ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (23-қисм. Биринчи фасл)

0

 

* * *

 

 

Орадан икки соат ўтди. Мадали ҳамон ертўлада — ўликлар орасида ўтирар, каллакесарлар қайтиб келишларидан умидвор эди.

Ниҳоят ташқарида машинанинг гуриллаган овози қулоғига чалинди. Мотор овози юк машинасини эслатарди. Ажабланарлиси, машинадан ташқари трактор товуши ҳам бутун ўрмонни тутиб кетгандек бўлди.

«Улар енгил машинада келишмайди, ахир, — хаёлидан кечирди Мадали. — Адашмасам, яна ўлик ортиб келишган. Агар трактор бўлса, ҳозир-ҳозир мана шу ертўлани ер билан текислаб ташласа керак…»

У шоша-пиша зиналардан кўтарилиб, юқорига чиқди.

Машина мотори ҳали ўчмаган, негадир кимларнингдир йиғлаган товушлари эшитиларди. Мадали паналаб-паналаб ташқарига чиқди. Хайриятки, машинанинг чироқлари ўчириб қўйилибди. У бир четдан туриб эркакларни кузата бошлади.

Улар ўлик олиб келишмагандек туюлди.

Чунки, машинадан тахминан ўн чоғли бола кетма-кет тушиб бир сафга турди.

Икки эркак эса сўкина-сўкина уларни ертўла томон ҳайдай бошлади.

“Наҳотки, бу болаларни тириклай кўмиб юборишса? — ўзича мулоҳаза қиларди Мадали. — Вой, итдан тарқаганлар-эй, ортиқча гувоҳларни йўқ қилишмоқчи! Шошилиш керак! Ана, ертўлага яқинлашиб қолишди! Лекин қандай қилиб тўхтатаман буларни? Қўлларида қуроллари бор-ку! Бўлди, топдим!..”

У тимирскиланиб қўлига катта тош олди-да, эркаклардан бирининг елкасини мўлжаллаб отди. Тош яхшигина тегди, шекилли, эркак иҳлаганча юришдан тўхтаб тракторчи тарафга қараб қичқирди:

— Елкани синдирай дединг-ку!

Мадали иккинчи тошни унинг шеригига қарата ирғитди. Шундан кейингина улар болаларни тўхташга буюриб атрофни фонарлар ёрдамида кузата бошлашди.

— Кимдир борга ўхшайди! — деди биринчи бўлиб тош теккан эркак.

— Ким бўлиши мумкин? — иккинчиси хотиржамлик билан қўл силтади. — Аниқ биламан, орқамиздан ҳеч ким кузатиб келгани йўқ. Агар кузатиб келса, сезган бўлардим. Биласан-ку ҳушёрлигимни!

Эркак яна бирпас тик турганча ўрмон ичкарисига назар ташлагач, қўрқувдан йиғлай бошлаган болаларга бақирди.

— Овозларингни ўчиринглар, тирик етимлар! Ҳозир устиларингдан тупроқ тушса, тинчийсан-қоласан ҳамманг!

Шу тобда Мадалининг мияси ишлаб қолди. Эркакларни болаларга қўшиб ўтказиб юборишга аҳд қилди. Бу қарор жуда тўғри топилганди. Чунки, ҳозир уларнинг қаршисига бориб муштлаша бошласа, қуроллардан ўқ узилиши, болаларнинг бақир-чақир қилиб юбориши тайин. Йўқ, яхшиси, уларнинг ертўлага кириб кетишларини кутади.

Шундай қилди. Эркаклар болаларни итара-итара ертўлага кириб кетишгач, тўсатдан тракторнинг мотори гуриллади.

— Мана шунисини тўхтатиш шарт! — деди Мадали аста тракторга яқинлашиб келаркан. — Қуроли бўлиши аниқ. Бироқ мен ҳам анойи эмасман.

У тракторчининг орқа тарафидан келиб кутилмаганда томоғига чанг солди. Бир дақиқача чамаси ушлаб тургач, тракторчи шилқ этиб ёнбошига йиқилди.

У ўлмаганди. Мадали эркакнинг ўлишига ёрдам бериш ниятида уйқу томирини қаттиқ қисиб турди.

