Таровиҳ намози ҳақида…

0

Таровиҳ – истироҳат маъносидаги тарвиҳа сўзининг кўплигидир. Тўрт ракат ўқиб, ортидан дам олингани учун бу намоз шундай номланган.

Таровиҳ хуфтон намозидан кейин, витрдан олдин йигирма ракат, яъни беш тарвиҳа ўқиш суннат бўлган намоздир. Уни жамоат билан Қуръонни бир марта хатм қилиб, ҳар тўрт ракатда шунча миқдор ўтириш билан ажратиб ўқилади.

Ҳар тарвиҳани икки салом билан, яъни икки ракатдан ўқилади. Тўрт ракатдан ўқиш ҳам жоиз. Вақти хуфтондан кейин то бомдодгача витрдан олдиндир. Витрдан кейин ўқиса ҳам жоиз. Агар бешинчи тарвиҳа билан витр орасида ўтириш қавмга оғир келса, ўтирмаса ҳам жоиз.

Жамоат билан ўқиш суннат бўлгани учун масжид аҳли уни баробар тарк қилишса, гуноҳкор бўлишади. Агар киши жамоатни тарк этиб уйида ёлғиз ўқиса, гуноҳкор ҳам, суннатни тарк қилган ҳам бўлмайди, фақат фазилатдан қуруқ қолади. Аммо эргашиладиган киши бўлса, жамоатни тарк этмаслиги керак.

Витрни фақат Рамазонда жамоат билан ўқилади. Агар бир ёки икки тарвиҳадан кеч қолган бўлса, уларни охирига етказаман деганда витрни жамоат билан ўқишдан қоладиган бўлса, витрни ўқиб олади. Ундан кейин таровиҳнинг қолганини ўқиб олади.

Қироатни одамларни жамоатдан қочирмайдиган даражада қилинади. Чунки қироатни узун қилишдан жамоатнинг кўплиги афзалдир. Хатмни йигирма еттинчи кечада тугатган яхши. Таровиҳ қироатида хато қилиб қўйса ва сура ёки оятни тарк этса, кейин тарк этгани ва қироат қилганини қайта ўқиши мустаҳаб. Чунки бунда тартибга риоя қилинган бўлади.

Муқтадий (имомга эргашган) ўтириб ўқиб, имом рукуъ қиламан деса ўрнидан туриши макруҳдир. Шунингдек уйқусираб ўқиш ҳам макруҳ. Чунки намозни уйқу билан ўқиш, уни менсимаслик, ғафлатдир, ҳамда тадаббурни тарк этиш саналади.

Аллоҳ таровиҳ намозларимизни, тунги қиёмларимизни қабул қилсин!

«Баҳрур-роиқ» ва «Фатава Ҳиндийя»дан айрим тасарруфотлар билан олинди.

 

Мубашшир АҲМАД

 

manba: azon.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: