Хотинларга қанча пул керак ўзи?!

0

Оилада, эр-хотиннинг ўзаро суҳбатида «Менинг ҳам орзу-ҳавасларим бор», деган гап тез-тез қулоққа чалинади. Табиийки, бу сўз кўпроқ аёллар томонидан айтилади. Бу «орзу-ҳаваслар» болаларнинг ўқиши, касбу кор эгаллаши, жамиятда ўз ўрнини топиши билан эмас, оилавий зиёфатлар, «борди-келди»лар, кийим-кечаклар, буюм-матоҳлар, тилла тақинчоқлар билан ўлчанаётгани, аёллар — оналарнинг орзу-истаклари шу тариқа ер бағирлаб, майдалашиб бораётгани жуда аламли.

Асли меҳнаткаш халқмиз. Болаларни ҳам ёшлигидан меҳнатга ўргатамиз. Бироқ пешона тери эвазига топилган маблағларни доим ҳам мақсадли ишлатмаймиз. Уй қуриб, тўй қилиб, зиёфат бериб, кимларнидир қойил қолдиришдек орзу-ҳаваслар измида ўзимизга, айниқса, оиланинг устунлари бўлган эркакларга зулм қилаверамиз…

«ТИКЛАГАН ИМОРАТИМИЗДАН
КЎНГЛИМИЗ ТЎЛМАЯПТИ»

— Аёл мол-дунёга ружу қўйгани сайин эркаклар қийналиб бораверади, — дейди наманганлик онахон Ҳикматой Инамова. — Қайси уйга кирсангиз, бир дунё тутилмай ётган идиш-товоқ, буюм-матоҳлар, кийим-кечакларга кўзингиз тушади. Одамлар молпарастлиги оқибатида ўзларига-ўзлари зулм қилишади  кўпинча. Уй-жойни тузатиш, чиройли иморатларда, яхши шароитлар қилиб яшаш яхши, аммо ҳар йили бир иморатни бузиб, ўрнига бошқасини қураверадиган, ҳовли-жойини қурилиш майдонига айлантириб олган, на ейиш-ичишида ва на яшашида хотиржамлиги бўлмаган кишилар ҳам кўп-да орамизда. Нимага бундай қилаверасиз, деб сўрасанг, «Тиккалаган иморатимиздан кўнглимиз тўлмаяпти», дейишади. Агар ўша уйнинг аёли ақлли бўлса, режали иш қилишни, ортиқча пул сарфлаб, ҳадеб ўзини қийнайвермаслигини эрига ётиғи билан тушунтирса, эркак киши хурсанд бўлади. Бироқ «Уйимиз фалончининг уйидан пастроқ бўлиб қолди, фалончининг деразаси кўчага қараган, бизники ичкарида қолиб кетди», деб ҳовли-жойининг айбини топаверса, эркак: «Шу хотиннинг жағи тинсин, шунда қулоғим тинч бўлади», деб ишлаб, минг машаққат билан топган маблағини яна беҳуда харажатларга сарфлайверади.

Бир танишимиз набирасини узатди. Хитойнинг тоза чинниларини, энг охирги шиша идишларни, биллур қандиллару вазаларни Тошкентдан олиб келишди. Яқинда меҳмонга бордик, келинчакнинг меҳмонхонадаги мебели дўконнинг пештахтасига ўхшайди. Ўзи эса пахта гулли, ўзимизда ишлаб чиқарилган чинни идишларни ишлатяпти. Фалон миллион сўмга олинган қимматбаҳо идишлар эса ишлатилмай, хўжакўрсинга терилиб турибди. Шунча нарсани олиш учун пул топишга сарфланган меҳнат, ўтаётган умр увол эмасми?

«УЧ ОПАМНИ ЭЛ ҚАТОРИ УЗАТИШИМИЗ УЧУН…»

— Эсимни таниганимда бери дадам ёзни уйда ўтказганини билмайман, — дейди Фурқат исмли йигит. — Ҳар йили баҳорда кетиб, кеч кузда келарди. Баъзида гилос пишдими, ўрик пишдими, деб сўраб қўярди. Беш-олти йилдан бери ўзим ҳам ҳали Қозоғистон, ҳали Россияга бориб, қурилишларда ишлаб келаман. Дадамни энди тушуняпман. Коллежни тугатмасимдан онам уч опамни «эл қатори узатишимиз учун» дадамнинг ёнига бориб ишлашим кераклигини тушунтирди. Институтга кириб ўқиш ниятимни бир чеккага суриб, ишлагани кетдим. Мусофирчиликда қанчалик қийинчилик билан пул топишимиз бир ўзимизгаю, бир Худога аён. Ота-бола ишлаб, учта опамни узатдик. Уй-жойларимизни яхшиладик. Очиғи, совуқ ҳавода қурилишларда ишлашдан безиб кетганман. Лекин онам: «Бўлди, энди камроқ пул топсанглар ҳам шу ерда, ёнимизда бўлинглар», демаяпти. Баъзида ўйлаб қоламан, қоп-қоп пул топсаму олиб келиб, уйни пулга тўлдириб ташласам, онам шунда ҳам қўлларини чўзиб, яна «пул, пул» деяверармикинлар, а?..

Бу йигитнинг дардини уқяпсизми, азизлар? Онасининг, опа-сингилларининг орзу-ҳаваси учун пул топиш йўлида ўзидан, ўз орзуларидан ҳам воз кечиб, меҳнат қилаётган бундай йигитларимиз кам дейсизми орамизда? Биз оналар, опа-сингиллар уларнинг қадрига етяпмизми?

«СИЗЛАРГА ЯНА ҚАНЧА ПУЛ КЕРАК?»

— Россияда қурилиш майдонида ошпазлик қиламан, — дейди яна бир суҳбатдошим Малика (исмлар ўзгартирилган) исмли жувон. — Икки юз нафардан ортиқ ўзбекистонлик йигит ишлайди у ерда. Тўғри, маоши ёмон эмас. Аммо уларнинг ётар-турарига ҳавас қилмайсиз. Битта катта хонада 40-50 киши ухлайди. Кимдир ювиниб, чайиниб ётади. Кимдир чарчаганидан овқатланади-ю, ухлаб қолади. Бир ҳафта, ўн кунлаб соқолини олишга вақт ажратолмайдиганлари бор. Тасаввур қилинг, куни билан ишлаб чарчаганидан кейин кир ювиб юриш одамга, айниқса, эркакларга қанчалик малол келади? Баъзилари хотинлари билан телефонда гаплашгач, «Сизларга яна қанча пул керак?» дея бақириб-чақириб, асабийлашади, бир-икки кун ўзига келолмайди. Бундай пайтда аламини ичкиликдан оладиганлари, бегона аёллар билан кўнгилхушликка бериладиганлари ҳам бор. Ўша йигитлар шундай ишлаб, шундай яшаяпти. Умр эса ўтяпти…

Уйга қайтганимда ўша йигитларнинг аёлларини кўрдим. Тилла тақинчоқлар тақиб, қиммат кўйлакларда «гап»ларда, зиёфатларда ҳеч кимга гап бермай юришибди. Шу аёллар телефонда эри билан гаплашганда «Ишланг, кўпроқ пул топинг», дейишади нуқул. Тўғри, пул топиш, рўзғорни таъминлаш эркакларнинг зиммасидаги иш, аммо улар ҳам одам, гоҳида дам олгиси, оиласи, болалари ёнида бўлгиси келади. Аёлларимиз шуни унутмаслиги керак.

«УЙИМДА ФАҚАТ
«ПУЛ ЖЎНАТАДИГАН
ОДАМ»МАН!»

Яна бир йигитни биламан, учта укаси бор. Ишлаб, пул топиб, уйига юбориб, ҳаммасини уйли-жойли қилди. Иморатларини кўрсангиз, ҳавасингиз келади. Ўзи ҳар йили бир ойгагина уйига бориб келади. Учта ўғли бор. Бир сафар уйидан қайтгач, жуда хомуш ўтирганини кўрдим. Кўзи тўла ёш. Кап-катта эркак ўз-ўзидан бундай ҳолга тушмайди. Айтишича, 3 ёшли ўғилчаси уни танимаганмиш, укасини эса «дада» деб чақираётган экан. «Уйимда фақат «пул жўнатадиган одам»га айланиб қолганга ўхшайман», дейди мунғайиб. Ахир бу эркак учун, ота учун аламли эмасми?

«МЕН БИР ТИЙИНЛИК ФОЙДАСИ ЙЎҚ, КАСАЛ ЭРНИ БОҚМАЙМАН!»

— Танглайи пул-пул деб кўтарилган хотинлар кўп, — дейди Марғуба исмли аёл. — Қишда акам буйрагидан операция бўлди. Касалхонадан чиқиб, онамникига келди ва  «Уч-тўрт кун шу ерда бўламан», деди. Кейин билсам, уйига келиб энди чўзилган экан, хотини «Нима, бу аҳволда ишлай олмайсизми, ҳали қанча ташвишларимиз бор эди», деб жанжал бошлабди. «Барака топгур, бир-икки ҳафтада яхши бўлиб кетаман», деса, «Мен бир тийинлик фойдаси йўқ, касал эрни боқмайман!» деб бақирармиш. Акам зарда қилиб чиқиб кетибди. Унинг ўзи, аслида, қўли гул пайвандчи. Унча-мунча одамдан кўп пул топади. Шу пайтгача ҳам топганини хотинига олиб келиб берган. Қизларини узатишди. Уй-жойлари ҳавас қилгудек. Аммо хотини сира пулга тўймайди. Акам онамнинг уйида икки ҳафта ётди. Хотини бир марта кўргани келмади. Тузалиб ишга чиқиб кетганди, «Даданг топган пулини онасига беравермай уйга келсин», деб чақиртириб олди. Бор-эй, деб ажрашай деса, 30 йиллик хотини… Қизларининг онаси. Пешонамда бори шу экан, деб яшайди-да, акам шўрлик.

Ҳа, азизлар, атрофимизда турфа тақдирлар бор. Нафақат эркаклар, балки «уйим-жойим», деб тинмаётган, хорижга бориб ишлаб келаётган аёлларга ҳам осон эмас.

«БАЛКИ МЕНГА ХИЁНАТ
ҚИЛГАНДИРСАН…»

— Эрим уйда болаларим билан қоларди, мен ҳар йили Қозоғистонга ишлагани чиқиб кетардим, — дейди Сожида исмли жувон. — Саккиз йил шу алфозда ишладим. Қайнонам топган пулларимни аямай совурди. Ҳатто ўзимиз учун битта уй ҳам ололмадик. Бу орада икки болали бўлдим. Болаларим ёш пайти ҳам қайнонам олиб қоларди. Эримга машина олдик. Уй-жойларни тузатишди. Ўтган йили қайтиб келсам, уйимизда бир жувон юрибди. Кейин билсам, хўжайиним унга шаърий никоҳ билан уйланиб олган экан. Менга жуда алам қилди. Уларга шунчаки ишлаб, пул топиш учун керак бўлган эканман. «У ёқларда қандай яшаганингни билмайман, балки менга хиёнат қилгандирсан, қаерга борсанг-боравер, энди сен билан яшамайман», деб эрим мени кўчага ҳайдади.

ҚАДРИМИЗНИ ПУЛ БИЛАН
ЎЛЧАМАЙЛИК!

«Беш қўл баробар эмас», дейди халқимиз. Турмуш ўртоғининг топган пулини авайлаб-асраб, ўзи ҳам ишлаб, бир сўмни икки сўм қилиш, оиласи, рўзғорини гуллатиб-яшнатиш ҳаракатида юрган, «Қаерда бўлса ҳам болаларимнинг отаси тинч бўлсин», деб дуо қилаётган аёллар, тирикчилик мажбур этиб, боласини хорижларга юбориб, дийдорини қумсаб, дуолар қилиб ўтирган оналаримиз жуда кўп.

Юқоридаги тақдирларни, мулоҳазаларни ёзишдан мақсадимиз — «уйим-жойим» деб ҳаракат қилаётган, мусофирлик нонини тишлаб юрган оға-иниларимиз, опа-сингилларимиз меҳнатини эътироф этиш эди. Ҳар нима бўлганда ҳам биз билан ҳамнафас бўлиб яшаётган, биз учун қайғураётган қадрдонларимизнинг қадрига етайлик.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА