ЖОҲИЛ ЭНАГАНИНГ ҒАЗАБИГА ДУЧОР БЎЛГАН БОЛАЛАР…

0

 

Американинг Манхэттен округида аҳил бир оиладаги 2 ёшли ўғил, 6 яшар қизалоққа энагалик қилиб келган 55 ёшли Йоселин Ортеге кунларнинг бирида тарбияланувчиларини ваннахонага олиб кирди-ю, қўлидаги пичоқни ишга туширди. Болажонларнинг тирик қолиши учун умуман имкон қолдирмади. Гўдаклар кўплаб жиддий тиғ жароҳати олиш натижасида ҳалок бўлишди. Уларнинг кетидан аёл ўзини ҳам ўлдиришга уриниб кўрди. Иродасизлик йўл бермади. Ўлимдан қўрқди. Шунинг учун энага эса ҳеч нарса бўлмагандек, ўз уйига йўл олди.

Қотилнинг терговдаги кўрсатмасидан:

— Менга ўша болаларнинг товуши, бақир-чақири азоб берарди. Миям чиқиб кетай дерди. Ҳар гал ўзимни зўрға босардим. Охири тоқатим тоқ бўлди. Уларни ўлдиришга қарор қилдим…

Бир нарсага аниқлик киритамиз. Қотиллик жинояти Ортега тарафидан 2012 йили содир этилган. Учинчи жажжи фарзанди билан уйига кириб келган онанинг ваннахонадаги манзарани кўриб қай аҳволга тушганини тасаввур қилинг. Ваннахонада қонига бўялганча икки фарзанди ўлиб ётарди. Болаларнинг отаси ҳам ўша пайт хизмат сафаридан қайтган, самолётдан тушиб таксида ўз уйи томон йўл солганди. Тез орада у ҳам хотини бошидан ўтказган даҳшатларга шерик бўлди…

Ортеганинг адвокати, шубҳасиз, мижозини ҳимоя қилишга тушди. Судда у Ортега анчадан бери депрессиядан азобланиб келганини рўкач қилиб, енгил жазо билан чекланишга ҳақли эканини таъкидлади. У айтдики, аёл тез-тез қандайдир номаълум, мавҳум товушлар қулоқлари остида жаранглашидан безовта бўлган. Бир сўз билан айтганда, унинг ичига шайтон кириб олган, ёвуз руҳлар мияси-ю, юрагигача жойлашиб олиб аёлни йўлдан оздирган…

— Мен ишонаманки, — деди адвокат Валери Ван Леер-Гринберг. — Мижозим болалар қиёфасида ўша ёвуз руҳларни, маҳлуқларни кўрган. Шунинг учун уларни ўлдиришга аҳд қилган. Ортегага нисбатан қўлланадиган жазо енгиллаштирилишини суддан сўраб қоламан…

Прокурор эса буткул бошқа фикрда эди. Унинг фикрига кўра, аёл нима қилаётганини, қандай жиноятга қўл ураётганини жуда яхши фаҳмлаб турган. Шу сабабли болаларга йўллаган ҳар бир тиғ зарбасини олдиндан ҳисоб-китоб қила олган…

Эслатиб ўтамиз, суд жараёни 2018 йил апрелида бўлиб ўтди. Ортега суд ҳукми билан бир умрга озодликдан маҳрум этилди. Гарчи сўнгги сўз берилганда, қотил муддатидан олдин қамоқдан озод бўлиш учун имкон беришларини сўраб йиғласа-да, судья кўнмади. Ҳукмга айнан муддатидан олдин озодликка чиқмаслик шартини қўшиб қўйди.

Суд сўнгида ҳалок бўлган гўдакларнинг ота-онасига сўз берилди. Она йиғидан тийила олмади. Бир оғиз сўз айтишга ожиз қолди. Ота ҳам йиғлаб турган бўлса-да, қотил аёлнинг ўша турмада чириб, ит кунини кўришига талабгор эканини баён қилди.

Марҳум ва марҳума Лео, Люсиларнинг онаси Марина Ким ниҳоят ўзини босиб олиб ҳарқалай сўзлашга куч топа билди.

— У аёл бизнинг аҳилдан-аҳил оиламизни балога йўлиқтирмоқчи бўлган, — деди у. — Ниятига етди. Икки фарзандимдан айирди. Лекин улар мен учун, отаси учун ўлмаган. Лео, Люси самодаги икки ёрқин юлдузга айланди. Улар ҳар кеча уйимиз тепасига келиб йўлларимизни ёритиб туришади. Илойим, бу худосиз аёл ҳам тортсин. Шундай ваҳшийлар қўлига тушсинки, туғилганларига пушаймон бўлсин! Илойим, худонинг даргоҳига абадул-абад ета олмай икки дунё орасида сарсон-у саргардон кезсин!..

usa. one

Павел Кот

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси