўлтиғимга кирди:

— Менга айтмаган экансиз!

— Нимани айтмаган эканман?! — дедим таажжубланиб.

— Манзуранинг қариндошлари экан-ку улар!

— А?!

Ер билан осмоннинг фарқига бормай қолдим: учяпманми, юряпманми?

Бахтли қиз эканман! Ростданам Манзура бало қиз. Лекин у Сарварни яхши кўришимни билмаган, Сарвар-чи? У ҳам уялганидан совчи юборяпман, деб айтмаган. Энди-чи, энди нима бўлади? Дадам хўп дермикин? Ишқилиб, кўнсинлар-да!

Кўзларим қувончга, қалбим илиқ ҳисларга, юрагим бахтга лиммо-лим эди! Ота-онамга розиман, деб айтдим. Ҳафтанинг охирига учрашув белгилашди.

Эртасига дарсга бориб, Манзурани кута бошладим. У кечикди. Аксига олиб, Сарвар ҳам йўқ. Нега ўзи чурқ этмаяпти, дея ўйлай бошладим. Манзура келиб, саволларга ўрин қолдирмади.

— Сенга ошиқ бўлиб келишди. Ўзинг ҳам роса кўзга яқинсан-да, ҳаммага ёқасан. Қара, ҳаммаси яхши ўтди, олдиндан айтганимда нима бўларкин, деб ўйлаб юрардинг, тўғрими? Рустам акамга ҳам ўзингга билдирмай туриб кўрсатдим, билсанг уялиб, хижолат бўлардинг. Уларга ҳам жуда ёқибсан!

— Ким дединг?

— Рустам акам! Сарварнинг акаси — Рустам, энди кўрсанг керак. Қалай, яхши иш қилибманми?

Томоғимга бир нарса тиқилди, нафас етишмаган кишидек эсанкираб, бошим айланди. «Нима деяпти?! Рустам? Қанақа Рустам?»

У Сарвар эмас, Рустам экан…

Ҳеч нарса қўлимдан келмади. Ота-онамга айтолмадим. Ёзда тўй қилишмоқчи. Бахтим адашди, мен эса шошдим…

НИГОРА

Бухоро вилояти

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

3 ФИКРЛАР

  1. вахтиз Рустам акадур балки, Севгизни қалбизга кумасиз энди. ота онангиз сизга ёмонлик тимайдику, ҳали ҳаммаси яхши булади.Сиз дунёдаги энг бахтли инсон бўламиз.

  2. менимча куёвбола билан учрашиб куринг балки унда сарвардаги хислатлардан хам ортикрок яхши хислатлар бордир
    хамма инсон хам четдан коринганидек булавермайди менимча сарварда хам етарлича камчиликлар бор факат сиз кормаяпсиз хозирча

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here