Абдураҳмон Мешаян шеъри: Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон…

0

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳимни айтиб,

Юрагимга бахт-у шодлик келди қайтиб.

Ғам лашкари узоқларга кетди дайдиб,

Қувончимга шерик бугун ер-у осмон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Хайрли кел эй ўн бир ойнинг султони,

Дуодан тинмайди мўминнинг забони,

Насиб айлаб ўшал Фирдавс ҳоқони,

Барокатинг бизга сездир ё Рамазон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Парвардигор аслида энг Олийимдир,

Ҳам боқувчим, ҳам дўстим, ҳам ҳомийимдир.

Ё, Рамазон мени Унга яқинлаштир,

Бундан афзал тилак бўлмас нечун ёлғон?

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Аллоҳимга айлаб тавба изҳоргача

Ўзгарадир гуноҳда энг илғоргача.

Сабр айлаб саҳарликдан ифторгача,

Айлайдирмиз хатоларни бир-бир хазон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Қалбларимиз тўлур Хаққа мухаббатга,

Севгимиз ҳам ортур Хазрат Муҳаммадга.

(Алайҳиссалом)

Юрагимиз Ватан бўлса саховатга,

Бундан ортиқ шодлик топилмоғи гумон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Бу кунлардир кимга орзу, кимга армон,

Кишанланмиш аҳли лаъин, аҳли шайтон,

Кўзларда ёш қилинганда хатми Қуръон,

Бизлар учун иймон қиммат, куфр арзон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Сандиқ-сандиқ тиллойим йўқ, гуноҳим бор,

Арш тахтидан боқиб турган гувоҳим бор.

Менга иймон инъом қилган Илоҳим бор,

Шайтон мени айлолмагай ер-ла яксон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Минг шукрки мусулмонмиз, кофир эмас,

Ҳаққа қулмиз, иблисларга шотир эмас,

Бизнинг кўнгил шаккокликка қодир эмас,

Хақни севсак бадандан жон чиқгай осон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Мен Расулдан ибрат олган ошиқдирман,

Мен ихлосни дилга солган ошиқдирман.

Мен Аллоҳни севиб қолган ошиқдирман,

Лекин мени У севмаса ҳолим ёмон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Ҳали-ҳануз Каъбам тавоф қилолмадим,

Қора тошни бир бор бўлсин силолмадим.

Бир юз ўн тўрт сурани ёд ололмадим,

Лек дилим шод янграганда зар гал азон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Ҳар кун беш вақт Аллоҳ бирла бетаржимон,

Сўзлашурман мендан бахтли зот йўқ ҳамон.

Ул Лайлат-ул Қадр келса биз бегумон,

Гўдак янглиғ пок бўлурмиз, ўшал замон,

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон.

 

Дилда иймон, тилда зикр, қўлда тасбеҳ,

Ҳар кун чорлар Масжид томон ул таровеҳ.

Бу йил яхши бўл деб виждон  берур танбеҳ

Келгуси йил борми йўқми танамда жон?

Аллоҳимни кўпроқ севдир ё Рамазон

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: