Минг бир дардга даво сабзавот

0

Қишда ҳолдан тойган организмни беқиёс шифобахш моддалари билан тўйинтирадиган редискани севиб истеъмол қилмайдиган одам топилмаса керак. Айниқса, редиска қатиқ ва кўкатларга аралаштириб ейилса, ҳар қандай тана роҳат олади. Мазкур сабзавотдан нафақат ошхонада, балки халқ табобатида ҳам фойдаланиш мумкин. Соғлом турмуш тарзи ишқибозлари редиска шарбатидан турли касалликларни даволаш ҳамда олдини олишда фойдаланишади.

Шифобахшлиги

Редиска саломатлик учун жуда фойдали саналади. Унинг сафро ҳайдаш, иссиқни туширувчи ва антибактериал хусусиятлари беқиёслиги боис иммунитетни кучайтиради, шамоллаш профилактикаси ва давосида қўлланилади, бош оғриғини йўқотади, юрак-қон томир хасталикларини даволайди, қон оқишини яхшилайди, қондаги холестерин миқдорини пасайтиради, йўтални йўқотади, астмада фойда беради, эркин радикаллар ишини меъёрга солади, онкологик хасталикларнинг олдини олади, организмдан заҳарли моддаларни ҳайдаб чиқаради, ошқозон ишини тартибга солади, ортиқча вазн ҳамда оғиздаги нохуш ҳидни бартараф этади, қорин дам бўлиши, геморройда фойда беради, подаграни бартараф этади, аёллардаги гормонал ҳолатни тартибга солади, жигар ва ўт пуфаги ишлашини яхшилайди, радикулит оғриқларини йўқотиб, мушакларни ўстиради, ҳашарот чаққандан кейинги қичишишни бартараф этади, нерв тизими ишини мустаҳкамлайди, стрессга чидамлиликни оширади, жароҳатларни битиради, тери ва соч ҳолатини чиройли қилади.

 

Редиска кимларга тавсия этилмайди?

Редискотерапия ошқозон яраси хасталикларига чалинган, колит, гастрит, кислота миқдори юқори бўлган, юрак касалликлари, жигар ва буйрагида оғир муаммолари бўлган инсонларга тавсия этилмайди.

Редиска шарбати кучли таъсир қилгани боис уни сувга қўшмасдан ичиб бўлмайди. Шарбатнинг ўзи ошқозонда оғриқ келтириб чиқаради. Оғиз шиллиқ қаватини ҳам зарарлаши мумкин. Шу боис унга доим 1: 1 сув қўшиб, ичиш лозим. Шу билан бирга шарбатли терапиядан 2 соат олдин ва кейин сут маҳсулотлари истеъмол қилмаслик лозим.

Редискотерапия

Бронхиал астма касаллигида 20 мл редиска шарбатини 1:1 миқдорда сувга қўшиб, кунига уч маҳал, аҳвол яхшилангунга қадар ичилади. Бунда астма хуружлари буткул тўхташи керак. Суюқликка бироз асал қўшиш мумкин.

Сурункали йўтал, вирусли бронхит ҳамда шамоллашда 10 мл редиска балзамини уч марта овқатдан олдин қабул қилиш лозим. Мазкур балзамни тайёрлаш учун 100 мл алоэ шарбати, редиска, лавлаги, лимон, клюква, пиёз, 100 мл арақ, 7 г шакар ҳамда 20 г асал аралаштирилади. Мазкур аралашмани усти қаттиқ ёпиладиган идишга солиб, музлаткичда сақлаш лозим.

Пигмент доғларни йўқотиш учун ҳафтада уч марта редиска шарбатидан ниқоб тайёрлаб, юзга суртинг. Уни тайёрлаш учун 1 чой қошиқ шарбатга петрушка, бодринг ҳамда шунча миқдорда сметана қўшилади. Тайёр аралашмани юзингизга суртиб, 20 дақиқа қолдиринг. Юзингизни ювганингизда терингиз тиниқ тортиб, доғлар рангсизланган бўлади.

Агар юз терингиз қуруқ бўлса, эрталаб ва кечқурун тоник ўрнига редиска шарбати билан артинг. 10 дақиқадан сўнг ювиб, крем суртинг. Бир нечта муолажадан кейин юз териси эластик, майин ва тўйинган бўлади.

Диареяда эса қуйидаги аралашма ёрдам беради: 6 дона редиска ва баргининг шарбатини чиқарасиз, кейин унга 200 мл сут, 0, 5 ош қошиқ маккажўхори крахмали қўшиб, қултумлаб ичасиз. Агар фойдаси бўлмаса, 5 соатдан сўнг жараённи қайтаринг.

Сийдик чиқариш билан боғлиқ касалликлар (цистит, уретрит) да 30 мл редиска шарбатига 50 мл табиий қизил вино ҳамда 20 мл сув қўшилади. Бу аралашмани бир кунда икки маҳал овқат пайтида ичиш лозим.

Даволаниш курси — 10 кун. Бундай рецепт буйракдаги қумларни тушириш ва ўт қопидаги муаммоларда ҳам фойда беради.

Ангина касаллигида эса редиска шарбатига тенг миқдорда сув қўшиб, томоқни чайиш лозим. Соғайишни тезлаштириш учун мазкур ичимликни 1 ош қошиқдан уч марта ичиш ҳам мумкин. 3 кундан сўнг томоқдаги оғриқдан буткул халос бўласиз.

Камқонликда қуйидаги муолажа фойда беради: 50 мл редиска шарбатига лавлаги ва сабзи шарбатини қўшиб, кўзачага солинг ва газ патнисида паст оловда уч соат қайнатинг. Тайёр қайнатмани 1 ош қошиқдан кунига 4 марта ичиш лозим.

Авитаминозда 50 мл редиска шарбатига 100 мл сабзи шарбатини қўшиб, эрталаб нонуштага ичинг. Курс давомийлиги — 1 ой.

Орқа ва белдаги оғриқлар (радикулит) ва невралгияда қирғичдан чиқарилган редиска оғриқ жойига қўйилади.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: