Шавкат Мирзиёев Оқ уйда Дональд Трамп билан учрашди (видео)

0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашди. Ғарб матбуотида тарихий учрашув деб эътироф этилаётган мазкур воқеа 16 йилда илк марта юз бермоқда, деб ёзди Кун нашри. Дипломатик муносабатлар тарихида илк марта АҚШ расмий вакили, собиқ Давлат котиби Жеймес Бейкер 1992 йил 16 февраль куни Самарқандга ташриф буюрганди.

Шундан сўнг, 2000 йилда Давлат котиби лавозимида ишлаган Маделен Олбрайт хоним, 2001 йилда Давлат котиби Коллин Пауэл, орадан 9 йил ўтиб ушбу лавозимда ишлаган Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга ташриф буюрди. Клинтон хоним бир йил ичида яна Ўзбекистонга расман келган.

2015 йили эса АҚШ Давлат котиби лавозимида ишлаган Жон Керри Марказий Осиёда хавфсизлик масалаларини муҳокама этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради.

Ўзбекистон Республикаси собиқ президенти Ислом Каримов 2002 йил март ойида Вашингтондаги Оқ уйда АҚШ собиқ президенти Жорж Буш билан учрашганди.

Шундан буён, давлат раҳбарлари расмий ташрифни амалга оширмади. Айни чоғда АҚШ президенти Дональд Трамп таклифи билан Шавкат Мирзиёев Оқ уйга ташриф буюрди.