Тор ушлаган Алишер Файзнинг файзли концертидан фоторепортаж

0

… май кунлари. Муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройининг олди мухлислар билан тўла. Негаки айни кунларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз яна бир бор мухлислари билан дийдоолашиш мақсадида «Васлинг излаб» номли ўн биринчи яккахон дастурини тақдим этди. Биз ҳам ушбу концертнинг шукуҳини ғойибона бўлса-да, сиз азизларга илиниш учун санъат саройига ташриф буюрдик.

Зал мухлислар билан тўлган, концерт меҳмонлари ва ашаддий мухлислар ўзларининг севимли хонандасини интиқлик билан кутмоқда. Концерт бошловчилигини ўз зиммасига олган сўз устаси Ботир Имомхўжаев саҳнага чиқиб, дастурни очиб берди ва шундан сўнг  саҳнага кеча сабабчиси Алишер Файзни таклиф қилди.

Алишер Файз ўзининг яккахон дастурини «Диёримизга» таронаси билан бошлаб берди.

Қўшиқдан сўнг хонанда мухлислари билан саломлашар экан, барча ташриф буюрганларга ўз ташаккурини изҳор қилди. Шунингдек, оз фурсатда санъат саройи атрофида юз берган ўзгаришларни эътироф этаркан, бундай манзара концерт меҳмонларининг ҳам кайфиятини кўтараётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу сўзлардан сўнг хонанда «Ўзгармас» номли қўшиғини куйлади.

9 май — Хотира ва қадрлаш кунида бошланган концертида Алишер Файз устоз санъаткор Нуриддин Ҳайдаровни хотирлаб, унинг ижодидан «Юр муҳаббат» таронасини куйлади.

Концертнинг биринчи қисми «Синфдош» таронаси билан якунланди ва хонанда устозлар анъанасини давом эттирган ҳолда саҳнага укаси — хонанда Хуршид Турдиевни таклиф этди. Ҳаяжон билан укасини мухлисларга таништираркан, эзгу ниятларини билдириб, саҳнани ёш хонандага топширди. Ёш ижодкор Хуршид Турдиев шоира Рислиғой Ҳотамова томонидан ёзилган «Алишер Файзнинг укасиман» қўшиғини ижро этди.

БУ — ФАКТ!

Концерт уч қисмдан иборат бўлиб, унда Алишер Файз 20 дан ортиқ қўшиқ ижро этди.

Хонанда концерт давомида мухлислар билан жонли мулоқотда бўлди. Айниқса, самимий ҳазиллари, ҳар бир қўшиқ ва чиқишларга берган изоҳи мухлисларнинг зерикишига имкон қолдирмади.

Хонанда концертига қайси вилоятдан мухлислари кўпроқ ташриф буюрганини аниқлаб олиш мақсадида қўлига тор олиб, «Боғим бор» қўшиғини жонли куйлади. Мухлислар эса ўзлари истиқомат қиладиган вилоят номи тилга олинганда олқиш ва қийқириқлар билан хонандани қўллаб-қувватлашди.

Иккинчи қисм «Куз» номли сокин тарона билан бошланди. Мазкур блокда «Рашк қиласанми?», «Давраларда ўйнасин онам», «1100 км» каби хит тароналар тақдим этилди.

БУ — ФАКТ!

Иккинчи блокда ижро этилган «Соғиндим» таронасининг сўзлари хонанданинг укаси Хуршид Турдиев қаламига мансуб.

Учинчи қисм қизиқчи Аваз Охуннинг чиқиши билан давом этди ва сўз устаси мухлисларга яна бир бор кўтаринки кайфият улашди.

Дастурнинг сўнгги қисмида янги: «Бувижон», «Жанон», «Ярашибди», «Акам бор» қўшиқлари ижро этилди.

«Бувижон» таронасига ажойиб саҳна кўриниши тайёрланган бўлиб, буви ролини устоз санъаткор Дилбар Икромова ижро этди.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлашимиз жоизки, Алишер Файзнинг бу йилги концертининг файзли ва чиройли ўтишида режиссёр Мирмақсуд Охунов ва хонанданинг продюсери Лутфулла Аллақуловнинг ҳиссаси катта.

Шунингдек, дастурда хонанданинг она ҳақидаги таъсирли монологи ҳар бир томошабиннинг этини жимирлатиб юборди, десак муболаға бўлмайди. Буни тинимсиз қарсаклардан билиш мумкин эди.

Хонанданинг совчилар мавзусида куйланган «Талабди» таронасига Ўзбек миллий академик драма театрининг актёр-актрисалари кутилмаган саҳна кўриниши тайёрлашган. Тарбиявий аҳамиятга эга ҳамда бугуннинг энг оғриқли муаммосини акс эттирган бу чиқиш мухлисларни керакли хулоса чиқаришга ундайди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Озодбек Назарбеков ижодига мансуб «Саҳарда» таронасининг сўзлари Алишер Файзга тегишли бўлиб, бу йилги концерт дастурида хонанда устозининг ўша қўшиғини куйлади.

Хонаданинг бу йилги концертида яккахон раққосаларнинг чиқиши ҳам таҳсинга лойиқ эди. Масалан, «Камми?» таронасига маҳоратли раққоса Ирода Исмоилова, «Ҳай-ҳай» қўшиғига эса таниқли раққоса Шодиёра Омонова раҳбарлигидаги «Шодиёна» рақс ансамблининг жажжи қизлари «Қалдирғоч» қўшиғига рақс ижро этди.

Шунингдек, хонанда дастурда «Сабо»  раққосалари билан илк бор ҳамкорлик қилди.

Концерт давомида мухлислар ўз олқишлари билан хонандани қўллаб-қувватлаб турган бўлса, шўх қўшиқларга завқланиб рақсга тушишни ҳам унутишмади.

Айниқса, хонанданинг ҳамкасблари ҳам мухлислардан қолишмай Алишер Файзни 5 кун давомида қўллаб-қувватлаб турди.

Юлдуз ИСОҚОВА

Фотомухбир Ислом РЎЗИЕВ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here