ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (14-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Кечга яқин икки йигит қўлларида яна темир билан кириб келишди. Лекин ҳужум қилишмади.

— Ўрнингиздан туриб бизнинг ортимиздан юраркансиз, — деди уларнинг бири мулойимлик билан.

— Қаерга? — атайин талмовсираб сўради Мадали.

— Шеф ҳузурига.

— Шеф? Анови тепакалми шефларинг?

— Киргандан кейин билиб олаверасиз.

Мадалини ўртага олганча улар икки қаватли ҳашаматли уйнинг юқори қаватига олиб чиқишди.

Уй ичи нақ кошонанинг ўзи эди. Мадали дунёга келиб бу қадар чиройли гиламларни, деворлардаги ранг-баранг нақшларни, теле-радио ускуналар-у, кўзни қамаштирувчи телефонларни кўрмаганди.

Гарчи кўзлари яшнаб кетаётган бўлса-да, сир бой бермай кўрсатилганидек, навбатдаги хонага қадам қўйди.

У ерда тепакал телефон орқали ким биландир гаплашиб ўтирар, икки ёнбошида қаддини ғоз тутганча қотиб турган соқчилар буйруқ кутарди.

Тепакал Мадалини кўриб шоша-пиша гўшакни жойига қўйди. Кейин соқчилардан бирининг қулоғига нималардир дея пичирлаганди, у югуриб ташқарига чиқиб кетди.

— Хўш, Миша, қалайсан энди? — қария секин Мадалига яқин келди-да, елкасига қўлини қўйди. — Вой-бў, йигитлар сени роса дабдала қилиб ташлашибди-ку! Қара, кўкармаган жойинг деярли қолмабди. Чап оёғингниям боғлаб олибсан! Нима, синдими?

— Сенга нима? — ғудранди Мадали.

— Ие, бу нима деганинг? Ахир, нима бўлгандаям кўп йиллик қадрдонимсан! Ачинаман-да!

— Қанақа кўп йиллик? Мен сенга ҳеч қачон қадрдон бўлмаганман!

— Шунақами? — кулди тепакал ва кутилмаганда овозининг борича бақириб юборди. — Мана энди бўласан қадрдон, билдингми? Нима, катта пулни яширдим, энди қочиб қолсам бўлаверади, деб ўйлаганмидинг? Мени тополмайди, гўл деб хаёл қилганмидинг? Чучварани хом санабсан! Топдим-ку! Усталик билан қўлга туширдим-ку! Вей, тағин уялмасдан мени танимаганга олиб ўтирибсан-а! Наҳотки, виждонинг қийналмаган бўлса?

— Менга қара, қария, — деди Мадали ўзини босишга уриниб. — Сен мени кимгадир ўхшатяпсан, шекилли! Мен, ахир, сени умуман танимайман!

— Танимайман, дейсанми? Нима бало, ўша жосуслик ташкилотингдагилар уравериб, хотирангдан ҳам айириб қўйишдими? Тўғри қилишган. Чунки, сен уларгаям хоинлик қилгансан. Тўғрими-йўқми?

Мадали ўйлаб ўйининг охирига ета олмасди. Қариянинг сўзларини тинглаб турарди-ю, бироқ хаёлан нималар бўлаётганини таҳлил этишга уринар, ўзининг аслида ким эканини, кимга айланганини аниқлашга ҳаракат қиларди.

Афсуски, калаванинг учи сира топилмасди.

— Пуллар қаерда? — сўради қария дағдаға билан. — Нега индамайсан? Пуллар қани, деяпман?

— Қанақа пуллар? Менда ҳеч қанақанги пул йўқ.

— Пул йўқ дегин? Яхши, ҳозир аниқлаймиз!

Шу пайт хонага соқчилардан бири кириб, эшикни каттароқ очди ва ўзи бир четга ўтиб турди.

Мадали беихтиёр ортга ўгирилган ҳам эдики, кулимсирабгина ичкарига қадам қўйган Марусяга кўзи тушди.

— Сен? — деб юборди тўсатдан.

— Ҳа, мен, — жавоб қилди Маруся. — Хайрият, мени танидинг.

— Ҳа, — гапга аралашди қария. — Сени ҳақиқатан таниди, бу гўрсўхта. Лекин бизни танимаяпти ҳалиям. Ўз шерикларини танимагани етмагандек, пулларнинг қаердалигиниям эслай олмаяпти, чоғи.

— Отахон, дабдурустдан пул талаб қилманг-да! — деди Маруся Мадалига бошдан-оёқ разм солиб қараркан. — Сал ўзига келиб олсин. Истироҳат қилсин. Ана ундан кейин пул ҳақида гапирсангиз ярашади.

— Миша, — Мадалига юзланди қария. — Ўша жосуслик ташкилотингда Маруся билан бирга ишлаганингни эслай оласанми?

— Нима? Маруся билан?.. Негадир эслай олмаяпман.

Қария кулиб юборди.

— Ҳа-а, сени ёмон қийнаб юборишибди ўша бошлиқларинг. Аммо бизниям айбимиз бор бунда. Сени улардан илгарироқ қўлга тушира олмадик. Майли, бу ёғига энди пишиқроқ бўламиз, тўғрими, Маруся?

— Албатта. Энди Мишани ҳеч қачон қўлдан чиқармаслигимиз керак.

Мадали аёлга зимдан разм солиб турди-да, бирдан миясини «демак, буям бизнинг ташкилотдан экан-да!» деган хаёл яшиндек тепиб ўтди.

“Ҳа, — ўйлаб қолди у. — Бундан чиқди Маруся ҳам бизга, ҳам манови қарияга хизмат қилади. Мен-чи? Йўқ, мен бу фоҳиша билан тўшакдагина яқиндан танишганман, холос. Аниқлашим керак. Нималар бўлаётганини усталик билан аниқлаб олишим зарур. Хўш, нимадан бошлай? Нима қилсам, кўзлаган мақсадимга етаман? Ҳа, топдим. Бугун қариядан Маруся билан бирга бўлишимга рухсат беришини сўраб кўраман. Бундан қулайи йўқ. Агар шунга эриша олсам, фоҳиша ҳаммасини оқизмай-томизмай менга айтиб беради. Айтмай ҳам кўрсин-чи!..”

— Қария, Маруся тўғри айтяпти, — деди Мадали бирпаслик сукутдан сўнг. — Оғриққа чидаб бўлмаяпти. Бугун у менга малҳам қўйиб, сал ўзимга келтирсин. Қолган гапларни эртага гаплашаверамиз.

— Ишонсам бўладими? — аёлга маъноли кўз қисиб сўради қария.

— Ҳа.

— Жуда маъқул гап. Майли, йигитларим сени ростдан ҳам қийнаб юборишди. Бугунча дамингни ол. Айш қил! Биласан-ку, Маруся унча-мунча эркакнинг жонини киритиб юборадиган аёл. Эрталабгача пулларни қаерга беркитганинг ҳам маълум бўлади. Боринглар! Маруся, уни ўзингнинг хонангга олиб кир!

Мадали оқсоқланган кўйи аёлнинг ортидан эргашди. Тепакал эса қайтадан жойига ўтириб, турма бошлиғига миннатдорчилик билдириб қўйиш ниятида телефон гўшагини қўлига олди.

 

 

* * *

 

 

— Э, йўқ, тўхта, — Маруся ҳовлига чиққач, қаршисидан келаётган соқчини ўтказиб юборди-да, Мадалининг билагидан тутди. — Бу ерда қолмаймиз. Меникига борамиз.

— Нега? — сўради Мадали атайин.

— Сенга айтадиган гапларим бор. Сен шу ерда кутиб тур, мен қарияни кўндиришга уриниб кўраман.

Маруся югурганча тепакалнинг хонасига кириб кетди. Орадан икки-уч дақиқа ўтгач, қайтиб чиқди.

“Булар яна бир ўйинни ўйлаб топишаётганга ўхшайди, — хаёлидан ўтказди Мадали. — Йў-ўқ, энди мени қўлга тушириб бўпсанлар! Ўзларинг ҳушёр торттириб қўйдиларингми, бу ёғига ўйлаб қадам босадиган бўлдим. Манови манжалақиниям сув юзига чиқараман. Шошмай турсин, кимлигини, мақсадини айтмагунича қўймайман!..”

— Мана бўлди, — деди Маруся кулимсираб. — Қария кўнди. Қани, кетдик, ташқарида машина кутиб турибди. Менга қара, нега оқсаяпсан-а? Оёғинг шунчалик ёмон оғрияптими?

— Ҳечқиси йўқ. Ўтиб кетади, — қўл силтаб қўйди Мадали аёлнинг орқасидан эргашиб. — Яхшиси, тезроқ сеникига борайлик, одам қутуриб кетди жуда!

— О, кўнгиллари яна нимани истайди? — эркаланиб Мадалининг қўлтиғига кирди Маруся…

Машина йўлга тушди. Бироқ орқаларидан бошқа машина ҳам изма-из кетиб борарди. Мадали кузатишаётганини аниқ сезиб турган бўлса-да, атайин Марусядан сўраб қўйди:

— Орқадагиларга нима бўлган? Думга ўхшаб эргашиб келишяпти-я!

— Эътибор қилма, — уқтирди аёл. — Буларда қоида шунақа. Уйгача кузатиб боришлари тайинланган. Ундан кўра, мени қаттиқроқ қуч! Соғинганман, ахир!

«Итдан тарқаган-эй, — ўйлади Мадали Марусяга зимдан разм солиб. — Турмага, қарияга қўнғироқ қилиб, мени оғир кунларга қўйганини билмайди деб ўйлайди, шекилли. Ҳали қараб тургин, оёқларимга бош урдирмасам, отимни бошқа қўяман!..»

Машина ярим соат деганда Марусянинг квартираси рўпарасига келиб тўхтади. Орқадаги машина эса тезгина ўтиб кетди.

 

 

* * *

 

 

— Бу гал ароқ, майда-чуйда сотиб олишинг шарт эмас, — кулди Маруся ичкарига киришгач, Мадалини авайлаб ечинтираркан. — Бугун сен менинг азиз меҳмоним бўласан. Қолаверса, келгусида қилинадиган ишлар ҳақида гаплашиб оламиз.

— Сен ростдан ҳам разведкада хизмат қиласанми? — тоқати тоқ бўлиб сўрай бошлади Мадали. — Фақат тўғрисини айт!

— Ҳали бу ҳақда билишингга эрта. Яхшиси, ўзингнинг илгари ким бўлганингни эслашга ҳаракат қилиб кўр!

— Мен ҳеч нарсани эслай олмайман, — ёлғондан гап бошлади Мадали.

Шундай йўл тутиш маъқулроқ эканини машинада ўтирган маҳал обдон ўйлаб олганди.

— Нега эслай олмайсан? — сўради Маруся. — Бирор гап бўлганмиди ўшанда?

— Қачон?

— Нима десам экан? Банкни ўмарган пайтингда.

Бу гаплардан сўнг Мадали қайтадан хаёлга толди.

Пул, банк, сотқинлик.

Бундан чиқди, кимдир бу босқинчиларни чув тушириб кетган. Тўхта, қария боя разведка ташкилоти ҳақида гапирганди. Демак, ўша одам разведкага алоқадор бўлган. Лекин бу ерда Мадалининг нима алоқаси бор?

Мадали Марусяни қўйиб юборди-да, секин кўзгу қаршисига бориб тўхтади.

Ҳа, кўриниши худди руснинг ўзи. Сира шубҳа йўқ, наҳотки, ўша сотқинга ўхшаса? Нега? Бу тасодифми ё олдиндан ўйлаб топилган ўйинми? Яхшиси, манови аёлдан суриштириб билади. Ўшанда балки, келгуси режалари ҳам ойдинлашар!

— Банкни қачон ўмарганман ўзи? — сўради Мадали.

— Буям эсингда йўқми?

— Ўлай агар, ҳеч нимани эслай олмаяпман.

— Нега, нега?

— Билмадим. Эс-эс биламан. Мени ўрмон ичкарисида ўн чоғли эркак ўраб олди. Роса калтаклашди. Ҳушимдан кетганимни аниқ биламан. Ундан кейин эса… Шифохонада ўзимга келдим. Минг афсус, ўшандан бери ўзимнинг ким эканимниям эслаёлмайман. Гўё тирик мурдадай кўча кезардим, холос.

— Шунақа дегин? — уф тортиб Мадалига яқин келди Маруся. — Яхши иш бўлмабди. Аниқ, сени разведка ташкилотидагилар калтаклашган.

— Нега энди?

— Сен, ахир, қарияга хизмат қилардинг. Бошлиқлар иккаламизниям унинг ортидан тушиш, бойликларини давлат ҳисобига мусодара қилиш, ўзини эса жиноий жавобгарликка тортишлари учун тутиб беришимизни исташган. Шу мақсадда бизни уларнинг орасига қўшиб қўйишган. Биз эса пулнинг ортидан қувиб, асосий ишимизни унутиб қўйдик.

— Унда сени нега шу вақтгача тута олишмади?

— Мен чап бериб юрибман. Биламан, барибир изимга тушишган. Бироқ мен ҳам осонгина жон бериб қўядиганлардан эмасман.

— Фақат пулни дебми?

— Бўлмаса нимани? Ахир, бу дунёда нима учун яшаймиз? Пул учун эмасми?

«Мана буниси жуда кўнгилдаги гап бўлди, — ўйлади ўзича Мадали. — Қара, ҳамкасбим билан бир тўшакда ётиб юраверибман-у, ҳеч вақони билмабман. Қўйнимдаги илонни сезмабман. Йў-ўқ, энди ҳаммаси аён. Бу ёғига ўзимни ўша сотқин йигит қиёфасида деб биламан ва ҳаракатни давом эттиравераман. Бошлиқлар адашишмайди. Мени махсус операция қилиб, мана шу босқинчилар ортидан қўйишган бўлса ажаб эмас! Бўш келма, Мадали! Йўқ, Мадалимас, Михаил Салаев! Сен энди, албатта, ғолиб бўласан!»

— Иҳ! — Мадали тўсатдан чап кўксини чангаллаб курсига ўтириб қолди.

Маруся эса хавотири ошиб, дарҳол тинчлантирувчи дори топиб унинг қўлига тутқазди.

— Ма, ичиб ол! Оғриқни қолдиради бу!

Мадали дорини олишга олди-ю, ичмади.

Чунки, у Марусяга нисбатан ишончини йўқотиб бўлган эди.

 

 

* * *

 

 

Чап кўкси Мадалига туни билан азоб бериб чиқди. Оғриқдан устун келиб бўлмасди. Аёлнинг оғуши ҳам дардини унутишга ёрдам бера олмади. Ярим тунда бир бурчакка беркитиб қўйган дорини ичишга мажбур бўлди. Шундан кейингина ярим соатлар чамаси вақт ўтиб оғриқ пасайди ва ухлаб қолди.

— Сендан бир илтимосим бор, — деди эрта тонгда Марусяни туртиб.

— Нима илтимос, жоним? — уйқу тўла кўзларини ишқалай-ишқалай Мадалининг кўксига бош қўйиб сўради аёл. — Ичгинг келяптими?

— Қанақа ичиш? Мен бир жойга бориб келишим зарур. Лекин анови шотирлардан қўрқяпман. Кузатиб юришлари тайин.

— Тўғри, кузатишади. Хўш, нима иш? Қаерга бормоқчисан? Мендан ҳам яширасанми?

Мадали ўйланиб қолди. Нима қилсин? Айтсинми? Ахир, энг яқин дўстига ҳам айтиб бўлмайди бу сирни! Айтса-ю, бу аёл тўппа-тўғри қарияга қўнғироқ қилса-чи! Қўнғироқ қилиши аниқ. Чунки, ўзи кеча сездириб қўйди. Уни фақат пул қизиқтиради.

— Сенгаям айтиб бўлмайди, — деди ниҳоят бир қарорга келиб. — Бу менинг шахсий ҳаётимга оид.

— Ҳой, жосусда шахсий ҳаёт нима қилади? — ўрнидан туриб кетди Маруся. — Сен кўрган нарсаларни менам кўрганман. Айтавер, сотиш йўқ.

— Сотасан. Сендақаларнинг кўпини кўрганман.

— Мабодо сотмасам-чи?

— Э, дорихонага боришим керак. Кўрдинг-ку, туни билан оғриққа чидаёлмай тўлғониб чиқдим.

— Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ. Ухлаганман.

— Ухлаганмиш, — тўнғиллаб қўйди Мадали. — Ҳоли-жонимга қўймасдан ёпишган-у, ухлаганман дейди-я!

— Соғингандим, ахир! — Мадалининг бўйнига осилди Маруся.

— Бўпти, ҳозирча қўлингни тортиб тур. Мен дорихонага бормасам бўлмайди. Сен уларни чалғитиб туришинг керак.

— Буни осон дейсанми? Чалғитиб эмиш! Биласанми улар ким? Бутун бошли мафия-ку! Сен билан менга ўхшаган жосусларнинг юзтасини бир ямлаб ютиб юборишади.

— Бўлмаса нима қилай? Жоним оғрисаям ўтираверайми?.

— Таваккал қил. Чалғитиш керакми, ўзинг ўйлаб топ йўлини. Ахир, бунақанги ишларда устаси фарангсан-ку!

— Менга қара, Маруся, — аёлнинг елкаларидан тутиб ўзига қаратди Мадали. — Сен менга ишонасанми?

— Хўш, ишондим ҳам дейлик, нима бўпти?

— Ўша пулларга иккаламиз эга чиқишимизни истайсанми?

— Ў-ў-ў, — қўл силтаб қўйди у. — Сен Тимани билмайсан. Бутун иттифоқ бўйлаб казо-казолардан танишлари бор. Улар бир товоқдан овқат ейишади. Йўқ, сен бу гапларни унут. Бефойда.

— Кел, ўзинг айтгандек, таваккал қилиб кўрамиз. Зора, омадимиз чопса.

— У ёқдаги ишлар-чи?

— Ўйлаб кўр, бугунми-эртами, иккаламизниям барибир тутиб олишлари мумкин. Ундан кейин бу ёруғ дунёни қайтиб кўрмайсан. Кел, олдини оламиз. Агар тез орада Тимани бир ёқлик қилсак, кунимиз туғади. Қолганлари нима бўпти!

— Ўзинг биласан. Мабодо, шу ишни уддалашингга қаттиқ ишонаётган бўлсанг, билгинки, мен ҳамиша ёнингдаман.

— Фақат сотишни хаёлингга келтира кўрма!

— Сўз бераман. Энди сени сотмайман!

Мадали учун шу гапларнинг ўзи кифоя бўлди. У, энг аввало, қаршисидаги ана шу қитмир ва хавфли аёлни қўлга олиши шарт эди. Чунки давлатнинг муҳим вазифасини адо этиш учун йўлланганига шубҳа қилмайди. Бу йўлда эса ҳар қандай хавф-хатарнинг олдини олиш керак бўлади.

У дорихонага чиқиб келишини яна бир бор Марусяга эслатиб қўйди-ю, бошқа кийимлар кийиб ташқарига йўл олди.

Лекин келишилганидек, ярим соат ичида бу ерга қайтиши ва Маруся билан қариянинг қароргоҳига етиб бориши шарт эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: