«Ғаройиб ҳодисалар изидан»: СУВ ПАРИСИ…

0

 

 

* * *

 

 

Хизматдан келганимга ўн кунча бўлганди. Уйда ўтиравериб азбаройи зерикканимдан ярим кечаси қишлоқ четидаги уч муюлишдан ўтиб катта зовур бўйига бордим. Зовурда куз ойларида ҳам сув тўлиб оқар, кундузлари болалар мириқиб чўмилишса, тунда қурбақаларнинг қуриллашлари кўнгилга ҳузур бағишларди.

Мен узоқ-узоқ осмондаги ойга термулдим. Ҳа, энам айтарди. Янги чиққан ойга тикилиб ният қилинса, одам ўша ниятига албатта етаркан. Мен ҳам ўзимча ният қилган бўлдим ва қайтадан шариллаб оқаётган зовур сувига боқдим.

Алоҳол ҳов наридаги мажнунтол остида ўтирган сулувга кўзим тушди.

Аввалига ҳайрон бўлдим. Шу маҳалда бу қиз зовур бўйида нима қилиб ўтирибди? Ким ўзи?

Йўқ, юрагимда умуман қўрқув аломати сезилмасди. Аксинча, азбаройи ҳаяжонга тушганимдан эҳтиёткорлик билан ўша томон юра бошладим.

Ой шуъласида сулувнинг эгнидаги яшил рангли узун ҳарир кўйлак ўзгача жилоланар, белини ўпган ёйиқ сочлари денгиз тўлқини янглиғ солланарди.

Сулув менинг ўзи тарафга юрганимни кўрди-ю, даст ўрнидан туриб зовур ёқалаганча катта йўлга қараб чопди.

— Ие, бу нимаси? Нега мендан қўрқади бу қиз?..

Қизиқишим ортиб ортидан қувлай кетдим.

— Ҳой, соҳибжамол, тўхтасангиз-чи! Нега мендан қочасиз?.. — бақирардим унга. — Тўхтанг!..

Ҳарбий хизматда орттирган тажрибам қўл келиб, бир зумда қизга етиб олдим ва олдини тўсдим.

Ажабо!.. Сулувнинг кўзлари мовий, қалин қошлари туташ, лаблари ғунчадек нозик эди…

«Йўқ, бу бизнинг қишлоқлардан эмас! — деган ўй ўтди кўнглимдан. — Ҳа… Аниқ… Бу сув париси… Энам айтгувчи эди. Мана шу зовуримизда сув парилари аҳён-аҳёнда чўмилишаркан… Фақат улар ҳар кимнинг ҳам кўзига кўринишмаскан… Наҳотки, шундай бахт менга насиб этган бўлса?..»

Сулув энди қочиб қутула олмаслигини сездими, қаршимда бош эгганча сукутга толди. Чамаси, менинг сўз қотишимни кутди.

Бўй йигитман, ахир! Қаршимдаги бу гўзал қизнинг сув париси эканини буткул унутиб, савол бериш ўрнига нозик, майин қўлидан тутдим. Қаршилик қилмади. Бош эгган кўйи нозли жилмайиш қилиб мени зовур томон ундади.

Мен бундай нозанин билан зовур тугул дунёнинг нариги четига кетишга-да тайёр эдим. Юмшоқ билакларига маҳкам ёпишганча ортидан эргашдим.

Зовур ўртасига етганда қизнинг белига ёпишдим. Суюклигим тағин менга қаршилик кўрсатишга шошилмади.

— Сулувжон, қаерлардан бўласан ўзи? — энтика-энтика сўрадим ундан.

У эса жавоб ўрнига бармоғи билан осмону фалакка ишора қилди.

— Менга севимли ёр бўл, санамжон! — ҳарсиллаш асносида тўлин юзларига лабимни босдим. — Сенга умримни бахшида этай, асалим! Ишон, сени бир умр мана шу қўлларимда кўтариб яшайман!..

Қиз бу сўзларимни эшитиб қиқир-қиқир кулганча ўзини четга олишга уринди. Бироқ мен ҳам анойи эмасдим. Қўйиб юбориш ўрнига қаттиқроқ бағримга босдим.

— Мени рад этма! — дедим бағримни куйдира бошлаган қайноқ тафтдан сармаст бўлиб. — Сендай жононни орзу қилганман. Энди етдим деганимда мени ўзингдан мосуво этма!..

Қиз шунда жарангдор овозда кула-кула бўйнимдан маҳкам қучиб мени сув қаърига тортди. Мендай йигит шу зовур сувидан қўрқарканми. Уни қўйиб юбормай, сув остига шўнғидим…

Ана шу лаҳзада бошимга кимдир қандайдир оғир гурзи билан чунонам туширдики, сакраб кетдим…

Не кўз билан кўрайки, томорқамиздаги бир туп қари ёнғоқни қучоқлаганча ётар, аъзойи баданим қора терга ботганди…

— Бу нимаси ўзи?.. Нега бу ерда ухладим?.. Нимага уйда эмасман?..

Эртаси куни энам ҳаммасини гапириб берди. Мен яқин дўстимнинг тўйида тўйгунча ичибман-у, уйгача етмай шу ёнғоқнинг остида ухлаб қолган эканман. Бу хосиятсиз жойда ухлашим етти ухлаб тушига кирмаган энам бўлса, туни билан мижжа қоқмай мен ўзбошимчани кутиб ўтирибди…

Мана, орадан кўп йиллар ўтди.

Қари ёнғоқ аллақачон кесилиб кетган.

Мен гоҳи-гоҳида қишлоққа борганимда, ўша ёнғоқ кесилган жойга албатта кўзим тушади ва вужудимда бошимга урилган гурзи зарбасини туяман.

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: