«Ғаройиб ҳодисалар изидан» туркумидан: «ЗИНОКОР ХОТИН…» (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

 

***

 

 

Айни бизнинг замонамизда Муборак исмли бир аёл яшаган экан. Бўй етиб, келишган, олий маълумотли, одамохун, топармон-тутармон бир йигитга турмушга ҳам чиқибди ва улар беш фарзанднинг ота-онаси бўлишга муваффақ бўлишибди. Ҳаёт шу қадар тотли ўтарканки, айниқса, Муборакнинг бахтдан боши айланар, қувончини базўр кўксига сиғдираркан. Афсуски, кунларнинг бирида эри Фахриддин автоҳалокатга учраб ҳалок бўлибди. Эндигина 35 га кирган экан. Хонадони қий-чувга тўлибди. Беш фарзанд бир ёқдан, Муборак иккинчи ёқдан фарёд чека бошлабди. Лекин одамзод ҳамма нарсага кўникади. Ҳаёт давом этаверади. Вақт илгарилагани сайин марҳумлар унутила бошланади. Уларни фақат тасодифан эсга тушгандагина ёдга ола бошлашади.

Муборак ҳам орадан бир ярим йил ўтгач, аза тутишдан тийилибди. Тунлари тўлғонадиган, қалби аламга тўладиган бўлибди. Азбаройи аламга тўлганда, қайноқ меҳрни қўмсаганда, қисматга лаънатлар айтибди. Шундай кунларнинг бирида қайнотаси Фирдавс оға кириб келибди. Бу эркак ёши олтмиш бешга борган бўлса-да, ёш кўринар, ғайрати ҳам унча-мунча ёшларнинг оғзини ланг очиб қўядиган даражада бир олам, ўзи бадавлат эди. Муборакнинг фарзандлари мактабда, каттароқлари институтда экан. Бирпас сукут сақлаган ҳолда ўтиришгач, Фирдавс оға дафъатан келинининг қўлидан тутибди. Муборак қайнотасини келин бўлиб тушган кунданоқ зимдан кузатар, унинг келишган, шеркелбат бўй-бастига ҳавас билан қарашни канда қила олмасди. Бироқ бу гал дув қизарибди. Қўрқиб ҳам кетибди. Ахир… Қайнота… Биров билиб қолса… Шармандалик… Муддаоси нима?..

Надоматлар бўлсинки, иблис зўрлик қилибди. Муборак қайнотасини силтаб ташлай олмабди. Ҳайдаб чиқара билмабди. Дув қизариб ер чизишдан нарига ўта олмабди. Қайнота эса уни маҳкам бағрига босибди-ю, эҳтиросга қоришиқ оҳангда шивирлабди:

— Мен ёлғизликдан қийналиб кетдим. Сени ҳеч кимга бермайман! Сени севаман! Сен меники бўлишинг керак!..

 

 

* * *

 

 

Орадан нари борса, икки ой вақт ўтибди. Шу қисқа муддат ичида Муборак қайта ҳаётга қайтгандек эди. Бир гапириб ўн кулар, ҳар кеча қайнотанинг қўйнига кирганда, кўкси кўтарилиб-кўтарилиб тушар, гўё аёллик бахтини қалбига сиғдира олмаётгандек тўлғониб-тўлғониб кетаверибди.

Қайнота эса никоҳ ўқитиш, Оллоҳнинг ҳузурига боришдан олдин яна бир оғир гуноҳ орттиришдан сақланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасди. Ҳар кеча бекитиқча Муборакни тўшакка тортар, унга қимматбаҳо тақинчоқлар, кийимлар олиб беришдан тийилмасди…

Шундай кунларнинг бирида Муборак тушида марҳум эри Фахриддинни кўрибди. У ранги оқариб кетган, кийимлари жулдур ҳолда уйга кириб келибди. Қўлида пиёла бор экан. Уни Муборакка тутқазибди.

— Ич, — дебди унга. — Бу Яратганнинг хоҳиши. Рад этишга ҳаққинг йўқ.

— Вой, бу заҳарми? — сўрабди қўрқа-писа Муборак. — Мени ўлдирмоқчимисиз?

— Заҳармас, — дебди қовоқ уйиб Фахриддин. — Бу одамнинг қони. Сен шу қонни ичишинг шарт!..

Муборак эрининг талабини инкор эта олмабди. Пиёладаги қонни сескана-сескана, бир кўтаришда сипқорибди. Лекин шу қадар кўнгли айнибдики…

Тўсатдан уйғониб кетибди. Уйғонибди-ю, шоша-пиша ёнига назар ташлабди.

Қайнотаси — жазмани аллақачон чиқиб кетган экан. То кечга қадар ўзига кела олмай юрибди. Кимларгадир тушини айтмоқчи, таъбирини билмоқчи бўлибди-ю, журъати етмабди.

Ачинарлиси, ўша тушни ҳар кеча кўрадиган бўлибди. Ҳар кеча тушида Фахриддин ўша жулдур кийимда кириб келар, қўлидаги қон тўла пиёлани ичиргач, сўзсиз ғойиб бўларкан.

Бешинчи куни тунда яна ЎША туш такрорланибди. Аммо бу гал Фахриддин сукут сақламабди. Пиёладаги қонни бермай туриб дебди:

— Хиёнаткор, зинокор ёрим, зино муборак! Жазо муборак!..

Муборак ҳеч нарсага тушунмай, сўрабди:

— Қ-қандай жазо? Шу қонни ичганимми? Шуми жазо?..

Фахриддин беш кечадан бери илк бор қаҳ-қаҳ уриб кулибди. Кулишдан тийилгач, Муборакка янада аламли нигоҳ билан боқиб, давом этибди:

— Йўқ, қон ичганингмас жазо. Биласанми, сен ичган қонлар кимники?

Муборак ҳеч нарсага тушунмай, елка қисиш билан чекланибди.

— Бу қонлар, — дебди Фахриддин беихтиёр йиғламсираб. — Беш фарзандимизнинг қони. Бугунгиси бешинчи пиёла кенжамиз Зиёратхон қизимнинг қони. Оллоҳ буюрганки, сен нари борса бир йил ичида беш фарзандимизнинг барчасини арши аълога кузатиб қўйишинг керак. Ҳар бир фарзандимиз мурдаси устида қон йиғлашинг шарт. Бир йиллик ҳаётинг гўё зиндон тусига киради. Ўзинг куясан, ўзинг юпанасан. Ёруғ дунёнинг шодликлари, яхши кунлари, ёқимли лаҳзалари сенга бегона бўлади. Бу жазо иблис етагига кириб, сени бир умр суйиб яшаган эрингга хиёнат қилганинг, енгилтабиатлигингни ошкор қилиб қўйганинг, худойимга ширк келтирганинг, ғазабини қўзғаганинг эвазига берилган. Тўғри, мен ҳалиям сен нодон хотинни севаман. Бенамоз, беимон отамни кўришга кўзим йўқ. Афсуски, Оллоҳнинг хоҳишига қарши бориб сенгинага ёрдам бера олмайман. Бу қисматни ўзинг танладинг! Энди ол пиёлани қўлингга! Ич! Бундан кейин сен-у мен ҳеч қачон, ҳатто қиёматда ҳам юз кўришмаймиз. Негаки, сен ўлгач, ер билан само орасида қолиб, хорликда, зорликда яшай бошлайсан. Алвидо, зинокорим, шайтон етагидаги беномусим!..

 

 

* * *

 

 

Ҳа, баъзида тушларга ишонгимиз келмайди. Ёмонроқ туш кўрсак, Яратганга илтижо қилиб яхшиликка буришини сўраймиз. Лекин билмаймизки, ёмон тушлар ҳаётда йўл қўйган хатоларимиз ҳосиласи. Муборак ҳам экканини ўрибди. Ор-номусдан, меҳрибон ва серкарам Оллоҳдан қарғиш ботқоғидаги иблиснинг истакларини устун қўйгани сабаб қилмишига яраша жазосини олибди. Тушида марҳум эри айтганларнинг барчаси рўёбга чиқибди. Арзимаган бир йил ичида беш фарзандини тупроққа қўйибди. Ўттизга кириб ўтин бўлаёзибди. Туриш-турмуши худди 50 яшар аёлни эслатиши бир дард, куйиклар туфайлими, қанд касали, кетидан жигар циррозига учрагани яна бир дард бўлибди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, хасталиклар енгиб тўшакка михланиб қолибди.

Қўни-қўшни, қавм-қариндошлар Муборакнинг бошидан ўтган ишларни хомчўт қилгач, сергак тортиб қолишган экан. Ирим қилиб уникига ҳеч ким қадам босмай қўйибди. Гўё қадам босса, шу бахтсизлик уларга ҳам юқишидан қўрқиб, Муборакнинг уйини ҳов наридан айланиб ўтадиган бўлишибди.

Орадан бир ой ўтгач, Муборак қон қуса-қуса жон берибди…

Бахтга қарши шундан кейин ҳам тинчини топмаганмиш. Безовта ва аламли руҳи ҳануз ер билан осмон орасида саргардон кезармиш. Осмон-у фалакдан қабристонга тушиб марҳумларни кўтариб арши аълога парвоз қилувчи фаришталарни ҳар кўрганда, дод солиб йиғлар, тавбалар қилармиш-у, ҳеч ким уни эшитмасмиш, унга яқин ҳам келмасмиш…

Биродарлар, биз худонинг бандалари албатта Яратган эгамнинг хоҳишини эъзозлашимиз, тавба қилишимиз, зинодан, оғир гуноҳлардан юз буришимиз шарт. Шунда садоқатнинг, эътиқоднинг мукофотини албатта оламиз ва Оллоҳнинг назарига тушамиз, иншооллоҳ!

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: