Ҳиндистонда одамнинг ўлимига олиб келадиган даражада хавфли инфекция қайд этилди

0

Ҳиндистон жанубида камида тўққиз киши мия шамоллашини ва респиратор касалликларини келтириб чиқарувчи ва ўлимга олиб келадиган даражада хавфли Нипах вируси инфекциясидан вафот этди, деб ёзади Science Alert нашрига таяниб daryo.uz Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекцияни глобал эпидемияни келтириб чиқарувчи инфекциялар рўйхатига киритди.

Нипах вируси 1999 йилда Малайзияда касаллик авж олган вақтда аниқланган. Уни ташувчилар — кўршапалакларнинг айрим турлари. Инфекция Австралия, Бангладеш, Ҳиндистон, Хитой, Таиланд ва Африкада учрайди. Касаллик кўршапалакдан бошқа ҳайвонларга, шу жумладан, чўчқа ва одамга ўтиши, шунингдек, одамдан-одамга сўлак орқали юқиши мумкин. Айни пайтда касалликка қарши дори ва вакциналар йўқ, касалликни юқтирганларнинг 40—75 фоизи вафот этади.

Вируснинг янги авжи Ҳиндистоннинг Керала штатидаги Кожикод шаҳрида содир бўлди.

Касаллик симптомсиз кечиши мумкин, аммо кўпинча энцефалит ривожланади. Беморлар мушакларнинг заифлиги, томоқдаги ўриқ, юқори ҳароратдан шикоят қилади, сўнг марказий асаб тизимининг зарарланиши белгилари пайдо бўлиб, бу кома билан тугайди.