XXI асрдаги энг кучли мураббийлар. Топ-5

0

 

Футболда мураббийларнинг ўрни жуда ҳам катта. Айтиш мумкинки, айнан мутахассислар ўйинларнинг жозибасини белгилаб беришади. Асримизнинг энг кучли мураббийлари рейтингини тузишга қарор қилдик. Бу бизнинг шахсий қарашларимиз бўлиб, сизда бу борада бошқача фикрлар бўлиши мумкин.

5-ўрин. Отто Рекхагел

«Бу рейтингни ким очиб бераяпти?», — деб ҳайрон қолманг. Бу мураббий аллақачон ўзини дунё тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиб кетди. Ҳа, билганингиздек, ҳаммаси Евро-2004 ғолиблари Греция терма жамоаси мурабиййи ҳақида кетяпти. Ҳа, Отто Рекхагел жаноблари деярли бундан бошқа йирикроқ ютуққа эриша олмаган, лекин, унинг номини ҳамма футбол ишқибозлари ёддан чиқармайди. Португалия яшил майдонларида унинг фалсафасига таянган жамоа кўрсатган қаҳрамонлик футбол зарварақларига бутун умрга битилажак.

4-ўрин. Карло Анчелотти

Италиялик мураббийнинг юлдузли онлари барибир «Милан»нинг Европани даҳшатга солган пайтларига тўғри келса ажабмас. Чунки ўша пайтлари Европада «Милан»нинг олдига ҳеч ким туша олмас эди. Карло Анчелотти кейинчалик Европананинг бир неча топ-клубларида фаолият олиб борди. У Мадриднинг «Реал» жамоасини узоқ кутилган чемпионликка ҳам бошлаб бора олди. Бир сўз билан айтганда, Карло ота янги асрнинг энг кўзга кўринган мураббийларидан десак, адашмаган бўламиз.

3-ўрин. Жозе Моуриньо

Ҳа, «беназир»ни бу рейтингимизга қўшмасак бўлмас эди. Унинг ўзи алоҳида мавзу десак ҳам бўлади. Моур «Порту» билан Европани икки марта забт этгач, ўз юришини Англияга кўчирди. У ерда ярим аср кутилган чемпионликни ортиқча трансферларсиз ҳам уддалади. Кейин Италияга йўл олиб «Интер»га «требл» ютиб берди. Сўнг, ўз фаолиятини Испанияда давом эттирди. У ерда ҳам «Барса»дек гегемонга қарши қийин кечган мавсумларда рекорд очколари билан Испания чемпионлигини қайт этди. Кейин нима бўлгани эса ҳаммага аён. Биз нега унинг натижаларини эслаб ўтганимизни изоҳлаб ўтсак. Моур жамоаси ҳеч қачон чиройли ўйин кўрсатмаган. У шунчаки натижа учун ўйнаган. Энг қизиғи, футболдаги «автобус» атамаси ҳам унинг жамоаларига нисбатан ишлатилади. Лекин, шуни тан олиб айтиш керакки, Моуриньо янги асрнинг футболига ўз таъсирини ўтказа олган шахс ҳисобланади.

2-ўрин. Хосеп Гвардиола

Ҳа, кутилганидек, футболда инқилоб қилган шахс рейтингимизнинг иккинчи ўринида. Биз унинг ютуқларига тўхталмадик. Биз унинг футболдаги янги эрани бошлагани ҳақида қисқача тўхталамиз. Тан олиб айтиш керакки, Испания терма жамоаси унинг эпохасида узоқ кутилган ғолибликка эришди. Сўнг эса Германия унинг («Бавария»да ишлаётган пайтида) ўйин фалсафасидан фойдаланиб, ғолибликка эришди. Гвардиола сўзсиз янги асрнинг энг яхши мураббийларидан бири. У футбол оламига ўзидан нимадир қўша олди. Орадан йиллар ўтса ҳам Гвардиола яратган ўйин фалсафаси футболнинг дурдона асари бўлиб қолаверади.

1-ўрин. Сер Алекс Фергюсон

Ҳа, бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Дунёнинг энг кибор мураббийлари ҳам «Босс» деб атайдиган тирик афсона ҳозирда футбол оламида йўқ. Унинг ўрнини ҳаммадан ҳам «қизил иблис»ларниниг миллионлаб мухлислари юракдан сезишаётган бўлса ажаб эмас. Дунёга Бекхэм,Роналду, Кантона сингари фантастик юлдузларни етказиб берган жаноб, шубҳасиз, сайёрамизнинг энг кучли мураббийи ҳисобланади. У «Манчестер Юнайтед»ни бошқарган пайтларда манкунианликлар эришиши мумкин бўлган жамики совринларни ютган. Энг муҳими эса жамоанинг дунё футболидаги ўрнини топиб берди ва энг машҳур клубга айлантиришга муваффақ бўлди. Ҳаммамиз Ферги амаки давридаги «Манчестер Юнайтед»нинг тажовузкор ва тартибли ўйинларини соғиняпмиз. Футбол оламида яна шундай мураббийлар чиқармикан? Балки чиқар, балки чиқмас. Лекин Фергюссондек бошини мағрур кўтариб кексалик даврига етиб келган мураббий абадий ҳаммамизнинг юракларимизда қолади…

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Манба: stadion.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here