Ўзбекистон яна битта «Boeing-787 Dreamliner» самолётини харид қилди

0

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг авиапарки навбатдаги янги авлод самолёти – “Boeing-787 Dreamliner”  билан тўлдирилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар тарқатди.

Авиакомпаниянинг ушбу русумдаги учинчи авиалайнери МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккита “Boeing-787 Dreamliner” дан йўловчи ўриндиқларининг сони ошиғлиги ва экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинма ташкил этилганлиги билан фарқланади.

Ушбу самолётда ҳам авиакомпаниянинг бошқа “Boeing-787 Dreamliner” ҳаво кемаларидаги каби ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага CО2 ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи GE Aviation компаниясининг GEnx-1B двигателлари ўрнатилган.

Икки классли компоновкада ишланган самолётнинг кенг саҳни 270 ўриндиққа (бизнес класси – 24, иқтисодиёт класси – 246) эга. Лайнернинг қулай ва кенг ўриндиқлар, янгича ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар, пол қопламалари ҳамда алоҳида ҳар бир йўловчи учун мўлжалланган индивидуал кўнгилочар дастурли мониторлар билан жиҳозланган.

Келгусидаги режаларга кўра, Миллий авиакомпания 2020 йилга қадар ушбу русумдаги самолётлар сонини олтитагача етказиши кўзда тутилган.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: