“БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОКА?..”

0

 

 

ХОББИ

(ҳажвия)

Тугма

 

 

Ҳаммаси учинчи синфда ўқиётганимда Назира исмли синфдошимни ёқтириб қолишимдан бошланди. Назира қақажон эди. Уни кўрсам, сира ёнидан кетгим келмасди. Бир куни Назира ранг-баранг тугмаларни ёқтиришини эшитиб қолдим. Тинчим бузилди. Қандай бўлмасин, Назирага ёқиш илинжида тугма йиғишга тушдим. Ҳатто уйдан эски кўйлак-шимлардаги тугмаларгача узиб олдим. Тугмаларим ҳақиқатан ранг-баранг эди. Қизил, қора, оқ, сариқ… Катта-кичиклигини айтмайсизми!.. Йиғган тугмаларимни кунларнинг бирида Назирага кўрсатдим. Билардим, у тугмаларни кўради-ю, менга ер остидан бир қараб қўяди-да, уялибгина уларни қўлимдан олади. Ана ундан кейин фақат мен билан ўйнайди, мактабга боради, дарс қилади.

Бахтга қарши бундай бўлмади. Назира тугмаларни кўргач, «ҳм-м» деганча лаб бурди-да, липпасига қистирилган латтани олди. Латтага меникидан ўн баравар кўп тугма жойланибди. Ўлай агар, бунақа тугмаларни умримда кўрмагандим. Унга ёқиш ҳам бир четда қолиб, ўзимнинг тугмаларим унақамаслигидан уялиб кетдим…

Ёмони, мен ўша кундан бошлаб Назира ҳақида эмас, негадир унинг қўлида кўрган турли-туман, ажабтовур тугмалар ҳақида ўйлайдиган бўлдим. Қаерга бормай, қай кўчага, ҳовлига кирмай, ўшанақа тугма қидиравердим. Ҳатто, дўконга кирганимда ҳам одамларнинг кийимларига разм солиб, худди шундай тугмалар қидирдим. Қисқаси, тугма хоббига айланди. Тушларимгаям кириб чиқадиган бўлди. Агар бир воқеа сабаб бўлмаса, тугма йиғиш хоббим яна узоқ йиллар давом этиши аниқ эди. Ажойиб кунларнинг бирида сап-сариқ, четлари бурмали каттакон тугма топиб олгандим. Энам кўриб қолиб қўлимдан тортиб олмоқчи бўлди. Азбаройи алам қилганидан тугмани оғзимга солибман-у, ютвормоқчи бўлибман. Жўра, ўшанда ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Икки соат деганда кўплашиб томоғимга чиппа ёпишиб қолган ўша тугмани чиқариб олишган. Шунчали қўрқиб кетибманки, ўша кундан бошлаб тугма йиғиш хоббимни ташладим.

 

 

Пуф-Пак оға

 

 

Мен ажойиб кунларнинг бирида ўзимга янги хобби топдим. Шарчалар йиғадиган бўлдим. Қишлоқ болалари тилида уларни пуфак дейишарди. Тешилганми, лойга ботганми, сариқми, қизилми, фарқи йўқ, дуч келган пуфакчани ердан, ариқ, зовурларадн йиғиб бир халтачага жойлайвердим. Мактабдан келганимдан сўнг уларни шишириб болаларга кўз-кўз қилдим. Афсуски, худо менга бу хоббиниям кўп кўрди. Орқаваротдан эшитиб қолдим. қишлоқ болалари менга «Пуф-Пак оға» деб лақаб қўйиб олишибди. Алам қилди. Чунки ўшанда қишлоғимизда Пак деган корейс чол пиёз экарди. Кечқурунлари оловга картошка кўмарди-да, пишгач, қўлига олиб нуқул «пуф-пуф»лаганча турган ерида айланаверарди. Шунинг учун унга «Пуф-Пак» оға деб лақаб қўйгандик. Бу лақаб энди менга тиркалганини эшитдим-у, пуфакларимни сувга оқизиб юбордим.

 

 

Соҳибжамолим

 

 

Оғайнилар, бу хобби ўлимданам хавфлироқ, десам, ишонаверинг! Аммо таваккал қилдим. Бўй йигитлик пайтимданоқ пуфагигаям, тугмасигаям қарамай, соҳибжамол хоббисига ўтдим. Оҳ, буларнинг гўзаллиги, жозибалилигини!.. Бири билан танишиб, кўнгилхушлик қиламан-у, бошқасини кўриб қолсам, маст бўламан-қўяман! Уйқунинг мазаси қочади. Худди ўша соҳибжамолнинг ёнида бўлиш иштиёқи аллақаерларимни тирнайверади. Ўйлаб кўрсам, хоббиларим орасида шуниси жуда баракали бўлган экан. Эҳ-ҳе, қанча соҳибжамолни йиғиб ташламабман! Бир куни туш кўрдим. Тушимда соҳибжамолларимнинг ҳаммаси бир жойга тўпланибди-ю, мени талаша кетибди. Талашса майлийди, ҳаммаёғимни юмдалаб ташлашибди…

Қўрқиб кетганимни тушунган бўлсангиз керак, жўражон! Уйғондим-у, хоббини ташладим. Қўрқув ёмон бўларкан, кўча-кўйда янги соҳибжамолларни кўрсам, секингина ёнлаб ўтадиган бўлдим.

 

 

Телефон хоббиси

 

 

«Тиниб-тинчимаган одамлар-а, нималарни ўйлаб топишади-я!» деган кампир тўғри айтган экан. Қаранг, ҳозир ажойиб телефонлар чиқиб кетди-я! Телефон хоббим пайдо бўлгандан бери ўзимни жуда бахтли ҳис қила бошладим. Тўғри-да, телефонлар ранг-баранг, асосийси, тушимга кирсаям, соҳибжамолларга ўхшаб мени талашмайди, юмдаламайди. Дўкон пештахтасида жимгина, жамолини, жозибасини кўз-кўз қили-иб туради. Мен бўлсам, хобби алангасида ёнаман. Бирини сотволаман, уйга опкелиб, пича бағримга босиб юраман. Кейинги гал дўконга қайтиб кирганимда эса, унданам гўзалроғи турган бўлади. Нуқул «Кел, кел» дегандек бўлаверади. Нима қилай? Тағин таваккал қиламан. Чўнтакнинг қуриганигаям қараб ўтирмайман. Ўша жонон телефонни қўлимга ушлагим, ковлаштиргим келаверади. Бусиз тинчимни топа олмайман.

Қуриб кетсин, телефонни хоббига айлантиришнинг ўзи бўлмас экан. Кейинги пайтларда ростакамига киссанинг мазаси қочадиган бўлди. Кисса бўш қолганидан шикоят қилганда, нервим бузиладиган, қўлимдаги ажабтовур телефоним кўзимга балодай кўринадиган бўлди.

 

 

Мотоцикль хоббиси

 

«Нима қилсам экан? Бу хоббини қандай алмаштирай? Дўконга кирдим дегунча телефонжонларнинг янгисини кўриб безовталанаверсам, қандоқ қилай?» деб юрганимда катта кўчада кетворган мотоциклни кўриб қолдим. Вей, жа зўриданакан! Светофорнинг яшил чироғи ёниши билан ванғиллаганча манаман деган машиналарни қувиб ўтиб кетди-я!

— Ҳа-а, мана буни техника деса бўлади, — дедим ўзимга ўзим қўлимдаги телефонга совуқ қараб қўйиб. — Хафа бўлма, телефонжон! Хоббини ўзгартирмасам бўлмайди. Мана шунақа мотоцикл сотволаман. Ҳа, айтганча, бошлиқнинг машинаси жа тезюрар хилидан. Мотоциклни хобби қилволсам, бирор кун уни ғув этиб қувиб ўтардим-да! Роса «прикол» бўларди!..

Шу ҳақда шахсан бошлиқнинг ўзига маслаҳат солдим. У бўлса кула-кула, «Вей, келинг, шу хоббингиздан воз кечинг, эвазига тўйгунингизча пиво қуйиб бераман» деди. Ўйлаб қолдим. Тарозининг бир палласига мотоциклни, иккинчи томонига пивони қўйиб кўрдим. Бе, бўкиб пиво ичдим деганимдаям, икки баклажкадан нарига ўтолмас эканман. Шундай катта хоббига икки баклажка пивони алишайми? Ҳечам-да!..

Нима дедингиз? Хобби масаласинда соҳибжамоллардан ўтадигани йўқ дейсизми? Тўғри, уларга ҳеч бир хобби ета олмайди. Эҳ, юракни куйдирвордингиз-да ўзингизам, жўражон!.. Ахир… Мана шу «ахир»и ёмон-да!.. Ҳозир, жўражон, узоқданам яхши кўрадиган бўп қолганмиз ўша соҳибжамолларни! Мана шуниси ёмон! Ҳа-я, берироқ келинг! Э, қулоқни беринг дедим! Хуллас, шу гап орамизда қолсин-а?! Йўқса, ҳов анави нариги столда ўтириб ишлаётган йигит ҳам соҳибжамолларни хобби қилволган. Эшитиб қолса, «Ока, янгиларидан борми? Телефонини беринг» деявериб хит қилади! Унингизни чиқарманг! Мотоциклни хобби қилволай, алоҳида гаплашамиз! ХАЙР!!!

Олимжон ҲАЙИТ