ХОРИЖЛИК КЕЛИН… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

***

 

Қишлоқ, барибир, шаҳарга ўхшамайди. Айниқса, уйланиш, узатилиш бобида қишлоқдагилар бошқачароқ йўл тутишади. Биронтанинг боласи қаёқдадир ўрис ёхуд бошқа бир миллатнинг қизига уйланиб кепти, дейишса борми, катта-ю, кичикка худо беради. Бўй етиб-етмаган қизчалар «хориж»лик келиннинг қанақанги бўяниши-ю, оёғига қанча товонли пойафзал кийгани билан қизиқишса, момохонлар унинг рўмол ўрамагани, устига-устак калтагина юбка кийиб олганини кўриб: «Вой-й, бетингдан бузилгу-ур, анави мурдадай оқарган оёқларига ҳеч бўлмаса латта-путта ташлаб олса ўлармикан?!» — дея бурниларини жийиришади…

Йўқ… Бу ҳам майлийди… Қодир ота бунақанги майда-чуйда гап-сўзларга қўл силтаб қўя қоларди… Масжиддаги чоллар қўймаяпти… Ахир нима бўлгандаям, маҳалла-кўйчилик!.. Манаман деган Садир қорилар билан бир товоқдан ош еса, бир жойнамозда ўтириб намоз ўқиса-ю, ўзбошимча ўғли Умрзоқни тийиб қўёлмаса… Армияга кетаётганда қанча тайинлади. «Ҳой, ўғлим, у ерлар бегона юрт, тағин шайтоннинг гапига кириб битта-яримта ўрис қизига уйланиб қўймагин. Ундайлар қариган чоғингда хор қилади. Келганингдан кейин энанг икковимиз маслаҳатлашиб Мўмин бувангнинг қизига уйлантириб қўямиз. Сокина жа кўҳлик қиз бўлган… Ўзинг биласан-ку!..» — деявериб жағида-жағ қолмади… Қаёқда… Кўнгли сезган экан… Ўғлим армиядан келди, деб юрагини ҳовучлаганча кўчага чиқса, Умрзоғи тушмагур бир қўлида жомадон, иккинчи қўлида сап-сариқ ўрис қизни етакла-аб келяпти-я!.. Вой, энди нима қилади?.. Дардини кимга айтади?.. Маҳаллага қандай тушунтиради?.. Бу шўринг қурғур Наташаси на тил билса, на супур-сидир қўлидан келса!.. Э, аҳмоқ, ҳеч бўлмаса, тил ўргатиб, кейин опкелсанг ўлармидинг?! Иш ўргатиш бўлса, энангни ўзи бир марта оғилхонага судраклаб киргандаёқ мулла қип қўярди…

Қодир ота дарвоза ҳатлаб ичкарига кирди-ю, қотиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, ўрис келини иккала сони ланг очиқ ерга энгашганча сочини ювар, Умрзоқ эса унинг бошига сув қуйиб турарди….

 

 

* * *

 

 

Қодир ота «келини»нинг бу қилиғидан энсаси қотиб индамай ичкари уйга кириб кетди. Умрзоқ сезди. Ҳарқалай, «эски» одам-да, отаси. Ҳозирги ёшларни қаёқданам тушунсин…

— Сенгаям бошқа жой қуриб кетганмиди бош ювишга? — норози оҳангда ғудраниб қўйди Умрзоқ қўлидаги қуруқ чойнакни бир четга ирғитиб.

— Что, что?.. — Наташа ўзбекчага тушунмай елка қисди, — Ты можешь говорить по русски? — Умрзоқ умрида биринчи марта хотинига жаҳл аралаш ўқрайиб қаради.

— Э, ўрисчага бало борми қишлоқда?.. Бу ер энангни уйимас, билдингми?.. Нозланмай тил ўрганиб қўйсанг бир еринг камайиб қолмасди… — Агар Умрзоқ шу гапларини бирон-бир ўзбек қизига айтса, боплаб жавоб қиларди. Наташа бундай ўзбекча аччиқ-тирсиқларни, афсуски, тушунмади. Фақат эрининг жаҳли чиққанини юзидан сезиб лаб бурганча хонасига йўл олди…

Йўқ. Қодир отага бояги кўрганлари ҳали ҳолва экан. Пешин намозини ўқиш илинжида таҳорат олиш учун ҳовлига чиққан қария Наташанинг қорнидан баланд кофта, бунинг устига шим кийиб олганини кўриб, эсхонаси чиқиб кетаёзди… Ҳа, бу Умрзоқнинг шими… Ие…

— Ҳой, Умри! — бор овозда қичқирди Қодир ота ўғлининг хонаси тарафга ўгирилиб. Қариянинг бежо ҳайқириғини эшитиб бир томондан Умриниса хола, иккинчи томондан Умрзоқ жонҳолатда сарпойчан югуриб чиқишди.

— Ҳа-а, отаси?! — Умриниса хола гап нимада эканини дарҳол англаб ёқа ушлади, — Вой, шўр-и-им!.. Ҳой, қизим, қайнотангиздан уялмадингизми шу аҳволда кўчага чиқишга?.. Вой, шўримга шўрва тўкилиб қолди-и!.. — Умрзоқ хотинининг навбатдаги ҳунаридан хижолат тортиб аста бош эгди. Наташа бўлса, уларнинг ҳайрон бўлаётганини кўриб совуқ жилмайиб олди-да, «деревня» деганча елка қисиб томорқа томонга ўтиб кетди…

 

 

* * *

 

 

Ажнабий келин Мозормаҳаллада пайдо бўлди-ю, қишлоқдагиларга худо берди. Наташа гоҳ шим кийиб, баъзан калта юбкада қишлоқ кўчасидан ўтиб қолди дегунча, ўсмир ўғил болалар тўп-тўп бўлишиб унинг ортидан чопишар, турли бетамиз сўзларни айтиб, жиғига тегишар, хотин-халаж гўё цирк томоша қилаётгандек бурчак-бурчакдан хуфиёна мўралаб зерикмасди… Бора-бора буларнинг ҳаммаси Наташанинг жонига тегди. Айниқса, ким биландир дардлашгиси, ҳасратлашгиси келганда излай-излай биронта бўлсин русийзабон одам тополмагани жуда алам қилди. Ўйлай-ўйлай, бу қишлоқда ортиқ тура олмаслигига кўзи етди ва эрига масалани кўндаланг қўйди.

— Мен бу қишлоқилар орасида ортиқ яшай олмайман, — деди у йиғламсираб, — Бу ерлардан олиб кет мени!.. — Умрзоқ гарчи рус тилида бўлса-да, хотинининг сенсираб гапиришини сира ўзига сингдиролмасди. Қишлоқда кўча чангитиб ўсган-да, бу «янгилик»ни эшитиб тўпорича гап қилди.

— Ке, қўй шу гапингни!.. Сени қайга обораман ҳозир?.. Ликанг-ликанг қилмасдан яшагин-да мундоқ қишлоқчасига бўлмаса!.. — Наташа эса, бу гаплардан сўнг янада алами ошиб бир ўзи йўлга отланишга қарор қилди ва кийимларини йиғиштира бошлади.

 

 

* * *

 

 

Наташа ҳақиқатан ўзини хўрлангандек ҳис этди. Мовий денгизни эслатувчи кўм-кўк кўзларидан оқиб тушаётган ёш тўхтамаган сари ич-ичидан ўксинаверди. Жомадон тутган қўлларини қалтироқ босиб, ҳар қадам босганда нозик тиззалари букилиб-букилиб борди… Ахир… ўзбек тилини умрида эшитиб кўрмаган бўлса нима қилсин?.. Бу ҳам етмагандек, қишлоқ одамлари жуда ғалати бўларкан… Тиззадан баланд кўйлак кийса нима қипти?.. Бирор нарса ўзгариб қолармиди?.. Эр бўлиб бирон мартаям ёнини олмади-я!.. Бўлмаса, уёқдаги ваъдалари қанақа эди…

Наташанинг хаёли бўлинди. Кўримсизгина автобус бекатида икки-уч нафар ширакайф ўсмир болалар ўтиришган экан. Улар келишган, бунинг устига сочлари ёйиқ ажнабий аёлни кўришди-ю, сакраб ўрниларидан туриб кетишди… Бир томони кайфчилик, болалардан бири секин унга яқинлашиб тегажоғлик қила бошлади:

— Девичкахон, куда пойдём-а?.. Куда пойдём?.. — Аллақачон йиғлашдан тўхтаб, анча ўзини босиб олган Наташанинг бу гапдан негадир кулгиси қистади-ю, индамай тескари қаради. Болалар танимасни сийламас деганларидек, унинг индамаганини ноз-карашмага йўйишди чамаси, бараварига ташланиб қолишди. Ўз юртида бу қадар беҳаёликларга дуч келиб кўрмаган Наташа бу тўпори болалардан қандай қутулишни билмасди. Нима бўлса бўлар деди-ю, қўлидаги жомадонни ерга қўйиб безориларнинг ёқасидан олмоқчи бўлди. Қаёқда?.. Ичкилик таъсир қилиб янада кучга тўлиб кетган қишлоқ болалари ҳаш-паш дегунча унинг кийимларини ечиб, ўзини ўриндиқлардан бирига ётқизишди… Яхшиям Наташа тилли-жағли аёл. Овозининг борича бақириб Умрзоқни ёрдамга чақирди. Чақираверди, чақираверди… Орадан қанча вақт ўтди, билмайди. Қаердандир безориларнинг тепасида пайдо бўлган Умрзоқ уларни кўр-кўрона тепкилай кетди. Тепкилайверди… Тепкилайверди… Агар жон ширинлик қилиб қочиб қолишмаганда…

 

 

* * *

 

 

Умрзоқ ҳаммасига тупурди. Кексайиб қолган ота-онаси ҳам, қадрдон қишлоғи ҳам, ҳеч нарса кўзига кўринмади… Ўйлади, ўйлайверди… Барибир, хотинидан кўнглини узолмади… Кетиши керак… Қандай бўлмасин, кетиши шарт… Бу қишлоқда бир ўзи қолгани билан обрў топармиди… Эрта-индин яна ўша эски ҳаммом, эски тос… Кетмон кўтариб далага чопади. Эртадан кечгача қора терга ботиб ишлагани билан на пул орттиради, на обрў… Тўғри ўйлаган экан… Ана, қишлоқда ўсган, ҳамма ориятли деб санайдиган болалар гулдай хотинини яланғочлаб кетишди-ку!.. Бундан ортиқ хўрлик бормиди дунёда?! Шунча ишлардан кейин яна шу қишлоқда қолсинми?! Йўқ… Елкасининг чуқури кўрсин энди бу ерларни…

Умрзоқ бир қарорга келгач, хотинини ёнига олиб таваккал йўлга тушди. Поездга чиқиб жой-жойларини эгаллашгач, икковларининг ҳам чеҳралари очилгандек бўлди. Айниқса, Наташа гўё елкасидан тоғ ағдарилгандек анча енгиллаб қолди. Аммо қўшни ўриндиқда ястаниб ўтириб астойдил кўкнор эзғилаётган нотаниш қария негадир Умрзоқдан сира кўз узолмасди. У то кўкнорисини каплаб-каплаб оғзига солгунгача ҳам термулаверди. Умрзоқ ҳам буни сезди. Бирор нима сўрамоқчи шекилли деб ўйлаб, анча вақт қулоқларини динг қилиб ўтирди. Қариядан садо чиқавермагач, тоқати тоқ бўлиб ўзи гап бошлади:

— Ҳа, бобой, мени бировга ўхшатяпсизми, дейман?.. — Қария пиёладаги совиброқ қолган кўк чойни охиригача симириб ичди-да, маъноли бош чайқаб қўйди.

— Ўхшатганим йўқ-ку, болам, ўтиришинг бежо-да!.. Худди турмадан қочган одамдай жавдирайсан-а, вей!..

— Турмадан қочганим йўқ, бобой, қишлоқдан қочдим… — кулиб қўйди Умрзоқ, — Ўрусиядан уйланиб келгандим… Хотинимни сиғдиришмади… Шундан кейин… Менам жўнавордим орқага, нима қилай?!

— Бекор қипсан, болам, — деди қария кутилмаганда чуқур хўрсиниб, — Хотинни йўлига кириб бекор қипсан… Ватан-а, ватан!.. Уни қаёқдаги ажнабий хотинга алмашиб бўларканми?! Мана, мени айтди дерсан, бир кунмас бир кун барибир қайтиб келасан… Қайтгандаям, қон ютиб қайтасан, болам, кўзингни оч!.. — Умрзоқ қариянинг бунақанги кескин гапларини эшитиб дардига дард қўшилди. Айни дамда бу одамни шу қадар ёмон кўриб кетдики, аламига чидолмай яна хотинини ёнига олди-да, жомадондан бир шиша ароқ чиқариб, икковлон аста-секин «майдалай» бошлашди. Қария эса, кўкнори таъсир қилдими, аллақачон хуррак ота бошлаганди.

 

 

* * *

 

 

Ўрусиядаги қариндош-уруғлар Умрзоқни яхши кутиб олишди. Лекин, бу меҳмондўстлик Умрзоқнинг кўнглига ўтиришмасди. Ахир, ўрисчаси, барибир ўрисча-да! «Олдингга ҳамма овқатни қаторлаштириб қўйишади-да, ўзлари индамай ўтираверишади. Биронта кимса мундоқ қараб: «Вей, сен меҳмон эдинг, манавилардан олиб ўтир!» — деса-чи… Умрзоқ нима қилганда ҳам қишлоқданлигига бориб ўзини қандайдир ноқулай сезаверди… Бу ҳам етмагандай, кун ўтган сари Наташа тамоман ўзгариб борарди. У ҳар куни турли-туман кийимда кўчага отланар, баъзан эртадан то ярим тунга қадар «йўқолиб» қолар, қаерларда юргани-ю, нима юмуш билан машғуллиги хусусида эрига «доклад» қилишни ўзига сира эп кўрмасди. Шундоқ ҳам сокин ҳаёт жонига тега бошлаган Умрзоқ эса, хаёлан турли ёмон кўчаларга кириб чиқарди…

Бир куни Умрзоқ уйқудан уйғонди-ю, ёнида яна хотинининг йўқлигини кўриб баттар хуноби ошди. У апил-тапил кийинди-да, қайнонасининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай кўчага отилди… Ҳа, у ўша ўзлари биринчи куни бирга тушлик қилган кафедадир, балки… Афсуски, у кафегача ҳам етиб боролмади. Автобус бекатини ёқалаб катта йўл бўйига чиққан эдики, қатор машиналардан бири ёнида Наташанинг бегона эркак билан қучоқлашиб турганини кўриб капалаги учиб кетаёзди. «Вой, ифлос-эй… Вой, кофирзода-ей!.. — дея асабий пичирларди Умрзоқ у томонга боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай, — Буни хотин деб юрсам, ғирт бузуқи экан-ку!..»

— Наташа, бу ёққа кел дедим! — беихтиёр қичқириб юборди Умрзоқ.

Наташа таниш овозни эшитиб, истамайгина эркакнинг қучоғидан чиқди-да, эрига яқинлашди. У Умрзоққа шунчалик совуқ тикилардики, бутун алами юзига ургандек эди.

— Ҳа-а, нимага орқамдан пойлаб юрибсан, азизим?.. — совуққонлик билан сўради у қошларини чимириб, — Энди сенинг дастингдан кўчагаям чиқолмай қоламан шекилли-а?..

Умрзоқнинг юзидан қони қочди. Тишлари асабий ғижирлаб муштлари тугилди. Наҳотки, хотини, бир вақтлар ўзининг ишқида куйиб-ёнган, «Сендан айрилсам ўламан» дея аюҳаннос солган Наташаси шундай йўл тутса?.. Унда… Севги… Муҳабат қаёқда қолди?.. Илгариги… Йўқ… Яқиндагина қишлоғига етаклашиб борган Наташа қаёқда қолди? Ўзининг эркаклик ғурури қаёқда қолди?.. Нега бориб анави нусханинг башарасини бежаб қўёлмаяпти?.. Йў-ўқ… Мозормаҳалланинг йигитига бунақа ҳунарлар ўтмайди… Ҳа-а, у мусофир… Ҳеч кимга гапи, зўр келганда мушти ҳам ўтмаслиги мумкин… Таъна тошларини жим туриб танасига сингдириши ҳам мумкин… Аммо бундай хўрликка, юзсизликка жимгина қараб тура олмайди… Яхшиси… Кетади… Кетаверади… Муҳаббат шунчалар арзон бўлса, муҳаббатсиз ўтади… Яхшиси… Она қишлоғидаги энг хунук қизнинг товонларига бош қўйиб ухлайди… Аммо бундай бузуқлик тарвақайлаган жойларда қолмайди… Ҳозир… Ҳаммасини айтиб олади-да, кетади… Кетади…

— Вей, ифлос, — деди ҳириллаб Умрзоқ, — Сен ҳали ўзбекни аҳмоқ қилмоқчимисан? Шу йўл билан ўзбекдан қасд олмоқчимисан?.. Ҳе, энангни, билдингми?..

— Нима, нима?.. — шу пайт кутилмаганда ҳалиги ўрис йигит унга яқинлашиб кела бошлади. Умрзоқ, барибир, ўзини йўқотмади. Ер остидан қараб йигитни яхшилаб кузатди… Ҳа, ўзига нисбатан анча кучлига ўхшайди… Демак, қўлига тушса соғ чиқмайди… Нимадир қилиши керак… Нима қилиб бўлса-да, аламини олиши керак бу хунасадан…

Умрзоқ жонҳолатда уёқ-буёққа қараб ердан каттароқ бир тош топди-да, таваккал ўрис йигитнинг башарасига ирғитди ва орқа-кетига қарамай қочаверди… Қочаверди… Валлоҳи аълам, у отган тош йигитнинг ё бошини ёрди, ё миясининг қатиғини чиқарди… Билмайди… Билмайди… Ҳозир у поездга илашиб қолса бўлди… Бошқаси билан иши йўқ… Иши йўқ…

Аксига олиб, Тошкент поезди эндигина ўрнидан қўзғалган экан. Умрзоқ вагон кузатувчиларининг бақир-чақирига ҳам қулоқ солмай дуч келган вагонга сакраб чиқиб олди. Кузатувчилар уни ташқарига итаришди, у ичкарига талпинаверди. Охири, поъезд шоҳбекатдан узоқлаша бошлагач, Умрзоқ ниҳоят кузатувчини олиб кетишга кўндирди.

 

 

* * *

 

 

Умрзоқда Наташанинг алами кўп эди. Аламини олди. Лекин, шуниси ёмон бўлди-да!.. Бир умрлик бахтимни топдим деб беҳуда қувонган қишлоқи йигитдан бу аламини жуда хунук йўл тутиб олди. Йигитнинг кўнгли синди, боши эгилди. Умрида йиғлаб кўрмаган эди. Поезднинг деразасига бошини қўйиб тўйгунича йиғлади. Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади. Йигирма бирга яқинлашиб ҳам оқ-қорани таний олмаганидан куйди.

Кексайган чоғларида ота-онасини бекор ранжитганидан куйди…

Поездда беихтиёр яна ўша илгариги кўкнорихўр қарияни учратди. Қария бу сафар унга узоқ тикилиб ўтирмади. Ҳатто, кўкнорисини бир четга суриб қўйиб, астойдил гап бошлади:

— Ҳа, болам, бу сафар нега ёлғизсан?.. Шишадошинг қани?..

— Шишадошим… Шишамни синдириб қўйди, бобой… Шунга… Аразлаб кетяпман…

— Тўғри қиласан аразлаб, болам, тўғри қиласан… Айтмаганмидим, ватанни сотма!.. Ватан-а, ватан!.. деб, болам… Ўзбекни кетмонидан қўймасин… Яхшиси, қишлоғингга боргин-да, онаси ўпмаганига уйлан!.. Ана ўша шишангни синдирмайди… Бечорачиликни бўйнингга оли-иб тинчгина яшайвер, болам!..

Шу тобда қария Умрзоқнинг кўзларига худди фариштадек кўриниб кетди. У бу одамнинг кўксига бошини қўйиб боладек эркалангиси, бутун ҳасратларини ёлғиз унгагина тўкиб солгиси келди. Бироқ, бахтга қарши, поезд Қўқонга яқинлаша бошлаганди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here