Ҳиндистонда «НИПАХ» деб номланган янги ўлат тарқалди. Ҳозирнинг ўзида бу хасталикдан 10 киши ҳалок бўлди…

0

 

Ҳиндистон ҳукумат раҳбарларининг таъкидлашича, «Нипах» ўлати куни кеча Керал штатида биринчи бўлиб тарқалди. Шу ерда бу хавфли инфекция туфайли 10 киши ҳалок бўлди. Яна Кожикод шаҳрида яшовчи 25 киши хасталик аломатлари аниқлангани сабабли касалхонага ётқизилган.

Энг ачинарлиси, бу ўлатга қарши вакциналар йўқ. Тиббиёт ходимлари фақат терапия усуллари ёрдамида хасталикка қарши курашишмоқда. Лекин бу наф бераётгани йўқ. Мутахассислар айтишмоқдаки, «Нипах» ўлати билан хасталанганларнинг 80 фоиздан кўпроқ қисми албатта ўлим топади.

«Нипах» вируси дунёдаги 10 та хавфли вирусларга етакчи ҳисобланади. Буни бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидагилар ҳам тан олишган.

Керал штати соғлиқни сақлаш вазири Ражев Седанандан «Би-Би-Си» мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтдики, касалхонада «Нипах» вируси билан оғриганларга хизмат кўрсатган ҳамшира қиз ҳам палатанинг ўзида вирус юқтириб, кўпга бормай ҳалок бўлибди.

— Биз қўлимиздан келган ҳаракатларни қиляпмиз, — деди вазир. — Оламдан ўтганларнинг анализларини Пунадаги вирусология институтига юбордик. Бахтга қарши, бу вирусга қарши дори дармоннинг ўзи йўқ…

«Нипах» вирусини кўршапалакларнинг қариндошлари ҳисобланган «учар тулкичалар» тарқатмоқда. Маълумки, учар тулкичалар асосан мевалар билан озиқланади. «Нипах» билан оғриб вафот этганларнинг хонадонлари текширувдан ўтказилганда, улар ҳовлисида манго дарахтлари кўплиги аниқланди. «Учар тулкичалар» худди шу манголарни чўқилаб еган. Одамлар эса сал ўтиб чўқиланган мангони узиб олган-у, истеъмол қилган. Кўрибсизки, вирус қисқа фурсатда забтига олган-қўйган.

Ҳа, «Нипах» одамга фақат ҳайвон ва қушлар орқали юқади. Кейин вирус юқтирган одамдан бошқаларга ўта бошлайди. Бу нафас йўллари, ёки бирга овқатланиш, хастанинг товоғида таом истеъмол қилиб қўйиш ва ҳоказоларда ўз аксини топади.

Вирус дастлаб 1999 йили Малайзия ва Сингапурда пайдо бўлган. Ўшанда фермерлар вирус юқтириб, кетма-кет оламдан ўта бошлашган. Маълум бўлганки, фермерлар ўз фермаларида чўчқа етиштириш билан шуғулланган. Хасталик айнан чўчқалардан юққан бўлиб чиқди. Қисқа муддат ичида бу икки мамлакатда юздан ортиқ одам ҳалок бўлди. Малайзия раҳбарлари чўчқа фермаларига ўт қўйишни буюришди. Афсуски, бу мамлакат иқтисодига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатди. Қолаверса, ўлатни тўхтатиб ҳам бўлмади.

«Нипах» аломатлари иситмалаш, бош оғриғи, уйқудан бош кўтара олмаслик, нафас йўлларида муаммо туғилиши, ҳаракатда мўлжалдан адашиш кабиларда кузатилади. Вирусни юқтирган бемор узоғи билан икки кунда кома ҳолатига тушади ва қайта ўзига келмайди.

tut. by