ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (13-қисм. Биринчи фасл)

0

 

* * *

 

 

Курсда ўзлаштирган машғулотларни эсга олиш вақти етди.

Мадали ҳар бир дарсни бирма-бир хотирасига тушириб, ниҳоят компьютер қаршисида ўтказган онларини кўз олдига келтирди.

— Сен нафақат компьютерни, ҳатто ўзингни ҳам ёлғонларингга ишонтира олишинг лозим, — дея тайинлаган эди муаллима аёл ўшанда. — Ўшанда кўзлаган мақсадингга осонликча етасан, душманни тор-мор қиласан.

Мадали йўл-йўлакай қандай йўл тутиш режалари ҳақида бош қотириб, камерага кириб борди.

Тепакал маҳбус ҳамон каравотга чўзилиб ётганича сигарета тутатарди.

Мадалининг кириб келганини кўриб, ётган ерида кулиб қўйди.

— Ҳа, бошлиқ адабингни бермадими, дейман? — сўради у сигаретини чўзиб-чўзиб тортиб. — У ер-бу еринг кўкармабдиям? Одатда улуш олиши керак бўлганларни бошлиқнинг ҳузурига олиб киришарди.

— Аблаҳлар! — сўкинди Мадали қовоғини уйиб. — Пулларни топиб беришимни талаб қилишяпти.

— Қайси пулларни?

— Қайсини бўларди? Банкдан олиб чиқиб кетган пулларимни-да!

— Ҳа-а, шунақами? — тепакал шошилмай ўрнидан туриб ўтирди. — Бе, мениям дастлабки кунларда ҳоли-жонимга қўйишмаганди. Икки марта карцеригаям кириб чиқдим. Олтинларни топиб қўлимизга топширасан, дейди.

— Хўш?

— Аҳмоқ бўлибманми, топшириб? Яхшиси, катта пулга сотаман-да, бу ердан ярмини бериб бўлсаям чиқиб кетишга ҳаракат қиламан.

— Турмадан пул бериб чиқиб кетмоқчимисиз? — Мадали негадир қарияни сизлашга ўтганди. Буни ўзи ҳам эндигина пайқади-ю, индамади. — Овора бўласиз. Булар сиз билан мендан ўлиб қолсаям пул олишмайди.

— Э, ғўрсан-да ҳали, бола! — деди тепакал. — Мени Тимофей деб қўйишибди. Қишлоғимдагилар Тима деб чақиришарди. Бундайларни кўравериб пишиб кетганмиз, ҳа!

— Менга қаранг, Тима амаки! — деди Мадали эҳтиёт шарт эшик томонга кўз ташлаб олгач. Унинг амаки деб чақириши қарияга ёқиб тушди шекилли, табассум пайдо қилиб каравотдан пастга тушди.

— Нима дейсан, жиян?

— Бир гап айтсам, ҳеч кимга гуллаб қўймайсизми?

— Мен-а? Вей, мени Тима деб қўйибди. Хафа қилмагин!

— Бўпти, узр! Хуллас, сиз билан келишиб оладиган бир иш бор эди. Албатта, рози бўлишга сўз берсангизгина айтаман.

— Қани, айт! Юрагимни сиқаверма сенам!

Мадали овозини пасайтириб сўз бошлади.

— Мана, ўзингиз ўйлаб кўринг! Менда катта пул, сизда эса олтин бор, шундайми?

— Хўш?

— Келинг, ўша олтинларингизни мен сотиб оламан.

— Ў, сотиб оламан? Пулинг етармикан, сотиб олишга?

— Нега етмас экан? Ахир, билмайсиз-ку, қанча пулим борлигини! Яхшиси, нархини айтинг!

Қария бир муддат ўйланиб тургач, елка қисди.

— Олтинларим кўп. Тахминан юз минг кўкига тортади.

Мадали бу гапни эшитиб кулиб юборди.

Ҳозир у ўзини шундай тута бошлагандики, пули кўплигига ўзи ҳам қаттиқ ишониб бораётгандек эди.

— Жуда оз-ку! — деди ниҳоят кулишдан тўхтаб. — Мен бир миллиондан келасизми, деб ўйловдим.

— Нима? Бир милллион? Ҳали… шунча пулни ўмарганмидинг?

— Сиз нима деб ўйловдингиз? Мени бекордан-бекорга шунча йилга кесишмагандир?

— Қойил! — силкиниб-силкиниб кулди қария. — Ёш бўлсанг ҳам бало экансан. Майли, энди. Ёшимни ҳурмат қилсанг, пича қўшиб берарсан-а?

— Ҳа, қўшиб бераман. Фақат айтганимдан чиқмайсиз.

— Ҳозирча, — таъкидлаб қўйди қария. — Орамиз очиқ бўлгандан кейин…

— У ёғини ўзим ҳам биламан. Унда бугун тиниқиб ухлаймиз. Эрталаб соат бешларга яқин соқчилар бизни омбор яқинига олиб боришади. У ердан тузланган карам олиб келган машинага ўтириб жуфтакни ростлаймиз. Фақат, билиб қўйинг, мабодо алдашни ихтиёр этган бўлсангиз, кечирмайман.

— Унақа одатим йўқ, йигит! Лекин бир нарсани тушунмай турибман. Ким билан қочишга келишиб қўя қолдинг, дарров?

— Буниси менинг ишим.

— Тушунарли. Бошқа савол бермайман.

Суҳбат шу билан якун топди.

Мадали қарияга эътибор ҳам қилмай, хаёлан навбатдаги режаларни калласида пишита бошлади.

Унинг бирдан-бир мақсади турма бошлиғи айтган ишни бажариш-у, мана шу сассиқ камераларга қайтмасдан, хизматни давом эттиришдангина иборат эди.

 

 

* * *

 

 

Мадали тунни кўз юммасдан ўтказди. Аксига олгандек, ўнг кўксининг пастроғи қур-қур санчир, ана шу оғриқ унинг бемалол ётишига халал берарди.

— Итдан тарқаганлар, — сўкинди у алам билан хуррак отаётган тепакал томон назар ташлаб. — Манавинақаларга барибир. Устидан поезд ўтиб кетсаям бало урмайди. Мен-чи? Нега курсда ўқиб юрган кезларимда қанча калтак емай, жоним бунча оғримасди-ю, ҳозир оғрий бошлади? Нималар бўляпти ўзи? Ишқилиб, жигарни эзиб қўймаган бўлишса бас.

Соат чорак кам бешга бонг ура бошлаганда, соқчи ортиқча товушларсиз камера эшигини очди.

— Шерикниям уйғотиб, ташқарига чиқинг! — буюрди у. — Омборда кутишяпти сизларни!

Мадали оёғи билан турта-турта тепакални ўрнидан турғазди. Иккови ҳам керакли нарсаларини апил-тапил қўлтиқларига қисди-да, ташқарига йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Ростдан ҳам омбор қаршисида юк машинаси турар, бортига ўнтача бочка юкланганди.

— Ҳов ичкаридаги икки бочкага тушиб, устиларингдан қопқоқларни яхшилаб ёпинглар! — тушунтирди ҳайдовчи. — Шаҳарга яқин қолганда тўхтайман. Ўша ерда тушасизлар.

Мадали аввал қарияни бир амаллаб бочкага жойлаштирди ва қопқоқни ёпди.

Ўзи эса сира қийналмасдан бочкага кириб олди. Қопқоқ ёпилганидан сўнг нафас олиш анча оғир кечаркан.

Бироқ курсда ўзлаштирган машғулотлар хаёлига келгач, ёпиқ шароитда ҳам ўзига керакли кислородни қабул қилиб олиш имконини топди.

Яъни, бочканинг сезилар-сезилмас тирқишчаларига оғзини тўғрилаб олди.

 

 

* * *

 

 

Машинада чайқала-чайқала кетиб бораркан, Мадали фақат ва фақат шаҳардаги махфий алоқа қутиси, унда номаълум шахслар қолдириб кетган хат ҳақида ўйлар, турмадан эсон-омон қутулиб чиққанига шукроналар келтирарди. Турма бошлиғи қўйган шарт эса унга арзимас бир юмушдек туюларди.

“Шунча вақт таҳсил олиб, қанча синовларни, азобларни бошимдан кечириб қаёқдаги бир тепакалнинг ихтиёридаги олтинларни олиб қўя олмайманми? — ўйларди у бочка тирқишидан тўйиб-тўйиб нафас олишга интилиб. — Бу иш нари борса икки соат вақтимни эгаллайди. Ундан сўнг зудликда шаҳарга қайтишим ва ўз ишим билан машғул бўлишим керак…”

Машина бир соатлар чамаси йўл юргач, бирдан тўхтади.

— Қани, чиқинглар бочкадан! — буюрди ҳайдовчи пастдан туриб. — Ўлиб қолмадиларингми?

Биринчи бўлиб бочкадан Мадали чиқди.

Семизлиги туфайли қария ўз кучи билан чиқиб кета олмасди. Унга ҳам кўмаклашиб юборди.

Улар тўхтаган жой шаҳарга кираверишдаги бир қишлоқ эди.

— Бизнинг кетимиздан соқчилар кузатиб келишлари керак эди-ку! — ҳайдовчини бир четга тортиб қулоғига шивирлади Мадали. — Негадир кўринишмаяпти! Тинчликмикан?

— Сен шошилма, — деди ҳайдовчи совуқ тиржайиб. — Турма бошлиғи сен ўйлаганчалик аҳмоқ эмас. Керак бўлганингда ўзлари топиб олишади. Ҳозирча ўйлаб қадамингни босавер!

Ҳайдовчи жўнаб кетди.

Икки маҳбус эса, бир муддат нима қилишни билмай туриб қолишди.

— Хўш, қаерда олтинларинг? — тоқати тоқ бўлган Мадали қарияни туртди. — Нега қоққан қозиқдай қотиб қолдинг? Кўрсат, бошла!

— Намунча ҳовлиқасан? — жеркиб берди қария. — Яна беш дақиқа шу ерда кутамиз.

— Нега?

— Ўшанда биласан.

Мадали қўл силтаб нари кетди. Қишлоқ кўчаси бошидан анҳор оқиб ўтган экан. Муздек сувда юз қўлларини чайган бўлди.

— Ана, келишяпти! — қичқирди қария узоқдан катта тезликда яқинлашиб келаётган қизил машинани кўрсатиб. — Бизникилар келишяпти!

Мадали бирдан ҳушёр тортди.

— Бу нимаси? — сўради қарияга тик боқиб. — Қанақасига бизникилар бўлади? Ахир, ҳеч ким билмайди-ку бизнинг турмадан қочганимизни!

— Нега энди билмас экан? Билишади. Менинг одамларим билишади.

— Қанақа одамлар?

Тепакал кутилмаган ҳаракат билан Мадалининг ёқасидан бўғди.

— Мен сени камерага кириб келганингдаёқ танигандим, — ўшқирди у йигитнинг бўйнини маҳкамроқ бўғиб. — Кимлигингни саройимга борганингдан кейин биласан!

Бу орада қип-қизил «Мерседес» уларнинг рўпарасига келиб тўхтади ва ундан икки нафар барваста рус йигити тушиб келди.

Йигитларнинг бири қария билан бош ирғаб саломлашган бўлди-да, Мадалининг орқасига тепди.

— Йўқ! — уни тўхтатди қария. — Шошилма! Олдин саройга олиб борайлик, кейин ураверасанлар!

Мадали истаса, уччаласини ҳам бир ёқлик қиларди. Аммо бир нарса — қариянинг аслида ким экани, у оғиз кўпиртириб айтаётган сарой қизиқтириб қолганди.

Шу сабабли ўзини атайин ҳушдан кетганга солиб йигитларни машинага кўтариб ўтқазишга мажбур қилди.

Орқа ўриндиққа ўтқазаётиб иккови галма-гал бир муштдан туширди.

Бу муштлар курсдагиларга нисбатан бироз кучлироқ эди. Аммо чидади.

Номаълум, сирли маконларга етиб олиш, у ердаги тилсимлардан воқиф бўлиш умиди унга куч, матонат ҳадя этди.

 

 

* * *

 

 

Машина катта тезликда ярим соатча йўл босди. Қария ҳам, йигитлар ҳам жим кетиб боришар, икки йигит Мадалини бошидан босиб олгани сабаб қайси йўл бўйлаб, қаерга кетаётганликларини кўришга умуман имкон йўқ эди.

Ниҳоят улар қаергадир етганда тўхташди.

Йигитлар эпчиллик билан Мадалини пастга судраб тушдилар.

Машина келиб тўхтаган жой икки ёни дарахтзор бир қишлоқ кўчаси эди. Шундоққина рўпарадаги дарвоза ланг очиқ, дарвоза қаршисида катта бир овчарка қарияга думини ликиллатганча қараб турарди.

— Ие, асалим, келмайсанми? — кулди қария итга яқин бориб.

Ит югуриб келди-да, унга бир-икки суйкалган бўлиб Мадали томон чопди ва ириллай бошлади.

— Йўқ, бас қил! — итни тинчлантирди қария. — Ириллашингга ҳали эрта! Қани, Миша, бу аблаҳни ичкарига олиб киринглар!

Йигитлар Мадалини ҳовлига судраб олиб киришди.

— Ҳозирча уни омборга қамаб қўйинглар! — буюрди қария. — Сал нафасни ростлаб олайлик! Ана ундан кейин гаплашаверамиз.

 

 

* * *

 

 

Орадан ярим соатча вақт ўтиб Мадали қамаб қўйилган омбор эшиги очилиб, ичкарига тўрт нафар барваста йигитлар киришди. Барчалари қўлларида узунлиги ярим метрдан келадиган темир ушлаб олганини кўрган Мадали кўнгли ғаш тортиб секин ўрнидан турди.

Сезди. Бу нусхалар шунчаки киришмаган. Ҳозир ўртада муштлашув бошланади. Уни синдиришга уринишади. Аммо… Нима сабабдан? Наҳотки, булар ҳақиқатан Мадалининг пули кўп-у, шу пулларни куч ишлатиш йўли билан олиб қўйишга уринаётган бўлишса? Наҳотки, тепакал ўз сўзидан қайтган бўлса? Умуман, ким ўзи бу қария? Нима учун ҳамма унга таъзимда?

— Сенларни алдашибди! — деди Мадали ўзига тобора яқинлашиб келаётган йигитларга. — Менда ҳеч қанақанги пул йўқ! Шунинг учун ўзларингни қийнаманглар! Акс ҳолда жонингга жабр бўлади!

Йигитлар бу гапни эшитиб бараварига кулиб юборишди.

— Ўзингни шунчалик зўрман, деб ҳисоблаганмидинг, Миша? — дея гап бошлади олдиндаги мўйловли рус йигити. — Йўқ, сендан кўра биз зўрроқ чиқиб қолдик!

— Миша? — Мадали ҳайрон бўлиб қаршисида тиш қайраб турган йигитларга бир-бир назар ташлади. — Қанақа Миша? Менинг исмим ундай эмас!

— Шунақами? — сўради орқароқда турган йигит. — Ҳалиям эсинг кирмадими? Мана сенга!

У шу қадар тез яқинлашиб Мадалига зарба бердики, сал бўлмаса, чап беришга улгурмай қолай деди.

— Вой ифлос-эй! Қани, жосуслигингни бир намойиш эт-чи, сотқин!

Унга шериклари ҳам қўшилишди.

Энди Мадали астойдил ҳимояланмаса бўлмасди. Аввалига қаршисидаги мўйловлининг уйқу томирига зарба йўллади.

У йиқилди-ю, аммо негадир сапчиб ўрнидан туриб кетди.

“Зарба яхши чиқмади, шекилли,” — кўнглидан ўтказди Мадали ва бошқаларнинг темирига чап берган кўйи яна бир маротаба зарба берди.

Афсус! Бу гал ҳам ҳушидан кетказа олмади.

Бахтга қарши, йигитлар темирни айнан Мадалининг чап кўксига йўллашар, шундоқ ҳам оғриб турган тана кучли зарбалардан янада қаттиқроқ симилларди.

Бу сафар Мадали ростакамига калтак еди. Кўпчилик бўлишгани учунми ё бошқа сабабданми, қанча уринмасин, барибир темир тутган қўллар устун келиб уни охир-оқибат ерга қулатди. Айниқса, оёғига кетма-кет беш-олти марта келиб тушган темир зарбалари жонини суғуриб олай деди.

— Ма, манови игналар билан йиртилган ерингни тикиб ол! — мўйловли йигит аллақачон ҳушини йўқотиб чўзилганча ётган Мадалининг олдига игна ва қора ип ташлади-ю, шерикларини бошлаб ташқарига чиқиб кетди.

 

 

* * *

 

 

У қанча вақт ҳушсиз ётганини ҳам эслай олмасди. Кўзларини очганда хона ичи қоп-қоронғи, чап кўксидан пастроғи, чап оёғида пайдо бўлган оғриққа чидашнинг иложи йўқ эди.

Мадали ўзини сал ўнглаб олгач, руҳан оғриқлардан устун келиб секин ўрнидан қўзғалди.

Бироқ оёқдаги оғриқ барибир тик туришга қўймай, ўтириб қолди.

Секин ўша жойини пайпаслаб кўрди.

Эҳ, панжа йиртилиб кетган! Гўшт очилиб қолган ер етти-саккиз сантиметрча келарди.

Шу тобда қўлига игна ва ип илиниб, кўзлари салгина очилгандек бўлди.

— Ифлослар! — сўкинди қоронғиликда таваккалига игнага ип ўтказаётиб. — Сал бўлмаса, ўлдириб қўйишаёзди. Мени қайси Мишага ўхшатишди ўзи? Ким ўша Миша? Тўхта!

Мадали нимадир эсига тушгандек, бир муддат ўйга толди.

— Менга… «Сен энди Михаил Салаевсан», дейишганди бир куни. Ким экан аслида Михаил Салаев? Нега менга бундай исм беришди? Ҳа, майли, буни барибир аниқлайман! Шу ердан омон-эсон чиқиб олсам, албатта, аниқлайман!

Тўрт қават қилиб игнага ўтказилган ип тайёр бўлгач, аввалига игнани пайпаслаб текшириб олган бўлди. Ҳа, зарарсизлантирилган. Заҳри йўқ. Демак, бемалол қўрқмасдан тикаверса бўлади.

Мадали эҳтиёткорлик билан йиртилиб кетган танасига кўзларини чирт юмганча игна санчди.

Йўқ, унчалик оғриқ сезмади. Балки, оғриб турган тери игнани сезмагандир? Нима бўлганида ҳам, ярим соатча уриниб, йиртилган жойини тикиб олишга муяссар бўлди. Фақат чап кўксидан пастроқдаги оғриқни босишнинг сира имкони йўқ эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