“Рўза тутмаганим учун пул беришим керакми?”

0

Савол:

– Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам давлат ишида ишлаймиз. Даромадимиз бор. Рўза ойида соғлиғим туфайли рўза тута олмайман.  Шу сабаб мискинларга пул беришим керак. Шу пулни аёл киши ўз даромадимдан беришим жоизми? (Турмуш ўртоғимга ёрдам бўлсин деган мақсадда) Ёки аёл учун ҳам эр ўзи тўлаши керакми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ваалайкум ассалом! Рамазон ойида қилинган нафллар фарзларга тенг. Фарзларники эса чандон-чандо зиёда. Рамазонда тутилган бир кунлик рўзани савоби ва баракотини инсон бир умр нафл рўза тутиб ҳам топа олмайди. Ҳурмати юқори бўлган зотларга қилган жиноят оғир бўлганидек Аллоҳ ҳурматли қилиб қўйган ойларда қилинган гуноҳнинг ҳам жазоси оғир бўлади. Бунга мисол Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини “Сизлар бошқа аёллар каби эмассизлар” деб мартабаларини юқори эканлигини баён қилган. ортидан Аллоҳ таоло“Аҳзоб” сурасида

يَا نِسَاء النَّبِيِّ مَن يَأْتِ مِنكُنَّ بِفَاحِشَةٍ مُّبَيِّنَةٍ يُضَاعَفْ لَهَا الْعَذَابُ ضِعْفَيْنِ وَكَانَ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرًا۝

30. Эй Набийнинг аёллари! Сиздан ким очиқ гуноҳ қилса, унга бериладиган азоб икки марта кўпайтирилур. Бу эса Аллоҳга осондир.
Аслида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоҳира аёлларидан очиқ бир гуноҳ содир бўлиш хавфи йўқ. Лекин бу оятда маънонинг бўрттириб келтирилиши оналаримизнинг бўйинларидаги масъулият қанчалик оғир эканини, уларнинг Ислом жамиятидаги тутган ўринлари нақадар юксаклигини англатиш учундир. Шунинг учун ҳам улар, мабодо, бирор гуноҳ содир этсалар, оддий аёлларга бериладиган азобга нисбатан икки баробар азоб берилиши таъкидланмоқда. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мусулмонлар учун гўзал ўрнак бўлганлари каби, у зотнинг оилалари, жумладан, аёллари ҳам гўзал намунадирлар. Ҳамма кўз тикиб турадиган намунали зотлар доимо ўзларига ҳушёр бўлишлари, ҳеч қачон шариатга хилоф иш қилмасликлари керак.

وَمَن يَقْنُتْ مِنكُنَّ لِلَّهِ وَرَسُولِهِ وَتَعْمَلْ صَالِحًا نُّؤْتِهَا أَجْرَهَا مَرَّتَيْنِ وَأَعْتَدْنَا لَهَا رِزْقًا كَرِيمًا۝

31. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатда бўлса ва яхши амал қилса, унинг ажрини икки марта берамиз ва унинг учун гўзал ризқни тайёрлаганмиз” деган. Шундан келиб чиқадики Рамазон ойида қилинган савоб улкан бўлганидек, унда қилинган гуноҳ ва жиноятларнинг жазоси ҳам ўта оғир бўлади. Сизни масалангизга келсак соғлигингиз ҳолати сизга аён, мабодо сабаби рўзани қолдириш даражасида бўлмаса ҳурматли ойнинг савобидан маҳрум бўлиб, зиммангизга оғир гуноҳни юклаб олманг. Аёлнинг ўзини моли бўлса, рўзанинг фидясини ҳам ўзи тўлайди. Эри берса ҳам жоиз. Мабодо саломатлигингиз қишнинг қисқа кунларида тутиб беришга яраса фидя ўтмайди. Қазосини тутишингиз шарт. Валлоҳу аълам!

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: