«Дональд Трамп Ўзбекистон Президенти билан Оқ уйда учрашади»

0

Америка Қўшма Штатларида чоп этиладиган кўплаб йирик нашрларнинг асосий сарлавҳалари шу мазмунда бўлди, деб ёзмоқда «Халқ сўзи».

Хусусан, нуфузли “The Washington Post” газетасининг ёзишича, Дональд Трамп ва Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлларини муҳокама қилади.
Кўп сонли ўқувчиларга эга “The New York Times” газетасининг қайд этишича, музокаралар чоғида Ўзбекистонда турли соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ҳақида америкалик сиёсатчилар, экспертлар яқиндан хабардор бўлишади. Чунки кейинги икки йил ичида республикада муҳим ўзгаришлар жараёни бошланган бўлиб, Вашингтонда ушбу воқеа-ҳодисаларга катта қизиқиш билдирилаяпти, дейди нашр вакиллари.

“Яна бир муҳим масала — икки томонлама савдо-сотиқни кенгайтириш ва ўзаро сармоялар ҳажмини оширишдан иборатдир”, дейилади АҚШнинг энг йирик ахборот агентлиги “Associated Press” тарқатган хабарда.

Экспертлар ва таҳлилчилар орасида машҳур бўлган “The National Post” хабар қилганидек, икки давлат раҳбарлари “Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ ўта муҳим масалаларни кўриб чиқадилар. Бунда асосий эътибор Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилади”.
Ўзбекистон раҳбарининг Вашингтонга ташрифи ҳақидаги салмоқли материалларни “Los Angeles Times”, “Star Tribune”, “Chron”, “Herald Dispatch”, “Standard Journal” сингари йирик нашрлар ҳамда қатор бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам чоп этдилар.

Олий даражадаги Ўзбекистон — Америка музокаралари экспертлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Жумладан, “Stratfor” таҳлил маркази Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифини “ҳафтанинг энг муҳим геосиёсий воқеаларидан бири” сифатида тилга олди. Яна бир “ақл маркази” Атлантик Кенгаш (The Atlantic Council) сайтида жойлаштирилган мақолада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Чунончи, унда мамлакатнинг ташқи дунёга очилишини таъминлаш, давлат ва жамият муносабатларини мутлақо янгитдан йўлга қўйишга қаратилган мазкур ўзгаришлар “Марказий Осиё тарихида янги саҳифа очди”, дея таъкидланади.

Вашингтонда жойлашган Тинчлик ва уруш масалалари институти экспертларининг ёзишича, қисқа давр ичида Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан муҳим ислоҳотлар, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларида йирик ўзгаришлар амалга оширилиб, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ белгилаб қўйилгани қайд этилади. Ўз навбатида, Марказий Осиё ва Кавказ институти веб-сайтида жойлаштирилган мақолада Ўзбекистондаги иқтисодий модернизация жараёнларига юқори баҳо берилди.

Мазкур жараён нафақат аҳоли фаровонлигини юксалтириш, балки давлатнинг стратегик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътироф этилди.
Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.