Одил Аҳмедов ва бошқа спортчилар пойтахтда масжид қуради

0

Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов раислигида фуқаролар қабули давом этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Қабулда спортнинг Турон якка кураши тури бўйича халқаро турнирлар ғолиби Наргиза Ваҳобхўжаева футбол бўйича Миллий терма жамоа аъзоси, истеъдодли футболчи Одил Аҳмедов ва бошқа қатор спортчилар билан биргаликда Тошкент шаҳрида масжид қуриш истаклари борлигини маълум қилди.

Ш.Турдиқулов спортчиларнинг ушбу ташаббусларини қўллаб-қувватлади ва Сергели туманида аҳоли кўпайиб бораётгани ва у ерда ташкил этилаётган янги маҳаллаларда масжидга эҳтиёж борлигини айтди. Наргизага туман ҳокимлигига архитектура қоғозлари билан мурожаат қилиш кераклиги борасида тушунча берди.

Мулоқот давомида Н.Ваҳобхўжаева бошчилигидаги спортчиларнинг пойтахтдаги «Ислом ота», «Хўжа Аламбардор», “Шайх Зайниддин” каби жомеъ масжидлари тозалиги ва ободлигига ҳисса қўшиб келаётгани маълум бўлди. Шунингдек, улар Ҳаж зиёратига кетаётган юртдошларга ҳам кўмаклашиб келаётган экан.

 

Анора Содиқова, ЎзА