Одам ҳушидан кетган бўлса-да, жони чиқаётганда барибир қимирлаб, типирчилаб юбораркан.

Эндиги навбат икки қўриқчи эркакка етганди.

“Уларни ертўлада ўлдирмайман, — ўйлади Мадали. — Мана шу ерга чиқишларини кутаман. Қолаверса, бу ярамаслар врачнинг қаерга ғойиб бўлганини яхши билишади чамамда…”

Мадали тракторни ертўлага анча яқин олиб бориб чироқларини атайин ўчириб қўйди.

Шундай қилса, қоронғиликда эркаклар уни пайқамай қолишлари мумкин.

— Вей, бошламайсанми? — хириллаб қичқирди эркаклардан бири ертўладан бошини чиқариб. — Биз чиқиб бўлдик ҳисоби. Бошлайвер!

Мадали индамай ўтираверди.

Тоқати тоқ бўлган эркаклар илдам қадамлар билан трактор қаршисига келишди ва улардан бири айни Мадали ўтирган кабина зинасига оёқ қўйиб юқорига кўтарилди.

— Нима бало, ўлиб-нетиб қолдингми?

Шу пайт кучли қўллар уни тортқилаб юқорига олиб чиқди. Бу лаҳзаларда шериги ертўла ёнида туриб болаларни пойлаш билан банд эди.

— Овоз чиқарсанг, ўласан! — шивирлади Мадали эркакнинг иягидан маҳкам тутиб. — Шерикларинг қаерда? Тез айт! Бўлмаса, ўлигингни мана шу ертўлада қолдириб кетаман! Тез бўл!

— Ш-шерикларим йўқ! — хириллади эркак.

— Кимга хизмат қиласанлар?

— Б-билмадим. Хўжайинни танимаймиз. Бизни икки йигит ёллаган.

— Қани ўша йигитлар?.

— Билмайман. Пулни тўлашди-ю, жўнаб кетишди.

— Сенлар буйруқни бажармай қочиб қолишларингдан қўрқишмадими?

— Йўқ. Катта йўлда уларнинг одамлари кутиб туришибди. Иш битгандан кейин ўзлари келиб текшириб кўришади.

— Шунақами? Унда қуролни буёққа бер!

Мадали автоматни тортиб олди-да, деди:

— Агар яшашни истасаларинг, иккаланг ҳам бориб ўшаларга «иш битди», деб айтасан. Лекин уларга қўшилиб бу ерга келишни хаёлинггаям келтирма! Ўзларингга ёмон бўлади. Қани, туш пастга!

Эркак тушди. Мадали ҳам бир сакраб пастга тушди-да, эркакнинг елкасига автомат тираб буюрди:

— Шеригингниям ол-да, бу ердан жўна!

Кўз очиб юмгунча икки эркак ўрмонни тарк этди. Энди асосий одамларни кутиб олиш вақти етган эди. Улар келишларини Мадали биларди. Ҳар ҳолда бу икки эркак етаклаб олиб келишга мажбур.

 

 

* * *

 

 

Узоқ куттиришмади. Болаларни олиб келган эркакларнинг машинаси ўрмондан чиқиб кетгач, ҳеч қанча ўтмай, бошқа машина ертўлага яқинлашиб кела бошлади.

Мадали дарахтлар панасига ўтиб уларнинг тўхташини кутди. Ниҳоят машина трактор қаршисига келиб таққа тўхтади. Машинада икки йигит ўтирарди.

— Вой ифлослар-эй, алдашибди! — дея қичқирди улардан бири. — Қара, кўмишмабди!

— Тракторчи қани ўзи? — шериги секин машинадан тушиб трактор кабинасига кўтарилди. — Қара, ўлдириб кетишибди уни!

Шу тобда Мадали оҳиста дарахтлар панасидан чиқди-да, оёқ учида юриб бориб йигитлардан бирининг бўйнига автомат тиради.

— Қимирлама! Қимирласанг, ўласан! Қани, иккаланг ҳам пастга туш! Секин! Секин!

Йигитлар икки қўлини баланд кўтарган кўйи пастга тушишди.

— Врач қани? — сўради Мадали.

— Қанақа врач? Биз танимаймиз!

— Шунақами? Унда нариги дунёда, албатта, танишиб оласанлар! Учгача санайман! Айтмасанг, ўзингдан кўр!

— У аэропортда! — деди бўйнига автомат тиралгани. — Бир соатдан кейин самолёт Америкага учади!

— Шунақа дегин?

Буларни тирик ҳолда қолдириб кетиш аҳмоқлик бўларди. Шу сабабли Мадали кетма-кетига тепкини босишга мажбур бўлди. Икки йигит ҳам тинчиб қолгач, машинага ўтирди-ю, аэропорт томон йўл солди.

 

 

* * *

 

 

Машина икки ён бағри қалин ўрмон билан қопланган йўл бўйлаб елдек учиб борарди.

Мадалининг чап кўксида яна оғриқ туриб афтини бужмайтирганича газни қаттиқроқ босди. Бироқ оғриқ энди фақат кўксидагина эмас, оёқлари, бели, бошигача ёйила бошлаганди. Бунинг устига ичи худди оловдек куйиб, сув ичгиси келарди.

— Ўлимим яқин кўринади, — деди баланд овозда оғриққа чидай олмай. — Сабинанинг гаплари тўғрига ўхшаб қолди. Оғир касалга чалинмасам, бундай оғриқлар бўлмасди. Демак, ўлимим яқин.

Шу пайт чироқ ёруғида йўл четида узала тушиб ётган одамга кўзи тушиб тезликни камайтирди.

Ётган аёл киши эди.

Мадали машинани бирдан тўхтатиб пастга тушди-да, аёлни ағдариб кўрди.

— Йў-ў-ўқ!

Не кўз билан кўрсинки, бу аёл унинг онаси эди.

Унинг кўзлари очиқ, танаси аллақачон совиб улгурганди.

— Йў-ўқ! — ўрмонни бошига кўтариб бақирди Мадали. — Аяжо-он! Нима қилиб қўйдингиз? Ким сизни бу кўйга солди, ким?

У жасадни маҳкам бағрига босганча ўкириб-ўкириб йиғлар, ҳайқириғидан безовталанган дарахтлардаги қушлар потирлаб осмонга кўтарила бошлаганди.

— Мен ўша аблаҳларни топмасдан қўймайман! — дея жасадни машинага орта бошлади Мадали аламдан тишларини ғижирлатиб. — Сизни ким ўлдирган бўлса, ўзиниям қийма-қийма қилиб ташлайман! Ана ундан кейин сизнинг ёнингизга бораман!.. Онажон! Сабрингиз чидамай, шу ерда кутиб ётганмидингиз? Безовта бўлиб нима қилардингиз? Шошилмасангиз ҳам ўзим топиб борардим-ку, сизни! Яхшиси, шу ерга беркитиб кетаман, сизни! Қайтаётганда олиб кетаман. Биз иккаламиз қишлоғимизга — дадамнинг ёнига борамиз! Ҳаммамиз бирга бўламиз, хўпми?!

Мадали телбаларча сўзланиб мурдани қайтадан машинадан туширди-ю, бир дарахт панасига ётқизиб ўзи ортга қайтди.

— Йўқ, ҳозироқ ўша ифлосни топаман! Менга касал юқтирдими, мен билан бирга кетади!

Шаҳарга жуда қисқа вақт ичида етиб борди ва рулни таниш уй томон бурди.

 

 

* * *

 

 

— Алло, милиция! Ўрмон ичидаги бир ертўлада бегуноҳ болалар қамаб қўйилган, — Мадали манзилни тушунтираркан, оғриқ ҳамон ўз ишини қилар, унинг қадди сезиларли даражада букчайиб, зўрға нафас оларди. — Мени танимайсиз, танишингиз шарт ҳам эмас! Автоматдан қўнғироқ қиляпман. Яна бир гап: ўша ертўладан йўл бўйлаб уч чақиримча юрсангиз, дарахт чеккасида аёлнинг мурдасига дуч келасиз. Илтимос, қолиб кетмасин, у киши менинг онам бўлади. Ўша атрофда мусулмон одамлар борми?.. Ўшаларга айтсангиз, тушунишади… Мен ишимни битиргач, қайтиб келаман…

Шундан кейин Мадали Тамаранинг квартирасига етиб келиб, унинг эшигини тақиллата бошлади.

— Ким у? — ичкаридан кампирнинг товуши эшитилди.

Мадали индамади. Оғриқ зўридан бир-икки иҳлаб қўя олди, холос.

— Ким деяпман ярим кечаси эшик тақиллатган?

— Оч, кампир, милицияданман! — деди хириллаб Мадали. — Очмасанг, эшигингни бузиб кираман!

— Вой, ўлмасам! Кимлар бўлди булар ўзи?

Кампир шоша-пиша зулфинни суғуриб эшикни очди.

— Сен? — қаршисида букчайганча титраб турган Мадалига кўзи тушиб кампирнинг ранги оқарди. — Нега келдинг, ҳой бола? Сенга нима керак?

Мадали жавоб бериш ўрнига ичкарига бостириб кирди-да, эшикни ёпди.

— Сабинани чақир! — буюрди у деворга суянган кўйи. — Нега қараб турибсан? Сабинани чақир дедим!

— Хўп, ҳозир, ҳозир!

Кампир югургилаб залга кирди-да, Сабинани уйғотиб чиқди.

«Билардим, — кўнглидан кечирди Мадали қаршисида ярим яланғоч ҳолда ҳайрон боқиб турган қизни бошдан оёқ кўздан кечириб. — Шу ердалигини билардим. Тўғри-да, ажал қувлаётган одам қочиб ҳеч қаерга бора олмайди. Олдиндан ажал қаерга келишини ва қаердан олиб кетишини сезади. Шу ёққа қараб талпинаверади…»

— Қизалоқ, сени олиб кетгани келдим! Кийинмайсанми?

— Мен ҳеч қаерга бормайман, — деди Сабина тескари ўгирилиб.

— Нега бормас экансан? Касални юқтиришга юқтирдинг. Энди ўлигимиз ҳам, тиригимиз ҳам бир. Юрақол!

— Ким айтди сенга касал юқтирдим, деб? Туҳмат қилма менга! Сени алдагандим ўшанда…

— Агар кетмасанг, шу уйдагиларнинг ҳаммасини сенга қўшиб отиб ташлайман!

— Гуноҳимиз нима?

— Гуноҳингми? Аямни ўлдирдинг! Мени алдадинг! Буларнинг ҳаммаси учун жавоб беришинг керак! Тез бўл!

Қурол Мадалининг елкасидан тушиб Сабинага тўғриланди. Бироқ қиз жойидан жилмас, аксинча, ўлимини тан олган жонивордек титраб-қақшаб, оғир-оғир нафас олаётган Мадалига тик боқиб турарди.

Уй ичини автоматнинг варанглаган товуши тутди…

Хайриятки, Тамара уйда йўқ экан. Мадали қанча титкиламасин, уни топа олмади ва мурдалар устидан ҳатлаганча ташқарига ўзини урди.

 

 

* * *

 

 

Сокин тун. Шаҳар уйқуда эди. Мадали ташқарига чиқиб машинага ўтиргач, қаерга бориш, нима иш қилишни билмай ўйга толди. Танасидаги оғриқлар тобора кучайиб борар, сўнгги лаҳзаларда негадир кўнгли ҳам айниб қусгиси келарди.

“Мен шунча хавф орасида яшаб нима топдим? — ўзига ўзи савол берарди хаёлан. — Онамдан, отамдан, бахтимдан айрилиб, мана бундай сарсон-саргардон бўлдим. Менга ўша ташкилоти нима бера олди? Ҳеч нарса! Номаълум касалга йўлиқиб, ўлим билан олишяпман. Лекин оёқдан қолганимча йўқ. Демак, ҳеч бўлмаганда ота-онамнинг, бой берилган бахтимнинг ўчини олишим керак. Мени кимлар шу кўйга солиб қўйди? Албатта, душманларим. Ўзим танимаган, ҳатто келиб чиқишини билмаган нотаниш душманларим! Ҳозир… Ҳозироқ ўлдираман уларни! Қўлимдан фақат ва фақат ўлдириш келади! Кейин хотиржам кўзларимни юмаман! Қаерда ўлишим, кимларнинг қўлида ўлишим мен учун аҳамиятсиз! Мавлуда, мени кечиринг! Сизни бахтли қила олмадим! Кутишга мажбур этдим! Ҳатто, сўнгги бор қаршингизда туриб ҳам бир оғиз сўз демадим. Сиз мени танимасдингиз. Сиз менга ишонмасдингиз! Кечиринг!..»

Машина ўрнидан қўзғалди. Оғриқ зўридан Мадали газни янада қаттиқроқ босар, бурилишларда куч билан тормоз босилиб, машина ғилдираклари чийиллаб кетар, бироқ бу беўхшов товушлар унинг қулоғига кирмасди. Кўзлари фақат олинга боқар, хаёли аэропортда — бемалол йўлга отланган врачни ўлдиришда эди.

Ярим соат деганда аэропорт ҳовлисига етиб ҳам келди. Ичкарида самолёт кутаётганлар бисёр эди. Гарчи жони қийналиб турган бўлса-да, матонат билан ақлни ишлатган ҳолда узоқроқдан врачни қидирди.

Ана, у ойнага яқин жойда ўй суриб ўтирибди.

“Наҳотки, буям ажалини сезаётган бўлса? — хаёлидан ўтказди Мадали мелисалар йўқми-борми деган ўйда теваракка сирли назар ташлаб. — Ҳозир хаёлидан нималар кечаётган экан? Ё у ҳам менинг, албатта, етиб келишимни, ўқ узишимни кутаётганмикан?..”

Мадали қўлидаги автоматни ўқлади-да, врачнинг бошини мўлжалга олди.

Тепки босилди.

Афсуски, шу тобда қандайдир қаттиқ нарса унинг бошига келиб урилди-ю, қўлидаги қурол бир томонга отилиб, ўзи юзтубан ерга қулади.

 

 

* * *

 

 

— Болам, — дерди Мадалининг тепасига келган отаси. — Нега бундай ётибсан? Нега шошилмаяпсан? Бунақанги боқи-беғам эмасдинг-ку! Қара, сенсиз ҳовлимиз ҳувиллаб қолди. Қишлоғимиздан файз кетди. Чунки, сен ҳар куни кўча кезиб ҳаммани кулдирардинг, хурсанд қилардинг! Буёқда мен… Онанг шўрлик йиғлагани-йиғлаган! Тур, бу ерларда ётма! Поезд уриб кетади-я! Ана, қарагин, узоқдан поезднинг тақиллаган товуши эшитиляпти! Сени поезд уриб кетса, биз нима қиламиз кейин? Турақол, сени кечирдик! Сенда айб йўқ!

Мадали инқиллай-инқиллай нариги ёнбошига ағдарилмоққа тутинди. Оғриқ зўрлигидан кучи етмади.

Кўзларини катта-катта очиб осмонга боқди. Қуёш боши узра нур сочиб қиздира бошлаганди.

Шунда бошига нимадир ботаётгандек бўлиб секин қўллари билан ушлаб кўрди.

У темир йўл рельси устида ётар, эллик метрча нарида юк вагонлари турарди.

— Қаердаман ўзи? — деди бир қўл билан чап кўксини, иккинчи қўли билан санчиб оғриётган бошини чангаллаб. — Врач қани? Нега бу ердаман? Ким мени бу ерга олиб келди? Нега ҳалиям тирикман? Аллақачон ўлишим керак эмасмиди?

У олдинга судралиб кўрди. Ҳар қалай, қуввати етаркан.

Судрала-судрала охирги вагонга яқин борди-ю, ётган ерида вагон четидаги темирни ушлаб, эҳтиёткорлик билан ўрнидан тура бошлади.

Вагон ичи бўм-бўш эди. Бир амаллаб чиқиб олгач, узала тушиб ётди.

Кутилмаганда кўнгли айниб ўқчиди.

Кетидан боши гир-гир айлана бошлади.

Мадали ўқчий-ўқчий, охири қайта ҳушидан кетди.

 

 

* * *

 

 

— Ҳой бола, бу ерда нима қилиб ётибсан? Тур ўрнингдан! Нима бало, ўлиб-нетиб қолганмисан?

Мадали тепасида кимнингдир жавраётгани қулоғига чалиниб кўзларини очди.

Ҳамон вагон ичида ётарди. Тепасида сариқ матодан кўйлак кийган бир кимса ўқрайиб турарди. Унинг ёши ўзидан улуғлигини идрок этган Мадали ётган ерида ялина бошлади.

— Амаки, мени олиб кетинг! Бўлмаса…

— Жинни бўлганмисан? Қаерга олиб кетаман сени бу аҳволда? Мазанг бўлмаса, юр, шифохонага ётқизайлик!

— Йўқ, йўқ! — деди Мадали қўлларини кўтариб. — Фақат… у ёққамас! Чала қолган ишларим бор! Мени олиб кетинг!

— Уф-ф, бошга битган бало бўлдинг-ку! Ахир, бу вагонлар Ўзбекистонга юк олиб кетади!

— Жуда яхши. Мен худди ўша ёқларга кетишим керак.

— Билганингни қил! Лекин билиб қўй, йўлда соқчилар сезиб қолишса, барибир тушириб юборишади сени!

Мадали индамади. Кўзларини юмди-ю, инқиллай бошлади. Гўёки, инқилласа, оғриқлар пасанда бўладигандек, бир маромда овоз чиқариб-чиқармай инқиллайверди.

 

* * *

 

 

Тўрт-беш кунлик йўл Мадали учун бир йилдек туюла бошлаганди. Дастлаб сезмади. Оғриқлар билан овора бўлди. Бора-бора қорни очиб кўнгли оза бошлагач, мажбуран ўрнидан турди. Поезд катта тезликда кетиб борар, пахта далалари кўрина бошлаганидан билдики, у ватанига аллақачон кириб келганди.

— Худога шукур, — деди қадрдон ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларкан. — Қишлоғимни охирги маротаба кўриш насиб этадиган бўлди. Шунинг ўзи етади менга! Аммо… ташкилотдагилар нима деб ўйлашаркин? Ишимни охирига етказа олмадим-ку! Э, ишлариниям! Ўлим билан олишиб, аяжонимнинг жасадини унутдим. Мана шу ишим учун ўзимни ҳеч қачон кечира олмайман!

Тахминан ўн чақиримча йўл босгандан сўнг поезд секинлаб тўхтади.

Бу ерлар станция эмас, кичик бир разъездга ўхшаган жой эди.

Мадали бепоён далаларга боқиб туриб беихтиёр чайқалиб кетди.

— Ахир, бу Бухоро-ку! Ана, қишлоғим, ҳов анови ёқда!

Шошиб қолган йигит нима қилишни билмасди. Ўзини ўнглаб, пастга тушиш учун ҳаракат қилгунича поезд жойидан жилди.

У таваккал пастга сакради. Тиззаси билан рельс устига тушиб анча вақт инқиллаб ётди.

Сўнг секин қаддини кўтариб, узоқ-узоқларга тикилди. Қишлоғи ҳақиқатан бу ердан аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Мадали аста-аста юриб ўша томон юра бошлади. Йўқ, у қишлоқ ичкарисига кириб бормади. Истамади. Тўппа-тўғри қабристонга кириб ўзига таниш қабрни топди. Қабрни айлантириб кимдир атиргул экиб қўйибди.

Қабристонда зоғ учмайди. Етиб келай деганда оёқлари ўзига бўйсунмай, эмаклаб юришга мажбур бўлганди. Худди шу тахлит қабргача судралиб келди-да, оҳ тортиб дўмпайган қабрга бошини қўйди.

Қисқа муддат ётиши асносида хаёлидан барча яқинларини, ёру-дўстларини ўтказишга улгурди. Энг сўнгги нафасини олаётиб аясининг йўл четида чўзилиб ётган мурдасини кўз олдига келтирди-ю, лаблари зўрға пичирлай олди:

— Кечиринг, аяжон!

Ўзи жон бергунича ҳам саратон касалига дучор бўлганидан мутлақ хабарсиз жосус йигит Мадали Марайим ўғли ўз қабрига бош қўйганча 1986 йилнинг 5 октябрида шомга яқин жон берди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: